Ҳуқуқ ҳимоячилари тўғрисидаги Декларациясида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқларимиз бузилаётгани юзасидан мустақил, холисона ва адолатли текширув ўтказишга шартнома имзоладик!

Мен “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти асосчиси ва раҳбари Мўътабар Тожибоева 2011 йилнинг 3 февраль кунида Францияда давлат рўйхатидан ўтган палладан бошлаб шу бугунги кунгача интернет нашрлари орқали узлуксиз равишда шахсан ўзимни, мен бошқараётган «Ўтюраклар Клуби» Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотини, менинг оила аъзоларимни, фарзандларимни, набираларимни, ташкилот фаоллари, ҳамда ташкилотимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган ҳаммаслакларимизни бадном қилувчи, шаън, қадр қиммат ва ишчанлик обрў эътиборимизни ҳақоратловчи, ҳақиқатга тўғри келмайдиган туҳмат ва бўхтон маълумотларни ёзиб тарқатилаётгани юзасидан қонуний чора қўриш учун қатъий қадам қўйишга қарор қилганимизни билдирмоқчиман.

Ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида Инсон Ҳуқуқлари Умумжахон Декларациясида, шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўзларини ҳимоялаш учун махсус қабул қилинган ҳужжатда – Жамиятнинг алоҳида шахслари, гуруҳлари ва жамият идораларининг умум тан олинган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоялаш ҳуқуқи ва мажбурияти тўғрисидаги Декларацияда, содда қилиб айтганда, БМТнинг 1998 йилги Ҳуқуқ ҳимоячилари тўғрисидаги Декларациясида кўрсатиб ўтилган барча ҳуқуқларимиз бузилганлиги юзасидан мустақил, адолатли, холис, яъни бизларнинг фаолиятимизга қарши бўлган барча тарафларни ҳам важларини, улар тақдим қиладиган хужжатлар, далиллар ва фактларни ҳам ўрганиб чиқиб, текширувлар ўтказиб хулосалар бериши мумкин бўлган халқаро миқёсда фаолият юритгувчи юридик мақомга эга бўлган нуфузли эксперт ташкилотига мурожаат қилдик ва биз бугун 1 март 2017 йил кун ушбу шартномани имзоладик.

Бундай шартнома тузишимизга сабаб бўлган омил шундан иборатки, нафақат мен бошқараётган «Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти, балким Ўзбекистон фуқаролик жамияти вакиллари, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, интернет нашрлари фаолиятларини эмин эркин фаолият юритишларига етарли даражада кўмак ололмай келмоқдалар. Қолмишига бизларга қарши олиб борилаётган қоралов кампаниялари юзасидан ўз ҳаққи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун маҳкамалар ва бошқа ҳимоя органларига мурожаат қилиш имкониятларимиз ҳам чекланган.

Статистик маълумотларга кўра 2017 йилнинг 1 январь кунига Ўзбекистон аҳолисининг умумий сони 32 121 100  кишини ташкил қилади, таққосласак қўшни Қирғизистонда 6 089 859 одам, Қозоғистонда — 18 044 724 Тожикистонда —  8 769 221 киши истиқомат қилади. Ўзбекистон аҳолисининг умумий сони юқорида кўрсатилган уч давлатнинг аҳолиси йиғиндисига тенг, яъни учта қўшни давлатларнинг аҳолиси сони 32 903 804 тани ташкил этади.

Шунингдек, Ўзбекистон сиёсий маҳкумлар сони бўйича ҳам етакчи ўринда. Шунга қарамай, кўп йиллардан бери Ўзбекистонда маҳаллий фуқаролик жамияти ривожини қўллаб-қувватловчи халқаро дастур ва ташкилотлар фаолият юритмаётир. Ўзбекистон учун ажратилаётган халқаро ёрдам ва грантлар Ўрта Осиё давлатларига ажратилаётган шу ёрдам туридан бир неча бор камлиги билан ажралиб туради. Охирги йилларда жазо муддатлари қўшиб берилаётган сиёсий ва диний маҳкумлар, қийноқ қурбонларини қўллаб қувватлаш, уларнинг ҳимоя ҳуқуқларини таъминлаш учун умуман имкониятлар чекланиб қолган.

Албатта матбуотларда бот бот Ўзбекистондаги кимларнингдир озодлиги ёки ҳимояси учун ГЛОБАЛЬ КАМПАНИЯлар бошлангани ҳақида ББС журналистлари ва бошқалар ҳақиқатга тўғри келмайдиган, ёлғон “хабарлар” тарқатишади. Лекин мана шу глобал кампаниялар аслида ташкил қилинадими, йўқми бу ҳақда ҳам ўзбек жамоатчилиги хабар топиб ўз муносабатини билдириш вақти етиб келди деб хисоблаймиз.

Ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолиятим сабаб олиб борилаётган бунингдек қоралов кампаниялари нафақат менга қарши, балким Ўзбекистондаги диктатура режими босими ва тахдидлари ортидан 2015 йил 30 августда вафот этган адвокат опам, ҳуқуқ ҳимоячиси 2004 йилда “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти қошида ташкил этилган “Ҳуқуқшунослар қийноқларга қарши” ташаббус гуруҳи ташаббускорларидан бири Маҳаррамхон Тожибоева, шунингдек “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти таъсисчиларидан бири қизим Маҳлиё Акрамова ва унинг турмуш ўртоғи Мурод Акрамов, жажжи ҳуқуқ ҳимоячилари – набираларим Зебо, Юсуф, Мадина ва Юнусларга ҳам қарши уюштирилиб, барчамизнинг ҳуқуқ ва эркинликларимиз бузилаётгани, барчамизнинг ҳам шаънимиз, қадр қимматларимиз оёқ ости қилиниб, бизларни ҳам бадном қилгувчи, ҳақоратловчи, ҳақиқатга тўғри келмайдиган туҳмат ва бўҳтон материалларни интернет нашрлари орқали тарқатиб келинмоқда.

