Ўзбекистонда норозилик намойишлари

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабарларига кўра, бу кунларда мамлакатнинг турли минтақаларида аҳолининг норозилик чиқишлари авжига чиқди.

Андижон вилояти: Асака шахрининг 4 август куни эрта тонгда «санитария-озодалик куни» дея дарвозалари тақа-тақ беркитилган саноат буюмлари бозори олдида тужжорлар тўпланишиб, унинг ёпилишига норозилик билдирдилар.

Тужжорларнинг айтишича, маъмурлар ва солиқчиларнинг уларга ўтказаётган тазйиқлари кучаймоқда, бозордаги савдо ўринлари ҳақини аввалдан тўлаб қўйган тужжорлар учун бир куннинг ҳам аҳамияти каттадир, холбуки асл режа бозорни бир неча кунга ёпиш бўлган. Шуниси қувонарлики, тушга колмай шахар маъмурияти бозорни очишга мажбур бўлди.

Шахрихон туманининг Сардор ширкат хўжалигидаги 200 га якин аёл унинг идораси олдида 4 кундан бери хўжалик раисининг хибсга олинишига қарши норозилик чиқишида қатнашмоқдалар. Кеча, 5 августда ҳам аёллар идора олдига тўпланишб, раиснинг озод этилишини талаб қилдилар. Уларнинг фикрича, раислари ҳалқпарвар одам, кимлардир ундан қасд олишмоқда.

Тошкент шахри: Президент девонининг фуқароларни қабул қилиш ва хатлар бўлими рўпарасида 20 га яқин ҳуқуқ химоячилари ва бошка фуқаролар 5 августда маиший-хуқуқий талаблар билан норозилик пикети уюштирдилар. Девон ходимлари пикетчиларнинг талабларини тинглаб, хал этишга ваъда бердилар.

Фарғона вилояти: Фарғона шаҳрида 9–10 июнь кунлари бўлган пикетга рахнамолик қилгани учун «Ўтюраклар» клуби рахбари Мўътабар Тожибоева 4 августда Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судига чақирилди.

Судга кириш олдидан у ва клуб фаоли Лолахон Дехқонова вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидаги айрим раҳбарларнинг истеъфосини талаб қилиб, пикет уюштирдилар.

Судда Мўътабар Тожибоевага Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари, намойишлар ўтказиш тартибини бузиш айби) билан иш қўзғатилгани маълум қилинди. Ишни кўриш Мўътабар Тожибоеванинг талаби билан 9 августга қолдирилди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари М.Тожибоевага кўрсатилган мазкур маъмурий тазйиқни ўзларини чўчитишга уриниш, вилоятда мустақиллик байрами олдидан норозилик намойишларининг олдини олиш максадида уюштирилган, деб бахоладилар.

5 августда М.Тожибоева ва Л.Дехқонова ўз норозилик пикетини Қува тумани марказидаги Жиноят ишлари бўйича Қува туман суди биноси олдида ҳам ўтказдилар. Уларнинг плакатида «Қонун ҳимоячиси формасидаги жиноятчиларни ҳимоя қилаётган хукумат рахбарларининг истеъфосини талаб этамиз» деган ёзувлар бор эди. Пикетчиларга ҳайрихоҳлик билдириб, улар ёнига бир неча ўн киши келиб қўшилди.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.