Бугун, 2 январь — шоир ва таржимон Карим Баҳриев таваллуд топган кун

21g

Шамол одатда ҳаммага ҳам ёқавермайди. Юз-кўзингизга урилиши, чанг-тўзон олиб келиши, тўполон кўтариши ғашингизни келтиради. Аниқроғи, беҳузур бўласиз. Аммо нега муаллифга шамол ёқяпти? Ҳеч шамол ҳам топ-тоза бўладими? Лекин, бўларкан. Чунки Карим Баҳриев Ватаннинг, Ургутнинг шамолини яхши ҳис қилади. Ишонаверинг, ростдан Ургут шамоли тоза…

Исомиддин ПЎЛАТОВ: ШЕЪРИ БУТУН ШОИР


003

Чамаси, саккиз-тўққизинчи синфда ўқирдим. Она тили ва адабиёт фани ўқитувчимиз ургутлик ёзувчи-шоирларнинг ҳаёт-фаолияти, улар билан боғлиқ аҳамиятли воқеалар ҳақида ҳикоя қилиб берарди. Муаллимамизнинг ўзи ҳам ижодкор бўлгани учун нафақат туман, балки вилоятдаги барча қалам аҳлини яхши танирди. Шоирларнинг ёрқин мисраларидан ёд айтарди. Бир куни Карим Баҳриев деган шоир ҳақида гапирди. Ундан бир шеър ўқиди.

Мана, ёдимда қолган мисралар:

Қизларнинг овози жаранглар мунис,
Ишқ десам – дафтарга сачраб кетди қон.
Севмаса севмабди мени битта қиз,
Дунёда қиз камми, онажон?!

Очиғи, бу шеър менга ўша ондаёқ ёқиб қолди. Муаллифини эса танимасдим. Кейинчалик ҳам Карим Баҳриевдан деярли бирор нарса ўқимадим. Фақат билганим – у ургутлик шоир эди. Жойи келганда, ёшликка хос кайфиятда таниқли тумандошларим Барот Бойқобилов, Асад Дилмурод қаторида уни ҳам санаб ўтардиму юқоридаги «тўрт қатор»ни илова қилардим…

Вақт ўтди. Ўзбек адабиёти, жаҳон адабиётидан кўплаб шоир-ёзувчиларни ўзим учун кашф этдим. Кимларнингдир ижоди ёқиб қолди, кимларнингдир нега ёзишига тушунмадим. Қарашлар, савия, фаҳм-фаросат ҳам бироз ўзгарди. Лекин Карим Баҳриевдан фақат «тўрт қатор» биламан.

…яқинда қўлимга бир китоб тушди. Муқовасида сочларининг қорасидан оқи кўп, аммо қарашида кексалик сезилмайдиган одам синовчан қараб турибди. Бу Карим Баҳриев (Абдулкарим Баҳриддин)нинг «Томчидил» («Академнашр», 2013) китоби эди. Китобнинг дизайни, сифати, салмоғи жуда юқори. Ва шу китоб орқали муаллиф ҳақидаги маълумотларим бойиди.

Карим Баҳриев – Ургут тумани Ғўс қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университети ва Москва давлат университетида таҳсил олган. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Маърифат», «Хўжалик ва ҳуқуқ», «Ҳуррият», «Жаҳон адабиёти» каби газета-журналларда ишлаган. 1990-1995 йилларда Ўзбекистон халқ депутати сифатида мамлакат парламентида фаолият юритган. Айни пайтда «Олтин мерос» халқаро жамғармаси «Меросньюс» ахборот хизмати раҳбари, «Migration, labor and security» журнали бош муҳарриридир. У «Сабр косасининг синиқлари» шеърий китобининг ҳамда бир қатор ҳуқуқий, ОАВга оид илмий-оммабоп китоблар муаллифи. Сеника, Платон, Волтер, Монтен, Паскал, Вовенарг, Ларошфуко, Лабрюйернинг фалсафий асарлари, Чингиз Айтматов, Дино Буццати, Жованни Папини, Коррадо Алваро, Марчелло Вентури ҳикоялари, уйғур шоири Темур Давоматнинг шеърий китоби, озар шоири Ромиз Равшаннинг шеърлари ва достони, А.Авторхоновнинг «Кремль салтанати» китобини таржима қилган…

