Мўътабар Тожибоева: CENLIBART «суд тиббий эксперти» Нигяр Ахмедбекова, Ўзбекистонликлар фахри Елена Урлаевадан қўлингни торт!

Умри давомида Ўзбекистондаги диктатура режимига қарши курашиб, демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимояси учун курашгани, бонг ургани учун нафақат ўзининг балким бутун бошли оила аъзолари, яқинларининг тақдири ачинарли холатда бўлган саноқли миллат жонкуярларини Ўзбек хукумати йиллар давомида оёқ ости қилгани, хўрлагани учун энди дуч келган қаланғи қасанғи ҳам истаганича тепалаяпти.

Кураш майдонидаги ўз фикрдошларимиз, ҳаммаслакларимизга туҳмат, бўҳтон тошлари ёғилаётган бир паллада ўзимиз таниган, билган, инсоният хурлиги, озодлиги учун курашаётган дўстларимизни ҳимояси учун бир оғиз сўз айта олишга қурбимиз етмайдиган бўлса бизларни инсонлигимиз қаерда қолади?

Бир қатор нуфузли Халқаро мукофотлар совриндори, бутун умрини инсон ҳуқуқи ҳимоясига тиккан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси фаоли 60 ёшли Елена Урлаева мажбурий тарзда Тошкентдаги руҳий касаллар шифохонасига ётқизилди.

Елена Урлаеванинг руҳий касалликлар шифохонасидан озод қилиш кампаниясини бошлаш ҳақидаги фесбок ижтимоий тармоғида чоп қилинган хабар тагига 2014 йилнинг 12 январь куни Францияда давлат рўйхатидан ўтгани айтилаётган CENLIBART деб номланган Франция инсон ҳуқуқлари гуруҳининг мустақил экспертизаси «суд тиббий эксперти», дунё миқёси танилган, обрўли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотларининг баъзи бир вакиллари, яъни Аҳмедбекованинг халқаро ташкилотлардаги шерикларининг эътироф этишларича жуда ҳам юқори малакага эга бўлмиш шифокор, ҳамда аёл киши бўла туриб Елена Урлаевани шаъни, қадр қимматини, ишчанлик обрўйини ерга уриб, уни бадном қилгувчи туҳмат ва бўҳтондан иборат изоҳини ёзиб қолдирибди.

Агар Нигар Ахмедбекова халқаро ташкилотларда шерикларини тили билан айтганда катта харфлар билан айтиш мумкин бўлган жуда ҳам кучли шифокор бўлса, яна диктатура режими қурбонларини ҳимоя қиладиган халқаро ташкилотлар тан олган халқаро миқёсдаги «суд тиббий эксперт” бўлса режим қурбони бўлган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаол, яна аёл кишини руҳий касалликлар шифохонасига қамаганларидан хурсанд бўлиши қанчалар даражада ҳақиқатга яқин? Гиппократ қасами қаерда қолди? Агар режим қурбонининг руҳий касалликлар шифохонасига қамалишини байрам қиладиган бўлса бу «эксперт ишлайдиган» ташкилоти  қимларни ҳимоя қилади ва кимларга қарши курашади? Нега ўзбек миллати учун жон фидо қилган ва қилаётган фаоллар устидан кулмоқда бу халқаро ташкилот «СУД ТИББИЙ ЭКСПЕРТИ»??? Наҳот режим қурбонларини ҳимоя қилиш ташкилотлари вакилларини ўз виждонларини ютиб коррупционерлар қўғирчоғига айланган бўлсалар????

Халқаро ташкилотлар ҳамкори Нигар Ахмедбекова Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларига биринчи марта ташланиши эмас, камситиши, устларидан кулиши эмас.

У «суд тиббий эксперти» сифатида фаолият юритадиган  «CENLIBART» номли бу ташкилот ҳам «Платформа», «Петиция» ташкилотлари сингари ҳалқаро жамғармалардан грантлар ундириш ва ўзлаштириш мақсадида рўйхатдан ўтказилгани, лекин аслида мавжуд бўлмаган ташкилот эканлиги, қийнаб ўлдирилган Бухоролик тадбиркор Илхом Ибодовнинг мурдаси суратларини кўриб уни қийноқлар билан ўлдирилганлиги ҳақида хулоса берган «суд тиббий эксперт» аёл эса аслида суд тиббий экспертизасига умуман алоқаси бўлмаган инсон руҳиятига алоқадор касалликларни даволайдиган шифокор эканлиги ҳақида эшитганимизда даставвал ишонмадик.

