Мустақиллик давридаги диндорларга нисбатан тазйиқлар ва қамоқхоналардаги қийноқлар ҳақида М.Абутов маърузаси

Халқаро Туркистонликлар Ҳамкорлик Жамияти 2 қурултойи иштирокчиси
Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг нутқи

Мавзу: Мустақиллик давридаги диндорларга нисбатан бўлган тазйиқлар
ва қамоқхоналардаги мунтазам қўлланилган қийноқлар ҳақида

Бисмиллоҳир роҳманир роҳим:

Кириш:

Ассалому алайкум қадрли қурултой қатнашчилари ва анжуман ташкилотчилари!

Мен сўзимнинг аввалида, бу қурултойни ташкил қилган ва мени бу ерга таклиф қилганларинг учун сизларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Мен бу ерда уч кун давомида эшитган ўнлаб маърузалар мазмунидан тушундимки, биз юз йил олдинги Туркистон ўлкасига Рус босқинчилари қилган ҳужумларни ва мусулмон ота боболаримизнинг уларга қарши қилган курашлари ва шу курашда берган қурбонлари ҳақида сўз юритаяпмиз. Фикр алмашдик.

Ўша воқеъаларни турли жиҳатларини ёритдик ва муҳокама қилдик. Аммо, мен бу каби даҳшатли тазйиқлар ва зулму зўравонликлар бугун ҳам давом этаётганига эътиборингизни қаратмоқчиман. Менинг нутқим мазмуни Мустақиллик давридаги диндорларга нисбатан бўлган тазйиқлар ҳақида бўлади. Aвваллари бизга зулмни Руслар яъни, кофирлар қилган эди. Руслар мусулмонларга зулм қилганлигини бир қадар тушуниш мумкин. Балки, бу табиийдир?!

Аммо, ўзини мусулмон санаган кечаги даҳрийлар қилаётган зулмни қандай тушуниш мумкин?! Бугун мусулмонларга қарши кураш профессор домла Ўрхон Қовунчи айтган, «Марказий Осиёдаги Мусулмон Жумҳуриятларда» ҳозирги кунда ҳам давом этаяпди. Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, ва Туркманистон Республикаларида диндорларга нисбатан турли туман зулму зўравонликлар у ё бу шаклда давом этаяпди. Сабаби, ўша даҳрийлар тайёрлаб кетган кадрлар ҳали ҳануз иқтидорда қолаётганидадир. Аввалги Компартиянинг биринчи котиби бўлган шахслар энди номини президент деб ўзгартириб олдилар. Моҳият эса ўша ўша ўзгармай қолди.

Авваллари Москвадан қўрқиб турадиган бу мустабидлар бугун ҳеч кимдан қўрқмасдан ўз зулминида давом этмоқдалар. Мен Ўзбекистон мисолида баъзи фактлари келтираман. Аммо, бошқа Республикаларда ҳам у ёки бу даражада шу каби, зулмлар бўлаётганига шубҳам йўқ. Биз Мустақилликка эришганимизда мен 20 ёшдан ошган бола эдим. Биз энди мустақил давлат бўламиз. Динимизга эркинлик бўлади деб ўйлагандик. Хом хаёл қилгандик. Бугун орадан 25 йил ўтиб, мана шу бу кунги оқибатни кўриб турибмиз.

Даҳрий Коммунист Каримов терроризм ва экстремизмга қарши кураш ниқоби остида Ўзбекистонлик диний жамоатларга қарши давлат миқёсида кураш бошлади. Бир тоифага озроқ имкониятлар бериб қўйди. Булар Диний Бошқарма мисолидаги ўзларини ҳанафий мазҳабидамиз дейдиган мусулмонлар қатлами ва нақшбандийя тариқатидаги сўфийлардир. Булардан бошқа диний қарашдаги барча диндорлар қатлами оммавий қатағонга учради. Ўзбекистонда бугун диний ва сиёсий қарашлари учун қамоққа олинганлар сони турли даврда турлича тахмин қилинади. Ҳуқуқ ҳомийлари таъкидича бугун улар сони 15 мингдан ошиши айтилади. Мен ҳам ўн йил олдин шулардан бири эдим.

Каримов режими диндорларга қарши кураш қарши тазйиқларни мен 7 категорияга ажратдим.

