Энди қамалиш ёки таҳқирланиш навбати кимники?

Снимок,,,,,,,

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистларни хукумат азобларидан қутқара оладиган куч борми?

«Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, мустақил журналист, «Фуқаролик жамимяти» Ҳалқ харакати асосчиси, Ҳалқаро Нобель мукофотининг Номинанти, кичик жуссали аёл Мўътабар Тожибоеванинг уйига ярим кечаси 25-30 нафар маъмурий органлар вакиллари бостириб кириб хибсга олганларида, уни хибсга олиш пайтида у яшайдиган уйни 30-40 нафар қуролланган, ниқобли кимсалар қуршовга олганликлари, унинг кутубхонасидаги Ўзбекистонда Фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида амалга оширган ишларининг натижалари хисобланмиш хужжатларни 3 та Дамас автомашинасига юклаб олиб кетишгганини эшитгач, ҳамма хайрону лол бўлди.

Ўзбекистон Республикаси хукуматига нисбатан ҳеч қачон салбий муносабатда бўлмаган, ўз иш йўналишини қонунлар устиворлигини таъминлашга тўсқинлик қилувчи мансабдорлар, амалдорларнинг жиноий кирдикорларига қарши курашиш, уларни қонунларни оёқ ости қилишларига чек қўйишга ҳисса қўшиш деб билган ва иш фаолияти давомида 50 мингдан ортиқ инсоннинг, оиланинг ҳуқуқ ва эркинликларини уларни нотариал идоралаар орқали расмийлаштирилган вакили сифатида терговларда, судларда ва бошқа жараёнларда ҳимоя қилган, уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ҳуқуқий билимларини оширишларига амалий ёрдам бериб, Фарғона водийси ҳалқи орасида юқори даражали мавқега эга бўлган Мўътабар Тожибоевага Ўзбекистон Республикласи Жиноят Кодексининг 18 та моддаси билан айб эълон қилишганида нафақат водий аҳолиси, балким бутун Дунё ларзага тушди.

БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Кенгашига, Ҳалқаро Жаҳон Ҳамжамиятига

М У Р О Ж А А Т Н О М А

Мен Ҳалқаро Жаҳон Ҳамжамиятига қилаётган ушбу мурожаатномамни 2005 йил 8 июль куни «Даракчи» газетасида чоп этилган Фарход Мусахон қаламига мансуб «Куймаган жоним маним» номли хикоясидан ихтибос келтириш билан бошлашга қарор қилдим.

«… Шундан кейин қамоқма-қамоқ судраб юриб тергов қилишди. Уларнинг қийноғига инсон боласи чидолмайди, мен ҳамма азобига чидадим, қўл қўймадим. Аммо йўлини топишди, лаънатилар. Қайсарларни синдирадиган битта терговчи бор экан, «психолог» лақабли. Ўшани бошлаб келишди. Бехуш ётган эканман, бир маҳал бетимга сепилган сувдан сесканиб кўзимни очдим. Қарасам тепамда хотинчалик бир кимса турибди, ўша «психолог». Ёнида иккита барзангиси бор. «Психолог» ажабланиб бояги иккита жаллодга қаради: «Сенлар ҳақ бўлиб чиқдиларинг, жони узилмаган экан» деди мулойим овозда. Гапириши мушукнинг миёвлашига ўхшайди. Кейин менга қаради. «Нега айбингни бўйнингга олмайсан, бояқишлар қийналиб кетибди-ку» деди барзангиларга ишора қилиб. Ҳаммалари кулишди. «Қоғозни беринглар, қўл қўяди, – деди у. Чунки бу одам хотин, бола-чақасини яхши кўради. Уларнинг ўлиб кетишига йўл қўймайди…»

Мухтарам хонимлар ва жаноблар!

Ушбу хикоядан парчани ўқиб туриб, «Ҳа, Ўзбекистондаги яна бир тергов ва суд жараёни ҳақида ёзишибди-да» деб қўл силташга шошилманг. Ушбу хикояни ўқий туриб мен ҳам Фарход Мусожонга рахмим келди. Навбатдаги қурбонлар сафига қўшилганига ачиндим. Лекин хикояни давомини ўқир эканман, бутунлай бошқа замон ҳақида ёзилганига, лекин шу билан бирга ўша замондаги ҳолат билан хозирги аҳвол фарқсиз эканлигига амин бўлдим.

Шу ўринда хикоядан яна парча келтиришни лозим топдим:

«.. Нега қамашди, гуноҳлари нима?» Сарви Эри ноҳақ қамалганига шубҳа қилмасди, куйиниб сўради.

– Бу саволингизга на Қодиржон, на мен тайинли жавоб бера оламиз. Чунки Қодиржон ҳам, мен ҳам билмаймиз гуноҳимизни. Бари туҳмат. «Айбдорман», деб қўл қўйишга мажбур қилишган. Бўйнингизга олмасангиз қаттиқроқ жазо бериб, тезроқ ўлдиришарди. Кейин … уларнинг қийноғига одам боласи чидаш беролмайди, барибир қўл қўясиз…

Хеч кимга қисқа муддатли қамоқ жазоси белгиланмайди. Аммо камдан кам махбус муддати тугаганда озодликка чиқади. Кўпчиликка муддати тугаётганида ҳар ҳил бахоналар тўқиб яна беш олти йил қўшиб беришаверади. Биттаси ноҳақ қамалганман, деб Сталинга хат ёзгани учун муддатини яна чўзишди…»

Бугунги Ўзбекистондаги вазият Сталин давридаги хунрезликлардан, Москвадан Ўзбекистонга «тозалаш» ўтказиш учун Гдлян ва Иванов бошчилигида келиб, қанчадан қанча инсонлар ҳаётига зомин бўлган «Десант»ларнинг кирдикорларидан фарқ қиладимии? Йўқ, умуман фарқ қилмайди. Олдин Сталинга, кейин Москвага тавоф қилдик, энди эса мана 15 йилдирки «Мустақилмиз» дея бонг ураяпмиз-у, Мустақилликнинг ўзидан ҳамон дарак йўқ.

«Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти рахбари, мустақил журналист, «Фуқаролик жамимяти» Ҳалқ харакати асосчиси, Ҳалқаро Нобель мукофотининг Номинанти, кичик жуссали аёл Мўътабар Тожибоеванинг уйига ярим кечаси 25-30 нафар маъмурий органлар вакиллари бостириб кириб хибсга олганларида, уни хибсга олиш пайтида у яшайдиган уйни 30-40 нафар қуролланган, ниқобли кимсалар қуршовга олганликлари, унинг кутубхонасидаги Ўзбекистонда Фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида амалга оширган ишларининг натижалари хисобланмиш хужжатларни 3 та Дамас автомашинасига юклаб олиб кетишгганини эшитгач, ҳамма хайрону лол бўлди.

Ўзбекистон Республикаси хукуматига нисбатан ҳеч қачон салбий муносабатда бўлмаган, ўз иш йўналишини қонунлар устиворлигини таъминлашга тўсқинлик қилувчи мансабдорлар, амалдорларнинг жиноий кирдикорларига қарши курашиш, уларни қонунларни оёқ ости қилишларига чек қўйишга ҳисса қўшиш деб билган ва иш фаолияти давомида 50 мингдан ортиқ инсоннинг, оиланинг ҳуқуқ ва эркинликларини уларни нотариал идоралаар орқали расмийлаштирилган вакили сифатида терговларда, судларда ва бошқа жараёнларда ҳимоя қилган, уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ҳуқуқий билимларини оширишларига амалий ёрдам бериб, Фарғона водийси ҳалқи орасида юқори даражали мавқега эга бўлган Мўътабар Тожибоевага Ўзбекистон Республикласи Жиноят Кодексининг 18 та моддаси билан айб эълон қилишганида нафақат водий аҳолиси, балким бутун Дунё ларзага тушди.

Орадан бир неча ой ўтганидан кейин Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими бошлиғи Аъзамжон Фармонов ва Алишер Кароматовлар ҳам ҳудди Мўътабар Тожибоевани хибсга олиш жараёни каби қуролланган, ниқобли кимсалар иштирокида хибсга олинди. Мўътабар Тожибоевани ҳомиладор қизи Маҳлиёни автоматни қўндоғи билан нўқиб йиқитган бўлсалар, Аъзамжон Фармоновнинг ой-куни яқин бўлган хотини Озодани ваҳшийларча калтакладилар. Натижада Озода шифохонага ётқизилди.

Навбатдаги бу воқеа ҳам барчани хушёр торттиради. Лекин орадан ҳеч қанча ўтмай хушёрлик ўрнини лоқайдлик эгаллади.

16 июнь куни Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилоят рахбари, мустақил журналист, 70 ёшли Ёдгор Турлибеков худди Мўътабар Тожибоева, Аъзамжон Фармоновга қўлланилган усул билан хибсга олинди. Унинг ҳам уйидаги иш фаолиятига боғлиқ бўлган барча хужжатлари, компютери ва бошқа нарсаларни олиб кетишди. Қашқадарё ҳалқи ичида етарли обрўга эга бўлган Ёдгор Турлибеков ҳам ашаддий жиноятчилардек хибсга олинди.

Албатта бу ходиса ҳақида ҳам бир мунча вақт мухокама қилинади. Ёдгор Турлибековнинг фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлида олиб борган ишлари эсланади. Лекин бундан Ёдгор Турлибековга қандай наф бор? Балким ёшини хисобга олиб, Дадахон Хасановга ўхшаб мол-мулкини гаровга қўйиб туриб, эҳтиёт чорасини ўзгартириб озодликка чиқаришар. Лекин жиноий жавобгарликдан озод бўлолмайди, бу аниқ.

Балким мени Сизларга ёзаётган бу хатим қўлларингизга теккан пайтида Ёдгор Турлибеков озодликка чиқарилган бўлар. Лекин бундан нима ўзгаради?

Ахир Наманганлик журналист, «Озодлик» радиосининг собиқ мухбири Носир Зокир 6 ойлик қамоқ жазосига 2005 йил август ойида хукм қилинганди. Бу муддатни тўлиқ ўтаб қамоқдан озод қилинган Носир Зокирдан ҳар ойда бир марта тушунтириш хати олишяпти-ку. 14-июль куни Наманганлик амалдорлардан рухсат олмасдан Қўқонга ошхўрликка кетгани учун бутун бошли Наманган Вилоят Ички Ишлар Бошқармаси Бошлиғининг биринчи ўринбосари Салимжон Сотволдиев ва Наманган шаҳар Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи Икромжон Қўлдошевларнга жавоб беришга мажбур бўлди. Бир сўз билан айтганда Қўқонда еган оши бурнидан булоқ бўлди.

Яна бир кулгили ҳолат шундаки Носир Зокирни Қўқонга ош егани борганлиги ҳақидаги хабарни Наманганлик ҳамкасбларига Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармасидаги амалдорлар хабар берибдилар. Наҳотки ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар раҳбарларини инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини, журналистларни кетидан искаб юришдан бошқа ишлари қолмаган бўлса?

Мен инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига, мустақил журналистларга хавас қилардим, уларга ўхшашга интилардим. Уларнинг фаолиятлари ҳақидаги Интернет хабарларини қолдирмасдан кузатиб бораман. Толиб Ёқубов ва Мўътабар Тожибоева кўпинча буюк мутафаккирларнинг фикрларига мурожаат қиладилар. Шунинг учун мен ҳам улардан ўрнак олиб Буюк Француз инқилоби етакчиларидан бири Жан Поль Маратнинг фикрини сизларга тақдим қилгим келди. У «Сиз эркинсиз, агар эркин бўлишга жасоратингиз етарли бўлса» деган. Лекин хозирги кунда Ўзбекистонда юз бераётган хунрезликлар ҳар қандай жасоратни ҳам синдириб, йўқ қилиб юбормоқда.

