“Ислом Каримов режими қатағони қурбонларини хотирлаш ва ҳимоялаш 100 кунлиги” кампанияси ўз ишини бошлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2001 йил 1 май куни “Қатағон қурбонларини ёд этиш кунини белгилаш тўғрисида”ги ПФ-2837-сонли Фармонга имзо чекди. 2002 йилнинг 31 август куни Тошкентда “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи очилди.

Мазкур Фармонга асосан, ҳар йили 31 август куни Мустақиллик байрами арафасида Тошкент шаҳридаги “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуида “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” маросими бўлиб ўтади.

Ислом Каримов имзо чеккан ушбу Фармонда: — “Эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлганлар хотираси миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолади.

Мустабид тузум даврида миллион-миллион бегуноҳ инсонларнинг умри хазон бўлганини, қанча-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, қанча-қанча гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмайди” дейилади.

Дарҳақиқат, Сталин даврида миллионлаб инсонлар сиёсий қатағонга учраганлар. Ҳар бир қурбоннинг тақдирини ёдда сақлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш мақсадга мувофиқдир.

Лекин, ўша Сталин даври қатағонига қарши Фармонга имзо чеккан Ислом Каримов бошқараётган режимнинг жиноятлари ҳам Сталин даври жиноятларидан кам эмас.

Биз, Ўзбекистон Фуқаролик жамияти вакилларидан ташкил топган — “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши вакиллари жорий йилнинг 31 августидан 8 декабрь — Ўзбекистон Республикаси Конституция қабул қилинганлигининг 23 йиллиги кунигача «Ўзбекистонда мустақиллик давридаги қатағон қурбонларини хотирлаш ва ҳимоялаш 100 кунлиги” кампаниясини бошлашга қарор қилдик.

Ўзбекистонда сиёсий қатағон машинасининг гуриллаб ишлашига нафақат 26 йилдан буён мамлакатни бошқариб келаётган авторитар ҳукумат ва у ўрнатган диктаторлик режими, балки унинг ғилдиракларини зимдан мойлаётган, геополитик манфаатлар йўлида инсон ҳуқуқлари ўта қўпол тарзда бузилишига кўз юмаётган кўпчилик сиёсатдонлардан тортиб, тижорий ширкатларгача маънавий айбдор деб ҳисоблаймиз.

Мамлакатда диний экстремизм ва терроризм хавфи баҳонасида ўзбек халқини қатағон қилиш сиёсатига баъзи бир ғарб сиёсатчилари иккиюзламачилик сиёсатини қўллаб келмоқдалар. Зеро, уларнинг маънавий рағбати ва билвосита қўллаб-қувватлови билан қатағон машинаси ҳаракати кун сайин тезлашмоқда.

Мазкур кампания давомида ўзбек миллатининг бошига тушаётган кулфатларга лоқайд бўлмаган барчани Ўзбекистонда давом этиб келаётган инсон ҳуқуқлари бузилишларига, Ислом Каримов бошқараётган мустабид тузумнинг олиб бораётган репрессив сиёсатига қарши «Йўқ!» дейишга чақирамиз. Чунки, бу режим деярли кунда — кун ора янгидан — янги қурбонларни яратмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг юқорида қайд этилган жиноий ҳаракатлари ва инсон ҳуқуқларини поймол этишига жавоб бериш муддати чексиз деб ҳисоблаймиз. Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари борасида бу сингари жиноий ҳаракатлари ҳар қандай муддатдан қатъий назар жиддий суриштирувга муҳтождир.

Қатағон қурбонлари, уларнинг яқинлари, оила аъзолари халқаро қонунларга кўра, реабилитация қилиниши, азиз номларини, хотираларини тиклаш ва товон пули ундириш ҳуқуқига эгалар.

Ушбу кампания доирасида Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини шакллантириш, мамлакатда ҳуқуқий, адолатли тизим яратиш йўлида курашган ва айнан мана шу ғоя йўлида олиб борган курашлари сабаб сиёсий қатағонига учраган инсонлар тақдири ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида, энг аввало қатағон қурбонлари рўйхатини тайёрлаймиз, қатағон қурбонларига дахлдор хотираларни, архив ҳужжатларини, бадиий асарлар, шеърлар, фото, аудио ва видео материалларни “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгашининг http://alteruz.info/ сайтида ҳамда https://twitter.com/AlternativeUz, «Facebook» тармоғида ташкил этилган “И.Каримов режими қатағони қурбонлари” https://www.facebook.com/groups/910524542370559/?fref=ts саҳифасида чоп қилиб борамиз.

Шунингдек, ушбу лойиха асносида туркум радио-эшиттиришлар ҳам ташкил этилади, қатағон қурбонларининг шахсан ўзлари билан, вафот этиб кетган қатағон қурбонларини яқиндан таниган, билган инсонлар билан суҳбатлар уюштирилади.

Бугунги кунда Ислом Каримов режими қатағон машинасини ҳаракатдан тўхтатиш, ҳеч бўлмаса, унинг ҳаракатига тўсқинлик қилиш мақсадида, халқимиз бошига тушган бу улкан кулфатга бефарқ бўлмаган барча ватандошларимизни, мухолифот вакилларини, фуқаролик жамияти фаолларини “Ислом Каримов режими қатағони қурбонларини хотирлаш ва ҳимоялаш 100 кунлиги” шиори остида ўтказиладиган кампанияда фаол иштирок этишга чақирамиз.

Ушбу кампанияни ташкил этишга туртки бўлган асосий сабаб қуйида номлари зикр этилган Ислом Каримов қатағони қурбонларидир.

Ушбу кампания инсон ҳуқуқлари ва демократия ғояларини тарғиботчиси бўлганлиги учунгина умри Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқларга тутилиб, қамоқ муддатлари тинимсиз узайтирилаётган Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, Рустам Усмонов, Муҳаммад Бекжонов, Юсуббой Рўзимуродов, Ғайрат Михлибоев, Аъзам Фармонов, Исроилжон Холдоров, Йўлдош Расулов, Зафар Рахимов, Солижон Абдурахмонов, Аъзам Турғунов, Дилмурод Саидов, Ғайбулло Жалилов, Ғанихон Маматхонов, Мехринсо Ҳамдамова, Чўян Маматқулов, Бобомурод Раззоқов каби сиёсий мағкумлар ҳимоясига бағишланади.

Шунингдек, мазкур кампания ўзбек қамоқхоналаридаги минглаб диний ва сиёсий маҳбуслар, ўзбек махсус хизматлари томонидан қўлланилаётган қийноқлар, ўғирлаб кетишлар, ноқонуний экстрадиция ҳамда қотилликлар қурбонлари хотирасига бағишланади.

— 1987 йилда «Одамийлик ва инсонпарварлик» уюшмаси тузгани кетидан бутун оиласи билан қатағонга учраган ва 1993 йилда безориликда айбланиб, 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, озодликка чиқиш арафасида сохта айблар билан қамоқ муддати узайтирилган ва 1997 йилда ваҳшиёна қийноқлар қурбони бўлган Қаҳрамон Хамидов;

— 2001 йил 11 февралда диний экстремизмда айбланиб хибсга олинган ва 28 февраль куни ИИВ ертўласида ваҳшиёна қийноқларга тутилиб, вафот этган таниқли уйғур-ўзбек ёзувчиси Эмин Усмон;

— 2001 йил 15 июнь куни ғайриқонуний равишда хибсга олинган, 5 июль куни ИИВ ертўласида узлуксиз давом этган қийноқлар натижасида вафот этган ҳуқуқ фаоли Шовруқ Рўзимуродов;

— 2007 йил 24 октябрда Қирғизистонда отиб ўлдирилган журналист Алишер Соипов;

— 2011 йил 24 сентябрда Россияда Ўзбекистон ҳукумати қотиллари томонидан отиб ўлдирилган Фуад Рустамхўжаев;

— Узоқ йиллик қамоқ жазосидан озод бўлганидан 25 кун ўтиб вафот этган ҳуқуқ фаоли ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамиятининг Ангрен шаҳар бўлими раиси вазифасида ишлаган Абдурасул Худойназаров;

— Ваҳшиёна қийноқлар оқибатида турли муддатларда вафот этган: Нўъмонжон Мамасолиев, Хасан Умаралиев, Аҳмадхон Тўрахонов, Содиқжон Жалолитдинов, Шерали Жумаев, Рустам Норбобоев, Шуҳратбек Парпиев, Шокир Орипов, Нўъмон Сайдаминов, Хуршиджон Орипов, Равшан Хаитов, Алимуҳаммад Мамадалиев, Хусниддин Олимов, Музаффар Авазов, Отамаза Ғофуров, Ориф Эшонов, Нодир Замонов, Шавкат Алимхўжаев, Камолиддин Жуманиёзов, Абдураҳим Тошпўлатов, Нозим Мамадалиев, Собиржон Мухторов, Исомуддин Акбаров, Ғиёсиддин Умаров, Зайниддин Асқаров, Абдубанноб Ортиқов, Алимардон Бердиқулов, Абдураҳмон Сагдиев, Ҳамидулло Омонов, Дилшод Исхоқов, Хусниддин Оққўзиев, Шавкат Каримов, Абдувохид Абдураҳмонов, Тохиржон Жабборов, Самариддин Салохиддинов, Таваккал Хожиев, Қўнғиротбой Оллониёзов, Абдураҳим Тўхтасинов ва бошқа юзлаб, минглаб қийноқ қурбонлари хотирасига бағишланади.

