Толиб Ёқубов: Ризо Обиднинг сирли ўлими

31 март куни Швецияда истиқомат қилувчи Муҳаммадсолиҳ Абутов ўзининг радиоблогида журналист Ризо Обиднинг сирли ўлими муносабати билан икки ўзбекистонлик сиёсий қочқин Мўътабар Тожибоева (Франция) ва Улуғбек Бакиров (Норвегия) иштирокида сўҳбат уюштирди. Мен мазкур суҳбатни диққат билан тингладим.

Суҳбатдан дастлабки хулосам шу бўлдики, сўҳбатни якка сўҳбатдош билан ўтказилди, дейиш мумкин. М.Абутов сўҳбатдошларига иккитадан савол берди. Биринчи саволга уларнинг иккаласи ҳам қисқа-қисқа жавоб беришди. Бироқ, Улуғбекка берилган иккинчи савол “оғирроқ” бўлдими, билмадим, у тўхтовсиз гапираверди – унинг жавобига кетган вақт бутун сўҳбатга кетган вақтнинг салкам 2/3 қисмига тўғри келди.

Суҳбат мавзуси асосан “Ризо Обид ким эди?” деган саволдан иборат эди. Бир пайтлар “Замондош” сайтининг радиоблогида Улуғбек чет элларда яшаётган ўзбекистонликлардан интервьюлар олар эди. М.Абутовнинг Улуғбекка берган иккинчи саволи бир пайтлар у Ризо Обид билан яқин ҳамкорликда ишлаганига қаратилган эди – негадир айнан шу савол Улуғбекни саросимага туширгандай бўлди.

“Ризо Обид ким эди?” деган саволга жавоб изланар экан, М.Абутов ислом динининг мозоротда маййитни тупроққа қўйилгандан кейин кўмиш маросимига йиғилган халойиққа жамоа раҳбари берадиган анъанавий “Муҳтарам халойиқ! Тупроққа берилган фалонча қандай одам эди?” деган саволга халойиқ “Яхши одам эди!” дея жавоб бериши удумини эслатиб ўтди. Мен бундай марсимларда кўплаб марта иштирок этганман, бироқ бирор марта одамлар якдиллик кўрсатишганини кўрмаганман – катта кўпчилик “Яхши одам эди” деган бўлса-да, оғзини очмаган ва, ҳатто, қўл силтаб қўйган одамларни кўрганман. Бу – табиий муносабат, деб ўйлайман.

Ўлган одамга атрофнинг муносабати бир хил бўлиши қийин: биров унинг одамларга сахийлик қилганини, бошқа биров у ароқ ичиб маишат қилиб юрганини кўрган, учинчи биров эса бу банда ҳақида одамлардан яхши гап эшитмаган.

Хўш, Ризо Обид ким эди? Чет элда яшаётган ўзбекистонликлар орасида Ризо Обиднинг кимлигини мендан яхши биладиган одам бўлмаса керак. Кимдир балки: «У Жаҳонгир Маматов билан узоқ йиллар елкама-елка ишлади-ку, улар ака-укадай эдилар, наҳотки сиз Ризо Обидни Жаҳонгир Маматовданда яхши билсангиз» дейиши мумкин.

Биринчидан, Жаҳонгир Маматов Ўзбекистондалигида Ризо Обидни мутлақо танимаган; иккинчидан, эсимдан чиқмаган бўлса, Жаҳонгир Маматов Ўзбекистонни 1993 йилда тарк этган; учинчидан, Ризо Обид Ўзбекистондан анча кейин, Андижон воқеалари ортидан чиқиб кетди. Озодлик Радиоси Ризо Обид ўлими муносабати билан наманганлик журналист Носир Зокир билан боғланибди. Носир Зокирнинг айтишича, у Ризо Обидни «Америка овози» радиосига ишга олишни Жаҳонгир Маматовдан илтимос қилган экан. Балки шундайдир.

Йили аниқ эсимда йўқ, 2002 йилда бўлса керак, мен Наманганга Носир Зокир ўғлининг уйланиш тўйига бордим. Тўй тугагач, 10-15 тача одам сўҳбатни давом эттирдик. Носир Зокир менга икки йигитни таништирди – уларнинг бири Ризо Обид экан, иккинчисининг исми-шарифини эсламайман. Ризо Обид кўримсиз, устига ранги ўчган, ўта одми шим-костюм кийган одам экан.

