Абдулазиз Маҳмудов: Ўзбек имоми Абдуллажон Ўтаевнинг ҳаёт тарихи

Мустақиллик йиллари Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий беқарорлик, сиёсий мухолифат, ҳуқуқ фаоллари ва диндорларни қатағон қилиш йиллари бўлиб қолди.

Бу йилларда миллионлаган ватандошларимиз ички ва ташқи муҳожиротга юз тутишга мажбур бўлдилар. 20 йил давомида иқтидордагилар иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, хусусий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалигида жуда кўплаб оддий халққа қоронғу бўлган шубҳали тажрибаларни амалга оширди.

Ўзбекистон расмийлари биз бугун гувоҳи бўлаётганимиз руҳонийларнинг ёппа хайрихоҳлигига туйқусдан ва бир зумда эришганлари йўқ. Расмий конъюнктурага ётмаган ва расмий диний идора вакилларини танқид қилган имомлар бедарак йўқолдилар, уларнинг тақдири кадар билан қопланган.

Бедарак йўқолган мухолифатдаги мусулмон диний арбоблар рўйхатини Ислом Уйғониш партиясининг раҳбари Абдуллажон Ўтаев бошлаб берди. Унинг ҳаёт тарихи ҳақида имомнинг сафдоши, Абдуллажон Ўтаев ва унинг яқинларини яхши билган муҳтарам Мўътабар Аҳмедова қуйидагиларни айтиб берди:

“Абдуллажон Ўтаев 1948 йилнинг 17 январь куни Сурхондарё вилоятининг Шўрчи қишлоғида деҳқон оиласида дунёга келган. Саккиз синфни битиргач, Абдуллажоннинг отаси ўғлини Деновдаги таниш муллага олиб боради. Мулла Абдуллажонга бошланғич билимни бергач, уни Душанбедаги Ҳожи мударрис номи билан танилган имомнинг олдига юборади.

Маълум вақт ўтгач эса Ҳожи домла ўқувчисини Тошкентга, анча маърифатли бўлган Салоҳиддин имомнинг олдига олиб боради. У ерда бола Қуръон, ҳадис ва фиқҳдан сабоқ ола бошлайди. Шундан сўнг Салоҳиддин қори Абдуллажонни Фарғонада яшайдиган Сулаймон қорининг ҳузурига юборади. У, ўз навбатида, болага керакли илмни бериб, Марғилондаги Ҳакимжон қорининг олдига жўнатади. Таҳсилининг сўнгида эса йигит доғистонлик лезгин бўлган Исмоил қорига шогирд тушади. Бу имомнинг қўлида Абдуллажон Ўтаев тафсирдан таълим ола бошлайди.

Шу тариқа йиллар ўтади. Абдуллажон уйланади ва Тошкент чеккасидаги “Ленин йўли”, Сариоғоч, Абай ва Келес кохозларида қишлоқ хўжалиги билан шуғуллана бошлайди. Бу вақт давомида у шогирдлар тайёрлаб боради, аммо ўз билимларини такомиллаштиришни ҳам унутмайди.

Абдуллажон Ўтаев қўқонлик Насриддин қорининг қўлида таҳсил ола бошлайди. Горбачёв қайта қуриши даврида Абдуллажон Ўтаев Ислом Уйғониш партиясининг Ўзбекистон бўлимига асос солади ва унинг муассислар қурултойида кўпчилик овоз билан партия раиси этиб сайланади. Сўнг у асл Ислом ақидалари бўйича даъват юритиш мақсадида “Олча” ва “Сағбон” кўчалари чорраҳасида жойлашган “Азиз Халфа” масжидини таъмирлайди. Ҳужраларнинг бирида эса аёллар мадрасаси очилади.