— 2012 йил 22 февралда Швециянинг Стромсунд шаҳрида Обид қори Назаров ўзбек хукумати томонидан ёлланган қотил томонидан отиб кетилди ва у 3 йилдан ортиқ кома ҳолатида бўлди, қотил ва унинг буюртмачилари эса ҳанузгача жавобгарликка тортилганлари йўқ.

2011 ва 2013 йилларда БМТнинг қийноқларга қарши кўмитасининг Қозоғистон ҳукуматидан диний эътиқоди учун босимга учраб мамлакатдан қочиб чиққан Абдусаматов Тоиржон, Акбаров Файзуллоҳ, Бозоров Суҳроб, Болтаев Аҳмад, Ботиров Шуҳрат, Ғуломов Мухитдин, Каримов Дилбек, Қосимов Аброр, Қўлдашев Ойбек, Қурбанов Қобилжон, Нуриллаев Бахтиер, Нуриллаев Бахриддин, Остонов Улуғбек, Пардаев Исобек, Сулаймонов Турсунбой, Толипов Сирожиддин, Тўраев Равшан, Турсунов Ҳайрулла, Шарипов Отабек, Шодиев Акмалжон, Хуррамов Сарвар, Умаров Файзиддин, Холбоев Шуҳрат, Холтўраев Олимжон, Хошимов Алишер, Ёқубов Абдуазимхўжаларни Ўзбекистонга топширмаслик талабига бўйсунмасдан Ўзбекистонга топшириб юборилган ва Қўлдашев Суннатиллох, Қўлдошев Суҳроб, Шерназаров Шерзод, Шуҳрат Мусин ва бошқалар адолатсиз судлов ва қийноқ қурбони бўлиб, қийноқларга тутилмоқдалар. Ушбу кампанияда яна бир бора бу қочқинлар ва уларнинг оила аъзоларининг ҳимояси учун бонг уришга, уларнинг тақдирига бефарқ бўлмасликка чақиришга қарор қилдик.

Шунингдек, мазкур кампания 1992 йил 15 декабрда ўғирланган Абдулла Ўтаев, 1995 йил 29 август куни Тошкент аэропортидан ўғирланган Абдували қори Мирзаев ва Маткаримов Рамазонбек, 1996 йилда ўғирланган Аҳмедов Абдулло, 1997 йил сентябрь ойида ўғирланган Неъматуллоҳ Парпиев, 1999 йилда ўғирланган Холмуродов Маматқул (Муҳаммадқул), 1999 йил 5 августда ўғирланган Қосимбеков Камолиддин, 2000 йилдан буён бедарак кетган Хасанов Баҳодир, 2000 йилнинг сентябрь ойидан бедарак кетган Алишер (Қибрайлик), 2001 йилда ўғирланган Сайфиддин Мўминов ва Шерзод Маликовлар, 2003 йилда ўғирланган Раҳмонов Содиқжон (Содиқ қори), 2003 йил ноябрида ўғирланган Луқмонхон Юсупов, 2004 йил 16 майда ўғирланган Хусниддин Назаров, 2004 йил 28 майда ўғирланган Оқил Юнусов, 2004 йил 24 июнда ўғирланган Фарруҳ Ҳайдаров ва у билан биргаликда ғойиб бўлган ҳайдовчиси Ҳикмат, 2004 йил 14 июлда ўғирланган Абдурасул Раҳимов ва Равшан (Шокир) Исманходжаевлар, 2004 йилда ўғирланган Хасан Ўтаев (Абдулла Ўтаевнинг укаси), 2004 йилда ўғирланган Дилмурод Саъдуллаев сингари ўнлаб ўғирлаб кетилиб, бедарак йўқолганларнинг ҳимоясига ҳамда уларнинг оила аъзоларини қўллаб қувватлашга бағишланади.

“Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгаши

31 август, 2015 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.