Бухоро МХХ қотилларининг ҳамтовоғи «ёлланма адвокат» Жалил Хожиев кирдикорлари Адлия бошқармасида мухокама қилинади

Ўғлим Илҳомнинг қотиллари – погонли шоқоллар ва уларнинг жиноий шериги “ёлланма” адвокат, судьялар ва бошқа қотиллик иштирокчиларни жиноий жавобгарликка тортилишларини талаб қиламан!output_vQGGXe (1)

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Бухоро вилоят ҳудудий Бошқармаси бошлиғи З.И.Мухамедовага

Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди раиси И.Муслимовга

Бухоро вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари О.Эшбековга

Бухоро шахар прокурори Р.Рахматовга

Мухтарам вилоятни бошқариб турган вакиллар!

Бугун 18 май куни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Бухоро вилоят худудий бошқармасида ўғилларим Рахим ва Илҳом Ибодовларни ғайриқонуний хибсга олиб, уларга нисбатан қийноқлар қўлланилиши, уларнинг ҳимоя ҳуқуқлари топталишида, ванихоят ўғлим Илҳом Ибодовнинг қийноқларга солиб ўлдирилишига сабабчилардан бири бўлган ва ўғилларимнинг ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш ўрнига унинг қотиллари томонидан туриб тергов пайтида ўғилларимга нисбатан қўлланилаётган қийноқларга қаршилик қилмаган Бухоро вилояти маъмурий органларининг югурдакларидан бўлмиш “ёлланма” адвокат Жалил Хожиевнинг жиноий кирдикорлари ҳақида ёзган шикоятимизни мухокама қилишга қарор қилибсизлар. Умид қиламанки шикоятда келтирилган барча важларни атрофлича мухокама қилиб, қонуний хулоса берасизлар!

Бухоро вилоят МХХда давлат ҳимоячиси мансабларини эгаллаб ўтирган, ўғлим Илҳомжоннинг қотилларини қонун олдида жавоб беришлари учун уларнинг кирдикорларини фош қилиш учун ўзим ва оила аъзоларимдан бошқа инсон қолмади.

Шунинг учун ҳам ўғилларимни ғайриқонуний равишда хибсга олиб сохта айбловлар билан маъмурий қамоқ жазосига тортганликлари сабабларини ўрганиш учун МХХнинг югурдаги Жалил Ходжиевдан ушбу маъмурий жавобгарликка тортиш қарорлари ва ушбу қарорларни қабул қилишга асос бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси ва унга тегишли хужжатларни нусхаларини олишимизга кўмак беришини сўрадик.

У дастлаб Жиноят ишлари бўйича Бухоро шахар судига сўровнома ёзиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик қарорлари ва уларга тегишли хужжатлардан нусхалар беришни талаб қилиб ёзма мурожаат қилди. Суддагилар бу маъмурий ишларни бир хафтадан ортиқ қидирдилар ва ваниҳоят хужжатларни ўғлим Илҳомжон ўлдирилган кунисиёқ Бухоро вилоят прокуратурасига олиб кетилганлиги маълум бўлди.

“Ёлланма” адвокат Хожиевдан Бухоро вилоят прокуратурасига маъмурий хужжатларни талаб қилиб сўровнома ёзишини ва ҳар иккала ёзган ва имзолаган сўровномасидан нусхаларни бизга тақдим қилишини талаб қилдик. Шунда бу сохта ҳимоячининг асл башараси очилди. У ЖИБ Бухоро шахар судига ва Бухоро вилоят прокуратурасига ёзган сўровномаларини нусхаларини бизларга тақдим қилишдан бош тортди.

Нафақат бош тортди, балким 26-апрель куни қизим Дилфузани сухбатлашиш учун кабинетига чақириб, телефонини ўчиқ ёниқлигини текшириб, сўнгра қизимга маъмурий ҳуқуқбузарлик хужжатларини бизларга хеч ким тақдим қилмаслигини, бехуда давлат идораларига мурожаатлар қилишимиз ўзимизга зарар келтиришини баён қилиб, ўғлим Илхомни оёқ қўлларига, баданларига бигиз тиқиб азоблаган, оёқ қўлидан кўтариб туриб деворга ирғитиб ўлдирган қотиллардан бири Бухоро вилоят МХХ вакили Иномнинг олдига бориб унга қарши шикоятлар қилганимиз учун кечирим сўрашимиз кераклигини, ана шундагина ўғлим Рахим қамоқдан тирик чиқишини баён қилган.