1. Ўғирлаб йўқ қилиш:

2. ЎИҲга, Ваҳҳобийликка, Ҳизбут Таҳрирга, Акрамийликка, Жиҳодчиликка, Таблиғчига, ва ИШИДга алоқадорликда айблаб қамаш:

3. Қамоқдаги (терговдаги) қийноқлар: (баъзиларини қамоқда ўлдириш ва ёки муддати тугаганда яна муддат қўшишлар)

4. Озодликка чиққанларни баъзиларини қайта қамаш:

5. Қамалмасдан қолган диндорларни қаттиқ назоратда ва домий босим остида ушлаб туриш:

6. Диндорларни ташқи кўринишига қарши кураш: (Рўмолларни ечиш, ва соқолларни қирдириш)

7. Тазйиқдан қўрқиб хорижга қочиб кетганлари ўғирлаб, турли йўллар билан ушлаб қайтариб келиб қамаш:

Хорижда бошпана олиб яшаётган диндорларга тазйиқлар қуйидаги кўринишларда намоён бўлади:

1. Уларни фуқароликдан маҳрум қилиш:

2. Уларни турли иғволар тарқатиб бадном қилиш:

3. Уларни яқинларига тазйиқ қилиш:

4. Уларнинг жонига суиқасд қилиш:

1. Ўғирлаб йўқ қилиш:

Жумладан Каримов режими учун хавфли деб кўрилган шахсларни, машҳур имомларни йўқ қилиш амалиёти 1992 йилдан бошланган.

Ўзбекистон Ислом Уйғониш партияси раиси Абдуллоҳ Ўтаев ўша пайтда ўғирлаб йўқ қилинганди. Ўғирлаш амалиёти кейинчалик ҳам давом этди. 1995 йилда Тошкент Аэропортидан ўғирланган имом Абдували Мирзоевни ва шериги Рамазон Маткаримовларни ва 2004 йилда ўғирланган Тошкентлик бир қанча ёш йигитларни бунга мисол қилиш мумкин.

2015 йил август ойида биз ўтказган «Ўзбек режими тарафидан ўғирлаб йўқ қилинганларни хотирлаш» компанияси доирасида Каримов режими ўғирлаб йўқ қилган жами 25 киши ҳақида маълумот тўплашга муваффақ бўлган эдик.

2. ЎИҲга, Ваҳҳобийликка, Ҳизбут Таҳрирга, Акрамийликка, Жиҳодчиликка, Таблиғчига, ва ИШИДга ва бошқа диний жамоатларга алоқадорликда айблаб қамаш:

Маълумки, Каримов режими 1999 йил Тошкент портлашларидан сўнг Ўз. Рес. ЖК 159 моддаси, 258, 244 1.2. каби моддалар билан, оммавий қама қамаларни бошлаб юборди. Шу пайтгача наркотик ёки патрон ташлаб қамарди. Бу моддаларда диндорлар Конституцион тузумга тажовуз қилганликда айбландилар. ЎИҲга, Ваҳҳобийликка, Ҳизбут Таҳрирга, Акрамийликка, Нурчиликка, Жиҳодчиликка, Таблиғчига, ва эндиликда ИШИДга алоқадорликда айблаб қамашди. Турмалар минг минглаб ёш мусулмонларга тўлиб кетди. Турмага тушганларга намоз ўқиш ва рўза тутиш таъқиқланди. Улар қаттиқ қийноқларга дучор қилиндилар. Бу жамоатларга аъзоликда айблаш халқаро ҳуқуқ нормаларига зид равишда амалга оширилди. Диний қараши рухсат берилган расмий ҳанафийчилардан бошқача кўзқарашда бўлганлар шу юқоридаги жамоатларга аъзо деб ҳисобланди.

3. Қийноқлар: (баъзиларини қамоқда ўлдириш ва ёки муддати тугаганда яна муддат қўшишлар)

Жисмоний ва руҳий қийноқларни қуйидаги қисмларга ажратиш мумкин:

1. Терговда:

2. Турмада:

3. Зонада

4. Жазо ҳибсхонасида:

Маълумки, Ўзбекистонда терговда қийноқнинг энг қаттиғи бўлади. Кўплаб маҳбуслар ўша ерда жон топширганлар. У ердан саломат чиқиб келганлар эса, турмалардаги қийноқларга тутилади. Турмаларда махсус қийноқ камералари бор. У ерда маҳбусларни махсус жаллодлар (гадлар) кечаю кундуз ухлатмай қийнашади. Камералардаги оғир шароитни тасвирлаш қийин. 10 та одамлик хонага 40 кишини тиқади. Навбат билан ухлашади. Жазо муддатини олиб Зонага келганларни узоқ йиллик оғир ҳаёт кутади. Бу ерда гадлар (жиноятчи маҳбуслар) диндорларга кечаю кундуз тазйиқ ўтказишади. Уриб қийнашади. Жазо ҳибсхонасида эса дўзах азоблари каби азоблар бор. У ерда намоз ўқиган учун 10, 15 кунга қамашади.