Носир Зокир менга: “Толиб ака, мана шу йигитлар Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятига аъзо бўлишмоқчи. Яхши йигитлар. Ризо Обид – журналист, яқинда қамоқдан озодликка чиқди, қамоқда уч йил ўтирди. Яхши журналист. Сиз Жаҳонгир Маматовни яхши танийсиз. Унга илтимос қилинг – Ризо Обидни “Америка овози” радиосига ишга олсин. Шу йигитга бир ёрдам берайлик” деди. Ўша пайтларда Жаҳонгир Маматов айнан шу радионинг Вашингтон офисида ишлар эди. Тошкентга қайтгач, мен унга хат ёздим, хатимда Носир Зокир айтган илтимосни келтирдим.

2001 йил мартида мен АҚШга борганимда Жаҳонгир Маматовнинг уйида 4 кун меҳмон бўлганман ва шу орада “Америка овози” радиосининг ўзбек, рус ва (адашмасам) қозоқ бўлимларига 7 та интервью бердим. Яна такрорлайман: Ризо Обидни “Америка овози” радиосининг Фарғона водийси бўйича мухбирлигига ишга киришга ёрдам берган Жаҳонгир Маматов бу ишни Носир Зокирнинг илтимосига кўра қилдими ёки менинг илтимосимга кўрами – билмайман. Аслини олганда – бунинг аҳамияти ҳам йўқ. Хуллас, Ризо Обид “Америка овози” радиосида ишлаяпти, деган хабарни эшитдик. Ризо Обид ва Жаҳонгир Маматовнинг ҳамкорлиги шундан кейин бошланди. Айтишларича Ризо Обидга “Америка овози” радиоси салмоқли маош (гонорар) тўлай бошлаган.

Кўп йиллар Ризо Обид ва Жаҳонгир Маматов ўзаро фақат телефон ва э-майл почта орқали мулоқотда бўлишган, уларнинг юзма-юз учрашуви қачон ва қаерда бўлганини билмайман – ҳар ҳолда уларнинг учрашуви Ризо Обид Голландиядан сиёсий бошпана олгандан қанчадир вақт ўтгандан кейин юз берган.

“Америка овози” радиосининг Тошкентда офиси йўқ эди, унинг ўзбекистонлик мухбирлари одатда “Озодлик” радиосининг Тошкентдаги офисига келишар ва шу ердан телефон орқали Вашингтон билан боғланишар эди.

Табиий, “Америка овози” радиосининг Фарғона водийси бўйича мухбири бўлгани сабабли Ризо Обиднинг “бир оёғи” Тошкентда эди. Фаолиятининг бошларида Ризо Обид менинг Тошкентдаги уйимга 2-3 марта келганини яхши эслайман. Ўша пайтларда менинг қизларим Озода ва Наргиза мен билан бирга яшардилар. Бир куни қизларимдан бири: “Дада, мен кўчада Ризо Обидни кўриб қолдим. Кўрсангиз таний олмайсиз – тамоман бошқача бўлиб кетган. Устидаги шим-костюми артистларникидай пўрим” деб қолди. Мен қизимнинг гапига ортиқча эътибор ҳам қилмадим.

Мен бошқарган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Наманган вилояти бўлимининг аъзолари Тошкентга келишганда менинг уйимга кирмасдан кетишмас эди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ҳақида сўҳбатларимиз тугагач, олди-қочди гапларга навбат келарди ва, табиий, онда-сонда гап Ризо Обидга бориб тақаларди.

Наманганлик турли вакилларимиз бир-биридан мустақил равишда Ризо Обид ҳақида айтган гапларидан мен унинг характеридаги асосий унсурларни тушундим: 1) Ризо Обид ўта фирибгар (мошенник); 2) ичкиликка муккасидан кетган; 3) аёлга нисбатан мафкураси бузуқ (хотинбоз) одам экан.

Вақт ўтиши билан Ризо Обид ҳақида Намангандан келаётган гаплар кескин негатив форма касб эта бошлади. У одамларга ўзини “Мен “Америка овози” радиосининг Ўзбекистондаги директориман” дея таништириб юрар экан ва одамларнинг ишончига кириб, АҚШга виза тўғрилаб бераман, деб улардан 3000-4000 доллар пул ола бошлабди. Қўлига катта пул тушгач, унинг юриш-туриши кескин ўзгаради – у ўта қимматбаҳо кийим ва пойафзаллар сотиб ола бошлайди, одамлар уни ичмай юрганини камдан-кам ҳолда кўришади, бегона аёллар билан маишат қилишга ружў қўяди ва ҳоказо.

Алданган одамлар сони кўпайгандан кўпая боради, одамлар пулини талаб қилиб уни таъқиб қила бошлашади. Наманганлик ҳуқуқбонларнинг айтишича, Ризо Обид одамлардан қоча бошлайди, улардан яшириниб юради, Тошкентга серқатнов бўлиб қолади. Бир сафар, мен уйимда ёлғиз ўтирганимда, у ширакайф ҳолда кириб келди. Қизимнинг гапи юз фоиз тасдиқланди – мен унинг устидаги кийим-бошни кўриб ёқамни ушладим. Менинг уйимда стол-стулда эмас, пол устидаги кўрпачада ўтириш урф эди.

Салом-аликдан кейин у белини деворга бериб, оёғини бор бўйича олдинга чўзиб ўтирди, мен эса унинг рўпарасида чўккалаб ўтирдим. Хаёлимдан “ҳозир оёғини йиғиб олса керак, оёғини салкам менинг тиззамгача теккизиб ўтирмаса керак – менинг ёшим анча катта-ку!” деган гап ўтди. Йиғиштирмади! Шу ўтирганча ўтираверди!

Унинг гаплари оёқ чўзишдан ҳам баттар беёқим эди – у менга калака қилгандай гапирарди. Жаҳлим чиқа бошлади. Шиддат билан ўрнимдан турдим ва: “Тур ўрнингдан! Йўқол бу ердан! Менинг уйимга бундан буён оёқ босмайсан!” дея бақирдим. Менинг важоҳатим унга таъсир қилди, шекилли, у ҳам апил-тапил ўрнидан турди ва пойгадаги туфлисини кияр-киймай эшикка ўзини урди. Шундан кейин мен уни бир марта “Озодлик” радиоси офисида кўрдим, бироқ саломлашмадим.

Андижон воқеаларидан кейин “Озодлик” радиоси мухбири Носир Зокир қамалди – МХХ терговчиси унга наманганлик бир шоирнинг қотилликни қоралаб ёзган шеърини радио тингловчиларига ўқиб берганини айб сифатида эълон қилди. У 6 ой қамоқда ётди. Ризо Обид эса … қочди – у Қозоғистонга қочди. Йўқ, уни милиция ҳам, прокуратура ҳам, МХХ ҳам таъқиб қилган эмас, у пулини олдирган одамлар таъқибидан қочди – Андижон воқеалари бир баҳона бўлди, холос.

Қозоғистонга ўзи билан хотинини ҳам олиб кетди. Бироз вақтдан кейин, квартира топиб жойлашгач, ҳужжатларини Қочоқлар масаласи бўйича БМТ Бош комиссарининг Алматидаги офисига топширди. Бироқ у хотини билан эмас, қозоғистонлик бир рус аёл билан яшай бошлади. Охир-оқибат хотини Наманганга қайтиб кетди, ўзи эса Голландиядан сиёсий бошпана олди.

Куёвим Азамжон Фармоновнинг қамалиши сабабли 2006 июлида мен ҳам Ўзбекистонни тарк этдим ва Францияга келиб жойлашдим. 2007 йил апрелида мен Голландияга бордим ва тошкентлик укахоним Зафаржон Мавлоновнинг уйида 4 кун меҳмон бўлдим. Менинг борганимни эшитиб бир неча ватандошлар мен билан учрашиш учун Зафаржонникига – наманганлик Собитхон Устабоев, бир андижонлик йигит (исми эсимда йўқ) ва … Ризо Обидлар келишди.

Ризо Обиднинг турқи менда ёмон ҳис-туйғулар уйғотди. Менда бир зум “Бу аблаҳни шарманда қилиб ортига қайтарворайми ёки ўзимни босайми?” деган ўй-фикр кечди ва мен дўстим Зафаржоннинг уйида жанжал чиқармасликка аҳд қилдим – биз ҳеч нарсани кўрмагандай гаплашиб ўтирдик. Маълум бир вақт муносабатимиз тиклангандай бўлди ва аҳён-аҳёнда бир-биримизга хат ёзиб турдик. Бироқ Ризо Обид менга нисбатан иғводан иборат мақола тарқатди ва мен алоқани тамоман уздим.

Чет элларга чиқиб кетган одамларни шартли равишда уч гуруҳга ажратиш мумкин:

1-чи гуруҳга сиёсий, диний ёки ўзгача эътиқоди бўйича давлат томонидан таъқибга учраганлар;

2-чи гуруҳга иқтисодий муҳожирлар, яъни, чет элларда ишлаб пул топиш мақсадида ўз хоҳиши билан ватандан чиқиб кетганлар;

3-чи гуруҳга эса 1-чи ва 2-чи гуруҳларга кирувчи одамларни кузатадиган, улар ҳақида маълумот тўплайдиган ва тўпланган маълумотларни марказга жўнатиб турадиган, мавжуд ҳукуматга нисбатан мухолиф кайфиятдаги одамлар, ташкилотлар ва уларнинг нашрларига қарши иғво материаллар тарқатадиган ҳамда қотилликлар уюштириб турадиган одамлар киради.

1-чи гуруҳга кирувчи одамлар учун БМТ қатор давлатларда қочқин статусини берадиган ўзининг офисларини очиб қўйган. Андижон воқеаларидан кейин анча-мунча ўзбекистонликлар БМТнинг қочоқлар учун Алмати, Бишкек, Москва, Душанбе, Киев ва бошқа бир неча шаҳарларда жойлашган офисларида қочқин статусини олишди ва АҚШ, Канада, Австралия ва Европа мамлакатларига чиқиб кетишди.

2-чи гуруҳга кирувчи одамлар ватандан “йўлини топиб”, амал-тақал қилиб, баъзан эса БМТнинг қочоқлар учун очиб қўйган офисидаги ходимларни алдаб, сохта ҳужжатлар тақдим қилиб, ўзини давлатдан жабр кўргандай кўрсатиб чет элларга чиқиб кетишга муваффақ бўлишди.

3-чи гуруҳга кирувчи одамлар олдида деярли ҳеч қандай тўсиқ турмайди – уларни чет элларга турли йўллар билан давлатнинг ўзи жўнатади, керакли ҳужжат ва пул билан таъминлайди, баъзида кўзни шамғалат қилиб бундай одамларни давлат БМТнинг қочоқлар учун очиб қўйган офислари орқали чет элларга чиқариб юборади.

Ризо Обид 3-чи гуруҳ одами эди. Нега? Сабаби оддий. Биринчидан, у илгари қамалган ва, демак, давлатнинг ҳуқуқ-тартибот органлари идораларида Ризо Обид ҳақидаги барча маълумотлар сақланган; иккинчидан, у фирибгарлик, ичкиликбозлик ва хотинбозлик масаласида машҳур эди, унинг одамлардан пул олиб алдаб юргани ҳақида Наманганда гапирмаган ва эшитмаган одам кам эди. Бундай одамларнинг махсус хизматлар тузоғига тушиши ҳеч гап эмас – бунинг учун уни махсус хизмат идорасига бир марта чақириб олдига керакли ҳужжатлар (турли жойларда туширилган расмлар, видеолар, телефон сўҳбатлари)ни қўйишнинг ўзи етарли.

Турли авторитар ва тоталитар сиёсий тузумлар XX-асрнинг иккинчи ярми ва XXI-асрда инсонпарвар демократик тузумларга қарши тиш-тирноғи билан информацион урушлар олиб боришмоқда. Инсонларни чалғитиш, лақиллатиш, тўғри йўлдан уриш, уларнинг миясига зарарли ғояларни сингдириш информацион урушнинг бир қисмидир. Информацион уруш оммавий ахборот воситалари (ОАВ), радио ва телевидение, интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқлар орқали олиб борилади.

