Озодлик радиоси: Нобель мукофотига номзод ўзбекистонлик аёллар нега жим?

“2005 йилдаги Нобель мукофотига номзод 1000 аёл” лойиҳасига киритилган ўзбекистонлик ва хорижлик аёллар иштирокидаги тадбир белгиланганидек Тошкентдаги “Интерконтиненталь” меҳмонхонасида эмас, бошқа хилватроқ жойда ўтказилди.

Швейцариянинг ушбу лойиҳаси доирасидаги тадбирда Ўзбекистон, Украина, Озарбойжон, Арманистон, Қозоғистон, Тожикистондан Нобель мукофотига номзод сифатида кўрсатилаётган аёллар ва бир гуруҳ меҳмонлар иштирок этди.

Ушбу тадбирга тасодифан бориб қолган “Озодлик” мухбиридан ташқари бирорта ОАВ вакили қатнашмади.

Тадбир иштирокчиси, Украина парламенти Омбудсмани Нина Корпочёва аёллар ҳуқуқларининг бузилиши, траффик муаммолари юзасидан ўз мамлакатида ва бошқа давлатларда олиб борган мониторинги ҳақида гапириб берди. У мониторинг жараёнида аёллар ва наркотик моддалар траффиги қурбони бўлаётган ўзбек аёлларини ҳам учратганига тўхталди.

“Таиланд қамоқхонасида икки йилдан ортиқ муддатга жазога ҳукм қилинган ўзбек аёлини учратдим. Бу аёл жазо муддати тугашига 6 ой қолганида ўзини осиб қўйди. Айтмоқчиманки, траффик қурбони бўлаётганлар орасида ўзбек аёллари кўп. Улар Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия, Исроил ва бошқа давлатларда учрайди. Менимча, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ўзбек ҳамкасбларимиз эътиборида бўлиши керак”, – деди Н.Корпочёва.

Анжумани вақтида Андижон воқеаларида иштирок этган аёллар ва болалар тақдири, муаммолари билан қизиқдингизми, дея ўзбекистонлик номзодларга берилган саволга улар жавоб қайтаришга улгурмади. Чунки Тошкент вилояти ҳокимлигидан келган вакил аёл ўзбекистонлик номзодларга бундай савол бериш ўринсиз эканини, чунки улар бор-йўғи аёллар муаммолари, жумладан, тадбиркорлик масалалари билан шуғулланишини таъкидлади.

Ўзбекистонлик номзодларнинг Андижон воқеаларига муносабат билдирмагани борасида гапирар экан, Н.Корпочёва ҳар бир кишида ўз фуқаролик позицияси бўлиши лозимлиги, энг асосийси, ўз ватанини севган киши кечаётган жараёнларга бефарқ бўлмаслиги зарурлигини таъкидлади.

Нобель мукофотига номзод 1000 аёл рўйхатига Ўзбекистондан беш киши –“Тадбиркор аёл” уюшмаси раисаси Дилдора Алимбекова, уюшманинг Фарғона вилояти бўлими вакиласи Соҳиба Эргашева, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Адиба Муҳаммаджонова, “Болалар ва катталар” нодавлат ташкилоти раҳбари Татьяна Ливанова ҳамда фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева киритилган.

Бироқ номзодлардан бири М.Тожибоева бу тадбирда иштирок этмади.

“Бугунги тадбирга мен қўйилмаслигимни аввалдан билар эдим. Чунки ҳукуматнинг менга нисбатан давом этиб келаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларини фош қилишим мумкин эди”, – деди М.Тожибоева.

Тадбирдан сўнг анжуман нега “Интерконтинентал”да эмас, бошқа жойда ўтказилгани сабаблари ойдинлашди. Иштирокчилар ушбу тадбирни ўтказишга ҳукумат томонидан тўсиқлар бўлгани, ҳатто хорижлик баъзи меҳмонларга хабар берилмагани, кўпгина нодавлат ташкилотлари вакилларининг анжуманда қатнашишига рухсат этилмаганини маълум қилди.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.