Муаллиф ҳақидаги маълумотларни батафсил келтиришимиз боиси бизнингча, ўқувчига аён. Чунки Карим Баҳриев ижоди, фаолияти ҳақида ҳамма ҳам етарлича маълумотга эга эмас.

Хуллас, «Томчидил»ни бир марта, икки марта ўқиб чиқдим, демоқчи эмасман. Уни икки ойдан бери ўқияпман. Хоҳлаган жойдан ўқияпман, хоҳлаганимча.

Гули алвон, чўққилари чўнг,
шамоллари топ-тозадир, оҳ.
Бундай юртда яшагандан сўнг,
ўтли шеърлар битмаслик – гуноҳ…
(«Ургут ҳақида қўшиқ», 1979)

Шамол одатда ҳаммага ҳам ёқавермайди. Юз-кўзингизга урилиши, чанг-тўзон олиб келиши, тўполон кўтариши ғашингизни келтиради. Аниқроғи, беҳузур бўласиз. Аммо нега муаллифга шамол ёқяпти? Ҳеч шамол ҳам топ-тоза бўладими? Лекин, бўларкан. Чунки Карим Баҳриев Ватаннинг, Ургутнинг шамолини яхши ҳис қилади. Ишонаверинг, ростдан Ургут шамоли тоза. Уни бағрингизга урилганида, ғуборларингизни тирқиратиб қувганида, ташвишларингиздан чекинтирганида ҳис этасиз. Ахир бундай роҳат, лаззатга жавобан нимадир қилишингиз керак-ку. Сизнинг ижодингизга доя бўлган муҳит, табиат учун ўтли шеърлар битмаслик мумкин эмас.

Фараз қилинг, қўлингизга ярми йиртиб олинган қоғоз тушди. Қарасангиз, шеър ёки ҳикоянинг бир қисми қолибди. Ўқийсиз, аммо боши ёки охири бўлмаган сатрлар асабингизни бузади. Қоғозни парчалаганни парчалаб ташлагингиз келади. Карим Баҳриевнинг шеърларини бўлакларга бўлиб ўқидим. Унинг шеърлари айни пайтда бир бутун ва айро-айродек тасаввур уйғотди. Чунки асл асар бошдан оёқ ғоя ва фикрлар берибгина қолмай, ҳар сатрида маъно ташийди. Икки қаторини ўқисангиз ҳам маза қиласиз. Кимдир ижод қилаётганда энг ёрқин ўхшатишини асарнинг боши ёки охирига тақашга интилади. Борингки, ўша бутун бошли асарни яратишдан мақсад ҳам аслида икки қаторни айтишдан иборат бўлади. Карим Баҳриев энг яхши икки оғиз гап учун шеър ёзмайди. Ёзса, бошдан оёқ яхши ёзади. Масалан, «Таққослар» шеърига қаранг:

Сизнинг келишингизни эшитганда
отиш ҳукми бекор қилинган
маҳбусдай қувонаман,
рост.

Бўлди, шеърнинг шу ёғи ҳам сизга манзур, бемалол эстетик завқми, гўзал ташбеҳми, излайверинг. Албатта, топасиз. Аммо шеърнинг қолган қисми ҳам сизга янада кучлироқ таъсир эта олади. Бу қизиғи, иккилик, учлик, уччаноқ, пуччаноқ ва алламбало номлар билан ёзилаётган шеърлар хилидан эмас. Давомига қаранг:

Бошқалар учрашганда
тилло топган қашшоқдек
бахтиёрдир,
биламан.

Биз учрашгач
оғир аравага қўшилган отлар мисол
ҳорғинмиз,
нега?

Сиз кетдингиз,
тўшакда ётибман
cувга чўкиб кетган одамнинг
қирғоқда қолдирган кийими каби
эгасиз,
оқлов қоғозини йўқотган
маҳбусдай маҳкум.

Шеърнинг бошдан охиригача янги гап, янги ташбеҳ топасиз. Бутун шеър шундай бўлади. Ўз навбатида унинг бир парчасини топиб ўқисангиз ҳам маъни топа оласиз.

«Сочимга оқ тушди…» Шоирнинг бир шеъри шундай номланган. Одатда сочга оқ тушиши умр ўтганини, қариликни ифодалайди. Бу мавзудаги асар ҳам афсус-надомат, умрга ачинишдан бошқа нарсани бермайди. Аниқроғи, шунчаки, йиғлоқи шеър бўлади. Аммо Карим Баҳриев сочга тушган оқ толани бутунлай бошқа ўзанга буриб юборган. Бош гўёки бир юрту оқ сочлар унга оралаган айғоқчи. Унга қарши курашмаган элга шундай хавф бор:

Қоракўз, силагин, тароқ қил қўлни,
Уйғот, қулоғимга сўзла уйғонч сўз –
Бўлмаса, ҳар куни қорасоч элни,
Бир-бир йўлдан урар бу учта жосус.

Бир қарашда саноқли оқ сочдан қутулмасангиз қолганлари ҳам оқарадигандек. Аслида бу қайтмайдиган жараён. Барибир вақт сочни оқартиради. Аммо шоир ўша ҳолатдан фалсафа ярата олади, ҳикмат топа билади. Минг ҳушёр бўлма, ўзингни жасоратга шайлама – барибир бу уч жосус сочинг қароларини йўлдан уради…

Сочлар қаролигин охир унутар
Ва мангу юмилар сўздоннинг лаби –
Ястаниб ётади оқ-оппоқ бошим
Батамом енгилган мамлакат каби…
(1983)

Китобдан бадиҳалар ҳам ўрин олган. Унда муаллиф ўзининг ҳаётдаги кузатишларини ҳикоя қилади. Бу кузатишлар ниҳоятда оддий манзараларга чизилган ниҳоятда фалсафий суратларни эслатади. Чунки биз ҳар куни кўриб, индамай ўтиб кетганимиз – қабр тоши тайёрлайдиган тоштарошнинг ҳаракатлари, қора қарғанинг ҳолати, туш кўриш, туғилиш, шаҳарлар ва қишлоқлардаги тафовут уни сергаклантиради. Қизиғи, Карим Баҳриев бадиҳаларида шунчаки, сизни эътиборингизни бир ҳолатга жалб этиш, воқеаларни бўрттириб кўрсатиш йўлидан бормай, фалсафий, ижтимоий кўз билан қарашга ундайди:

«Нега метродаги одамларнинг мотам тутаётгандай боши қуйи? Нега автобусга чиқаётган, автобусдан тушаётган одамлар бир-бирига салом бермайди? Нега?..» биринчи марта қишлоқдан шаҳарга келган одам ҳайрон бўларди…
Тўплам «Сабр косасининг синиқлари» – шоирнинг нисбатан аввалроқ ёзилган шеър ва бадиҳалари, «Тиловат» – сўнгги йиллардаги тасаввуфий, тарбиявий руҳда яратилган, инсонни камолот ва ўзликни англашга ундовчи шеърлар, достонлар ҳамда дунёнинг ўндан ортиқ мамлакатларининг забардаст шоирларидан қилинган таржималардан иборат.

Дарвоқе, менга Карим Баҳриевни таништирган «тўрт қатор» ҳам китобдан ўрин олган. Қиғизи, бу шеър элимизнинг забардаст шоири Рауф Парфига ҳам ёққан экан. Рауф Парфи ҳатто бу шеърдан илҳомланиб, бир сонет ҳам яратган:

Шеърият – ибтидо, шеърият – охир,
Изтиробдан ўлмас шоирнинг қалби,
Шоирнинг онаси Изтироб, ахир.

Буюклар топиб айтади-да. Менимча, Карим Баҳриев шеъриятига Рауф Парфининг шу сонети орқали мукаммал жавоб берилган. Карим Баҳриев ниҳоятда дардчил шоир. Изтироб билан ёзади. Буни қарангки, шоирнинг онаси Изтироб экан. Бола она кўкрагини эмиб куч олгани каби Шоир ҳам изтиробдан камол топади. Ёниб, ёндириб қалам тебрата олади. Изтироб, дард – унинг мезони, манбаига айланади.

Бу шеър Рауф Парфининг қўлёзмаси билан китобнинг бошига киритилган.

Менга ўқитувчим айтиб берган шеър «Ушшоқ» деб номланган. Карим Баҳриев ўша шеърини ёзилишига шундай изоҳ беради:

«Яқинда тонг чоғи тўсатдан ноаён бир дард умримда илк бора тўшакка ётқизди. Сочимдан-тирноғимгача сирқирайди, қўл-оёғимда мадор йўқ, фақат тийра кўзларим жавдираб дунёга термулади… Дард-ку бир кечада ўтиб кетди. Қалбда бир оғриқ қолди: мени ҳам дунёга боғлаб қўймаган экан…»

Шеър минг тўққиз юз саксон бешинчи йилда ёзилган экан. Ўша йили мен туғилганман. Ўттиз ёшли шеър! Камина билан тенгдош. У шундай якунланади:

Гарчанд мен қайғули шеърлар тўқидим,
Гарчанд азоб кўрдим мудом бепоён –
Мен ҳали дунёга тўйган йўқ эдим,
Дунё тўйдимикан мендан, онажон?..

Хуллас, Карим Баҳриев мунаққидлар таъбири билан айтганда, ҳазми қаттиқ ижодкорлар тоифасига киради. Унинг шеърияти комиллик, Ватан, ота-она, қадр-қиммат, муҳаббат ҳақида. Фикримча, бу шоирнинг шеъриятига ҳали китобхон, аниқроғи ўзбек ўқувчиси тўйганича йўқ. Аксинча, «Томчидил» уларга тақдим этилган тансиқ БАДИИЙликнинг дебочаси, деган бўлардим.

Абдулкарим БАҲРИДДИН
«ТОМЧИДИЛ» КИТОБИДАН
08

ШАВКАТ РАҲМОН ХОТИРАСИГА

Гоҳ ердан, гоҳ кўкдан нимадир кутдим,
Ниҳоят қутулдим қайғу, қўрқишдан.
Эмраниб, соғиниб шу кунга етдим,
Ўлмай ўтиб олдим яна бир қишдан.

Менга ҳам аталган бир қатим нур бор,
Ҳаво бор – тўлдирдим кўкракларимни.
Яна етиб келдим ўзингга, баҳор,
Офтобинг иситди суякларимни.

Бўлди, адо бўлди тизгинсиз қувват,
Энди сиғинарман мен ўз ғоямга.
Энди ўз ёғимда қоврилгум фақат,
Салом бергум фақат мен ўз соямга.

Мени кечирингиз, ўқимас, майли,
Бировга ёқмаса ғамангиз сўзим.
Билдим, қутқаролмас одамни одам,
Агар қўл чўзмаса Аллоҳнинг ўзи.

Тупроқнинг хуш иси, қушлар чуғури,
Майсалар шивири дилимга яқин.
Туғилган ҳар киши дам ўтган сари
Секин бораверар ўлимга яқин.

Туғилмаган ўлмас, ўлар туғилган,
Туғилган онингдан ёй тортди тақдир.
Кўз очган заҳотинг бир ўқ отилган,
Умринг – шу ўқ келиб топгунча вақтдир.

Замин кетиб борар самода ўқдай,
Мен ҳам бораяпман омонат, гирён.
Нимадир кутарман ерданми, кўкдан…
Етиб олсам эди ёзгача омон.

1992 – 2011

ШУЛ МАМЛАКАТДА

Наҳот бағринг тилинган эмас,
Элнинг дарди билинган эмас,
Ҳақорат гар шул мамлакатда
Шеърларинг ман қилинган эмас.

Қора рўйхат боқсалар эди,
Қўлга кишан тақсалар эди.
Ҳеч бўлмаса ёзганларингни
Гулханларда ёқсалар эди.

Золимлари амалдан банги,
Халқ сукутда, улкан сабрда…
Ким ростгўйдир – қамоқда банди,
Ким ҳалолдир – ётар қабрда.

Ким жасурдир – ўққа учибди,
Ким ботирдир – қафасда барбод.
Уяласан – ҳануз тириксан,
Уяласан – сен ҳануз озод.

Дорга томон бошинг кўтарсанг,
Гулчамбарни ёпар оломон.
Кўкрагингни ўққа тутарсан,
Шақирлатиб тақарлар… унвон.

1990

ИЛТИЖО

Руҳим, энди шу саҳар тирил,
кўзим, тоза гулларга қара –
улар ҳозир байроқдай қизил,
юрагимдай бағри қон, яра.

Руҳим, энди шу тонгда қўлла,
ўтиб кетар бошимдаги ғам,
қара, ўтиб кетмасдан гуллар,
учиб кетмай баргдаги шабнам.

Пок нурларни тўйиб симиргин,
ўтиб кетар дайди шаббода,
кўриб қолгин: бир қатим ёғду
бир сен учун ўйнар ҳавода. …

Тўхтанг, гуллар, шуълалар, сабо,
учиб битма, баргдаги шабнам –
ўтиб кетар, ахир, сизларга
боқиб йиғлаётган ана шу одам.

1984

ТИЛСИМЛИ ДУНЁ

Бунда тунлар энг митти терак
ўсавериб юлдузга етар;
қувончига чидолмай куртак
новдаларда ёрилиб кетар.

Бунда сувлар шилдираб мангу
қучиб ётар тупроқни хушбахт;
бир тонг зангор гулбарг бўлар-у,
шовуллайди шамолда дарахт.

Бунда бари дилбар ва ширин,
тирикликка тўймас — дил ярим…
Юртдошларнинг қалбига яқин
йўлни излаб ўтар кунларим.

Фақат оқшом жимирлаб само
хаёлимга қуяди бир ғам –
мен севган шу тилсимли дунё
кирмас сенинг тушларингга ҳам.

1984

ЭВРИЛИШ
Турғун даврга чизги

Бугун Азон эмас, уйғотар Гимн,
Масжидга киришга патта керакдир.
Совутларни қўйдик йўлакка тўшаб,
Куллиётни қозон тагига ёқдик.
Энди ўт тулпорлар югурмас кишнаб,
Отни сўйиб едик, шунақа ишлар.
Жанггоҳларга пахта экиб ташладик,
Музейларга тушди кескир қиличлар.
Кесилиб қоғозга айланди изсиз
Шоирлар «сарвқад» деб ёзган чинорлар –
Уларга битилди дунёқарашни
Шакллантирувчи илғор шиорлар.
Демак, сиз бекорга турибсиз ҳуркиб,
Ҳеч ким уйғонмади биз айтган сўздан.
Бугун ўлтирибмиз чивинни қўриб,
Энди қўрқмаса ҳам бўлади биздан…

1983

Karim Bahriyev. Sabr kosasi siniqlari & Isomiddin Po’latov. She’ri butun shoir

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.