Кинотеатрда сахна асарини томоша қилаётган томошабин сахна асари ҳақида ўз фикр-мулохазаларини бемалол баён қила оладилар. Лекин сахна асарини бирон-бир қисмига ўзгартиришга киритишга ҳаддилари сиғмайди. Хозирги кунда Бутун Дунё ҳамжамиятининг Ўзбекистондаги аянчли ҳолат бўйича муносабати ҳам кинотеатр томошабинининг саҳна асари ҳақида ўз фикр мулоҳазасини билдириши билан чекланишдан фарқ қилмайди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ёки мустақил фикрловчи журналист бўлиш ўлимни бўйнига олиш билан тенг, яъни ўта хавфлидир.

Шу ўринда 2006 йил 6 январь куни қабул қилиниб, 7 октябрь январь куни Ҳалқаро Француз радиоси орқали эфирга узатилган, сиёсий қочқинлар Сафар Бекжон (Швейцария), Владимир Масютин, Надежда Атаева (Франция), Валерий Петренко (Бельгия), Тўлқин Қораев (Швеция), Олег Марутик, Евгений Дьяконов, Бахтиёр Қўзибоев, Сергей Горинлар (Норвегия) имзо чеккан баёнот матнини тўлиғича келтираман.

«Обвинение, выдвинутое властями Узбекистана в отношение общественного деятеля Муътабар Таджибаевой нелепо и потому не убедительно. Таджибаеву обвиняют по 17 статъям Уголовного Кодекса Республики Узбекистан. Этот набор статей яркий пример того, несколько в Узбекистане развязаны руки у силовиков, которые не гнушаться ничем. Очивидно, что на примере Муътабар режим запугивает других правозащитников.

Дело Муътабар Таджибаевой политическое, оно является своеобразным предупреждением режима, который демонстирирует полное пренабрежение в нормам морали. Мы выражаем поддержку Муътабар Таджибаевой и высоко ценим ее непокелебимую гражданскую позицию».

Бундан ташқари Бразилиядан Клара Крафт, Туркманистондан Сона Кули Чули, Тожикистондан Фотима Аҳмедова, Швейцариядан Марен Хартье, Ева Мезенгер, Украинадан Олена Суслова, Грузиядан Ирина Яновская, Қирғизистондан Азиза Абдирасулова, Рая Кадырова, Қозоғистондан Ляззат Ишмухаммедова, Даметкен Аленова, Нурболат Масанов, Розлана Таукина, Гульнара Дербишева, шунингдек Монголия, Хиндистон, Иордания, Бразилия, Африка, Хитой, Малайзия, Филлипин, Швейцария, Германия, Франция, Паластин ва юздан ортиқ давлатлардан Мўътабар Тожибоева билан биргаликда Ҳалқаро Нобель мукофотига Номинантликка тасдиқланган 500 нафардан ортиқ аёллар мамлакат Президенти Ислом Каримов номига Мўътабар Тожибоева хибсга олинган кунидан буён тўхтовсиз телеграммалар ва presidebts_office@press-service.uz электрон почтасига узлуксиз равишда ўз мурожаатномаларини юбормоқдалар.

Тожибоева хибсга олингандан кейиноқ уни ноҳақ хибсга олинганлигини, уни масаласини ўз назоратига олишини илтимос қилиб юзлаб фуқаролар Президент Каримовга телеграммалар ва очиқ хатлар билан мурожаатлар қилдилар.

Ҳалқаро Амниция Интернейшнл ташкилоти Мўътабар Тожибоевани «Виждон тутқуни» (Узницей совести) деб эълон қилди ва унинг ҳимояси учун, яъни озодликка чиқариш учун акцияни бошлади. Энди Мўътабар Тожибоеванинг оила аъозолари номига дунёнинг барча бурчакларидан ҳозирги оғир паллада Мўътабар Тожибоевани ва уни оила аъзоларини қўллаб-қувватлашларини билдириб мактублар оқиб кела бошлади.

Ҳалқаро Хюьман Райтс Уотч ташкилоти Мўътабар Тожибоевани 8 йилга озодликдан маҳрум этилгани борасида баёнот эълон қилиб, Тожибоева устидан олиб борилган маҳкама адолатли бўлмаганлиги боис Ўзбекистон Хукуматининг Тожибоевани дарҳол озод этишга чақирган.

Европа Иттифоқи ҳам Мўътабар Тожибоевага чиқарилган хукмни қайта кўриб чиқиш ва маҳаллий, Ҳалқаро кузатувчиларнинг иштирокига рухсат берилган адолатли махкамани қарор топширишга даъват қилган.

Нуфузли Ҳалқаро Матбуотлар Мўътабар Тожибоева фаолияти ҳақида кўплаб мақолаларни чоп этди.

Хукуматнинг югурдаги хисобланмиш Михаил Арзинов гуруҳидан ташқари Республикадаги барча инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Мўътабар Тожибоева масаласи юзасидан ўзбек хукуматига, хусусан Президент Ислом Каримовга мурожаатлар қилдилар.

Ушбу мурожаатномамда ёзилган ва ёзилмасдан қолган харакатлар Мўътабар Тожибоевага ҳеч қандай ёрдам беролмади.

Шунча қилинган мурожаатлар, баёнотлар Ўзбекистон хукуматига чивин чаққанчалик таъсир қилмади. Натижада аппеляция судлов ҳайъатининг ажримига кўра Мўътабар Тожибоевани 8 йилга қамоқ жазосига хукм қилган биринчи инстанция судининг хукми ўз кучида қолди.