Биродарлар Ўзбек турмасида намоз ўқишлик, рўза тутишлик катта жиноятдир. Буни жамоатчилик билиб қўйиши керак.

Икки учта имомни телевизорда кўрсатиб, масжидларни очиб қўйиши бизни алдаб қўймаслиги керак. Қишда совуқда маҳбусни иссиқ кийимини ечиб юпқа кийинтириб, уриб кейин камерага тиқишади. Совуқда қалтираб ўтириш керак бўлади. Овқати янада ярмига камайтирилади. Мен ўзбек қамоқларидаги энг қаттиқ азоб очлик деган бўлардим. Ҳар текширув пайтида ментлар уриб кетишади. Мен буларни ўз кўзим билан кўрганларданман. Буларнинг барчасига Аллоҳ гувоҳдир.

Изолятордан чиққан маҳбус бир ойгача ўзига келолмайди. Буларнинг бари Ўзбекистон қонунларига ва халқаро қонунларга зид инсон ҳаққини поймол қилишликдир. Ахир намоз ва рўза экстремистик ташкилот ўйлаб топганнарса эмаску?! Буни ўша ҳанафийман деяётганлар ҳам қилаётган ибодатларку?! Нега намоз ўқишга қаршилик қилишади?!

4. Озодликка чиққанларни баъзиларини қайта қамаш:

Маълумки, Амнистига билан баъзида кам сонли маҳбуслар озодликка чиқарилади. Аммо, буларни аксариятини тез орада қайта қамашади. Бу оддий одат тусига кирган. Укам Абутов Саид Камолни 1999 февралида Ҳизбут Таҳрирни варақасини ташлаб қамашганди. 2003 Амнистияси билан озодликка чиқди. 2008 да яна қамашди. Ҳалигача ўтирибди. Унинг учта боласи отасини кўрмай улғаймоқда.

5. Қамалмасдан қолган диндорларни қаттиқ назоратда ва домий босим остида ушлаб туриш:

Қамалмасдан қолган баъзи назоратдаги диндорлар МХХ ва милицияни назоратида бўлишади. Уларни тез тез чақириб туришади. Баъзиларига ароқ ичиришган. Намоз ўқимайман деб тилхат ёздиришган. Баъзиларини тавба тазарру қилдириб ТВда кўрсатишган.

6. Диндорларнинг ташқи кўринишига қарши кураш: (Рўмолларни ечиш, ва соқолларни қирдириш)

Диндорларга бўлаётган зулмнинг турларидан бири аёлларни рўмол ўрашига тўсқинлик қилишдир. Эркакларни соқол қўйиши ва дўппи кийиши маън қилинганлигидир. Фуқароларни қандай кийинишини давлат белгилаб бериши давлат Конституциясига зиддир. Агар ўзбек ҳукумати терроризмга ва экстремизмга қарши курашаётганлигини иддао қилар экан, бу рўмол ва соқолни терроризмга ва экстремизмга нима алоқаси бор?!

7. Тазйиқдан қўрқиб хорижга қочиб кетганлари ўғирлаб, турли йўллар билан ушлаб қайтариб келиб қамаш:

Аксарият диндорлар тазйиқдан қочиб қўшни давлатларга кетишга мажбур бўлдилар. Миллионлаб меҳнат муҳожирлари сафида улар ҳам чет элларда яшашга уринаётганда, уларни излаб топиб ўғирлаб олиб кетишлар бошланди. Россия ва Қозоғистондан кўплаб диндорлар Ўзбекистонга расман депорт қилинди. Жумладан 200 йилда Туркиядан ҳам Зайниддин Асқаров депорт қилинганди. 2009 йилда унинг ўзбек турмасидан ўлиги чиқди.