 CENLIBART СУД ТИББИЙ ЭКСПЕРТИ»  – Нигар Аҳмедбекова билан ёзишманинг тўлиқ матни, ташкилот ҳақида сўралган оддий саволга жазавага тушишнинг сабаби не бўлиши мумкин? Яна инсон ҳуқуқи ҳимоячси билан шуғулланувчи Европанинг энг ривожланган давлатида нечун бунчалик сирлилик???

Суд тиббий экспертизасига алоқаси бўлмаган психолог қандай қилиб қийноқлар бўйича хулоса бериши мумкинлиги бизларни қизиқтириб қўйди. Чунки Ибодовлар оиласини 2016 йилнинг февраль ойидан бошлаб ҳимоя қилиб келарканмиз, яқиндан мулоқотда бўларканмиз, ушбу оиланинг ҳимояси учун Глобал кампания бошлангани ҳақида тарқатилган хабараларнинг ҳақиқатга тўғри келмаслигини, уларни ҳимоялаш учун ҳеч қандай кампания ўтказилмаётганини, уларга на ҳуқуқий, на моддий кўмак берилаётгани йўқ. Аксинча бизлар шуғулланиб ўрганган маълумотларни тескариси бўлган маълумотларни тарқатиш Глобал кампания бўлса унда бунингдек кампаниялардан ҳар бир ўзбекни оллоҳ асрасин.

Агар Глобал кампания олиб борилаётганида эди қийноқларда иштирок этиб, Илхом Ибодовнинг ўлимига сабабчи бўлган ёлланма адвокат Хожиев Жалилнинг жиноятлари ҳақида олиб борилаётган текшириш юзасидан тушунтириш хати олиш учун қамоқхонага борган кимса Рахим Ибодовни ўзининг ва яқинларининг ҳаётига тахдид қилиб қўрқитгани, айни шу куни Раҳим Ибодовни бир бармоғини ишлаб турган станоги узиб юборганлиги ҳақида бонг урган бўлардилар. Раҳим Ибодов укасининг қотиллари жиноятлари ҳақида ўз тушунтириш хати ёзиб бера олмаган, чунки биргина синглиси Дилфуза Ибодованинг қарамоғида қолган қари ота онаси, ўзининг оиласи, фарзандлари, қийнаб ўлдирилган Илҳомнинг оиласи, фарзандлари тақдири ҳар дақиқада хавф остида эканлигини хис қилиб яшаш Рахимнинг ҳаётини жаҳаннамга тенглигини тушунамиз. Лекин уларнинг ҳимояси учун адвокат ёллашга ярамайдиган Глобал кампания кимга керак дегинг келади.

Шу орада 2 марта нотўғри, фактлари текширилмаган баёнотлар тарқатилди холос. Шундай баёнотлар ва мақолалар ичида Франциядаги «CENLIBART» ташкилоти «эксперти» Нигар Ахмедбекова бот бот тилга олина бошлади.

Интернетдан қидирганда ташкилотнинг 2014 йил 12 январда Франциядан рўйхатдан ўтгани ва бир неча йиллардан буён бу ташкилотда экспертлик қилиб келадиган Ахмедбекованинг Илхом Ибодовга алоқадор эспертиза хулосаси берганлиги ҳақидаги хабардан ташқари ҳеч қандай маълумот топишни иложи бўлмади.

CENLIBART ташкилоти билан яқиндан ҳамкорлик қиладиган нуфузли ҳалқаро ташкилотларнинг вакиллари эса ташкилот ва унинг экспертига алоқадор берган саволларимизнинг биронтасига мантиқли жавоб бера олмадилар. Шундан сўнг ўзимни қизиқтирган саволларга Аҳмедбековадан жавоб олиш учун унинг фесбокдаги чатига саволлар билан мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Унга берган оддий саволларимга мантиқли жавоб олиш ўрнига ҳақоратлар, шантажлардан иборат жавобни олдим холос. У ўзи мени ҳақоратлаб, МХХ агенти ва бошқа кирдикорларда айблаб, камситаётган бир пайтида мени ўзига шантаж қилаётганим ҳақида ўзи ҳамкорлик қиладиган ҳалқаро ташкилотларга шикоят қилиши ҳақида ҳам эслатиб ўтишни унутмади. Хатто унинг айтиши бўйича Ибодовларнинг онаси 70 ёшни қоралаб қолган, қулоғи яхши эшитмайдиган, рус тилини умуман тушунмайдиган Хурсанд Ражабова Ахмедбековага алоқага чиқиб, менинг қилмишларим учун ундан узр сўраганмиш.