Нима учун Ўзбекистондаги ҳақиқий аҳволни фақатгина Мўътабар Тожибоева мисолида талқин қилаяпсиз дея савол берувчилар ҳам топилиши мумкин…

Бунга қуйидагича жавоб бераман:

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Жамиятининг раиси Толиб Ёқубовни 30 январь 2006 йил кунги тарқатган баёнотида ёзилишича Мўътабар Тожибоевага нисбатан қўзғатилган жиноят иши каби ҳолат, яъни Ўзбекистонда ўз ўрни ва ўз сўзига эга бўлган инсон ҳуқуқи ҳимоячиси, журналистга, яна аёл кишига нафақат мустақиллик даврида балки, мустабид тузум деб аталувчи Коммунистик Партия замонида ҳам Жиноят Кодексининг 17 моддаси билан жиноят иши қўзғатилмаган.

Бу тарих учун мухим янгилик. Аппеляция судлов жараёни пайтида эса Мўътабар Тожибоевани ЖКнинг 17 та эмас, 18 та моддаси билан махкамага тортилган, ортиқча эълон қилинган 5 та модда айбловдан чиқарилиб, ЖКнинг 13 та моддаси билан айбли деб топилиб, хукм қилинганлиги аниқланди.

6 январь кунги Мўътабар Тожибоева ҳимояси учун қабул қилинган баёнотда Мўътабар Тожибоевага нисбатан қўзғатилган жиноят иши Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқи ҳимоячиларини Мўътабар Тожибоева мисолида қўрқитиш мақсадида уюштирилганлиги ёзилган.

Шу ўринда 2003 йилда Интернет сайтларида чоп этилган сиёсатшунос Усмон Ҳақназаровнинг, 2005 йилда эса Сафар Абдуллаевнинг бирин-кетин эълон қилинган мақолаларни Сизларга эслатишни лозим топдим.

Ҳўш, Усмон Ҳақназаров билан Сафар Абдуллаевлар ҳақ эканларми?

2007 йил Президентлик сайлови ўтказилади. Унгача, Ўзбекистон қамоқхоналари инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мустақил журналистлар, эркин фикрловчи фуқаролар билан тўлиб тошади. Шу бугунги кунгача Усмон Ҳақназаров ва Сафар Абдуллаевлар эълон қилган хукуматнинг қора рўйхатидагилардан қанчаси қочкинда, қанчаси қамоқда, Яна қанчасининг изидан айғоқчилар ўлим шарпасидек эргашеб юрибдилар. Агар Галима Бухарбаева, Инера Сафаргалиева, Матлуба Азаматова, Тўлқин Қораев, Юсуф Расулов ва бошқалар ўз муддатида мамлакатни тарк этмаганларига улар ҳам аллақачон қамалган бўлардилар.

Бир саволга жавоб топа олмай ҳайрон турганимда бир фикрдошим саволимга жавобни топиб берди.

Аъзам Фармонов Сирдарё вилоятида яшайди, Андижон воқеаларига умуман даҳли йўқ, Ўзбекистонда хали жуда ярқираб кўзга куриниб улгургани йўқ, яъни таниқли инсон ҳуқуқи ҳимоячиларининг олдинги сафларидан ўрин олиб улгурмаган ёш инсон ҳуқуқи ҳимоячси бўлса, нега уни қамоққа олишди, уни хибсга олиб нима ютадилар? деб берган саволимга ҳамфикрим 27 январь 2006 йил куни интернетда эълон қилинган «Неужели Муътабар Таджибаева на самом деле настолько опасная преступница?» номли мақолани эслатди.

Унда Мўътабар Тожибова хибсга олинганидан кейин Фарғона вилоят прокуратураси терговчиси Бахтиёр Маматовнинг Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи ва МХХ бошқармаси рахбарига берган 12 банддан иборат «Алоҳида топшириғи» ҳақида гапирилган бўлиб, бу топшириқларнинг бирида «Мўътабар Тожибоевани қизи Маҳлиё Акрамова, куёви Мурод Акрамов, ҳамда опаси Мухаррам Тожибоева билан ўзаро муносабатлари, уларнинг М.Тожибоева жиноий фаолиятига қай даражада алоқадорлигини аниқлаб, уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш лозимлиги кўрсатилган.

Мўътабар Тожибоева хибсга олинган пайтида ҳеч бир асоссиз ва хужжатсиз Тожибоеванинг куёви Мурод Акрамовга тегишли уй ҳам қонунга зид равишда тинтув қилинган. Тожибоевани қизи Маҳлиё Акрамовага, куёви Мурод Акрамовга, опаси Мухаррам Таджибаевага ҳамда ҳайдовчиси Маъмиржон Мисиралиевга нисбатан жиноят иши қўзғаш учун сохта гувоҳларни кўргазмаларини жамлашди. Кейинчалик жаҳон ҳамжамияти олдида шарманда бўлишдан қўрқиб уларга тегишмади. Мўътабар Тожибоева хибсга олинганидан кейин куёви Мурод Акрамов ишлаётган жойидан бўшатиб юборилди. У оиласини боқиш ва ўзини хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хомиладор хотини – Тожибоева Мўътабарни қизи Маҳлиёни ёлғиз ўзини қолдириб мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Шоира Отабековани фаолиятида тўсқинлик қилиш учун унинг ўғлига ва қизига жиноят иши қўзғаб, қизини маъмурий органларга олиб кетиб, у ерда уни зўрлаб, номусига текканлар ва аёлни қонунга зид равишда руҳий касалликлар шифохонасигша жойламоқчи бўлганлар.

Аъзам Фармонов Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг куёви, аччиқ тилли Толиб Ёқубовни рухан синдириш, таниш-билишлари, қуда-андалари олдида обрўсизлантириш учун куёви Аъзамжон Фармоновни хибсга олганлар. Аслида Аъзамжон Фармонов ҳам, унинг шериги Алишер Кароматов ҳам ҳеч қандай жиноят содир этмаганлар.

Агар улар жиноят содир этганларида эди, уларга нисбатан кузгатилган жиноят иши материаллари билан уларни конуний химоячиси булган Толиб Ёкубовга тулик танишиб чикиш ва керакли хужжатлардан кучирмалар олишга тулик имконият яратиб берган булардилар.

Ахир, Аъзам Фармонов ва Алишер Кароматовнинг жиноят иши материаллари атига 1 жилд 300 вароқ экан, Мўътабар Тожибоеваники сингари 13 жилд 5000-5500 вароқдан иборат эмас экан. Мўътабар Тожибоевага бу 13 жилд жиноят иши материаллари билан танишиб, кўчирмалар олиш учун атига 49 соат вақт ажратилган бўлса, Толиб Ёқубов атига 30 вароққина жиноят иши материаллари билан танишишга улгуролди холос.
Андижонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддиновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши маҳкама жараёнлари қандай усулда ўтказилганидан эса ҳеч ким хабардор бўла олмади.

Саиджахон Зайнобиддинов хибсга олинганидан бир йил ўтиб унинг ўғли Илхом Зайнобиддинов ҳам хибсга олинди. Саиджаҳон Зайнобиддинов иши бўйича ҳимоячи бўлган адвокат аёл Мавлуда Аҳмедова Саиджахон Зайнобиддиновни иши судда кўрилаётган пайтида банд бўлганлиги сабабли судга чатнашмаганди. Илҳом Зайнобиддиновга нисбатан қўзғатилган жиноят ишида ҳам Саиджаҳон Зайнобиддиновни тўлиқ ҳимоя қилишга қурбати етмаган шу адвокат аёл ҳимоячи бўлиб қатнашмоқда. Мен ўйлайманки, бу адвокат аёлни Саиджаҳон ва Илҳом Зайнобиддиновларни ҳимоя қилиши учун эмас, ўз кирдикорларини хаспўшлашга ёрдам бериши учун маъмурий олганлар вакиллари ёллаган бўлсалар керак.

Агар шундай бўлмаганида ҳали тергов харакатлари тугамай туриб Илҳом Зайнобиддинов иши бўйича Ўзбекистон телеканалида махсус кўрсатув эфирга узатилмаган бўларди. Бу билан маъмурий органлар рахбарлари инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини, уларни оила аъзоларини кенг жамоатчилик олдида шарманда қилишни режалаштирганлар.

Илҳом Зайнобиддиновни аввал ҳам жиноят содир этганлигига телевидение журналисти алоҳида урғу берди. Агар имконим бўлганида эди ўша журналистга биргина савол берган бўлардим.

Бу савол эса қуйидагича бўларди:

«Мухтарам журналист!

Сиз Саиджаҳон Зайнобиддиновни ўғиллари аввал ҳам жиноят содир этиб судланганликлари ҳақида тўлқинланиб гапирдингиз.Сиз мансабдорларнинг фарзандлари содир этаётган жиноятлари ҳақида ҳам шундай тўлқинланиб гапира оласизми? Мен энг энг – олий мартабали хукумат амалдорларининг ўғиллари – қизларининг кирдикорлари ҳақида тўхталмоқчи эмасман, чунки уларни номини тилга олган одам хатга тушади, хатга тушиш эса ўтга тушдинг деганидир.

Саиджаҳон ва Илҳом Зайнобиддиновларнинг ҳамшаҳри прокуратура генерали Умматали Шамсиевнинг кенжатой ўғли Андижон вилоятидаги баъзи амалдорларнинг ўғиллари билан жиноий тил бириктириб, наркотик модда истеъмол қилиб, Андижон вилояти хокимнинг котибаси вазифасида ишлаган, ёш гўдак фарзандли аёлни аввал зўрлаб – номусига тегиб, кейин ваҳшийларча ўлдириб, ўликни таҳқирлаб, бошини кесиб олиб танасини бошқа жойга, калласини бошқа жойга ташлаб кетганлари, танани бошқа куни, жасадни бошини бошқа куни топиб кўмилганлигидан хабарингиз борми? Бу иш бўлганига эндигина 2 йил бўлди.

Айтингчи, Сиз ушбу жиноий хунрезлик бўйича кўрсатув тайёрлашга жазм эта оласизми? Шу жиноят ҳақидаги кўрсатувни кимдир тайёрлабди ҳам дейлик, Ўзбек матбуоти буни кенг жамоатчиликка ҳавола қила оладими? Айтингчи, Саиджаҳон Зайнобиддиновни ўғли Илҳом Зайнобиддинов хавфли жиноятчи хисобланадими, ёки прокуратура генерали маратабасига эришган, мамлакатда қонун устиворлигини таъминлашга масъул бўлган, лекин ўз оиласида тарбияни эплай олмаган Умматали Шамсиевни ўғли ва унинг жиноий шериклари хавфли жиноятчи ҳисобланадиларми?

Албатта, бу саволим жавобсиз қолиши аниқ.

Эшитишимча кўплаб эпизодлардаги жиноятларни содир этганликда айбланиб, судланган Мўътабар Тожибоева тергов пайтида ҳам, дастлабки судда ҳам, аппеляция инстанциясида ҳам ўзбек матбуоти вакилларига, Ўзбекисон Республикаси Олий суди матбуот марказига ёзма мурожаат қилиб, суд жараёнида телевидение ва газеталар журналистлари унинг ишида қатнашишларини, унинг жиноятлари ҳақида кўрсатувлар тайёрлаб эфирга узатишларини, газеталарда мақолалар чоп этишни, ҳалқ кимга ишонганлигини кўриб қўйиши кераклигини, инсон ҳуқуқи ҳимоячиси ниқоби остидаги «ашаддий жиноятчи» аёлни бутун мамлакат қуриши кераклигини, бу ўзбек хукумати обрўси учун ҳам ўта зарурлигини айтсада, «Мени жиноятларимни матбуот орқали фош қилинглар» деган ғайритабиий талаб билан чиққан бу аёлни талабини ҳеч ким қаноатлантирмаган эди.