БМТ томонидан 2008 йилда рус тилида нашр қилинган ва шахсан менинг ташаббусим билан ўзбек тилига таржима қилиниб, “Ўтюраклар Клуби” ИҲҲҚХТ интернет нашрида чоп қилинган “Ҳуқуқ ҳимоячилари кимлар ва нима учун улар махсус ҳимояга муҳтожлар?1” номли қўлланма қуйидаги кириш сўзи билан бошланган:

“2008 йили инсон ҳуқуқларига бефарқ бўлмаган кишилар учун муҳим – Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси қабул қилинганига 60 йил тўлди.

Шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўзларини ҳимоялаш учун махсус қабул қилинган ҳужжатга –Жамиятнинг алоҳида шахслари, гуруҳлари ва жамият идораларининг умум тан олинган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоялаш ҳуқуқи ва мажбурияти тўғрисидаги Декларация, содда қилиб айтганда, БМТнинг 1998 йилги Ҳуқуқ ҳимоячилари тўғрисидаги Декларацияси қабул қилинганига ҳам 10 йил тўлди.

Ушбу ҳужжатнинг ўзи бирор юридик кучга эга бўлмасада, ундаги қоидалар юридик кучга эга бўлган бошқа ҳужжатлардан (ҳуқуқ ҳимоячилари фаолиятига тегишли конвенция ва пактлардан) олиниб жамлангандир.

Декларацияда ўзларининг инсон ҳуқуқларини ҳимоялашга бўлган ҳуқуқларидан фойдаланаётган кишиларни ҳар томонлама ҳимоялашни таъминлаш давлатнинг тўғридан-тўғри мажбурияти эканлиги баён қилинади.

Шунингдек Декларацияда яна бир қанча ҳуқуқлар эълон қилинади: инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш ҳуқуқи, сўз эркинлиги ҳуқуқи, инсон ҳуқуқлари бузилиши фактларини қайд қилиш ҳуқуқи, ҳуқуқ ҳимояси фаолияти учун маблағ излаш ҳуқуқи, ҳукумат ва бошқа идоралар ҳаракатларини танқид қилиш ҳуқуқи, халқаро идоралар ҳимоясини излаш ҳуқуқи.

2000 йили ушбу Декларацияга риоя қилинишини назорат қилиш учун БМТ Бош Котибининг Ҳуқуқ Ҳимоячилари бўйича Махсус Вакили тайинланди. Унинг вазифаси – давлатларга ташриф буюриб ҳуқуқ ҳимоячиларининг аҳволини ўрганиш ва баҳолашдир. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўзлари ҳам унга ўз шикоятларини юбориб, ўзлари дуч келаётган тўсиқлар, уларга нисбатан қилинган таҳдидлар ва муомала тўғрисида хабар берадилар.

Ўз мандати доирасида Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик Институтлар ва Инсон Ҳуқуқлари бўйича Бюроси ҳам ноҳукумат ташкилотлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларига, айниқса – Кавказ ва Марказий Осиёликларга алоҳида эътибор қаратади.

Декларацияда белгиланишича, “ҳар бир инсон ўзи якка ҳолда ва бошқалар билан биргаликда инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини миллий ва халқаро миқёсда рағбатлантириш, ҳимоя қилишга ҳаракат қилиш ва рўёбга чиқариш ҳуқуқига эгадир”.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг аҳволи билан жамиятда содир бўлаётган ҳодисалар ўртасида маълум боғликлик бордир, чунки, одатда ҳуқуқ ҳимоячиларининг ишлаш шароитларининг ёмонлашуви – ушбу мамлакатда эркинликларнинг умумий бўғиб ташланишига тўғри келади.

БМТнинг Ҳуқуқ Ҳимоячилари тўғрисидаги Декларациясига кўра, ҳуқуқ ҳимоячилари – булар “якка ёки бошқалар билан биргаликда инсон ҳуқуқларини тарғиб қилаётган ёки ҳимоя қилинишини талаб қилаётган кишилардир”.

“Ҳуқуқ ҳимоячилари” тушунчаси фақат бирорта нуфузли ноҳукумат ташкилотининг вакили дегани эмас. Ҳуқуқ ҳимоячилари алоҳида юридик мақомга эга эмаслар, бошқалардан фарқли ҳеч қандай махсус ҳуқуқларга ҳам эга эмаслар, лекин, уларнинг фаолияти туфайли уларга нисбатан содир қилинаётган ҳуқуқбузарликлар сабабли уларни махсус ҳимоялаш кафолатлари зарур.

Боз устига, ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳимоялаш билан турли жиноятлардан жабрланганлар ҳам ҳимоя қилинади, уларнинг овозлари эшитилиши имконияти ошади, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари керак бўлган ташкилотлар билан алоқа ўрнатилади.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фарқли томони – ўзлари тарғиб қилаётган қадриятларга содиқликдир. Уларнинг орасида турли кишиларни учратишингиз мукин, лекин барчаси инсон ҳуқуқларининг ҳаммага тегишли эканига ва бу ҳуқуқларни инсонлардан ажратиб бўлмаслигига ишонадилар.

