9 йиллик қамоқ жазосини ўтаган Азам Фармонов озодликка чиқишига 15 кун қолганда қамоқ муддатини узайтириш учун терговга жўнатилди

2577-2015 letter to counsel(1)-page-0012006 йилнинг 29 апрель куни ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилоят бўлими раиси Азам Фармонов ва шу жамиятнинг аъзоси Алишер Кароматовлар ғайриқонуний усул билан тухмат уюштирилиб хибсга олиндилар. Кўплаб қонунбузилишлар билан бўлиб ўтган тергов ва суд жараёни натижасида бу икки ҳуқуқ фаоли узоқ йилларга қамоқ жазосига хукм қилиндилар.

9 йилга озодликдан махрум қилиш хукмига асосан жазо муддатини ўташ учун Азам Фармоновни Жаслиққа жўнатдилар. 2015 йилнинг 29 апрель куни 9 йиллик қамоқ муддатини тўлиқ ўтаб бўлган Азамжон Фармонов оиласи бағрига қайтиши кутилаётганди.

Афсуски. Куни кеча Озода Ёқубова мен билан скайп орқали боғланиб, дод солиб йиғлаб бошларига яна кулфат тушганлигини айтиб фарёд урди…

Бугунги кунда ғарб сиёсатчилари ўзбек диктаторини қўллаб қувватлашларини яширмай қўйган бир пайтда, инсон ҳуқуқи муаммолари билан шуғулланувчи ташкилотлар, фаоллар ҳеч бир томондан кўмак ололмай, уларнинг фаолиятлари фалаж холатига келиб турганида Озода Ёқубова, Холбека Жўраева…. сингари режим жиноятининг қурбонлари арзи доди кимни қизиқтиради, кимга керак уларни дарду хасрати???

Сиёсий махкум Мурод Жўраевнинг тақдири ҳақида 20 йилдан ортиқ бонг уриляпти, Самандар Қўқонов Ўзбекистон қамоқхонасида энг кўп ўтирган сиёсий махкум… Азам Фармонов  “ўлим ороли” дея аталмиш “Жаслиқ зонасида 9 йилдан буён демократия ва инсон ҳуқуқлари дея бонг урган, унинг инсон ҳуқуқи ҳимоячиси сифатида майдонга келишига ундаган ғарб сиёсатчиларидан ўзининг озод этилиши учун Ўзбекистон хукумати билан музокаралар олиб боришларига умид қилиб яшамоқда эди. Лекин қани натижа?? Қани???

Мана Озода Ёқубованинг кўз ёшлари томган номаси:

“12 апрел куни тахминан соат 12-13 лар оралиғида уй телефонимизга кимдир эркак одам қўнғироқ қилган. Уйда 10 ёшли қизим Мадина бўлган ва телефон гўшагини у кўтарган. Қўнғироқ қилган одам уйда катталардан ким борлигини сўраган. Қизим эса ҳеч ким йўқлигини айтган. Кейин қўнғироқ қилган одам “Сен кимсан?” деб сўраган. Қизим исмини айтган. “Сен Азамни қизимисан?” деб сўраган трубкани нариги томонидаги номаълум кимса. Қизимдан тасдиқ жавобини эшитгач у одам “Азамни, яъни дадангни Жаслиқдан раскрутка қилинди” деб айтган.

Отаси қамалган пайтида жажжи гўдак бўлган ва отасини уйга қайтишини соат санаб кутаётган қизим бу ёмон хабарлигини тушуниб етган ва мен уйга кириб келганимда “Дадамни озод қилишмас экан” деб дод деб бағримга отилди. Бу хабарни эшитиб мен жуда ёмон аҳволга тушдим. Чунки турмуш ўртоғим Азамжон Формоновни бу йил 29 апрел куни 9 йиллик муддати тугаши керак эди ва у озодликка чиқиши керак эди. Бу кунни унинг оила аъзолари, айниқса 2 нафар ёш болалари интизорлик билан кутишмоқда эди.