Агар Тожибоевани ўзи ҳам, адвокатлари ҳам Мўътабар Тожибоевани жиноят содир этганлигини қонун йўли билан исботлаб беришларини талаб қилмасдан, Андижонлик адвокат хоним каби «ҳимоямдаги шахс жиноят содир этганлигини тан оляпти ва ўз жиноятларининг фош этишда терговга яқиндан ёрдам беряпти» деганларида эди, Мўътабар Тожибоеванинг жиноят иши ҳақида ҳам даҳшатли кўрсатув эфирга узатилган бўларди. Афсуски Мўътабар Тожибоева қанчалик қайсар бўлса адвокатлари ҳам ундан баттар қайсарлар.

Аъзам Фармонов ва Алишер Кароматов устидан олиб борилган суд жараёнида бошидан бошлаб бу икки «жиноятчи» ўзбек судига ишонмасликларини, бу судьялар буюртма асосида иш юритувчи қўғирчоқлар эканлигини очиқ-ошкора изҳор қилиш учун судда ҳеч қандай саволга жавоб бермасликка, кўргазма бермасликка қарор қилиб, панжара ичида судьяга ва суд маслахатчиларига тескари қараб ўтирганлар.

Мўътабар Тожибоева эса биринчи инстанция судида на кўргазма берди, на ҳимоя сўзи, на оҳирги сўзни гапирди. У судда ўзбек судлари қўғирчоқ ва трагедия театридир. Судья ролини ижро этувчи қўғирчоқларнинг бошқарув ипи прокуратура амалдорлари қўлидадир» деди.

Аппеляция судлов босқичида эса ёзган аппеляция шикоятларини қайтариб олди ва кўргазма бермади. Буни ўрнига қисқача сўзлаб «Айниқса Андижон фожеасидан кейин Сиз – ўзбек судялари «Темир Хотин» драматик сахна асаридаги орқасига қандай дискет тикилса, ўшанга қараб хиргойи қиладиган роботларга, яъни Аломатхонга айланиб қолгансизлар. Шунинг учун аппеляция шикоятимни қайтариб оламан. Чунки сизларга ишонмайман. Ишонишга арзимайсизлар»деган. Лекин судльялар учун эмас, залда ўтирган кузатувчилар уни ҳеч қандай жиноят содир этмаганлигига тўла тўкис ишонч хосил қилишлари учун ўз музокара сўзида жиноят содир этмаганлигини ўзида мавжуд бўлган хужжатлар билан исботлаб берган.

Саиджахон Зайнобиддинов «Акромийлик» диний экстремистик оқим умуман мавжуд эмаслиги, Акромийлик диний экстремистик оқимнинг асосчиси деб талқин қилинган Акром Йўлдошев қаламига мансуб «Иймонга йўл» номли рисоласини рус тилига таржима қилгани ва бу китобда ҳеч қандай экстремизм ғояси олға сурилмаганлиги масаласини кўтарганлиги, 13 май фожеасидан кейин Андижонлик тинч аҳоли хукумат аскарлари томонидан аёвсиз равишда ўққа тутилганликлари ҳақида Ҳалқаро ва Россия телеканаллари журналистларига интервью берганлик ҳолатлари бўйича айбдор деб топилиб 7 йилга қамоқ жазосига хукм қилинди.

Ҳалқнинг севимли ҳофизи Дадахон Хасанов Андижон фожеаларидан изтироб чекиб, бу алам-хасратларини қўшиқ қилиб ижро этганлиги учун махкамага тортилди.

«Озодлик» радиосининг собиқ мухбири Носир Зокиров биринчилардан бўлиб Андижон фожеалари ҳақида жаҳон ҳамжамиятини хабардор қилгани учун қамалди.

Илхом Зайнобиддинов Саиджаҳон Зайнобиддиновни ўғли бўлганлиги учун, Аъзам Фармонов Толиб Ёқубовнинг куёви бўлганлиги учун қамалдилар.

«Эзгулик» Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг Андижон вилояти Марҳамат туман бўлими бошлиғи Дилмурод Мухиддинов Андижон фожеалари ҳақидаги баёнотни ҳалқ орасида тарқатганлиги учун қамалди. Шу ташкилотнинг Наманган вилояти Поп туман худудий бўлими бошлиғи Араббой Қодиров Фарғона водийсидаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини, мустақил фикрловчи фуқароларни қўрқитиб қўйиш ниятида тайзиққа учраб, хибсга олинди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасидаги, айниқса Фарғона водийсидаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мустақил журналистлар, эркин фикрловчи ва ўз фикрини ҳалқ орасида дадил баён эта оладиган фуқароларни, бир сўз билан айтганда ҳалқнинг етакчилари – лидерларни овлаш мавсумини бошлаб берган Мўътабар Тожибоева Андижон фожеасидан 40 кун аввал 4 апрель 2005 йил куни Мамлакат Президенти Ислом Каримовга телеграмма ва 20дан ортиқ хукумат идоралрига буюртма хат орқали мурожаат қилиб қилганди.

У ўзининг бу мурожаатида «МҲХ ходимларининг тинч аҳолига нисбатан ўрта аср инквизицияси усулида тутаётган бу харакатлари инсон ҳуқуқларини паймол этилишига ва Ўзбекистон Республикаси Конституциядаги шахс эркинлиги ва амалдаги ҳуқуқий қонунларга зид келиши, аҳоли орасидаги хукуматга қарши норозилик кайфиятларини кучайишига олиб келмоқда…» деб Андижон фожеасидан 40 кун аввал хукумат рахбарларини огоҳлантирганди.