Жинси, ирқи, миллати, дини, жинсий мансублиги ва бошқа фарқли жиҳатларидан қатъий назар ҳамма инсонларнинг тенг ҳуқуқли эканига уларнинг ишончлари комил.

Ҳуқуқ ҳимоячилар – инсон ҳуқуқларини тинч йўллар билан, зўравонликсиз тарғиб қилаётган ва талаб қилаётган кишилардир.

Бутун дунёда инсон ҳуқуқларига риоя қилишнинг аҳволи ёмонлашиб бораётганини кузатишимиз мумкин. Андозаларнинг қадри тушиб бормоқда, ҳокимиятлар ўзларининг хатоларини санашларини, муаммоларни кўрсатишларини ёқтирмайдилар, инсоннинг эркинлиги тушунчаси эса тобора торайиб бормоқда.

Шунинг учун, ҳуқуқ ҳимоячиларининг иши – инсон ҳуқуқларини қадрлашни талаб қилиш, аниқ шахслар ва гуруҳларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қайта тиклаш – жуда муҳим фаолиятдир.

Шундай экан, давлатнинг энг оғир муаммолари тўғрисида сўзлашдан ҳайиқмайдиган, ўзбошимчаликка қарши чиқаётган, ҳукумат вакилларининг ҳуқуқбузарликларини ўзларига кўрсатаётган, ёпиқ тизимларни шаффофлаштираётган, ҳокимият учун, баъзан эса жамият учун ҳам энг “ноқулай” бўлган, лекин, ёпиқлигича қолиб кетаверса газак олиб низоларга, катта муаммоларга сабаб бўладиган масалалар устида баҳс юргизаётган кишиларни ҳимоя қилиш механизмлари тўғрисида сўзлашга кун сайин эҳтиёж кучаймоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ишларидаги муваффақиятлари кўпинча ўзларининг бошларига бало бўлиб қайтади, чунки бу муваффақиятлар мустабид ҳукмдорларнинг кучли қаршилигига сабаб бўлади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари фаолиятисиз давлатнинг ҳаракат эркинлиги чекланмас бўлиб қолади, ва у жамиятнинг ривожланишига ёрдам берувчи механизмдан ҳар бир инсоннинг ҳаётини тўлиқ назорат қиладиган узурпаторга, давлатнинг бошида турган муайян шахс нимани хоҳласа шуни қиладиган, чекланмаган диктаторга айланади.

Шунинг учун ҳам бу ерда келтирилган таърифдаги ҳуқуқ ҳимоячиларининг борлиги жуда муҳимдир. Шунинг учун ҳам уларга нисбатан маъмурий ёки жиноий ҳуқуқбузарлик содир этилганда уларга самарали ҳимоя ва самарали тергов кафолатланиши зарур.

Шуни эсдан чиқармаслигимиз керакки, дунёда инсон ҳуқуқларига бўлган ҳурматни яққол кўрсатувчи асосий кўрсаткичлардан бири – бу ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўз зиммаларига олган ижтимоий вазифаларини қанчалик эркин амалга ошираётганларидир.

1Ушбу матн Халқаро Амнистия ташкилотининг сайтидаги (http://www.amnesty.org.ru/pages/inst-hrd-rus) материаллар ва Ҳуқуқ Ҳимоячилари Ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича Обсерваториянинг 2007 йилга «Қайсарлик билан Гувоҳлик қилиш» FIND/OMCT деб номланган хисоботдан олинган.

“Биз жамиятимизда учрайдиган ҳар қандай иллатга қарши курашамиз – БИЗ ОГОҲМИЗ!” шиори остида фаолиятини 2000 йил 17 январда бошлаган ва бугунги кунгача давом эттираётган “Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг (“Ўтюраклар Клуби” ИҲҲҚХТ) асосий мақсад вазифаси – диктатура режими (сиёсий қатағон, қийноқлар, адолатсиз судлов), терроризм, радикализм, гиёҳванд моддалар ва одам савдоси, коррупция жиноятларига қарши кескин курашиш, дунё тинчлигига рахна солгувчи ушбу жиноятларга қарши тинимсиз бонг уришдан иборатдир.

Ташкилот фаолият юритишда 4 йўналиш – инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқи ҳимояси йўлидаги оммавий кампаниялар уюштириш, матбуот ва сўз эркинлиги, шунингдек фуқаролик жамияти фаоллари ва оддий инсонларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятни оширишга, бир сўз билан айтганда жамоатчилик назоратини шакллантиришга кўмаклашишдан иборатдир.

“Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти билан унинг қошида ташкил этилиб, ташкилотнинг Низоми асосида фаолият юритувчи “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳи, “Муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш кўмитаси”, ҳамда “Ўзбекистон фуқаролик жамияти “Муқобил Ўзбекистон” мувофиқлаштириш кенгаши ва унга кирувчи нодавлат ташкилотлар, дунёнинг турли бурчида яшайдиган ва Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммоларига бефарқ бўлмаган фаоллар, шунингдек ASFA Consalting – собиқ СНГ давлатлари бўйича қочқинлар иши бўйича эксперт ташкилоти, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти яқиндан ҳамкорлик қилиб келадилар.2011 йил 3 февралда Францияда давлат рўйхатидан ўтган ва “Биз жамиятимизда учрайдиган ҳар қандай иллатга қарши курашамиз – БИЗ ОГОҲМИЗ!” шиори остида фаолиятини давом эттираётган “Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг (“Ўтюраклар Клуби” ИҲҲҚХТ) асосий мақсад вазифаси – диктатура режими (сиёсий қатағон, қийноқлар, адолатсиз судлов), терроризм, радикализм, гиёҳванд моддалар ва одам савдоси, коррупция жиноятларига қарши кескин курашишдир.

Ушбу мақсад, вазифаларимизни амалга оширишда нафақат диктатура режими узоқ йиллар давомида сиёсий қатағон, қийноқлар, адолатсиз судлов сиёсатини юритган Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммолари, балким дунё жамоатчилигини ларзага солаётган, ўйлантираётган энг оғир муаммолар – Ўзбекистонга боғлиқ холатдаги ва бугунги кунда авж олиб бораётган гиёҳванд моддалар савдоси ва унга боғлиқ холатдаги одам савдоси, терроризм, радикализм, коррупция жиноятлари тўғрисида ва уларни содир қилаётган жиноий унсурларга қарши сўзлашдан ҳайиқмаётганимиз, ўзбошимчаликка қарши чиқаётганимиз, уларни танқид қилаётганимиз нафақат бирор бир давлат ҳукумати вакилларининг, балким ушбу иллатларга ўралашиб қолган нуфузли халқаро ташкилотлар вакилларини, халқаро жамғармалар вакилларини, халқаро матбуотлар вакилларини ҳуқуқбузарликларини ўзларига кўрсатаётганимиз, ёпиқ тизимларни очиқ ошкораликка чақираётганимиз, шаффофлаштираётганимиз, улар учун, баъзан эса жамият учун ҳам энг “ноқулай” бўлган, лекин, ёпиқлигича қолиб кетаверса газак олиб низоларга, катта муаммоларга сабаб бўладиган масалалар устида баҳс юргизаётганлигимиз учун ҳам босимга учраяпмиз, бизларга таҳдидлар, шантажлар қилмоқдалар, туҳмат ва бўҳтон кампаниялари олиб бормоқдалар, очиқдан очиқ ижтимоий тармоқларда, ютуб каналларда ва интернет нашрларида ҳақоратлар қилмоқдалар.

Мана шундай таҳдиддар ва шантажлар сабабли ҳам “Нега ҳаққи ҳуқуқлари топталаётган қўшни мамлакатлар фуқароларининг ҳуқуқларини тиклаш учун бирданига бир неча қўл узатиладию, 32 миллиоиндан ортиқ ўзбек миллатининг дардига қулоқ тутадиган мард топилмайди? Биз Ўзбекистонликларнинг, ўзбек миллатининг бошқа миллатлар вакилларидан қаери кам?” дея бор овозимиз билан бақира олмаймиз.

Чунки ўз фуқароларини ҳаққи ҳуқуқларини оёқ ости қилаётган, сиёсий қатағон, қийноқлар ва адолатсиз судлов шакллари билан инсонларни эркинлигини бўғаётган хукумат вакилларини танқид қилсанг дарҳол “ватан хоини”га чиқариласан киши.

Ҳаққоний террорчилар, жиходчилар, радикаллар ва уларнинг ҳомийлари, матбуотлардаги тарғиботчиларини, гиёҳванд моддалар ҳамда одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳларни, коррупция жиноятига бўғзигача ботган гуруҳларни жиноий фаолиятига қарши ўз сўзингни айтсанг, танқид қилсанг, дарҳол бу чиркин гуруҳларнинг етакчилари, уларнинг жиноий шериклари, югурдаклари, малайлари томонидан “шаллақи”га, “бозорчи”га, «маҳсус хизматлар хизматкори»га, “ашаддий фирибгар”,  “шантажчи»га, «ўқиб уқимаган фаросатсиз»га, “саводсиз”, “онги паст”га айлантириласан киши.

Шантаж – бу бирор бир шахсга ўзининг бирор бир позициядан қайтиши ёки буйсундиришга қаратилган ҳатти харакатдир. “Агар сен ўз қарашингдан, ҳатти харакатингдан қайтмасанг, бизга бўйсунмасанг биз сени обрўингни тўқамиз” деган информацион оқимга шантаж дейилади.

Аслида бизлар эмас, юқорида санаб ўтилган, парда ортига яширинган жиноий унсурлар вакиллари ва хожаси ташлаган суякдан қуруқ қолмаслик учун ҳақиқат курашчиларига қарши хураётган “итлари”, уларнинг югурдаклари шантажчилардир. Бизларни овозимизни ўчириш, ўзларининг жиноятлари ҳақида гапирмаслигимиз учун қоралов кампаниялари олиб борилганида мана шу югурдакларнинг хизматлари беқиёс бўлади, жамоатчилик эътиборини чалғитиш учун бу кимсалар ҳар қандай пасткашликдан, жирканчликлардан тап тортмайдилар.

Андишанинг отини қўрқоқ қўйган бу чиркин гуруҳлар вакиллари ҳох давлат идораларида ишласинлар, ҳох бирор бир юртнинг шаханшоҳи бўлсинлар уларга алоқадор бўлган сиёсий қатағонлар, қийноқлар, адолатсиз судловларга, терроризмга, радикализмга, жиходга, гиёхванд моддалар ва одам савдосига, коррупция жиноятларига қарши курашимизни тўхтатиш, бизларни овозимизни ўчириш учун бор харакатлари ҳамон тўхтагани йўқ.

Чирмовуқдек эркин нафас олишимизга йўл бермай овозимизни бўғаётган чиркин гуруҳларга айтар сўзим шу!!!

