Бахтиёр Исабек: Ўзбекистонда мухолифатчилар учун сиёсий муҳит мавжуд эмас

13522003_1752485644996323_4898718843848928290_n

Бахтиёр Исабек 1945 йилда Қозоғистон Республикасининг Жанубий Қозоғистон вилояти Султон Работ қишлоғида туғилган. 1961-1966 йилларда Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институти (ҳозирги педагогика университети) тарих-филология факультетини тугатган.

Илк меҳнат фаолиятини 1966 йили Ўзбекистон Фанлар Академиясида лаборант бўлиб ишлашдан бошлаган. 1968-1993 йилларда собиқ ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)да ўқитувчи ва доцент лавозимларида фаолият юритган.

Бахтиёр Исабек университетда ишлаш билан бирга мунтазам равишда ижодий ва илмий иш билан машғул бўлган. Унинг илк китоби 1984 йилда Иристой Қўчқортоев билан ҳамкорликда ёзилган ва нашр этилган «Туркий филологиясига кириш» қўлланмасидир.

1995 йилда «Сайрам» рисоласини, 2006 йилда эса Қозоғистондаги ўзбек мактабларнинг 10-синфига мўлжалланган «Ўзбек тили» дарслигини ёзган. 2013 йилда муаллифнинг «Султон Работ» китоби, 2015 йилда «Туркологияга кириш» деб номланган китоби чоп этилган.

Бундан ташқари Б. Исабек 1996 йилда ёруғликка чиққан «Яссавий насабномаси ва Амир Темур» китоби сўзбоши муаллифи. Олимнинг шу кунга қадар 5 та илмий асари, 200 дан ортиқ мақолалари чоп этилган.

Шунингдек, Фуод Кўпрулунинг «Турк адабиётида илк мутасаввифлар», Лев Тумилевнинг «Қадимги турклар» асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Бахтиёр Исабек «Бирлик» Халқ ҳаракати, «Эрк» партияси ташкилотчиларидан биридир. Сиёсий фаолияти учун ишдан ҳайдалган. 1993 йилдан то нафақага чиққунга қадар ишсиз қолдирилган. Маҳмуд Кошғарий номидаги халқаро мукофот совриндори.

Савол: Бахтиёр ака, авваломбор, «Кўмак маркази»га мурожаат этганингиздан беҳад миннатдор эканимизни билдирмоқчимиз. Марказга мурожаат қилишдан кўзда тутилган асосий мақсадингиз нималардан иборат?

Жавоб: Фурсатдан фойдаланиб мен ҳам «Кўмак маркази»ни ташкил этган, хайрли ва эзгу ишга қўл урган инсонларга, шахсан Баҳодир Ҳасан ўғлига ўз миннатдорлигимни билдирган ҳолда, юртимиз равнақи, элимиз фаровонлиги йўлида амалга ошираётган ишларига муваффақиятлар тилайман. Мазкур Марказга ўз аризамда ёзилганидек, Марказий Осиёдаги поссовет давлатлари (ҳозирги Ўзбекистон, Қозоғистон) миллий сиёсатининг миллатлараро муносабатларда акс этишини ўрганишни йўлга қўйиш мақсадида кўмак сўраб мурожаат қилдим.

Бизни, ўйлайманки, биз каби бошқаларни ҳам айни дамда миллий низоларнинг келиб чиқиш сабаблари қизиқтиради. Негаки, ҳозирги кунда рўй бериб турган турли хил мажоролар туфайли айбсиз айбдор бўлиб қолаётганлар кўпаймоқда. Бундан ташқари ўн гулидан бир гули очилмаган ёшларнинг умри хазон бўлмоқда. Норасида гўдаклар етим қолмоқда. Бу каби омиллар нафақат оилалар фаравонлигига, балки мамлакат ғазнасига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда кенг халқ оммаси орасида мониторинг ўтказишни ва бунинг асосида низоларнинг олдини олишни изламоқчимиз. Биласиз, бугунги шароитда бу каби ишларни амалга ошириш учун, албатта, маблағ керак бўлади. Бизда эса ана шундай маблағ йўқлиги ишимизнинг ўнгидан келишига тўғаноқ бўлди. Шу туфайли «Кўмак маркази»га мурожаат қилдик ва марказдагиларнинг ўз олдиларига қўйган мақсадларига сидқидилдан амал қилаётганларига амин бўлдик.

Савол: Олдиларингизга қўйган режаларингиз ойдинлашди. Аслида бир-бири билан урушган, аразлашган икки кишини яраштириш, улар ўртасида пайдо бўлган низони ўрганиш ҳам ўзига хос машаққатли, шу билан бирга, савобли иш ҳисобланади. Сизлар миллатлар ўртасидаги низоларни ўрганишга чоғланибсизлар. Нақадар эзгу амал! Аммо низонинг нимадан келиб чиқишини, унга қандай омиллар туртки бўлишини ҳамма ҳам билавермаса керак. Боз устига бизда икки миллат ўртасида бирор кор-ҳол содир бўлса маиший муаммо мисол тариқасида кўрсатилиши кенг шаклланган. Масалан, «ўзбекнинг дўконига кирган қирғиз пўписа йўли билан унинг нарсасини бепул олиб чиқиб кетибди, шундан жанжал бошланибди» ёки «ўзбекни асоссиз ишдан бўшатиб, ўрнига қозоқни ишга олибди. Шундан мажоро бошланибди» дегандек. Умуман, низо қандай пайдо бўлади? Бу ҳақида тушунча бера оласизми?

Жавоб: Низоларнинг келиб чиқиш сабабига жавоб беришдан олдин тарихга назар солишимизга тўғри келади. Аслида ҳозир «ўзбек» деб номланаётган бир турк қавми Туркистон заминида қадимдан яшаб келаётган халқ бўлиб, туб аҳоли ҳисобланади. Бу қавм замонамизда Ўзбекистон, Тожикистон, Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон деб номланаётган мамлакатлар ҳудудида азалдан яшаб келган. Улар ўша ерда туркнинг ўзбеги сифатида шаклланиб, биргаликда ўзбек миллатини ташкил қилган. Демак, бу қавмлар Ўзбекистондан шу ерларга кўчиб бориб қолган (яъни диаспора) эмас, балки туб аҳоли бўлиб, ҳозирги сиёсий чегераланишлар натижасида зикр этилган давлатлар фуқароларига айланган.

Ўзбеклар тарихи ҳам, унинг ажралмас қисми бўлган адабиёти тарихи ҳам бунга мисол бўла олади. Ўзбек туркий адабиётининг, адабий тилининг асосчиси Аҳмад Яссавий (XI-XII аср) ва уни энг юксак поғонага кўтарган Алишер Навоий (XV аср) ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида туғилиб ўсиб, ижод қилганликлари буни яққол тасдиқлайди. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ўзбек (туркий) бўлиб шаклланган қавмлар умумўзбек тарихи, маданияти, иқтисодиёти, турмуш тарзи, этнографияси, тили каби миллатни белгиловчи барча ижтимоий ҳодисаларда муштаракликка эгадир. Агар собиқ СССР исканжасида бўлган давримизда автохтон ўзбеклар уч мамлакат — СССР, Афғонистон, Хитойда истиқомат қилган бўлсалар, мустақиллик даврига келиб, улар юқоридаги давлатлардан ташқари яна Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон каби янги мамлакатларнинг фуқаролари бўлиб қолдилар.

Шундай қилиб автохтон ўзбеклар ҳозирда Ўзбекистонни ҳам қўшиб ҳисоблаганда еттита мамлакатда мавжуддир. Афсуски, бу давлатлар ҳукуматлари ва аҳолисининг барчаси ҳам ўз мамлакатларидаги ўзбекларга туб аҳоли сифатида қарамаяптилар. Бунга Қирғизистондаги Ўш, Ўзган, Жалолободда рўй берган воқеалар, бир қанча қонли хунрезликлар, Жанубий Қозоғистоннинг Сайрам туманида 2015 йилда қозоқ-ўзбек миллати ўртасида содир бўлган Қорабулоқ воқеалари мисол бўла олади.

Шунингдек, бу каби вазиятларнинг бошқа сабаблари сирасига ўша халқлар ўзининг янги давлати тарихини, хусусан, ўз халқи тарихи ҳамда демографик ўтмишини яхши билмаслиги каби омилларни ҳам киритиш мумкин. Миллатлар ўртасида низоларнинг келиб чиқишига тарихни сохталаштириш каби иллат ва бидъатлар ҳам ўзига хос таъсир кўрсатади. Ҳозирги кунда миллатдошларимиз зич яшайдиган қўшни давлатларнинг барчасида ўзбек тилида ўқиш ва ўқитиш ишлари кераксиз бир нарсага айланиб қолди, яъни мазкур мамлакатлар олий ўқув юртларига қабул қилинишда ўзбек тилида имтиҳон топшириш мумкин бўлмагани каби, бу тилни ҳеч бир соҳада ишлатишнинг иложи қолмади.

Бундай шароитда ўзбек тили уй, нари борса кўча тили доирасида қолиб кетди. Табиийки, бу ҳолат уларнинг ҳукумат ва ҳукумат идораларида вазифага тайинланишига, давлат тизимларига сайланишига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Аниқроғи, бунинг муаммолиги амалий жиҳатдан яққол кўзга ташланиб қолди. Бундан, албатта, «ўзбеклар ўзлари яшаётган давлатларда устун халқ бўлиши керак», деган хулоса келиб чиқмаслиги лозим. Аммо юқорида таъкидлаганимиз каби омилларга йўл қўйилса, низо вужудга келади. Шунинг учун ҳам қайсидир бир давлатнинг туб аҳолиси ҳисобланадиган халқларнинг талаб ва истаклари ҳамиша, имкон қадар инобатга олиниши даркор, деб биламан. Ажаб эмас, ўша жавобларимдан низоларнинг келиб чиқиш сабаблари аёнлашган бўлса…

Савол: Бахтиёр ака, «Кўмак маркази» гуруҳи мухолифатчиларнинг аҳволини яхшилаш, уларнинг фаолият юритишига тўсиқ бўлаётган моддий етишмовчиликларни қисман бўлса-да бартараф этиш мақсадида ташкил этилганидан хабардорсиз. Аммо айрим хорижлик сиёсатчилар, ҳатто ўзимизнинг баъзи сиёсатчиларимиз ҳам Ўзбекистонда мухолифат йўқ, дейишади. Бу борада сиз қандай фикрдасиз? Агар бўлса, мухолифат вакилларига ҳақиқатанан кўмак керакми?

Жавоб: Бу борада ҳамма ўз қарашига эга эканини асло инкор эта олмайман. Аммо шу юртда яшаётган, мана шу муҳитдан нафас олаётган бир фуқаро сифатида шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистонда бугунги ҳукумат фаолиятига, сиёсатига қарши мухолифат бор. Гарчи мухолифат вакилларининг мамлакатда эмин-эркин фаолият юритишига 1993 йилиёқ чек қўйишга киришилган бўлса-да, мухолифатчилар ҳар қандай қийинчиликларга қарамай юртимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларда самарали меҳнат қилди. Буни мана шундай омилларнинг бевосита гувоҳи бўлганим ва шу қозонда қайнаганим учун алоҳида эътироф этгим келади.

Ўзбекистоннинг бугунги ютуқларида, масалан, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши, лотин алифбосига асосланган ўзбек тилига ўтиш, сиёсий ҳаракатлар ва партияларнинг мустаҳкамланиши, уларнинг позиция танлашларида ана шу давр мухолифатчилари катта ҳисса қўшган. Бугунги ҳукмрон доира вакиллари, гарчи ҳозирда «асосчи», «ташаббускор» дея тилга олинаётган бўлса-да, юқоридаги ишларни амалиётга, ҳаётга тадбиқ этишга кўпам изн бермаган, улар орасида бундай ишларга қаршилари ҳам кўп бўлган…

Юртимизда фаолият юритаётган мухолифатчиларга нисбатан таъқиб, айниқса, 2005 йилда, Андижонда рўй берган воқеалардан кейин анча кучайди ва бу жараён ҳамон давом этмоқда. Бунинг натижасида мухолифат вакиллари оғир исканжалар ичида қолди. Уларни ишсизлик, таъқибу тазйиқлар ўз домига олди. Бир сўз билан айтганда, элим, юртим дея, юрт ичида ҳимоясиз қолиб кетди. «Кўмак маркази»нинг ана шундай мухолифат вакилларини чамаси келгунча қўллаб-қувватлашга киришгани ҳар томонлама таҳсинга ва ибратга лойиқ.

Демак, Ўзбекистонда мухолифат бор эканки, «Кўмак маркази» ёрдамга шайланибди. Шундан келиб чиққан ҳолда яна бир марта такрорлайман: Ўзбекистонда мухолифат бор, бироқ мухолифатчилар учун сиёсий муҳит мавжуд эмас. Бу, афсуски, аччиқ бўлса-да очиқ ҳақиқат! Мухолифат эркин ишглаши учун ҳар томонлама шароит бўлиши керак. Бизда афсуски бунга йўл қўйилмайди. Мухолифатчиларни ҳатто, «халқ душмани», «хоин» деб ҳам аташади.

Энди мухолифат вакилларига кўмак керак ёки керак эмаслиги ҳақидаги саволингизга тўхталсам. Кўмак, албатта, керак. Агар улар ҳимоясиз қолгудек бўлса, узоқ эмас, яқин 1-2 йил ичида мамлакатда биронта мухолифатчи қолмайди. Бу эса, амалдаги ҳукуматнинг «янада кенг қулоч ёзиб, фаолият юритишига» олиб келади. Мен бу сўзларни мамлакатдаги бугунги вазиятни билган бир фуқаро сифатида айтяпман. Ахир кўмаксиз сиёсий ташкилотлар ҳам, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам фаолият олиб бора олмаслиги кундек равшанку. Бундай кўмак турлари вақти-соати келиб, хориждаги мухолифатчиларимизнинг ўз юртимизда фаолият юритишига олиб келиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмаслигига ишонаман.

Суҳбатдош: Рўзибой Азим

https://www.facebook.com/kumakmarkazi/posts/1752485644996323:0

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.