Бу хабарни ёлғон бўлишидан умид қилиб, мен 14 апрел куни Тошкентга ГУИНга, яъни Жазони Ижро этиш Бош Бошқармасига бордим. Турмуш ўртоғимни исм, шарифини, қайси зонада эканлигини ёздирдим ва менга билиб беришларини илтимос қилдим.

ЖИЭББ дан 10 минутлардан кейин менга 6 апрел куни турмуш ўртоғимни Жаслиқдан Нукусдаги 9-сонли тергов изоляторига олиб кетишганини айтишди. Нима сабабдан олиб кетишганини, нима учун Нукусдалигини ҳам айтишмади. Шундай қилиб менга аён бўлишича Азамжон Формоновга нисбатан яна навбатдаги уйдирма жиноят иши очиш учун, уни озодликка чиқармаслик мақсадида Нукусдаги тергов изоляторига олиб кетишганлиги аён бўлди.

Мен Озода Якубова Азамжон Формоновни турмуш ўртоғи барча инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан, ҳалқаро ташкилотлардан, демократик мамлакатлар элчихоналаридан Азамжон Формоновни озод бўлишида ёрдам беришларини, унинг ҳаётига бефарқ бўлмасликларини илтимос қилиб сурайман. Акс ҳолда унга нисбатан яна тазйиқлар, қийноқлар кучайиши мумкин.

Хурмат билан Озода Якубова Толибовна”

2014 йилнинг 13 декабрь куни куёви Азамжонни таваллуд айёми билан қутлаган ҳуқуқ ҳимоячиларининг отахони Толиб ака Ёқубов Азамжоннинг Жаслиқдаги кечмишлари ҳақида қуйидагиларни хикоя қилганди:

“Азамжон Фармонов ўзининг 9 йиллик ҳаётини узоқ Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот туманидаги Жаслиқ қамоқхонасида ўтказмоқда. Азамжон Фармонов қамоққа олинганда 27 ёшда эди.

Уни 2006 йил 15 июнь куни Янгиер шаҳар суди товламачиликда айблаб 9 йилга озодликдан маҳрум этди. У ўзининг иш фаолиятида фермерлар, Тожикистондан кўчиб келган оилалар ва диний – сиёсий айбловлар билан қамалган инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланди. Дастлаб 2006 йил Озода Якубова турмуш ўртоғини ноҳақдан қамашганда амнистия актлари билан озод қилишар, деб умид қилган эди. Лекин салкам тўққиз йилда тўққиз марта амнистия эълон қилинган бўлса-да, унга нисбатан бирор марта амнистия актлари қўлланилмади. Ҳар йили амнистия эълон қилиниши арафасида унга нисбатан “тартиббузарлик қилди”, дея қамоқхона ходимлари сохта ҳужжатлар тузиб амнистиядан маҳрум қилишмоқда. 2015 йил 29 апрель куни унинг 9 йиллик жазо муддати бир куни ҳам қисқармаган ҳолда ўз якунига етади.

Азамжон Фармоновнинг айтишича, унга кўп марталаб руҳий ва жисмоний қийноқлар қўлланиб келинган. 2007 йил октябрь ойида 10 кунга жазо изоляторига ташланган. 2008 йил 10 январдан 2 февралга қадар, яъни23 кун,яна жазо изоляторига ташланган. Изоляторга ташланган пайтда унинг устида бўлган ички кийимлари ва пайпоқларини ечиб олишган,уни фақат маҳбуслар кийиб юрадиган кийим, яъни рубада қолдиришган. Ўша пайтда Жаслиқда жуда ҳам қаттиқ совуқ бўлганлиги учун Азамжон Фармоновнинг қулоғи жуда қаттиқ шамоллаган. 2008 йил Озода Якубова учрашувга борганда турмуш ўртоғининг қулоғидан йиринг оқиб турганиникўрган. Озода Якубоватурмуш ўртоғининг соғлиғи ва қамоқхонада сақлашнинг бошқа муаммолари ҳақидаЖИЭББ бошлиғи Абдукарим Шодиевга 10 дан ортиқхатлар ёзди, бироқ ЖИЭББ томонидан фақат битта мазмунда –“турмуш ўртоғингизнинг соғлиғи яхши”– деган мазмунда жавоб хатлари олди, холос. Унга нисбатанқамоқхонатиббий қисми томонидан ҳеч қандай даволаш ишлари олиб борилмади. Қулоқ оғришидан Азамжон Фармонов ҳалигача азият чекиб келмоқда.

2010 йил 18 январь куни Озода Якубова ва қайнонаси Раъно Фармонова учрашувга боришди. Учрашувнинг 1 (бир) куни ўтганда, яъни 19 январь куни, ўша пайтдаги қамоқхона бошлиғи Қурол Бердиев шошилинч равишда шахсан ўзи учрашув хонасига кириб Азамжон Фармоновга учрашув тўхтатилишини айтди ва зудлик билан уни олиб чиқиб кетди. Ўша вақтда Жаслиқда 35 даража совуқ бўлишига қарамасдан уни маҳбусларни олиб юрадиган темир воронок машинада битта робада Нукусга олиб кетишган. Жаслиқ ва Нукус оралиғи салкам 450 км бўлишига қарамасдан унга ҳеч қандай иссиқ кийим беришмаган. Фармоновни олиб борган милиция ходимларинингўзлари шуба кийимларда Нукусгача совуққа зўрға чидашган. Бир неча марта қамоқхонага борган халқаро ташкилотларнинг вакиллари билан учраштирмаслик учун уни Нукусдаги УЯ 64/ТИ-9 тергов изоляторига олиб бориб яшириб келишди. 2011 йилиОзода Якубова турмуш ўртоғи билан учрашувга 12 августда кириб 14 августда чиқди. Учрашувдан олдин уч кун давомида зона мулозимлари Азамжон Формоновдан “Менда ҳеч қандай муаммо йўқ, тазйиқ ва қийноқлар йўқ, овқатланиш ва медицина хизмати жуда яхши” деб ёзиб беришни талаб қилишган. Вазият бунинг тескариси бўлгани учун Азамжон Фармонов бу талабни рад этган.

Турмуш ўртоғи учрашувга бориш куни яқинлашаётгани сабабли ва бу “хотини орқали ошкор бўлади” деган мулоҳазага бориб, зона мулозимлари мазкур хатни ёздириб олиш учун қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашдан ўзларини вақтинча тийиб туришган. Озода Якубованинг уйга жўнаб кетишимни пойлаган зона бошлиғининг тезкор ишлар бўйича ўринбосари, милиция капитани Шавкат Вайсниёзов 15 август куни Азамжон Фармоновни чақиртирган ва яна ўша талабни қўйган. У билан бирга зонанинг тезкор ходими Ҳабиб Абдуллаев ҳам бўлган. Азамжон Фармоновнинг бу бебурд талабни яна рад этиши Шавкат Вайсниёзовни ғазабга келтирган ва у маҳбусни аёвсиз калтаклай бошлаган, қорни, бели ва оёқларига тепган, қўллари билан томоғидан буғган.

Бу ваҳшиёна ҳаракатлар Шавкат Вайсниёзов томонидан ифлос, оғизга олиб бўлмайдиган ҳақорат ва сўкишлар билан амалга оширилган. У икки гапининг бирида “Қайнотанг ҳам, сен ҳам Европанинг малайисанлар, сен халқ душманисан” деб бақирган. Шу ўринда мен айтмоқчиман-ки, Шавкат Вайсниёзов “қайнотанг ҳам” деганда мени, яъни ҳозирда Францияда истиқомат қилаётган Толиб Ёқубовни, назарда тутган. Мен эса ўзимнинг ҳуқуқбонлик фаолиятим учун тазйиққа учрагандан кейин Франциядан бошпана олиб яшашга мажбур бўлдим. Мен, Толиб Ёқубов, Азамжон Фармоновнинг жиноят ишида ҳимоячи бўлиб қатнашганман ва унинг айбсизлигини тўлиқ исботлаганман. Шундан кейин менга нисбатан тазйиқлар кучайиб кетди ва мен ватандан чиқиб кетишга мажбур бўлдим.