Шунинг учун 2005 йил 20 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Судида Андижон фожеаларига алоқадорликда айбланаётган 15 нафар фуқаронинг суди бошланган пайтда Республика бош прокурорининг 1-ўринбосари Анвар Набиев ўқиган бу 15 нафар фуқаронинг айблов хулосасининг биринчи вароғида Мўътабар Тожибоева ҳамда у бошқараётган «Ўтюраклар» Клуби номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳақида ҳам тўхталганлиги сабабли, 27 сентябрь куни у Тошкентга етиб бориб Олий судга гувоҳ тариқасида қатнашиб, кўргазма бериб Анвар Набиев келтирган важлар нотўғрилигини исботловчи далилларни судга топширмоқчи бўлганди.

Шунингдек «Акромийлик» диний эксртремизм оқимига аъзоликда айбланиб, судланган 23 нафар ишбилармон-тадбиркорларнинг ҳеч қандай жиноят содир этмаганликларини исботловчи, аксинча уларга ва гувоҳларга ваҳшиёна қийноқлар қўлланилаётганлигини тасдиқловчи ўта муҳим хужжатларни судга тақдим қилмоқчи бўлганлиги учун Ҳалқаро миқёсда ўтказиладиган Дублин Конференциясига кетиш палласида – ушбу далилларни Ҳалқаро Конференцияда фош қилишидан қўрқиб қамадилар. Бу хужжатлар орасида бугунги кунда экстремист дея қораланаётган ишбилармон Шокиржон Шокировга бу айбловлардан бир муддат аввал шахсан Мамлакат Президенти Ислом Каримов томонидан мамлакатни гуллаб-яшнашига қўшган улкан ҳиссалари учун «Шухрат» медали топширганлиги ҳақидаги хужжатлар ҳам бор эди. У энди 8 йиллик умрини фашистларданда қўрқинчли ваҳшийлар тузоғи остида ўтказишга махкум.

ЖИБ Тошкент вилоят суди судьяси Абдулазиз Юлдашев Мўътабар Тожибоевани 8 йиллик қамоқ жазосига хукм қилди. Кейин Тошкент вилоят прокурори Коканбоевнинг суд хукмидан норози бўлиб киритган протестида Тожибоеванинг айби тўлиқ ўз исботини топгани, жиноий харакатлари тўғри квалификация қилингани, лекин Тожибоевага нисбатан бирмунча оғир жазо тайинланганлиги сабабли хукмини ўзгартириш лозим бўлиши, суд тайинлайдиган жазо турини танлашда инсонпарварлик принципига риоя қилиши лозимлиги, жиноят содир этган шахсга нисбатан у аҳлоқан тузалиш ва янги жиноят содир этишини олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши лозимлиги айтилган.

Бу протестга нисбатан билдирган ўз эътирозномасида Мўътабар Тожибоева ўзининг айблилиги терговда ва судда ҳеч қандай исботини топмаганлигини билдирди. Аппеляция судлов жараёни пайтида 19-май куни панжара ортида пикет ўтказди. 22 май куни эса Андижон фожеалари содир этилишига прокуратура амалдорлари айбдор эканликлари ҳақидаги асосли баёнотини ўқиб эшиттирди.

Аппеляция суди суд хукмини ўз кучида қолдирди. Бу билан прокуратура тизими инсонпарварлигини, суд тизими эса ҳеч қайси тизимга тобе эмас, мустақил эканлигини кенг жамоатчиликка кўрсатиб қўймоқчи бўлдилар холос.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Жамиятининг Самарқанд вилояти Иштихон тумани раиси Норбой Холжигитов 2005 йил 18 октябрь куни 10 йил қамоқ жазосига хукм қилинди. Отасининг ноҳақ қамалганлиги учун отасини ҳимоя қилиб шикоятлар ёзгани учун ўғли Хадятулло Холжигитов 5 йилга қамоқ жазосига хукм қилинди.

Ташкилот вакиллари мактаб директори Саттор Ирзаев ва шу мактаб ўқитувчиси Хабибулло Ақпўлатовлар 6 йилдан қамоқ жазосига хукм қилиндилар. Ташкилотнинг Жиззах вилояти вакили Насим Исақов 8 йилга, Сирдарё вилояти вакиллари Аъзам Фармонов ва Алишер Кароматовлар 9 йилдан қамоқ жазосига хукм қилиндилар.

16 июнь куни хибсга олинган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилояти рахбари, мустақил журналист 70 ёшли Ёдгор Турлибековнинг хибсга олинганлиги сабаблари иниқланмай туриб яна бир хабар тарқалди. Бу хабарда айтилишича 22 июнь куни яна шу ташкилотнинг Жиззах вилоят вакили, «Бирлик» партиясининг бошқаруви Кенгаши аъзоси Мамаражаб Назаров 22 июнь куни хибсга олинган.

Мен ушбу мурожаатномамда мухолифот вакиллари Санжар Умаров ва Нодира Хидоятовалар ҳақида ҳам қисқача тўхталмоқчиман.

«Серқуёш Ўзбекистоним» Коалицияси рахбари Санжар Умаров даставвал 14 йилга қамоқ жазосига хукм қилинди. Кейин прокуратуранинг «инсонпарварлиги» туфайли қамоқ жазоси муддати камайтирилди. Коалициянинг мувофиқлаштирувчиси Нодира Хидоятова эса 10 йилга қамоқ жазосига хукм қилинди. Кейин давлатга «етказган» зиёнидан 100 минг долларни тўлаганидан кейин қамоқдан озод қилинди.