Биз ўғлим Илҳомжон қийнаб ўлдирилганидан буён барча давлат идораларига юздан ортиқ шикоятлар, мурожаатлар ва ўғлимнинг пажмурда бўлган мурдасини расмлари, видеотасвири тақдим қилдик.

Лекин шунча ойлардан буён юздан ортиқ тутуруқсиз жавоб хатлари олиш билан чекландик. Мен интернет тармоқлари орқали ўғлимнинг қотилларига қонуний чора кўришларини сўраб Президент Ислом Каримовга қилган мурожаатларимни ҳам унга етиб боришидан умидвор бўлиб тарқатдим. Бизнинг турли давлат идораларига йўллаганимиз видеотесвирлар, фотосуратлар кимлар томондандир интернетда тарқатиб юборилган экан.

Шундан кейин ўғлимнинг ўлими ҳақида бир қанча инсонлар қизиқиб суриштира бошладилар. Шулардан – биринчилардан бўлиб бизга ёрдам қўлини чўзган, бизга маънавий кўмак берган бугунги кунда Францияда яшаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева бўлди. Лекин Хюмань Райтс Вотч ва Амнистия Интернейшл деган халқаро ташкилотлар менинг ўғлимнинг қийнаб ўлдирилгани бўйича шуғулланаётгани ҳақида ёздилар, лекин уларнинг бирор бир вакили бизнинг муаммо билан қизиққани, шуғуллангани, бизлар билан боғлангани йўқ. Фақатгина Мўътабар Тожибоева менинг ўғлимнинг қийнаб ўлдирилганига ишонишини ва бу ишни БМТнинг қийноқларга қарши курашиш кўмитасига олиб чиқишини айтди.

Март ойининг бошидан буён бу ҳуқуқ фаоли бизнинг дардимизга малҳам, кўз ёшларимизга дармон бўлиб келаётган бир пайтида биздан Мўътабар Тожибоеванинг ҳимоясидан воз кечишимизни талаб қилишни бошладилар. Айнан шундай талаб билан чиққан мана шу ёлланма адвокат Жалил Ходжиев бўлди.

Унинг айтиши бўйича Мўътабар Тожибоевага умуман ишонмаслик керак экан, у Андижон фожеасига айбдор, ватан хоини эмиш, унинг ташкилотининг ҳам, БМТнинг ҳам қўлидан ҳеч нима келмас экан. БМТнинг гапини Ўзбекистон хукумати умуман назарга илмасмиш. Ўғлимнинг қотилларидан бири Иномнинг олдига бориб ундан кечирим сўрашимиз керак эмишку, нима учун бизнинг дардимизни кўтараётган инсондан воз кечишим керак экан?!

Адвокат Хожиевнинг айтиши бўйича ўлган ўлиб кетибди, қайтиб тирилмас эмиш, уларнинг жиноятлари учун жавоб беришларини оллохдан сўрашимиз керак эмиш холос. Нахотки қотилларни жиноятини кўрган, ушбу жиноятга шерик бўлган адвокат Ўзбекистонда қонунлар фақатгина қоғозда эканлигига шунчалар ишонса!?

Хўш, бундан тарғиботлар қилиш, мамлакатда қонунларни ижросини таъминлаш учун хисса қўшиш ўрнига жиноятчилардан, ўғлимнинг қотилларидан кечирим сўрашни талаб қилиш адвокатнинг вазифасига кирадими?

Бизнинг қўлимизда ўғилларимга тегишли бўлган сохта жиноят иши материаллари ичида бу ёлланма адвокатнинг иштирокида расмийлаштирилган сохта тергов хужжатлари мавжуд. Бундан ташқари бу кимсанинг иштирокида расмийлаштирилган бир нечта процессуал хужжатлар ҳам унинг ва терговчиларнинг қонунларни оёқ ости қилганликларини исботлайди.

Мен ва менинг оила аъзоларим бу кимсанинг талаби билан сентябрь ойида бир миллион сўм сўраган пулини берганмиз. Хўш, шу кунгача бу нусха қайси қонун талабларига биноан жиноят ишида иштирок этди?

Нима учун 12 сентябрь – шанба – дам олиш кунида ўғилларимни эхтиёт чорасини қамоқда қолдириш учун судга олиб келинганда Илхомимнинг ўлар холатдалигини кўриб била туриб судга илтимоснома билан мурожаат қилмади? Нега ўғлимни зудлик билан шифокор кўригидан ўтказишни сўрамади? Нима учун судни ёпиқ тарзда ва атига 15 дақиқадан ўтказилишига қаршилик қилмади? Нима учун прокуратура томонидан ўтказилаётган жиноят иши бўйича гумонланувчиларни Бухоро вилоят ИИБга қарашли Тергов Изоляторига эмас МХХнинг ертўласида ушлаб  туриш ҳақидаги суднинг ғайриқонуний ажримига монелик қилмади?

Нима учун ўғлимнинг ўлимидан кейин мендан ва оила аъзоларимдан яширин тарзда суд тиббий экспертизасидан ўтказишга тўсқинлик қилмади?* Нима учун ўғлимни мурдасини суд тиббий экспертизасидан ўтказиш ҳақида қарор билан бизни таништиришни терговчилардан талаб қилмади? Нима учун ўғлимни ўлими ҳақидаги гувоҳномани икки ойгача олиб бериш талабларимизни қаноатлантирмади? Баданлари моматалоқ бўлиб ётган ўғлимни юрак хуружидан ўлганлиги ҳақидаги сохта гувоҳномага муносабатини билдирмади?

Нима учун бу кимса ўғлим Илҳомни ўлдирганларидан кейин вахшийларча қийноқларга солинган Рахимжонни суд тиббий экспертизасидан ўтказилди дея ёлғондан расмийлаштирилган қарор, баённомага ва бу хужжатларнинг сохта эканлигини, ўғлим Рахимжонни суд тиббий экспертизасидан умуман ўтказилмаганлигини кўриб била туриб ўғлим Рахимжонни суд тиббий экспертизасидан ўтказиш қарорига имзо чекишдан бош тортди деган мазмундаги орадан ойлар ўтиб расмийлаштирилган сохта баённомага имзо чекди?

Саволлар, жавоб берилиши керак бўлган саволлар бисёр!

Мен ўғлим Илҳомжоннинг ўлимига сабабли қотиллар орасида бу ёлланма адвокат Хожиев Жалилни иштирокчи деб биламан ва унинг ўғилларимнинг ишидаги иштироки юзасидан атрофлича хизмат текшируви ўтказиб, унга нисбатан қонуний чора кўришларингизни талаб қиламан.

Шу билан бирга 2016 йил 15 апрель кунги давлат идораларига мурожаатлар йўллаб, ўғилларимга қарши расмийлаштириб, уларни қамоққа олиб, ҳимоя ҳуқуқидан махрум қилган ҳолда азоблаб, уларнинг қилмаган жиноятларини қилганликда, тан олган дея мажбурлаб имзо чектиришга мажбур қилинган маъмурий қамоқ жазоларини қонунийлигини текшириш учун ушбу маъмурий ҳуқуқбузарлик қарорлари ва уларга тегишли хужжатлардан нусхалар бериш ва бу хужжатларни йўқ қилган айбдорларга қонуний чора қўришни сўраб ёзган шикоят ариза талабномамизга бугунга қадар қуйидаги қуруқ жавобларни олиш билан чекландик холос:

28 апрель кунги № 745 сонли жавоб хатига имзо чеккан Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди раиси И.Муслимов Хурсанд Ражабовага қуйидагиларни ёзган:

“Илхом ва Рахим Ибодовларга оид маъмурий ҳуқубузарлик тўғрисидаги иш хужжатларидан нусха берилмаётанлиги ҳақидаги аризангиз ўрганиб чиқилди.

Бухоро вилоят прокуратурасининг сўровига асосан, Ибодов Рахим Ражабович ва Ибодов Илҳом Ражабовични 2015 йилнинг 16 ва 26 август кунлари маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақидаги маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш хужжатлари 2015 йилнинг 13 сентябрдаги 4300/619 рақамли хат билан Бухоро вилоят прокуратурасига юборилганлиги сабабли, иш материалларидан нусха бериш имконияти чекланган.