Ушбу томошадан кейин CENLIBART ташкилотининг расмий юридик адресига ёзиб буюртма хат қилиб жўнатган хатимизга у манзилда бундай ташкилот мавжуд эмаслиги ҳақидаги почта штамлари урилган холатда хатим ўзимга қайтиб келди.

Францияда давлат рўйхатидан ўтгани айтилаётган, яна диктатура режими қурбонларига кўмак берадиган ташкилотнинг бунчалик яширинлиги сири яна бориб Сорос ёки бошқа жамғармаларга бориб тақалса ажабмас.

Лекин Ахмедбекованинг менга нисбатан қилган бехурматлиги, хақоратлари ҳақида унинг яқинлари бўлмиш халқаро ташкилотлар вакилларига мурожаат қилиб, Инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Декларациясида кўрсатиб ўтилган, ахборот йиғиш, танқид қилиш ҳуқуқимдан фойдаланишимга Ахмедбекова томонидан тўсқинлик қилингани, ҳаттоки у мени ҳақоратгани ҳақида айтиб, унга қилган мурожаатим, мурожаатимга олган хақоратли жавобларимни жўнатдим. Лекин ҳақиқатни тик қараб юзга айтадиган Мўътабар Тожибоева, Елена Урлаева сингари фаолларни овозларини ўчириш учун атай ёллангани тахмин қилинаётган Аҳмедбекованинг у билан ишлайдиган ташкилотлар вакиллари мен билан мулоқот қилишни истамасликлари ҳақида қилган баёноти ҳақиқат эканлиги ўз исботини топа борди.

Шунинг учун ҳам мен ўзбек жамоатчилигини, энг муҳими диктатура, қийноқ қурбонларини алдаб, сохта маълумотлар тарқатаётган ва «CENLIBART» ташкилотининг «суд тиббий эксперти» Нигар Ахмедбекова билан ҳамкорлик қиладиган нуфузли халқаро ташкилотларнинг вакиллари билан, бунингдек кир пуллар ўзлаштириш мақсадида рўйхатдан ўтказилиб, коррупция жиноятини ривожланишига хисса қўшиб келаётган жамғармалар билан ҳамкорликни тўхтатиш ва уларга қарши расман байкот эълон қилишга қарор қилдик. Қайси ташкилотлар ва жамғармалар эканлигини уларнинг Президентларига қилган мурожаатимизда баён қиламиз ва қилаётган гумонларимизни исботлайдиган исбот далилларимизни уларга тақдим қиламиз.

Ахмедбекованинг ўзбек диктатураси режими қурбонлари устидан кулишига, хақоратлашига шароит яратиб берган халқаро ташкилотлардаги шериклари ҳам Елена Урлаевадан, ҳам мендан кечирим сўрашини айтишлари керак деб хисоблайман. Агар улар Аҳмедбекова томонидан ҳақоратланишимизга сукут билан қараб турар эканлар, демак Елена ҳам, мен ҳам уларни нозик жойларига тегиб қўйганмиз. Улар ўзларининг коррупция найрангларидаги иштироклари фош бўлишидан нихоятда қўрққанлари учун ҳам имкон даражада бизларни тан олмасликка, бизларни овозларимизни эшитмасликка харакат қилмоқдалар.

Елена Урлаеванинг ҳақоратланишига сабаб бўлган масала «ФОНД» фирмасига алоқадор терроризмни молиялаш, гиёҳвандлик ҳамда халқаро миқёсдаги коррупция жиноятида деб биламиз, 

Тошкент шахрида 1991 йилда ташкил этилиб 2001 йилда фаолияти тугатилган «ФОНД» фирмаси раҳбари Юсупов Солих ўзининг ва шерикларининг жиноий кирдикорларини яшириш мақсадида «ФОНД» фирмасининг барча архив хужжатларини, шу жумладан бухгалтерия хисоботларини, 700дан ортиқ ишчиларнинг меҳнат дафтарчаларини ҳам йўқ қилиб ташлаганлиги айтилади Урлаева тарқатган мурожаатномада. «ФОНД» фирмаси вакиллари Юсупов Солих ва унинг жиноий шерикларини халқаро миқёсдаги терроризмни молиялаш, гиёҳвандлик, коррупция жиноятларига алоқадорликда қоралаб келадилар.