Хорижда бошпана олиб яшаётган диндорларга нисбатан режим томонидан қилинаётган тазйиқлар асосан қуйидагилардир:

1. Уларни фуқароликдан маҳрум қилиш:

Яқинда қабул қилинган қонунга кўра, «Агар Ўзбекистон фуқароси xoрижий Давлат фойдасига фаолият кўрсатса, ёки осойишталик ва хавфсзликка қарши жиноят содир этса, Жамият ва Давлат мaнфаатларига жиддий зарар етказса, фуқароликдан маҳрум этилади.» Бу қонун кузатувчилар фикрига кўра Конституцияга мутлақо зиддир. Қолаверса, Каримов бошлиқ ҳукуматнинг ўзидан ва унинг қизларидан «Жамият ва Давлат мaнфаатларига жиддий зарар етди» Бу қонун билан бировни фуқароликдан маҳрум қилиш керак бўлса уларни қилиш керак халос.

2. Уларни турли иғволар тарқатиб бадном қилиш:

МХХнинг хорижда махфий жосуслари бўлиб, улар диний ва сиёсий фаол фуқароларни бадном қилиш билан шуғулланиб келишади. Бундайлардан зарар кўрмаган одам бўлмаса керак. Афсуски, булар ҳам Европа давлатларида ва Америкада бошпана олиб яшашади. Шунингдек, булар Ўзбекистонда туриб ҳам ижтимоий тармоқларда фаолият юритишади. Ҳатто, расмий дин пешволари ҳам кейинги пайтларда, бу каби ишларда фаоллашгани сезилмоқда.

3. Уларни яқинларига тазйиқ қилиш:

Маълумки, хориждаги ҳар бир шахсни ватанда қариндош уруғлари қолган. Уларни МХХ ва милиция назорат қилади. Телефонлари эшитилади. Уларни маҳаллада сазойи қилишлар бўлаяпди. Баъзилари ҳатто ўзини осиб қўйишгача борганлигини эшитдик. Эшматни аламини Тошматдан олишлик каби бу адолатсизлик каримов ўзи кафолат бўлган Конституцияга зиддир. Қолаверса, ўғри ва қотилларни эмас, диндорларни яқинларини сазойи қилишликлари ва бу ишга маҳаллий имомлар бош қўшаётганлари жуда ачинарлидир.

4. Уларнинг жонига суиқасд қилиш:

Хориждаги фаолларга суиқасдлар тарихи ҳаммага маълум воқеъадир. 2011 йилда биродаримиз Фуад Шокирий Москвада отиб кетилди. Икки фарзанди етим қолди. 2012 йилда Обид қори Назаровга суиқасд уюштирилди. У киши омон қолди. Қотил Жуковский ушланиб бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Туркиядаги дўстимиз Абдуллоҳ Бухорийни Каримов режими ёллаган қотил тарафидан иншааллоҳ шаҳид бўлгани сизларга яхши маълум бўлса керак? Булардан ташқари яна қанча биродарларимизга суиқасдлар қилинган.

Хулоса:

Қадрли биродарлар! Каримов режими ислом ва мусулмонларга нисбатан душман режим сифатида тарихда қолажак. Бу режим давлатнинг ўз ички қонунларини ҳам, халқаро қонунларни ҳам оёқ ости қилди ва фуқароларни ҳақ ҳуқуқларини поймол қилди. Бу режимга қарши курашиш ва уни бартараф этиш ҳар биримиз зиммамиздаги бурчдир. Бу режимнинг зулмига индамай жим туриш, унга розилик аломати бўлиб қолади. Шунинг учун бу зулмларга қарши сизларни турли воситалар билан доимо курашишга чақираман. Зеро Роббимиз бизни шундай қилишга буюрган:

Фақатгина одамларга зулм қиладиган ва ер юзида ноҳақ тажовузкорлик қиладиганларни (айблашга) йўл бордир. Ана ўшаларга аламли азоб бордир.

(Шўро сураси 42 оят)

Бу қурултойда юз йил олдинги мусулмонларга руслар қилган зулмларни эсга олиб, уларни хотирлаётган эканмиз, шу бугун ҳам шундай балки, унданда қаттиқроқ зулмлар мусулмонларга нисбатан бўлаётганлигини ва бу энди руслар томонидан эмас, ўзини мусулмон санаган кечаги даҳрийлар томонидан қилинаётганига эътиборингизни қаратишга ҳаракат қилдим. Эътиборларинг учун ташаккур айтаман. Саломат бўлинглар!

………

Муҳаммадсолиҳ Абутов

18 апрел 2016 йил

Истанбул.

Қурултойдаги нутқ

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.