Агар юқорида санаб ўтганимиз фаолиятимиз билан, яъни  инсон ҳуқуқи, демократия принципларига зид равишда қонунларни оёқ ости қилинишига қарши курашишимиз, танқид қилишимиз, ўз муносабатимизни билдиришимиз учун «ватан хоини», «шаллақи», «бозорчи», «шантажчи», «ашаддий фирибгар», «саводсиз», «онги паст» ва яна қандайдир бир бало номлар билан аталар эканмиз, ҳа биз сизлар айтгандекмиз!  ҳар қанча бизларни ерга урманглар, барча чиркин гуруҳдагилар бирлашиб устимиздан мағзавалар ағдарманглар биз ўз позициямизда собитмиз ва сизларнинг жиноий кирдикорларингиз ҳақида ўз муносабатларимизни билдиришдан тўхтамаймиз!

Агар сизларнинг жиноий қилмишларинингизни кўриб била туриб, лом мим демаслик инсон ҳуқуқи ҳимоячисининг вазифасига кирадиган бўлса кечдик биз ўша ҳуқуқ ҳимоячиси деб сизлар тақиб берган унвонларидан!

Энди бундан буёғига ўзбек миллати вакилларининг қадр қимматлари оёқ ости бўлишларига заррача бўлсада хисса қўшадиган ҳар қандай гуруҳларни, кимсаларни асл башараларига ойна тутишни жиддийлаштиришга, расмийлаштириб боришга қарор қилдик, сизларнинг жиноий кирдикорларингиз ҳақидаги ҳаққоний исбот далилларни, хужжатларни жамоатчиликка тақдим қилиб борамиз. Ушбу жамоатчиликка тақдим қилинган далилларга муносабат билдириш ва баҳо бериш улар хукмига хавола.

Инсон ҳуқуқи, демократия принцияларини қўллаб қувватловчи, қонун устиворлигини қўллаб қувватловчи жамғармаларда коррупция илдизи борган сари чуқурлашиб бораётганига қарши билдирган муносабатларимиз ортидан босимлар, таҳдидлар авж олиши бизларни тўғри йўлда эканлигимизни яна бир бора исботлади.

Афсуски бунингдек таҳдидлар ва бошқа усулдаги босимлардан ҳимояланиш имкониятидан буткул маҳруммиз.

Ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида Инсон Ҳуқуқлари Умумжахон Декларациясида, шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўзларини ҳимоялаш учун махсус қабул қилинган ҳужжатда – Жамиятнинг алоҳида шахслари, гуруҳлари ва жамият идораларининг умум тан олинган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ва ҳимоялаш ҳуқуқи ва мажбурияти тўғрисидаги Декларацияда, содда қилиб айтганда, БМТнинг 1998 йилги Ҳуқуқ ҳимоячилари тўғрисидаги Декларациясида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқларимизни бузилаётганлиги, Франциядек демократик давлатда яшаб туриб ўзимни, ташкилотимиз фаолларини, юқорда санаб ўтганим каби ҳамкорларимизни, оила аъзоларимни ҳаётимизни бехавотир ва ишончли деб айта олмайман.

Шунинг учун ҳам Декларацияда кўрсатиб ўтилган Деклорацияда кўрсатиб қўйилган қуйидаги ҳуқуқларимиздан фойдалана олмаётганимиз юзасидан экспертиза хулосасини берадиган ташкилот вакилларига бизлар тақдим қиладиган исбот далилларимиз билан тўлиқ танишиб чиқиб, бу муаммоларнинг юзага келиш сабабларини аниқлаб, ушбу ҳуқуқларимиздан тўлиқ фойдалана олмаганимиз ва бундан кейин тўлиқ фойдалана олишимиз имконини яратишга хисса қўшиши мумкин деб хисоблаган ташкилотлар, халқаро институтларга, давлатларга ва бошқа ўзлари лозим деб билган жойларга расмий мурожаатлар қилишларини сўрадик:

Инсон ҳуқуқларини ҳимоялашга бўлган ҳуқуқларидан фойдаланаётган инсон сифатида ҳар томонлама ҳимоялашни таъминлаши керак бўлган давлатнинг тўғридан-тўғри мажбуриятини бажаришини сўраш:

Шуниндек:

инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш ҳуқуқи;

сўз эркинлиги ҳуқуқи;

инсон ҳуқуқлари бузилиши фактларини қайд қилиш ҳуқуқи;

ҳуқуқ ҳимояси фаолияти учун маблағ излаш ҳуқуқи;

ҳукумат ва бошқа идоралар ҳаракатларини танқид қилиш ҳуқуқи;

халқаро идоралар ҳимоясини излаш ҳуқуқи

Бизлар миллатдошларимизнинг оху зорларига қулоқ тутмаётган кимсаларни танқид қилганимиз учун тахдидлар ва камсишларга, интернет нашрлари орқали қоралов кампаниялари қурбонларига айланамиз.

Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг мустақил вакиллари учун бериладиган молиявий ёрдам ва грантлар ГОНГО (ҳокимият томонидан ташкил қилинган ва давлат назорати остидаги Нодавлат, нотижорат ташкилотлар) ташкилотларига бериладиган шу турдаги ёрдам миқдори оширилганлиги сабабли кескин камайди.

2003 йилда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан расмий рўйхатдан ўтган мамлакатдаги ягона давлат рўйхатидан ўтган «Эзгулик» жамияти 14 йилдан буён мамлакат бўйлаб, 76 бўлимига эга бўлган, халқаро ҳамжамиятга кенг танилган ташкилот бўлиб, ўтган давр мобайнида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига оид кўплаб йиллик ҳисоботлар, матбуот-релизларини мунтазам нашр қилиб келган ва келмоқда.

2010 йилдан буён оғир молиявий инқирозни бошидан ўтказаётганига қарамасдан, ташкилот шу кунгача ҳам ўз ишини давом эттирмоқда.