Мен ўша атрофда яшаганим боис бу мадрасада диний сабоқ олишни истаб келган кўплаб аёллар пайдо бўлганини кўргандим. Ўзим 1980 йиллар бошида диний билим олганман. Мен Абдуллажондан кўп нарса ўрганганман. Маълум вақт ўтгач эса партия нашрини ташкил этишга эҳтиёж пайдо бўлди ва биз сафдошлар билан маслаҳатлашиб, “Даъват” газетасини ташкил қилдик. Менинг чоғроқ эски уйим таҳририят сифатида хизмат қилди. Мен ва Абдулла исмли ёш бир йигит (уни кичик Абдулла деб чақирардим) газетанинг қоралама варианти учун материаллар йиғиб, кейин газетани чоп қила бошладик.

Абдуллажонни ҳибсга олиш эса қуйидагича содир бўлган:

1992 йилнинг 15 декабрь куни эрталабки соат тўққиз-ўнлар атрофида Абдуллажон укаси Ҳасанжон билан ота-онасининг уйидан Ҳувайдо кўчасига чиқишганда камуфляж кийиб олган, қўлида Калашников автомати бўлган нотаниш кишилар Ўтаевнинг машинасини тўхтатдилар ва уни мажбуран ўзларининг носранг УАЗ машиналарига ўтказиб, номаълум ёққа олиб кетадилар. Ўшандан буён уни ҳеч ким кўрмаган.

Бир сўз билан айтганда, диний арбобларга бўлган ҳужум айнан шундай бошланган. Ўшанда мен жуда кўп маротаба диний мухолифатга мурожаат қилиб, Ўтаевни озод қилишларини талаб қилиб, акциялар ўтказишни илтимос қилгандим. Акс ҳолда, расмийларнинг қатағон сиёсати оммалашишини айтгандим. Аммо мени тушунишмади. Ўшанда баъзи имомлар менга жавобан: “Биз бир одам туфайли бошқаларни хатарга қўя олмаймиз”, дейиш билан чекланишганди”.

Мен Абдуллажон Ўтаевни танирдим. У билан бир неча бор суҳбатлашганман, интервью олганман. Менимча, у ҳеч қачон суҳбатдошнинг кўзига қарамайдиган расмий уламодан фарқли ўлароқ самимий, очиқ одам эди. Ва, албаттаки, Абдуллажон илк тўрт халифа давридаги каби “Ислом коммунизми” — умумий хотиржамлик ва фароғатга асосланган адолатли жамият қуриш мумкинлигига соддадилларча ишонарди. Унинг кетидан 1995 йилнинг 28 август куни андижонлик яна бир диний арбоб — Абдували қори Мирзаев, 1998 йили эса Тошкентдаги “Саҳобийлар” масжидининг имом-ҳатиби Тўлқин қори Йўлдошев бедарак йўқолди…

Ўшандан буён кўп йиллар ўтган бўлса-да, на маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари, на инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотлари бу кишиларнинг ғойиб бўлиши билан шуғулланмадилар. Ниҳоят, 2012 йилнинг март ойида Швецияда қочқинликда яшаётган тошкентлик имом Обидхон қори Назаровга суиқасд уюштирилди.

Бу Сталин айтган большевикларнинг эски принципини эслатади: “Одам йўқ бўлса, муаммо ҳам йўқ”. Бу кимнинг қўли билан қилингани ва ким бундан “манфаатдор бўлгани” ҳақида тахмин қилиш мумкин, холос. Ваҳоланки, очиғини айтганда, давлат терроридан фойда чиқишига катта шубҳа бор. Шу кунда ўзбек имоми кома ҳолатида.

Аммо Швеция ҳуқуқ-тартибот идораларининг кўмаги билан гумонланаётган шахс топилди. Агар тергов Обидхон қори Назаровга ўқ узган муҳтамал киллер Юрий Жуковни тергов қила олганда эди, балки бедарак йўқолган кўплаб ўзбек имомларининг фожиали тақдири ҳам ойдинлашган бўларди.

Абдулазиз МАҲМУДОВ

07 March 2013

http://jarayon.com/uz/index.php/2012-03-10-17-03-24/item/230-au030713

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.