Шавкат Вайсниёзовнинг ваҳшиёна уриши, дўппослаши ва ҳақоратларидан кейин ҳам Азамжон Фармонов ғайриқонуний талаб қилинган хатни ёзишдан бош тортган. Шавкат Вайсниёзовнинг кўзи қонга тўлиб, баттар қутуриб, яна дўппослашни бошлаган. У қонунга хилоф руҳий таъсир кўрсатиш мақсадида: “Сенинг ўлиминг менинг қўлимда, сени ўлдириш менга буюрилган, мен шундай қиламан-ки, хотининг ҳам, болаларинг ҳам қамоққа тушади, бу ердан сенинг фақат ўлигинг чиқади, агар тушунтириш хатини ёзиб бермасанг қўлингга наручник тақиб изоляторга олиб бораман ва шипга осиб қўяман, халқ душмани сифатида бир умр қамоқда чирийсан” дея бақирган. Қутурган мулозим олдида Азамжон Фармоновнинг талаб қилинган хатни ёзиб беришдан бошқа варианти бўлмаган ва у ёзиб берган.

Хатни қўлга киритгач Шавкат Вайсниёзов бехосдан: “Мен нима қилай, мендан катта начальниклар талаб қилишган, мен ҳам улардан сўкиш эшитаяпман, мени ҳам қўйишмайди” деб гапирган. Азамжон Фармонов: “Эркак бўлсанг, хатни қандай ёздириб олганингни тан оласанми?” деб сўраганда “Ҳа, тан оламан” деб жавоб берган.

Бу вахшийлик ҳақида Озода Якубова бир неча маротаба ЖИЭББга ва қамоқхона бошлиғига ёзди. Лекин улар унга жавоб хати ҳам ёзишмади. Ҳозирги кунда Азамжон Фармоновнинг танасини без босмоқда. Унинг айтишича, бу узоқ пайт бир ерда ўтиришдан бўлмоқда. Жаслиқ қамоқхонаси камерний система. У ерда бир кунда фақат 1 (бир) соат тоза ҳавога сайрга чиқилади,қолган пайт муттасил ичкарида хонада ўтиришади. Мана шундан унинг оёқ, қўл ва танасида безлар кўпаймоқда. Тишлари ҳам аста–секин ишдан чиқмоқда. Шундай бўлса-да, у ҳамма қийноқ ва босимларга мардонавор чидамоқда….” http://jarayon.com/uz/index.php/2012-03-10-17-03-24/item/572-bugun-13-dekabr-huquqbon-siyosiy-mahkum-azamjon-farmonovning-tugilgan-kuni

Аъзам Фармонов, Алишер КараматовГап шундаки 2014 йилнинг 3 сентябрь куни Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларо тўғрисидаги ҳалқаро Пактнинг Биринчи Факультатив протоколи остида кўриб чиқиш учун  Америкадаги Fredom Now ташкилоти рахбари Patrick Griffith томонидан ҳуқуқ фаоли, сиёсий махкум Азам Фармоновнинг иши юзасидан шикоят Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари кўмитасига тақдим қилинган. Ушбу ариза Азам Фармоновнинг турмуш ўртоғи Озода Ёқубованинг аризаси асосида расмийлаштирилган. Азам Фармоновнинг шикоятини тайёрлашда Толиб Ёқубов, «Ўтюраклар Клуби» Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти ҳамда «Эзгулик» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти яқиндан кўмак бердилар.

Ўзбекистонда сиёсий махкумларни ва диний эътиқоди учун қамалган махкумларни амнистия билан жазодан озод қилмаслик мақсадида тинимсиз равишда сохта айблар билан “интизомий жазога” тортиб турадилар. Бирорта махкум ёки унинг оила аъзолари, адвокатлари қамоқхонадаги қулоқ махкумлар ёрдамида расмийлаштириладиган “интизомий жазолаш” қарорлари ва ушбу қарорларни чиқаришга асос бўлган хужжатларини қонунийлигини аниқлаш учун танишиб чиқиш бахтига муяссар бўлмаганлар. Ушбу расмийлаштирилажак сохта хужжатлар асосида қора рўйхатдаги махкумлар нафақат жазо изоляторларига, карцерларга қамаб, қийноққа тутиладилар, балким “мунтазам ички тартиб қоидани бузувчи” махкум сифатида кейинчалик Жиноят 221-моддасига кўра уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади ва жазо муддати узайтирилади.