Лекин Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқи муаммолари оғир бўлишига қарамасдан ва айнан шу йўналишда шаффофлик ва ҳалоллик билан фаолият юритгувчи инсон ҳуқуқи муаммолари билан шуғулланувчи фаоллар, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳамда матбуотларни ҳалқаро инситутлар томонидан етарли қўллаб қувватланмаслиги танқидга сазовардир.

“Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг ташкил топгандан буён 17 йиллик фаолиятига алоқадор кўплаб маълумотларни ташкилот http://mutabar.org/ расмий сайтининг ЎТЮРАКЛАР КЛУБИ, АРХИВ ва МЎЪТАБАР ТОЖИБОЕВА рукнлари орқали танишиш, бизларнинг фаолиятимизга алоқадор ҳоҳ танқидий, ҳох ижобий, ҳох қораловчи материаллар тайёрлашда фойдаланишлари мумкин бўлишига қарамасдан сайтимизда чоп қилинган хужжатлар, тергов материаллари, суд хукмлари, босимлар ўтказилганлиги ҳақидаги давлат идораларига қилинган шикоятлар, мурожаатлар ҳамда уларга турли давлат идоралари мансабдорлари томонидан берилган жавоблар, текширув якунлари эълон қилинган бўлсада бизларга қарши турли туҳмат, бўҳтонларни тарқатишда давом этмоқдалар.

Бунингдек туҳмат ва бўҳтон кампаниялар орқали мен – Мўътабар Тожибоевани, мен асос солган ва 17 йилдан буён бошқараётганим “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотини беобрў қилишга, ҳаттоки режим малайлари томонидан ўлдирилган ҳам адвокат, ҳам ҳуқуқ фаоли булган Махаррам опамнинг, фарзандларимнинг шаъни, қадр қимматларини оёқ ости қилишга   муккасидан кетган ва кетаётган ҳоҳ мухолифат “ЛИДЕРИ” бўлсин, хох унинг шотирлари, ҳоҳ бирор бир матбуотга қарашли “ЖУРНАЛИСТ” бўлсин, ҳоҳ “МУСТАҚИЛ ЖУРНАЛИСТ”, ҳох Ўзбекистондаги маҳсус ҳизматлар фойдасига ЖОСУСлик қилиб келган ўзга юртларнинг фуқаролигини олган кимсалар бўлсин, бизга фарқи йўқ бундан буён уларнинг қилмишларини жамоатчиликка исботлар ва далиллар билан ошкор қилиб боришга, улар яшаётган, фаолият юритаётган мамлакатлар хукуматларига мурожаатлар қилишга қарор қилганимизни билдирамиз.

Биз бизларни юқорида санаб ўтган ҳуқуқларимизни бузилган ёки бузилмаганлигини аниқлаб, агар ҳуқуқларимизни бузилган деган хулосага келадиган бўлса мана шу ҳуқуқларимизни бузилишига сабаб бўлган ёки ҳуқуқларимизни бузилиши ҳақида қилган мурожаатларимизга совуққонлик билан қараган ҳар қандай матбуотлар, ташкилотлар, халқаро жамғармалар, ҳалқаро ташкилотлар, ўша ҳуқуқларимизни бузилишига сабаб бўлган матбуотлар, ташкилотлар жойлашган мамлакатлар Хукумат бошлиқларига, Ташқи Ишлар Вазирликлари, Ички Ишлар Вазирликлари, шунингдек Америка Давлат Департаменти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кўмиталарига мурожаатлар қилиб биз келтирган важлар юзасидан хизмат текширувлари ўтказиб, бузилган ҳуқуқларимизни тиклашга кўмак беришга розилик бериб биз билан шартнома имзолаган ташкилотга терроризм, радикализм, ИШИД, коррупция, гиёхвандлик ва одам савдоси каби жиноятларга қарши курашганимиз ортидан ҳуқуқларимизни бузилганлигини исботлайдиган хужжатларни, далилларни унга таълуқли хужжатларни ҳам тақдим қилиш ҳақида келишдик.

Бундан ташқари 2010 йилдан бошлаб ташкил этилган, актив фаолияти билан жамоатчиликка танилган, лекин фаолиятини олиб бориш ва давом эттириш учун ҳеч қандай молиявий кўмаклар берилмагани сабабли фаолияти тўҳтаб қолган ёки тугатиш арафасида турган турли ташаббуслар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берамиз.

2002 йилдан бошлаб 2008 йилгача бўлган даврдаги фаолиятимиз юзасидан қилинган тўсқинликлар, босимлар, таҳдидлар ва ҳаққи ҳуқуқларимиз бузилганлиги юзасидан БМТнинг қарори чиқарилгаи.

Шунинг учун бизнинг юқорида санаб ўтилган ҳуқуқларимиз  паймол этилганлигини аниқлаб ўз расмий хулосасини беришга шартнома тузганимиз ташкилот 2011 йилдан, яъни «Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳалқаро ташкилоти расмий рўйхатдан ўтган пайтидан бошлаб шу бугунги кунгача бўлган даврда содир бўлган ҳар бир ҳуқуқ бузилишларимиз юзасидан ўз текширувларини олиб боради.

Текширув жараёни пайтида бизларнинг ҳуқуқларимиз бузилмагани, аксинча биз қонунларни оёқ ости қилганлигимиз ҳақида гувоҳлик берувчи рақиб томондаги унсурларни ўз гувоҳликларини хужжатлар ва бошқа далиллар билан исботлаб беришлари уларнинг кўмаклари текширувни мустақил ва холисона, адолатли олиб борилишига қўшган улкан хиссалари бўлади.

