Азам Фармоновни қизи Мадинага битган ноласи: Дадажонин зор-интизор кутган қизим!..

Озодадан мактуб: Куни кеча қизим Мадина ва мени номимга Жаслиқдан келган хатни ўқиб тўғриси ўзимни тутолмадим. Қизим дадасидан келган хатни ўқиб юм-юм йиғлаб ўтирарди. Хатда дадаси қизимга шеър ёзиб жўнатган эди.

Қизим дадасини қаттиқ соғинганидан хатни ўқиб йиғлаб ўтирарди.

Дадажонин зор-интизор кутган қизим

Қабул айланг энг аввало саломимни,
Йўллаяпман сизга шеърий каломимни.
Мактубингиз ўқиб битдим жавобимни,
Дадажонин зор-интизор кутган қизим,
Бир-биридан ажиб шеърлар битган кизим.

Бунча ширин, самимийдир сўзларингиз,
Иффат, ибо, меҳр тўла кўзларингиз.
Нурли чирой сочиб турсин юзларингиз,
Умримга бахт, мазмун олиб кирган қизим,
Қорбобонинг сохталигин билган қизим.

Она қизим дея сизни эркалайман,
Доно қизим, дея сизни эркалайман.
Узоқ умр, соғлик, тинчлик, бахт тилайман,
Қалби имон нури билан тўлсин қизим
Юрагимга қувонч ато қилган қизим.

Озодбекнинг жондан азиз жигарисиз,
Аянгизнинг жондан ортиқ кўрганисиз.
Бўлинг доим яратганнинг суйгани сиз
Дадажонин меҳрибони бўлган қизим
Аъло ўқиб юзим ёруғ қилинг қизим.

Она қизим дийдор яқин йиғламанг хеч,
Аъзам Фармон юрагини тиғламанг хеч.
Сизга бахтдан тахт тилайман эрта-ю кеч
Менинг битта ва ягона суйган қизим
Дадажонин жондан ортиқ кўрган қизим.

СИЁСИЙ МАҲКУМ, ЖАСЛИҚ ЗИНДОНИ АСИРИ АЗАМЖОН ФАРМОНОВ ТАҚДИРИГА БИР НАЗАР

2017 йилнинг 22 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Олий судининг кассация суди судлов хайъати судьялари ҳамда судланувчи Азам Фармоновнинг адвокати иштирокида сиёсий маҳкум, Ўзбекисто Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти аъзоси, ташкилотнинг Сирдарё вилояти бўлими бошлиғи вазифасида фаолият юритган Азам Фармоновга нисбатан Жиноят Кодексининг 221 моддасига асосан қўшиб берилган 5 йил 26 кунлик қамоқ муддатини бекор қилиб, уни озодликка чиқариш бўйича берилган Кассация шикояти кўриб чиқилди. Кассация ажрими  28 февраль куни ўқиб эшиттирилиши маълум қилинган.

Жиноят Кодексининг 221–моддаси: Озодликдан маҳрум қилиш жойида жазони ўтаётган шахснинг жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслиги ёхуд маъмуриятнинг ўз фаолиятини амалга оширишига бошқача йўсинда тўсқинлик қилиш (башарти, маҳкумга нисбатан бир йил мобайнида жазони ўташ тартиби талабларини бузганлиги учун жазони ижро этиш колониясининг карцерига ўтказиш тариқасидаги жазо қўлланилганидан ёки турмага ўтказилганидан кейин содир этилса) айби билан жиноят иши қўзғатилди.

Оила аъзолари, фарзандлари Азамжонни озод бўлиш кунларини интизорлик билан кутаётган пайтларида мудхиш хабар олдилар. Азамжонга нисбатан қўзғатилган янги жиноят иши бўйича тергов харакатлари олиб бориш учун Нукусга олиб кетилганмиш. Тасодифий хабарнинг қанчалар тўғри нотўғрилигини аниқлаш учун Озоданинг бош уриб бормаган идораси қолмади. Ваниҳоят Азамжонни дараги чиқди.

1-2 июль кунлари турмуш ўртоғи билан узоқ муддатли учрашувда бўлиб Азамжоннинг рафиқаси Озода Ёқубова унинг Жаслиқ легари ва Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги ертўласида ваҳшиёна қийноқларга солинганидан хабардор бўлиб қайтди.

Кўз ёшларини тия олмасдан фарёд уриб йиғлаётган Озодани юпатишга тил ожиз, унинг хикоясини эшитиш эса дахшат.

“Мен 29 июн куни Жаслиққа етиб бордим. 1 июл куни турмуш ўртоғим билан 2 суткалик учрашувга кирдим. Мен уни кўриб жудаям ҳайрон қолдим. Чунки мен охирги марта январ ойида кўрганимда унинг аҳволи анча яхши эди. Энди эса у жуда ҳам озиб кетган эди. Мен у билан кўришибоқ нега бунча озиб кетганлигини сўраганимда у яшашни ҳам истамаётганлигини айтди.