Шу сабабли, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш хужжатларидан нусха олиниши масаласида, Бухоро вилоят прокуратурасига мурожаат қилишингиз, ёки иш хужжатлари Жиноят ишлари бўйича Бухоро шахар судига қайтарилгач, судга мурожаат қилишингиз мумкинлиги маълум қилинади”.

03 май 2016 йил куни Бухоро шахар прокурори Р.Рахматов номидан № 15/1005-16 сонли жавоб хати олдик.

Ушбу жавоб хатида қуйидагилар баён қилинганди:

“Бухоро шахар прокуратураси томонидан Сизнинг акаларингиз 1968 йилда туғилган Ибодов Рахим Ражабович ва 1972 йилда туғилган Ибодов Рахим Ражабовичларга нисбатан кўриб чиқилган маъмурий иш хужжатлари ва улар бўйича қабул қилинган қарорлардан ва уларни чиқарилишига асос бўлган маъмурий ишлар хужжатларидан зудлик билан нусхаларни тақдим қилишни таъминлаш ва бу хужжатларни йўқ қилган шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб қилган мурожаатинингиз ўргашиб чиқилди.

Аниқланишича, 2015 йил август ойида Жиноят ишлари бўйича Бухоро шахар суди томонидан фуқаролар Р.Ибодов ва И.Ибодовларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183, 194-моддаси 2-қисми билан маъмурий ишлар кўриб чиқилган.

Маъмурий иш хужжатларини танишиш учун тақдим қилиш, улардан нусхалар олишга рухсат бериш масаласи бу ишларни кўриб чиққан суднинг ваколатига кириб, Сиз бу масалада Жиноят ишлари бўйича Бухоро шахар судига мурожаат қилишингиз лозим бўлади…”

06 май 2016 йил куни эса Бухоро вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари О.Эшбеков имзо чеккан “ 12/47-2016 сонли жавоб хатида қуйидагиларни баён қилган:

“… Илхом Ибодов ҳамда Рахим Ибодовларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка доир ишлар билан танишиш, бу хужжатлардан нусхалар олиш масаласида Жиноят ишлари бўйича Бухоро шахар ёки вилоят судига мурожаат қилишингиз мумкин…”

Кўриб турганингиздек ёлланма адвокат ҳам, судлар ҳам, прокурорлар ҳам бу маъмурий ҳуқуқбузарлик хужжатларини топишимиздан, унинг қонунийлигига бахо бериш учун мутахасислардан ёрдам сўрашимиздан ҳам манфаатдор эмасликлари ойдек кўриниб турибди.

Биз юқорида ёлланма адвокатнинг жиноятлари ҳақида ёзганларимизни барчасини жиноят иши хужжатлари асосида исботлаб беришга тайёрмиз ва бунингдек “ҲИМОЯЧИ”лардан жамиятимизни тозалаш вақти етиб келди деб хисоблаймиз.

Мен қолган умримни ўғилларимга адолатсизлик қилган кимсалар, қўли қонга ботган қотиллар ва ушбу қотилларнинг жиноий шериклари бўлмиш терговчилар, судялар ва барча барча жиноятчиларни фош қилишга, уларни жиноий жавобгарликка тортилишлари учун сарфлайман.

Ёлланма ҳимоячи Хожиев Жалилнинг жиноий кирдикорларини атрофлича ўрганиб, унга нисбатан жиноий жазо қўллаш учун мен суриштурув ишларида оила аъзоларимизни фаол иштирок этишимизни ва керакли маълумотларни сизларга тақдим қилишимизни маълум қиламан. Ушбу қўшимча шикоятга ўғлим Илҳомжоннинг мурдасидаги қийноқлар акси туширилган видеолавҳани ҳам тақдим қиламан. Умид қиламанки ушбу жиноятга алоқадор ишни кўриб чиқаётган ҳар бир инсонинг фарзанди бор ва фарзанди бошига шундай кунлар тушмаслиги ниятида холис муносабатда бўлишларингиздан умидворман!

Ибодова Хурсанд:

18 май 2016 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.