Кенжа ўғли туғилган пайтида 10 йил қамоқ жазосига хукм қилинган таниқли мухолифот вакили Мурод Жўраев 20-03 йилда жазо муддатини тўлиқ ўтаб бўлиб қамоқдан озод қилиниш пайтида қамоқда ётиб жиноят содир этганликда айбланиб, уни қамоқ жазоси яна 3 йил муддатга узайтирилган эди. 2006 йил 8 сентябрь куни 13 йиллик қамоқ жазосини тўлиқ ўтаб бўлиб озодликка чиқиши керак бўлган Мурод Жўраев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 221-моддасидаги жиноятни содир этганликда, яъни жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининнг қонуний талабларига бўйсунмаслик жиноятини содир этганликда айбланиб, унга жиноят иши қўзғатилди. Мурод Жўраевни яна камида 3 ёки 5 йиллик қамоқ жазоси кутмоқда.

Мен бу мурожаатномамда Ўзбекистоннинг турли худудлларида яшаб ҳалқнинг дарду ғамига шерик бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келган, хукумат амалдорлари фикрларига зид фикрларда бўлган ўзбек ҳалқининг бир канча севимли фарзандлари бошига тушган кулфатлар ҳақида тўхталдим.

Ҳар бир инсонга нисбатан хукумат томонидан қилинган адолатсисзликлар ҳақида Мўътабар Тожибоевани мисоли тариқасида келтирганимдек Ҳалқаро Ташкилотлар, матбуотлар, кенг жаҳон ҳамжамияти бонг урмоқда.

Лекин Ўзбекистон Республикаси хукумати амалдорлари Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси, Фуқаролик ва Сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Ҳалқаро Пакт, Қийноқ ҳамда муомила ва жазолашнинг қаттиқ, шавқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр қимматни камситувчи турларига қарши Конвенцияларга амал қилиш мажбуриятларига амал қилмасдан, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларини ҳам ўта қўпол тарзда бузиб келаётганликларига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – унинг янгитдан ташкил этилиб, 2006 йил 19 июндан бошлаб ўз фаолиятини бошлаган Инсон ҳуқуқлари Кенгаши жиддий ёндашмаяптилар.

Аҳвол шундай давом этаверса Ўзбекистон қамоқхоналари жиноятчилар билан эмас, аксинча инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мустақил журналистлар, эркин фикрловчи инсонлар, яъни Фуқаролик жамияти фаоллари хисобига тўлдирилмайди деб ким кафолот бера олади?

Бугунги кунда хибсда ётган юқорида номлари зикр этилган фидойи инсонларга руҳий ёки жисмоний қийноқлар қўлланмаётганлигига, уларнинг соғлиги, ҳаёти хавф остида эмаслигига ким кафолот бера олади?

Ахир, Мўътабар Тожибоева хибсга олинганидан кейиноқ Фарғонадаги тергов хибсхонаси рахбарлари прокуратура амалдорларининг буюртмаларига асосан 14 кун ичида 3 марта сохта айбловлар билан уни жавобгарликка тортган эдилар-ку.

Санжар Умаровни эса Бухородаги қамоқхонага борганидаёқ 16 кунлик интизомий жазога тортиб, жазо изоляторига қамаганликларидан ҳаммамиз хабардормиз.

Ушбу мурожаатномани «Даракчи» газетасинингг 8 июнь кунги сонида чоп этилган Фарход Мусажон қаламига мансуб «Куймаган жоним менинг» номли ҳикоясидан ихтибос келтириш билан бошлаганлигим сабабини энди тушуниб етгандирсизлар.

Ёшлигимизда тўполон қилсак ёки инжиқлик қилсак бувижонларимиз гапга кирмас қулоқсизларни еб кетадиган аждарҳолар ҳақидаги афсоналарни айтиб қўрқитардилар.

Ўзбек хукумати амалдорлари гапига кўнмайдиган, йўриғига юрмайдиган «қайсар, гап уқмас» инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мустақил журналистлар, эркин фикрловчи фуқаролар яна қанча муддат аждарҳолар қўлида ем бўладилар?

Уларнинг боши узра чарх ураётган қора қузғунларни ҳайдаб соладиган куч борми бу дунёда?

Энди қамалиш навбати кимники? Аъзам Турғуновникими, Гавҳар Орипованикими, Шухрат Аҳмаджоновникими, Сурат Икромовникими, Бобомурод Абдуллаевникими, Бахтиёр Ҳамраевникими? Кимники???…

Бу саволга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жавоб бера оладими? Жаноб Кофе Аннан Ўзбекистондаги юз бераётган бу хунрезликлардан хабари борми? Агар бехабар бўлса нега бехабар? Агар хабардор бўлса Ўзбекистонда Фуқаролик Жамияти фидойиларининг бирин-кетин қатағон қурбонларига айланаётганликлари, улар нафақат қонунсиз хибсга олинаётганликлари, қийноқларга солинаётганликлари, оила-аъзолари ҳаёти ҳам хавф остида қолаётганлиги, ҳаттоки аёл ҳимоячиларнинг ўзлари, қизлари номусларига тажовузлар килинаётганлиги, улар зўрланаётганликлари, таҳқирланаётганликлари ҳолатлари ҳам секин аста Ўзбекистонда одатий тусга кираётганлигига қачон, ким чек қўяди?

Наҳотки Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси ва бошқа Ҳалқаро Конвенциялар талаблари ҳам Ўзбекистон Қонунлари сингари фақат қоғозда, оғизда ишласа?

Мен Ўзбекистонлик аллақачон қамалиб улгурган ва ҳаётини хавф остига қўйиб ўз фаолиятини давом эттираётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига, журналистларга, ўзгача фикрловчи инсонларга ҳам тавоф қиламан, ҳам ҳамдардлик билдираман. Чунки улар кўзи бойланган ҳолда жар ёқасида юриб қуёш нурини қидираётган, лекин ҳали бери топа олмайдиган ожиз бандалардирлар.

Ўзбекистонда қачон озодлик, эркинлик қуёши нур сочади, қачон???

Дилкушо Сайхун

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.