Жиноят Кодексининг 221 моддаси “Озодликдан маҳрум қилиш жойида жазони ўтаётган шахснинг жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслиги ёхуд маъмуриятнинг ўз фаолиятини амалга оширишига бошқача йўсинда тўсқинлик қилиши, башарти, маҳкумга нисбатан бир йил мобайнида жазони ўташ тартиби талабларини бузганлиги учун жазони ижро этиш колониясининг карцерига ўтказиш тариқасидаги жазо қўлланилганидан ёки турмага ўтказилганидан кейин содир этилса” 3 йилгача қамоқ жазосига хукм қилиниши одатий холга айланган.

Мана шундай озодликка чиқишига бир неча кун қолганида қамоқ жазоси муддати узайтирилган ва узайтирилаётган махкумлар юзларни, балким мингларни ташкил этади десак муболаға бўлмайди. Бунингдек воқеаларни эса таниқли сиёсий махкумлаар билан содир бўлган пайтида хабардор бўламиз холос.

Мисол тариқасида оғир касал сиёсий махкум Ғанихон Маматхоновнинг озод бўлишига бир неча кун қолганида қамоқ мддати узайтирилганлигини мисол қилиб келтириш мумкин.

“Дадамни 10 март куни қамоқдан озод қилишлари керак эди. Биз: “Эҳтимол, дадамни бир неча кун олдинроқ озод қилишар” деган умидда, Навоийга 6 март куни бориб олдик. Аммо биз у ерга келганимизда Навоийдаги колония ходимлари дадам жарима изоляторига ташланганларини айтишди. Мен уларга: “Дадамни нима сабабдан бундай жазоладинглар”, деб сўрадим. Улар эса бунга жавобан: “У киши уч маротаба рухсатсиз ҳожатхонага чиққани учун жарима изоляторига ташланди”, деб айтишди. Бундан роса жаҳлим чиқиб: “Ахир у киши кекса ёшдаги, касал одам бўлса, наҳотки унга нисбатан шундай муносабат қилдинглар?” десам, қамоқхона ходимлари менга: “Бизга шундай буйруқ келди”, дейишди, – дейди Жалолиддин Маматхонов.

6 март куни Навоийдан колония бошлиғи бизга дадам жарима изоляторида экани ва суд бўлиб ўтмагунча, биз уни кўролмаслигимизни айтди. Шунингдек, у дадамни бошқа ерга этап килишлари ва қўшимча жазо муддати қўшиб беришларини айтди. У менга кассация ёзишни маслаҳат берди. Шундай қилиб, биз Навоийдан дадамни кўролмай қайтдик, уйга келганимизда эса Навоий шаҳар жиноий ишлар бўйича судидан хат олдик. У ерда дадамнинг суди 4 март куни, яъни бизга у ерга боришимиздан икки кун аввал бўлиб ўтгани ёзилганди. Ўша хатда яна “Жиноий ишлар буйича Навоий шаҳар суди Маматхонов Ғанихон Дадахоновичга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилгани тўғрисида маълум қилади”, дейилганди. Мен Навоий шаҳар судига мурожаат қилдим, аммо у ерда менга телефон орқали маълумот бера олмасликларини, бунинг учун мен Навоийга келиб, судга мурожаат қилишим кераклигини айтишди, – дейди Жалолиддин Маматхонов.” http://jarayon.com/uz/index.php/2012-03-10-17-03-24/item/486-ganixonmamatxonov230314

«Ўтюраклар Клуби» Инсон Ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

Халқаро ташкилоти рахбари Мўътабар Тожибоева

HR Committee – Formonov Petition (Uzbekistan) 9.3.14

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.