Ҳар қандай авторитар ва тоталитар давлат мухолиф фикр ва дунёқараш халққа етиб бормаслиги учун мазкур информацион оқим олдига тўсиқ қўяди, давлат сиёсий тузумини кўкларга кўтариб мақтайдиган ОАВ, радио ва телевидение, интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқларга кенг йўл очади.

Ризо Обиднинг “Замондош” ва Исмат Хушевнинг “Дунё ўзбеклари” сайтлари Ўзбекистонда авторитар сиёсий тузумни мустаҳкамлаш йўлида қўлидан келган барча ишларни қилишди. Ризо ва Исматни мен Ҳасан ва Ҳусанларга ўхшатаман. Иккаласининг ҳам сиёсий қочқинликка ҳеч қандай алоқаси йўқ!

Чет элларда – Швецияда яшаётган Ҳазратқул Худойберди, Муҳаммадсолиҳ Абутов, Обидхон-қори Назаров ва унинг Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтириб чиққан укалари Абдумалик ва Умархон Назаровлар, Олий Мажлиснинг собиқ депутатлари, АҚШда яшаётган Жаҳонгир Маматов, Туркияда яшаётган Муҳаммад Солиҳ, Канадада яшаётган Насрулло Саййид, таниқли ҳуқуқбонлар Канадада яшаётган Эгамназар Шайманов ва Францияда яшаётган Мўътабар Тожибоева каби юзлаб ватандошларимиз Ўзбекистонда сиёсий ва диний эътиқоди учун таъқибга учрашган ва ватанни тарк этишга мажбур бўлишган.

Ризо Обид ва Исмат Хушевларни санаб ўтилган сиёсий қочқинлар сафига киритишга мен жирканаман.

“Бирлик” Халқ Ҳаракати (БХҲ), “Эрк” демократик партияси (ЭДП), Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) раҳбарлари Абдураҳим Пўлатов (АП), Муҳаммад Солиҳ (МС) ва Абдуманноб Пўлатов (АбП) (1996 йил сентябридан 2009 йил майигача мен – Толиб Ёқубов)лар ўз вақтида ташкилотлар сафига махсус хизматлар ўз агентларини сингдирганига мутлақо эътибор бермадилар.

Масалан, ЎИҲЖ раиси ўринбосари Михаил Ардзинов қатор йиллар (камида 10 йил) юқорида айтилган сиёсий ва ҳуқуқбонлик ташкилотларининг раҳбарларини ўта усталик билан лақиллатиб юрди. Мен бир нарсани иккиланмасдан айтишим мумкин: Михаил Ардзиновнинг БХҲ, ЭДП ва ЎИҲЖга берган зарбаси Ўзбекистон прокуратураси, милицияси ва махсус хизматларининг зарбасидан кўп бўлди.

Ушбу мақолани мен 2007 йил 20 апрельда ёзганман: http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1177012860 ва унда махсус хизматларнинг мухолифат ва ҳуқуқбонлик ташкилотларига сингдирилган агентлари Михаил Ардзинов ва Марат Зоҳидов ҳақида батафсил маълумот берганман. Бироқ, Ўзбекистонни 1992-93 йилларда тарк этишган АП, МС ва АбП бу икки агентнинг фаолиятига эътибор беришмади.

Ўзбекистон ҳукумати ўзбек мухолифати ва ҳуқуқбонлик ҳаракатига қарши олиб бораётган информацион урушда Ризо Обид ва Исмат Хушевнинг роли беқиёс – бири сирли ўлим топиб вазифасини тугатди, иккинчиси эса вазифасини давом эттирмоқда. Иккаласининг ҳам фаолиятини кўкларга кўтариб мақтаб юрган ватандошлар орамизда етарлича кўп эди – ҳатто Обидхон Назаровнинг отиб кетилиши уларнинг кўзини очмади.

2 апрель, 2016 йил; Франция

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

One Response to Толиб Ёқубов: Ризо Обиднинг сирли ўлими

  1. Gulzora izohi:

    Asalom alaykum tolib yoqubov haqiqat yozibsiz hotin bola chaqa horlagan hor buladi uligi ham begonalari qulida qolibdi hizmatni begonalarga qigan eskilarni gapi bor ogzindan lahta qonn kesin deydilar haqiqat ekan

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.