Бизнинг бундай қарорни қабул қилишимизга охирги 2017 йилнинг 16 январь куни Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтида чоп қилинган «Инсон тубанлигининг чегараси борми?» дея номланган ва 22 январгача 3 марта ўзгартирилган мақоланинг илк 16 январь кунги чоп қилинган ва менинг шаъним, қадр қимматим, ишчанлик обрў эътиборимни ҳақоратловчи, ҳақиқатга тўғри келмайдиган туҳмат ва бўҳтондан иборат бу мақола ва унинг ортидан фесбок саҳифаларида уюштирилган қоралов кампанияси ҳамда 26 январь куни ютуб каналга жойланган «Мўътабар Тожибоева аслида ким? – Ашаддий фирибгар» деб номланган 39.28 минутлик «видеофильм» сабаб бўлди.

Ўзбекистондаги ҳуқуқшунослар орасида тарқалган миш миш ортидан ушбу «видеофильм»ни томоша қилган «Қийноқларга қарши ҳуқуқшунослар» ташаббус гуруҳида узоқ йиллар бизнинг ташкилотимиз билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келган ва «Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг ташкил топган йилидан бошлаб токи мен хибсга олингунча бўлган пайтгача фаолиятидан тўлиқ хабардор бўлган ҳуқуқшуноснинг 22 февраль куни менга алоқага чиқиб»фильм» ҳақида берган хабари мен учун янгилик бўлди.

«Мўътабар опа ўзингиз ҳақингиздаги фильмни кўрдингизми? Роса чайиб қўйишибдику. Қайси фаросатсиз тайёрлабди бу фильмни? Ҳеч бўлмаса сиз ҳақингиздаги ҳаммага маълум бўлган маълумотларни тўғрисини ишлатишса бўлмасмиди? Қаранг, биргина жиноят ишингиздаги «жабрланувчи» Тохир Мамадаминовнинг интервьюси қанчалик «ишонарли». Чўнтагингда диктофон билан кирибсан, Тожибоевани куёви сени калтаклабди, «Онангни, хотинингни болаларингни олдида эркакларга қўшиб бераман» деб қўрқитилибсану, йиллар давомида сизни тирноғингиздан кир қидириб бир неча марта чув тушган маъмурий органлар, ҳусусан Тохирга диктофон берган прокурорлар бу диктофонга мухрланган олтинга тенг далиллардан сизга қарши фойдаланишмабдида. Диктофон билан олдингизга кирган «бечора»ни калтаклаган куёвингизни ҳам сизга қўшиб хибсга олмабдиларда. Бу фильмни кўрган ва ҳуқуқларини тиклашга ёрдам ололмаётган инсонларни сизга мурожаат қилишлари кўпайиб кетади энди қараб туринг» дея кулгани қулоғим остида.

Шундан кейин ўша «фильм»ни кўрдим. Бу «фильм» ҳақидаги илк тааъсуротларимни «Мўътабар Тожибоева: Савиясиз фильмни суратга олишдаги илк ёлғонлар!!!» номли мақоламда тўхталиб ўтдим.

Менинг фаолиятимга тўсқинлик қилиш учун яратилаётган бундай бўҳтонларга ўз муносабатини билдириб келаётган, қўллаётган дўстларимга, фикрдошларимга ўз миннатдорлигимни билдираман.

 

Ҳақиқатан ҳам адолатсизликка, разолатга қарши бутун умри давомида курашиб келгани учун режим томонидан ўлдирилган яқинингиз, жигарингизга тухмат қилсалар қайси бир инсон зоти чидаши мумкин

Фарзандларингизга бўхтон тошлари ортида қолса қайси она дош бериши мумкин?

Шахсан ўзимга нисбатан қилиб келинаётган бунингдек разилликларга дош бериб келаётгандим. Энди пичоқ суякка бориб тақалди. Энди ҳар ким қилмиши учун жавоб берадиган палла етиб келди.

2014 йилдаги Андижон фожеалари юзасидан кампания бошлаганимда мени Ўзбекистонда махкамага тортдилар.

2015 йилги кампания доирасида эса қизим Махлиё Акрамова, турмуш ўртоғи Мурод Акрамовлар махкамага тортилдилар.

Набираларим Зебо, Юсуф ва Мадина 2014 йилда Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримов матбуот орқали Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини “дангасалар” деб ҳақорат қилганида “Меҳнат муҳожирларидан қўлингни торт” номли фотокампанияда иштирок этганлар. 2015 йилнинг май ойида Андижон фожеасининг 10 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Қонли Андижонга 10 йил” бир ойлик кампанияси доирасида ўтказилган тадбирларда иштирок этиб Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиёсий маҳкумларни озод қилиш ва ота оналарига, бувиларига, Ўзбекистонда қолган қариндошларига қилинаётган босимларга чек қўйиш талаби билан чиққанлар. Улар иштирок этган тадбир ҳақида тайёрланган “Ғафлатдаги миллатни мурғак қалблар уйғотади” номли видеороликда танишиш мумкин.

Шунингдек ташкилот вакиллари – “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳи вакиллари Қаюм Ортиқов, Мохира Ортиқова, Хусан Рўзиевлар БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ва институтлар билан ҳамкорлик қилганликлари учун қоралов кампаниялари қурбони бўлдилар. Қаюм Ортиқовни камситувчи, ҳақоратловчи мақола чоп қилган бўлсалар, Хусан Рўзиевни ҳаётини хавф остига қўядиган фильм намойиш этдилар ва қораловчи мақолалар ўзбек матбуотларида чоп қилинди.

“Мухожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш кўмитаси” вакиллари Руслан Майтанов ва Канат Ибрагимовлар турли босимларга учраб, тахдидларга учрамоқдалар. Кўмитанинг асосчиларидан бири Ҳамидқориев Мирсобир Россиядан ўғирлаб кетиб 8 йилга қамалди. Кўмитанинг таъсисчиларидан бўлган Ислом Тагаров ва Шерзод Бекмуратовлар Суриядаги жангларда вафот этганлар.

Терроризм, жиходга,  курашнинг энг радикал усуллари тарғиботини қилган Муҳаммад Солиҳ чақириқларига ҳамда бу тарғиботни ўзгача талқин қилган Озодлик радиоси  қарши ўз фуқаролик позициясини билдирганимиз учун бизларга қарши нафақат троллерлар, балким дунё жамоатчилиги алдаб, ёлғон материалларни эфирга узатишдан уялмаган нуфузли радио мухбирлари, баъзи бир «ҳуқуқ фаоллари» ҳам нафақат қоралов кампанияларида иштирок этдилар балким бу қоралов кампанияларини бошқардилар.

Масалан: АҚШда яшайдиган таниқли сиёсат арбоби, журналист Жахонгир Муҳаммадга қарши “Мен Жахонгир Муҳаммадни блоклайман” кампаниясини журналист Галима Бухарбаева бошқарадиган Центр1 интернет нашрида чоп қилинган «Шавкат Мирзиёев расколол узбекскую оппозицию« номли мақоласида баён қилинган кимсалардан ташқари фаолияти ўзбек жамоатчилигига номаълум бўлган, лекин Сорос ва бошқа жамғармалар томонидан молияланиб келган “Петиция” ташкилотининг проект рахбари ва “Платформа” ташкилотининг бошлиғи Ёдгор Обид, 2012 йилда «Творчество и права человека (Ижод ва инсон ҳуқуқи) номли грант дастурига асосан 2012 йилда Перуда, Брюсселда ва Парижда Ўзбекистон қийноқларга қарши фотокўргазмалар ўтказиш шарти билан молияланган, лекин ҳеч қандай фотокўргазма ўтказмасдан олинган пулларни ўзлаштириб юборгани гумон қилинаётган проект рахбари Сергей Игнатьевлар бошқарганлар.

2015 йилдаги ташкил этилган Виртуал сайлов кампаниясида ВСКнинг матбуот котиби бўлган ва 2016 йилнинг 16 январь куни ташкил этилган Туғён радиосининг мухаррири Улуғбек Бакировга қарши ҳам қоралов кампаниялари олиб борилди. Улуғбек 2015 йилда махкамага тортилди, 2016 йилда эса Ўзбекистонда қолган қари онаси ва оила аъзоларига босимлар ўтказилиб, онаси яшайдиган хонадонга ниқобли қуролланган кимсалар бостириб кириб тинтувлар ўтказганлар. Ташкилотнинг бошқарув Кенгаши вакили Камолиддин Раббимовнинг электрон почталарига тахдид ва шантажлар қилинган мактублар юборилди.

Мен ва мен бошқараётган ташкилот вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, қийноқлар ҳақида бонг ураётган қийнаб ўлдирилган Бухоролик тадбиркор Илхом Ибодовнинг синглиси Дилфуза Ибодова, сиёсий маҳкумларнинг оила аъзоларидан Мирсобир Ҳамидқориевни яқинлари ҳам ханузгача босим остида қолмоқдалар.

Бунинг босимлар менинг ва бошқа фаолларнинг иш фаолиятимизга салбий таъсир кўрсатиб, биринчидан мени жисмоний ва руҳий қийналишимга олиб келмоқда, қолаверса 2000 йил 17 январда менинг ташаббусим билан ташкил этилган ва Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммоларига қарши энг узоқ муддатдан фаолиятини давом эттириб келаётган, Ўзбекистон хукумати адолатсиз судлови хукмига кўра мамлакатда таъқиқланган, ғайриқонуний ташкилот деб эълон қилинган, бир неча маротаба халқаро мукофотлар совриндори ҳамда эътирофларга муносиб топилган “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқлари ташкилотини (бу ташкилот 2011 йил 3 февраль куни Францияда “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти номи билан давлат рўйхатидан ўтган) фаолиятини эмин эркин юритишга тўсқинликлар бўлаётгани учун бизларни барчамизни ҳуқуқ ва эркинликларимизни ҳимоя қилишимиз учун бундайин қоралов кампанияси юзасидан мустақил, холис экспертиза текшируви ўтказиб, ўз хулосасини бериши учун шартнома тузганлигимиз энг тўғри йўл бўлди деб хисоблайман.

Чунки шу бугунги кунгача айнан ҳуқуқ ҳимоячилари ҳуқуқ эркинликларини ҳимоя қиладиган нуфузли ташкилотларга, давлатларнинг ташқи ва ички ишлар вазирликларига ва бошқа идораларига ёзма тарзда мурожаатлар қилиб, бузилаётган ҳуқуқларимиз, бизларга қилинаётган таҳдидлар, шантажлар, босимлар ҳақида махкама жараёнлари бошлашга кўмак беришни сўраб ёки ўз ташкилотлари номидан муносабатлар билдиришни, баёнотлар қилиб, бизларни ҳимоя қилишларини сўраган бўлсакда қониқарли жавоб ёки ҳимоя ололаётганимиз йўқ.

Мўътабар Тожибоева

“Ўтюраклар Клуби” ИҲҲҚХТ
Рахбари ва асосчиси

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan