Қийноқлар ороли асираси. Ёлланма адвокатнинг ҳимоясига муҳтож эмасман!

5176

Айбсиз айбдор бўлишдек оғир ва машаққатли йўлни босиб ўтарканман, шу ўринда тергов ва суд жараёнларида, ҳатто қамоқхона деб аталмиш жаҳаннам қаърида ҳам менинг паймол бўлган ҳақ-ҳуқуқларимни тиклаш ва адолатни қарор топтиришда жонбозлик кўрсатган ҳимоячи – адвокатларим хусусида алоҳида тўхталиб ўтмасликнинг умуман иложи йўқ. Уларнинг меҳнатини эътироф этмаслик– ҳурматсизлик, улар қаршисида таъзим қилмаслик гумроҳликдек туюлади, туюлаверади менга…

Бир сўз билан айтганда адвокатларим ҳақида гапирмаслик мутлақо мумкин эмас… Ва шу билан бирга қуйида ёзганларимни ўқир экансиз, одамнинг одамдан фарқи бўлганидек, адвокатнинг билан адвокатнинг ўртасидаги тафовутни ҳам маълум маънода билиш, Ўзбекистон шароитида “икки томонга баробар ўйин” қиладиган, арзон сотиладиган адвокатлар хусусида ҳам маълумот олиш, огоҳ бўлиш имкониятига ҳам эга бўласиз, деган фикрдаман…

   * * *

Бахтиёр Абдуллаев – Фарғона шаҳридаги «LEGAL LTD» адвокатлик фирмаси адвокати. Бахтиёр Абдуллаев ҳибсга олинган кунимда мени «ҳимоялаш» мақсадида Фарғона вилоят прокуратураси терговчиси Бахтиёр Маматовнинг таклифи билан кечаси соат 3.00 дан то тонгги 6.00 гача мен билан ўтказилган ғайриқонуний терговда қатнашиб, унинг ҳимоясини рад этишимга қарамасдан, процессуал ҳужжатларни расмийлаштиришда иштирок этган 35 ёшлардаги йигит. Бўйлари новча, азбаройи оқ баданлигидан русларга ўхшаб ҳам кетади. У билан кўп ишларда иштирок этганмиз.

Иш жараёнларида мендан кўп бор маслаҳат ва кўмак олганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас эди. Лекин бошимга туҳмат тошлари ёғилиб, ҳибсга олинган палламда, кўмак бериш, ҳимоялаш ўрнига, менинг ҳуқуқларимни топтаб, жинояткорона ҳаракатлар қилаётган прокуратура мансабдорларига нафақат қўмак берди, балки, уларнинг жиноятларини хаспўшлашга ҳисса қўшди.

– Сизни бу ерга ким таклиф қилди, Бахтиёржон? – сўрадим ундан.

– Тергов талаби, – деди адвокат хотиржамлик билан.

     – Мени ҳибсга олиб, бу ерга келтирганларида ярим тун бўлиб қолганди. Одатда, қўлга олинган гумонланувчининг ўзи талаб қилган адвокати йўқ бўлсагина, терговчи ёзма равишда адвокатга талабнома билан чиқиб, гумонланувчининг тергов ҳаракатларида қатнашиб беришни сўрарди адвокатдан. Терговчилар адвокатурангизга қачон чиқишди талабнома билан? Мен ҳибсга олинишимдан олдин, иш пайтидами, ёки сизни адвокатурангиз кечаси билан ишлайдиган бўлиб қолганми? – дедим кесатиб, – Мен сизни эмас, адвокатлар Дилафрўз Нурматова, Муҳаррам Тожибоева, Муҳаббат Жумаева, Рустам Ғофуровларни сўраганман ҳимоя қилишлари учун. Мен уларга ишонаман, сизга эмас.

     – Менинг сизга ҳимоячи бўлиб ўтишимни прокуратура терговчиси ҳал қилган. Қанақа эътирозингиз бўлса, уларга гапиринг, менга эмас, – дея жавоб қилди у.

–Сиз нима учун бу тергов ҳаракатига жалб қилиндингиз? Сизни бу тергов ҳаракатида иштирок этишга ваколатингиз борлигини тасдиқловчи ҳужжатингиз, ордерингиз қани? Ордерингизда ким билан шартнома тузгансиз? Тергов талабига асосан бўлса, терговчининг ёзма талабномасини ҳам ордерга қўшиб кўрсатинг менга, – дея   талаб қилдим Бахтиёр Абдуллаевдан.

– Йўқ, ордерим йўқ. Ҳозир ёнимда йўқ ордер. Сизга ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилолмайман,- деди адвокат менинг қатъий сўроқ-саволларимдан чарчаганини сездириб.

Адвокат билан тортишиш бефойда эканлигини сезиб, терговчига ўгрилдим:

– Ўзимнинг опам адвокат. Ундан ташқари, қўлга олинишим билан, қайси адвокатлар билан таъминлашларингизни расман айтдим, ёздим ҳам. Видеокамерага ҳам ёзиб олдиларинг. Нима учун мен сўраган адвокатлардан биронтасини чақириш ўрнига, бу адвокатни чақирдиларинг? – дедим унга хуноб бўлиб.

            – Биз шуни хоҳладик! – деди Бахтиёр хотиржамлик билан.

– Сизлар шуни хоҳлаган бўлсаларинг, мен хоҳламайман! Бахтиёржон, сиз кетинг, сиз менга ҳимоячи сифатида керак эмассиз. Мен сизнинг ҳимоянгизга мухтож эмасман, кетинг, – дедим бу “ёлланган” адвокатнинг жавобини бериб.

– Йўқ, мени терговчилар чақиришган. Қачон тергов тугади дейишса, шунда кетаман. Терговчи нима деса, шу бўлади, – деди адвокат без бўлиб.

   – Ҳа, тўғри айтасиз, биз нима десак, шу бўлади, – деди терговчи қўлга олинганлигим ҳақидаги процессул ҳаракатлар акс эттирилган ҳужжатларни танишиб чиқиши учун адвокатга узатаркан.

– Мен прокуратурага ёлланган адвокатнинг ҳимоясига муҳтож эмасман. Адвокат Абдуллаевни рад қиламан. Уни рад қилишга етарли асосларим бор. Менга қоғоз билан ручка беринг. Менинг адвокат Бахтиёр Абдуллаевдан воз кечиш тўғрисидаги аризамни қаноатлантириб, қонунда белгиланган намунали баённома расмийлаштиришингизни талаб қиламан, – дея қатъий талаб қилдим терговчидан. Адвокатни рад этиш ҳақидаги аризани ёзиб тугатгач, терговчига топширдим.

Аризамни қабул қилган терговчи яна ташқарига чиқиб кетиб, Республика прокуратураси вакилларига аризамни кўрсатдими, билмайман, бироздан кейин қайтиб чиқди. Бир сўз демай, ўтириб олиб, компьютерда нималарнидир ёза бошлади. Мен ундан ҳимоячидан воз кечганим ҳақидаги аризамни қаноатлантиришни яна талаб қила бошладим.

– Намунча шошқалоқсиз, – гап билан силтаб ташлади терговчи, – Шошилманг.

Орадан бир қанча вақт ўтиб, адвокат Бахтиёр Абдуллаев иштирокида мени жиноят ишида гумонланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш, гумонланувчини ушлаб туриш ҳақида 8 октябрь санаси билан расмийлаштирилган қарорни узатди у менга.

Қарорни ўқиб чиққач, унинг тагига: «Мени гумонланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш, гумонланувчини ушлаб туриш ҳақидаги қарор билан таништиришда ўзим хоҳлаган, талаб қилган адвокатларим эмас, ўз ҳимоясидагиларга хиёнат қиладиган Феруза Валиева бошчилигидаги ҳуқуқий маслахатхонаси адвокати Бахтиёр Абдуллаевни, уни рад қилишимга қарамай, эрта тонггача мени ухлатмасдан, олиб ўтириб, саҳар соат 4дан 20минут ўтганида унинг иштирокида ушбу процессуал ҳужжатларни расмийлаштириб, менинг ҳимоя ҳуқуқимни бузиб, тазйиқ ўтказишди. Телефон учун рухсат беришмади (72-66-77 Абдусалом Эргашевга)» – деб ёздим-да, имзо чекдим.

Шундан сўнг, менинг қаршилигимга қарамай, ҳимоячим ролини ўйнаётган ва бамайлихотир тергов ҳужжатларига кўз югуртираётган қўғирчоққа нафрат билан қарадим:

– Соатингиз неча бўлди? – деб сўрадим.

– Соат тонгги 4 дан 30 минут ўтди, – деди у мобил телефонига бир қараб.

– Менинг ҳуқуқимни ҳимоя қилиш учун, кечаси ширин уйқунгизни бузиб, олиб келишибди, – дедим унга заҳарханда қилиб, – Туни билан менга ухлаш учун рухсат беришмаяпти. Тун бўйи мени тўхтовсиз сўроқ қилиб чиқишга, қонун бўйича, буларни ҳуқуқлари борми? Мени мана шу саволимга жавоб беринг-чи?

– Ҳа, буларнинг сиз билан тергов ҳаракатлари ўтказишга тўлиқ ҳақлари бор. Терговчилар сизнинг ҳуқуқингизни бузишгани йўқ. Сиз ушлангансиз. Тергов ўтказилиши шарт, терговчи қонунни бузмаяпти, – деди адвокат кўзларини пирпиратиб.

– Жиноят-процессул Кодексининг 88-моддасига биноан, фақатгина тергов экспременти ўтказилаётган пайтда ва гумонланувчи қочиб кетиш эҳтимоли бор бўлган пайтдагина кечаси тергов ҳаракатларни олиб бориш мумкин. Биринчидан, менинг қочиб кетиш эҳтимолим умуман йўқ. Чунки, мен ИИБнинг ичкарисида ўтирибман. Иккинчидан, тергов эксперименти ўтказиш учун мен ярим кечада ҳеч қандай жиноят содир этганим йўқ. Тергов эксперименти, одатда, воқеа жойида ўтказилади. Туёғингизни шиққиллатиб қолинг-чи! Менга сизнинг бундай ҳимоянгиз, умуман, керак эмас. Кетинг деяпман, – деб ўшқирдим унга. У эса мени этишмагандек безрайиб ўтираверди.

Терговчи Маматов Бахтиёр эрталаб, соат 6.00гача мени гумонланувчи сифатида сўроқ қилаверди. Саволлар беришда тўхтовсиз давом этди. Лекин мен ҳар бир саволга жавоб сифатида қатъият билан прокуратура манфаатини ҳимоя қилувчи, адвокат номига доғ туширган Бахтиёр Абудлаевни рад қилганлигимни, қонун бўйича, рад қилганим ҳақидаги аризамни кўриб чиқиб, ўзим хоҳлаган ва ўзим ишонадиган адвокатларимни терговга жалб қилишларини, ўзим талаб қилган адвокатлар келганидан сўнггина, саволларга жавоб беришимни такрорлайвердим, такрорлайвердим. Яна китобимни ўқишда давом эттиравердим.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.