Турмуш ўртоғимнинг айтишича охирги 6 ой мобайнида унга нисбатан 3 марта «тартиббузарлик» содир этганликда айбланган.
Биринчи марта 24 январдан 29 январгача 5 кун изоляторда бўлди дея ҳужжатлаштиришган. Аслида у 24 январдан 29 январгача ҳеч қандай изоляторда бўлмаган ва тартиббузарлик содир этмаган бўлсада, уни мажбурлаб, руҳий тазйиқ остида тартиббузарлик содир этганлиги расмийлаштирилган қалбаки қарорга имзо чектиришган.

Иккинчи маротаба расмийлаштирилган сохта айбловлар асосида 9 февралдан 19 февралгача 10 суткага жазо изоляторига қамашган.

Энг даҳшатлиси учинчи марта 9 мартдан 29 мартгача 20 суткага жазо изоляторига умрбодлик қамоқ жазосига хукм қилинганлар сақланадиган махсус муассасадаги карцерга қамашган ва 20 сутка давомида уни ёлғиз ўзини шу камерада сақлашган.

Бундай ўта қўпол қонун бузилишини ким буюрмоқда? Азам Фармоновни учинчи марта изоляторга олиб кетишаётганда бошига қоп кийгизиб, нафас қисувчи махсус резиналик мосламадан фойдаланишган.

Унинг айтишича у бир неча марта ўзини билмай қолган. Бошини ерга теккизгудек қилиб энкайтириб, изоляторга олиб боришган. Қўлига тақилган кишандан қолган излари шу бугунгача сақланиб қолганини ўз кўзим билан кўрдим. Охирги 20 суткалик карцерда сақланиш жараёнида у қўшни камералардан келаётган оҳу-нолаларни эшитиб ўтиришга мажбур бўлган…”.

Бундай усул Ўзбекистон хукумати томонидан кенг кўлланиб келинади ва Азам Фармоновни бунингдек аянчли вазиятдан қутулиш учун ўз жонига қасд қилишга ундаш мақсадида уюштирилган бўлиши ҳам мумкин. Қамоқдалик муддатимда кўплаб жазо изоляторларига қамаган пайтларида мени ҳам ўз жонимга қасд қилишим учун мен олиб кирилган камерага арқонлар киритиб қўйгандилар. Бунингдек хўрликлар ва адолатсизликлардан тўйиб кетган махкумнинг ўз жонига қасд қилиши табиий ҳол. Буни шундай ҳолга тушганларгина яхши хис қила оладилар.

Азам Фармоновни карцердан чиққанининг 4чи куниси, 3 апрелда Жаслиқдан Нукусдаги тергов изоляторига этап қилишган. Суд 1 май куни Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани судида бўлиб ўтган. Формоновни айтишича тергов пайтида ҳам, судда ҳам унинг ҳеч қандай қонуний ҳуқуқлари таъминланмаган.

Фармонов тергов жараёнида бир неча марта ўзини ҳимоя қилиш учун адвокат ёллашга имконият буришларини, оила аъзоларига хабар беришни сўраб қилган илтижолари самарасиз бўлди. Тергов якунида ҳам ва суд жараёнида жиноят иши материаллари билан танишиш, малакали юридик ёрдам олиши учун адвокат ёллаш учун оиласидагилар билан боғланиш, бир марта телефон қўнғироғи қилишга рухсат беришни сўраган илтимосномаларининг барчаси рад қилинди.

Ҳаттоки Азам Фармонов бугунги кунгача ўзига кўйилган айбловлар баён қилинган айблов хулосаси билан танишиб чиқмаган.

Суд бошланган пайтида айблов хулосаси олмаганлиги ва жиноят иши материаллари билан танишмаганлигини баён қилиб ушбу қонуний ҳуқуқларини таъминлашни судя Розовдан сўраганида судья унинг барча қонуний талабларини рад қилиш билан чекланган.

Фармонов суд жараёнида ўзининг ҳуқуқларидан фойдаланиши учун шароит яратиб беришларини ва судда унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун адвокат ёллашга рухсат беришларини сўраганида судда иштирок этаётган Жазони ижро этиш жойларида қонунни назорат қилувчи прокурор Давлат Қиличев Формонов қамалгунча муддатда инсон ҳуқуқлари ташкилотида фаолият олиб борганлигини, унинг ҳуқуқий билими ўзини ҳимоя қилишга етарли эканлиги сабаб судда адвокат иштирок этишига хожат йўқлигини айтиб Фармоновни илтимосномасини рад қилишни судьяга таклиф қилган.

Фармоновга қарши кўрсатма беришга олиб борилган 2 нафар тезкор бўлим ходимлари ва 4 нафар ДПНК ходимлари судда кўргазма берарканлар Фармоновга қарай олмасдан ер чизиб, фақатгина Формоновни ўзи яхши одам эканлигини, охирида озроқ хато қилиб қўйганлигини айтишган. Гувоҳларнинг бунингдек кўргазмаларидан жазавага тушган судья “Яхши одам бўлса нима учун раскрутка қилишга олиб келгансанлар?” дея бақириб ташлаган.

9 йиллик жазо муддатини ўтаб бўлгач, Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани судининг сиёсийлаштирилган хукми билан 5 йилу 26 кун муддатга яна лагерга қайтарилган Азам Фармонов тергов жараёнида бошига қоп кийдирилиб, ўлим ҳолатига келтирилгани, камераларда такомиллаштирилаётган қийноқ усуллари билан унга азоб берилгани ҳақидаги кўргазмаларини судья эшитишни ҳам истамаган.

Ваҳоланки суд жараёни пайтида орадан бир ойча вақт ўтганига қарамай ҳуқуқ ҳимоячисининг танасидан қийноқ излари кетмаганди. Бадани моматалоқ бўлган, қийноқлар зарбидан синиққан ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан суд маҳкамаси ҳам ҳарбий дала судларига хос ошиғич ўтказилган. Маҳкамага раислик қилувчи судья Розов ҳатто унинг айблов хулосасини олмаганига ҳам эътибор қаратмай қоғозлардагина мавжуд бўлган гувоҳлар билан ўз ҳукмига якун ясаган.

Ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланмаган Азам Фармонов ўзига қарши яна кимлар кўрсатма берганларини ҳам билмаган. Фақатгина қамоқхона вакилларининг берган кўргазмаларидан маълум бўлишича Фармоновга қарши расмийлаштирилган хужжатларда махкум Алишер Абдуллаев жабрланувчи сифатида талқин қилинган ва эмишки Азам Фармонов махкум Алишер Абдуллаевни семиз, чўчқа, бақалоқ деб ҳақорат қилганмиш. Жабрланувчи Абдуллаевни судга келтириб ҳам ўтиришмаган, унинг кўргазмасини суд эшитмаган, расмийлаштирилган сохта хужжатлар асосида Фармоновни 5 йил 26 кун озодликдан махрум қилишга хукм чиқарган.

Суд давомида Азам Фармонов зўрға қўлга киритгани 3 вароқ қоғозни орқа олдини тўлдириб, ўзини айбсизлигини исботловчи ҳимоя нутқи ёзган. Ҳимоя нутқида у ўзини ҳеч қандай айби йўқлигини судга исботлаб берган. Жумладан махкум Алишер Абдуллаевни семиз, чўчқа, бақалоқ деб ҳақорат қилиши умуман мантиққа зидлиги, чунки Алишер Абдуллаев умуман семиз эмас, аксинча озғингина инсон эканлигини ҳам уқтириб ўтган.

Лекин суд Фармоновнинг ҳимоя нутқида келтирган далилларни умуман инобатга олмаган. Судда иштирок этган Жазони ижро этиш жойларида қонунни назорат қилувчи прокурор Давлат Қиличев ўз маърузасида Фармоновга 5 йилу 26 кунлик қамоқ жазоси беришни айтган. Судья Розов прокурор айтган муддатга озодликдан махрум қилишга хукм чиқарган.

Азам Фармонов суддаги охирги нутқида ўзига берилган 9 йиллик жазо муддатни тўлиқ ўтаганлигини, унинг 2 нафар ёш фарзандлари жуда ҳам қийналганлигини, уни жуда ҳам интизорлик билан кутишаётганлигини, лекин унга нисбатан суд яна шафқатсизлик қилганлигини таъкидлаб уларни худога солганлигини ва уларни ҳам ўзи каби адолатсиз суднинг хукми билан қамалишларингни, мазлумларнинг охи ноласи етиб уларни худо уришини айтиб, ўз сўзини якунлаган.

Азамжон Фармоновга нисбатан расмийлаштирилган айблов хулосаси ва хукмни қўлга киритиш ортидан бир ойдан бери Тошкент ва Нукус орасида сарсон қилинаётган адвокат, жамоатчи ҳимоячилиги расмий идоралар томонидан куракда турмайдиган важлар билан эътироф этилмаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, мазкур ишнинг сиёсий мотивлар билан мустаҳкамланганига шубҳа йўқ. Бинобарин, “Эзгулик” жамияти вакили июнь ойи бошида қилган мурожаатига орадан қарийб бир ой ўтгач, қониқарсиз жавоб олиши фикримизни исботлаб турибди.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan