Америка овози: Бухорода пора бермайман деган тадбиркор қийнаб ўлдирилган

Ўзбекистонда ҳуқуқ тартибот органларидаги порахўрликни фош қилишга жазм этган тадбиркор қамоқхонада қийноқлардан ўлгани ҳақида хабарлар бор.  Маъмурий жавобгарликка тортилган 48 ёшли Илҳом Ибодовнинг ўлимига сабаб расман юрак хуружи деб кўрсатилган. 

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра эса, қамоқхонадан чиққан навбатдаги жасад мамлакатда қийноқлар мунтазам қўлланишини тасдиқловчи далиллардан биридир. Бухорода бизнес қилган шахс тергов пайтида вафот этган.  Ибодов маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланиб, 15 суткалик қамоқ жазосини ўтаётган бўлган.

Илҳом Ибодовнинг тергов изоляторидаги ўлими, ҳуқуқ тартибот органларига пора беришдан бош тортиш, тадбиркорлик фаолияти давомида берган поралари ҳақидаги маълумотларни очиқлагани билан боғлиқ, дейди унинг тақдири билан таниш фаоллар.

Воқеа ўтган йили содир бўлган. Ибодовнинг яқинлари анча пайт сукут сақлашган.  Бухоро вилояти Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар бошқармаси вакиллари уни қийноққа солгани даъво қилинмоқда.  Қийноқ жараёнига ўта хавфли жиноятда айбланиб жазо ўтаётган маҳкумлар ҳам жалб қилинган,  дейди ҳуқуқ ҳимоячилари.

Бу масалани ўрганиб чиқаётган ташкилот “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг “Америка Овози” га айтишича,  жасадни қайта текшириш таклифи олға сурилмоқда.

“Ака-ука Ибодовларнинг милицияга бўйсинмаслик айби билан ҳибс қилиниши ва охир-оқибат Ибодов ўлими билан тугаган қийноқлар, Бухородаги МХХ раҳбарларининг жиноий кирдикорларига қараб кетмоқда.  Бухородаги тадбиркорларга ўтказган босимларга қарши ўз фикрини айтмоқчи бўлган Ибодовни ҳибс қилишдан мақсад – уни ўлдириш бўлган,  чунки унинг қўлида амалдорларга қарши компромат материал бўлган.  Ҳуқуқ тартибот вакиллари ундан мунтазам пора талаб қилиб келишган.  Сўнгги бор пора бериши пайтида у «бу охиргиси,  агар яна талаб қилсанглар, тегишли малумотларни давлат идорларига топшираман» деб айтган.  Шундан сўнг у ҳибсга олинган.  Диққатлиси,  қамоқхонадаги ўта хавфли жиноятчиларни маъмурий жазо ўтаётган ака-ука билан бир камерага қўйиб,  улар орқали қийнашган”,  – дейди Тожибоева.

Бухородаги савдо мажмуасида бир нечта дўконларга эга бўлган Илҳом Ибодов акаси билан бирга 2015 йилнинг 16 августида ҳибсга олинади.  Дастлаб 10,  кейинчалик яна 15 суткалик қамоқда ушланади.  13 сентябрда эса унинг ўлиги яқинларига қайтарилади.

Марҳумнинг яқинлари шу пайтгача Ўзбекистон идорларидан адолат излашган.  Умиди йўққа чиққач, бу воқеа ҳақида гапиришга,  даҳшатли қийноқ аломатларини кўрсатувчи фото ва видео материалларни очиқлашга қарор қилишган.

“Илҳом 12 сентябр куни ўлган,  13 сентябр куни унинг ўлигини юрак хуружидан ўлди деган ташхис қўйиб,  оиласига қайтаришган ва зудлик билан кўмишни талаб қилишган.  Лекин оила аъзолари барибир жасорат кўрсатиб,  Илҳом Ибодовнинг моматалоқ бўлиб ётган бадани,  кесилган,  шилинган териси,  бармоқларига,  товонларига бигиз тиқилганини исботловчи суратлар,  видео метериалларни бизга тақдим этишди”,  – дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Тожибоевга кўра, ака-ука Ибодовларнинг иши савдогарлар ва ҳуқуқ тартибот органлари муносабатга тақалади.  Марҳум пора беришда давом этганида,  берган пораларини очиқлашга жазм этмаганида,  эҳтимол аянчли ўлимдан қутилиб қолиши мумкин эди.

“Ака-укага тайинланган 25 кунлик қамоқ муддати тугашида қонунга хилоф равишда МХХ изоляторига олиб борилган,  тинимсиз қийноқ кўрсатилган.  Охирги кун 12 сентябрда Илҳом ўладиган ҳолда келган бир пайтда, унга нисбатан эҳтиёт чораси сифатида қамоқда қолдириш ажрими чиқарилган.  Ажрим чиққан куни уни изоляторда аёвсиз,  овози чиқмай қолгунича калтаклашган”,  – дейди Тожибоева.

Ўзбекистон қамоқхонларидан маҳбуслар жасади чиқиши мунтазам кузатилади.  Аксарият ҳолларда диний айбловлар билан қамалганларга нисбатан бундай муносабатда бўлинади.

Қийноқ қўллаш – мамлакатдаги барча қатламлар устидан назорат ўрнатган ҳуқуқ тартибот органлари учун асосий босим воситаси,  дейди ҳуқуқ ҳимоячилари.

Малик Мансур

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.