Ўзбек хукуматининг қийноқларга қарши миллий дастури лўттибозликдан ўзга нарса эмас

БМТ нинг қийноқлар масалалари бўйича махсус вакили Тео ван Бовеннинг Ўзбекистонга келганига бир йил, унинг ушбу сафар натижасида берган тавсиялари асосида Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази томонидан миллий дастур лойиҳаси ишлаб чиқилганига эса салкам тўрт ой бўлди.

«Озодлик» радиоси шу муносабат билан Ўзбекистондаги қийноқларга доир вазият борасида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг фикрини ўрганган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг айтишича, гарчи расмий Тошкент Тео ван Бовен тавсияларини қабул қилган бўлса-да, мамлакатда қийноқлар камаймаган. «Буни Алматов ҳам, Қодиров ҳам, Иноятов ҳам тўхтата олмайди. Қийноқларни тўхтатиш фақат президент Ислом Каримовнинг иродасига боғлиқ», – дейди Т.Ёқубов.

Айни пайтда «Хюман Райтс Вотч» ташкилотининг Ўзбекистондаги вакиласи Матилда Богнер ташкилот томонидан қийноқлар юзасидан ўтказилаётган мониторинг натижалари мамлакатда бу борада ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини кўрсатаётганини таъкидлади.

«Қийноқлар ҳақида кунора маълумот олиб турибмиз. Шундан хулоса қилиб айтиш мумкинки, дастлабки тергов чоғида ҳам, суд жараёнлари пайтида ҳам, ҳатто жазони ўташ муассасаларида ҳам қийноқлар давом этмоқда», – деди у.

Бундан бирмунча муқаддам Жазони ижро этиш бош бошқармаси масъулларидан бири Абдукарим Шодиев қамоқхоналарда қийноқлар мавжудлигини инкор қилганди. «Ҳар бир махбус қийноққа тутилса, тегишли идораларга арз қилиш ҳуқуқига эга», – деган эди у.

А.Шодиев назарда тутган назоратнинг мавжудлигини М. Богнер ҳам тасдиқлаган. Аммо, унинг таъкидлашича, назоратни амалга оширувчи идоралар фаолиятини самарали, деб бўлмайди. Бу идоралар аксарият ҳолларда муаммони жойида бости-бости қилишга, овоза бўлмаслиги учун тегишли чора кўришга харакат қилишади ҳамда баъзан махбусларга зуғум ўтказиб, уларни ўз шикоятларидан воз кечишга мажбурлашади.

М. Богнернинг сўзларига қараганда, жазони ўташ муассасаларидаги вазият бўйича жамоат назорати ҳам жорий этилган. Бу вазифани Қизил хоч Ҳалқаро ташкилоти бажаради. «Бироқ, бу ташкилот хулосалари ҳеч қачон ошкор этилмайди», – дейди «Хюман Райтс Вотч» вакили.

Шунингдек, у Инсон ҳуқуқлари миллий маркази томонидан ишлаб чиқилган миллий дастурнинг ҳали қабул қилинмаганини билдирган. Унинг айтишича, ҳали хатто дастур лойиҳаси бўйича якуний хулосалар ҳам маълум эмас экан.

ЎИХЖ раиси Т.Ёқубов ҳам мазкур дастур хусусида гапириб, уни Ўзбекистон хукуматининг лўттибозлиги, деб атайди. «Бу дастур Ҳалқаро ҳамжамиятни чалғитиш мақсадига хизмат қилади», – деди у жумладан.

Хукумат ишлаб чиққан қийноқларга қарши курашиш бўйича миллий дастурнинг кўзбўямачиликдан ўзга нарса эмаслиги у жамоатчилик эътиборига хавола қилинган илк кунлардаёқ аксарият ҳуқуқ ҳимоячилари ва кузатувчилар томонидан эътироф этилган эди.

Уларнинг бу бахоларини орадан ўтган вақт ҳам исботлади.

Ўзбекистонда демократия ва инсон ҳуқуқларини дастаклашга ваъда берган АҚШ мулозимлари ҳам, гарчи бу дастурнинг ҳали қабул ҳам қилинмаганини билиб турсалар-да, уни Ўзбекистон хукумати томонидан ташланган «ижобий қадамлар» сирасига киритишга шошилдилар. Вашингтон рахбарлари дунё жамоатчилиги олдида хисоб беришаркан, Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеаларни ижобий томонга силжиш деб бахолашга интилаверадилар.

Бироқ, воқеликка назар солинса, ўзбек хукуматининг Оқ уй томонидан мадх этилаётган «ижобий қадамлари» амалда ҳеч қандай натижага олиб келмаганини кўриш мумкин.

Маълумки, АҚШ махбусларга нисбатан қийноқлар қўллаганликлари учун бир неча ИИВ ва МҲХ ходимларининг судланишини ҳам ана шундай «ижобий қадам» сифатида бахолаган эди ва буни қайта–қайта такрорлаб келмоқда. Бироқ, Шовриқ Рўзимуродов, Эмин Усмон, Музаффар Авазов, Хусниддин Алимов, Ориф Эшонов кабиларнинг котиллари уларнинг ўлдирилганидан бери орадан бир неча йил ўтаётганига қарамай, жазоланмади. Биргина шу мисолнинг ўзи ҳам юқорида тилга олинган суд жараёнларининг одамларни алдаш учун ташкиллаштирилганига далилдир.

Қийноқлар борасида зикр этилиши мумкин бўлган яна бир қизиқ холат шуки, АҚШ эътироф этаётган «ижобий қадамлар» – агар улар ҳақиқатан ҳам ижобий бўлса – аллақачонлар катта натижаларга олиб келиши керак эди.

Бироқ, хукумат битта «ижобий қадам» ни ташлаганидан кейин кетидан мудхиш жиноятларни қалаштириб, ўзининг вазиятни яхшилаш нияти йўқлигини намойиш қилаяпти.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.