2004 йилдан буён ҳалқаро ташкилотларга, элчихоналарда, хукумат идораларига Юсупов Солиҳ ва унинг шерикларини ҳалқаро терроризмни молиялаш, гиёҳванд моддалар савдосида ҳамда дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари банклари билан молиявий найранглар олиб борган, кир пуллар ўзлаштириш билан шуғуллангани, ўз жиноятларини яшириш мақадида барча архив хужжатларни йўқ қилганликлари ҳақида  700 нафар жабрдийдалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб бош уриб бормаган жойлари қолмаган фирма вакиллари хануз адолатсизлик қурбони бўлиб келмоқдалар. Лекин уларнинг доди войига биров қулоқ солмаган.

Елена Урлаева ФОНД фирмаси ва унинг ҳаққи ҳуқуқлари бузилган 700 нафар ишчилари ҳуқуқларини тиклаш мақсадида юқорида санаб ўтганимиз халқаро миқёсдаги жиноятлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси собиқ Президенти Ислом Каримовга, Европада ҳамкорлик ва ҳавфсизлик ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасига, Европа иттифоқининг Тошкентдаги ваколатхонасига (Европа уйи), АҚШ, Буюк Британия, Италия, Германия, Швейцария, Латвия, Болгария, Россия, Қозоғистон, Хитой, Украина, Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихоналарига, шунингдек секретариати Парижда бўлган кир пуллар ўзлаштиришга қарши молиявий курашувчи гуруҳга (FATF – Группа разработки финансовых мер борьбы с отмыванием денег) Москвадаги Росмониторинг ҳамда Канаданинг Тошкентдаги ҳамда Россиядаги элчихонасига мурожаат қилган.

Ушбу мурожаатда Юсупов Солих ва унинг жиноий шериклари томонидан ўғирланган пулларни яшириш учун банкларда хисоб рақамлари очиб, кир пуллар ўзлаштириш билан шуғулланган кимсалар рўйхати ҳам берилган.

Мурожаатномада баён қилинишича бу кимсалар томонидан ўғирланган кир пулларни, «ФОНД» фирмасининг активлари 15 та давлат – АҚШ, Канада, Буюк Британия, Люксембург, Германия (Берлин, Саарлинген, Саарбрюккен), Швейцария, Болгария, Туркия, Италия, Гонконг, Янги Зеландия (Веллингтон), Латвия, Украина, Козоғистон, Россия давлатлардаги банклар, компаниялар, корпарациялар ҳамда фирмаларга яширилган.

(Дойче банк (Германия),  Коммерц банк (Берлин, Германия), Банк г. Саарлинген (Германия), Банк г. Саарбрюккен (Германия), «Parex» банк (Латвия), «Parex» банк (филиал -Украина), «Parex» банк (филиал – Россия), Банк г. Веллингтон (Новая Зеландия), «Сити» банк и «Барклай» банк (Великобритания, Лондон), «Canadien imperial bank end Commerce» (Швейцария, Канада), Финансовая компания «Visalux»  (Люксембург), Компания «Даймлер бенц» (акции) – Германия, Компания «Мерседес бенц» (акции) – Германия, Корпорация «Тиссен- Крупп» (акции) – Германия, «Укрприват» банк (Украина – Днепропетровск), «РНК» банк (Российский национально-коммерческий банк) – Россия, Москва, «Сбербанк» (Россия, Москва), «Vestern Union», Фирма «Valker investors» Co Ltd (США), Фирма «Европейский дом» (Болгария, София), Фирма «Андиан» (Германия, Берлин), Фирма «Каратау» (Казахстан, Кентау), Фирмы: «Гарантия», «Интерлакрица»,«Солодок», ТД «Москва», «Карпиджани» (Россия, Москва).

Биз Елена Урлаевани руҳий касалликлар шифохонасига қамалишини 2015 йил декабрь ойидан буён у шуғулланаётган Тошкентдаги 1991 йилда очилиб 2002 йилгача фаолият юритган, кейинчалик ғайриқонуний равишда йўқ қилинган “ФОНД” Фирмасининг 700дан ортиқ ҳаққи ҳуқуқлари бузилган ишчиларини ҳимоя қилаётгани билан боғлаймиз.

2016 йилнинг сентябрь ойида «ФОНД» фирмаси атрофида содир этилган ва ханузгача этилаётган жиноятларга қарши курашиб, 700 нафар ишчиларни ҳуқуқларини тиклаш илинжида яшаётган ихтирочи олим Мирзаносир Раҳимовнинг ташаббуси билан суратга олинган, «ФОНД» фирмасидаги кир пуллар ювиш жараёнлари ҳақида хикоя қилгувчи “Ҳақиқатнинг ойдаги акси” номли видеоролик ютуб каналга жойланган экан.

Бу фильмни тайёрлаётган ҳуқуқ фаоли Баходир Элбоев менга алоқага чиқиб халқаро миқёсдаги коррупция жинояти ҳақида фильм қилганликларини, бизнинг ҳам “ҳуқуқ фаоли” Атаеванинг коррупция жиноятига алоқадорлиги ҳақида шуғулланаётганимизни эшитганлигини айтиб, яратган фильмлари харажати учун кетган маблағни бериш имконимиз бўлса у фильмни муаллифлик ҳуқуқини бизга беришини билдирди. Лекин на менда, на ташкилотимда Элбоев сўраган маблағ йўқ эди.

Бундан ташқари Атаеванинг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти давомида коррупция жиноятини давом эттираётганлиги, унинг бу қилмишларини амалга оширишда у билан ҳамкорлик қилаётган жамғармалар вакилларининг иштироки холати қизиқтирарди холос мени. Шу ерда эслатиб ўтишни истардим, менинг Атаева кирдикорларига қарши курашишим хасад ҳам эмас, кўролмаслик ҳам эмас, грантлар талашиш ҳам эмас.

Юқорида айтганимдек биз Атаева билан ҳамкорлик қилиб унинг коррупция найрангларида иштирок этиб келаётган халқаро ташкилотларнинг вакилларига, унинг шериклари бўлмиш жамғармаларга байкот эълон қилдик ва баъзи бир кимсалар бизларга қарши айтаётгани пул илинжида эмас ҳақиқатни тагига етиш илинжида ўша жамғармалардан фаолиятимиз учун маблағ сўрамасликка қарор қилдик. Лекин коррупция жиноятига алоқадор саволларимизга жавоб олиш учун харакатларимиз бир зум бўлсада тўҳтатмаймиз.

Менинг ўзим ҳам Францияга биринчи марта келганимда менга, оиламга катта ёрдамлар қилган Атаеванинг кейинчалик унинг қўлида қўғирчоқ сифатида ўйнатишига розилик бермаганимдан, унинг бошқа фаолларга қарши қоралов кампанияларида иштирок этишга кўнмаганим,  энг асосийси шахсан ўзим ҳам Атаеванинг шантажи, ҳақоратлари, тахдидлари, молиявий найранглари қурбонига айланганим, мен сингари Атаева томонидан қадр қимматлари оёқ ости қилинган жабрдийдалар кўпайиб кетаётгани, умри давомида диктатура режимига қарши курашиб келган фаоллар Атаеванинг олдида писта пўчоғичалик қадри йўқлиги, у билан яқиндан хамкорлик қиладиган халқаро ташкилотларнинг вакиллари ҳам унинг оғзига қараб туришлари, бошқа фаолларнинг фаолиятларини ривожлантириш учун қилган харакатларига Атаева ва унинг командаси бор кучларини сарфлаб янчиб ташлашларини кўриб била туриб бунга қарши ўз сўзимизни айтишимиз керак деб хисобладим.

Айниқса Гулнора Каримова ўғирлаган пулларни жамоатчиликдан яширинча ўзлари ташкил қилган фондга ўтказиш учун харакат бошлаганларидан кейин бу харакатнинг бошида турган Сорос жамғармаси вакили Алишер Илҳомовга ўз муносабатимни билдирдим, яъни халқнинг пули тақдирини хал қилишда халқдан, жамоатчиликдан яширинча харакат қилган ҳаққи ҳуқуқлари йўқлигини айтдим. Шундан кейин мени ўзим ҳам, ташкилотим ҳам қора рўйхатга туширилдим.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари муаммоларига қарши курашиб боргувчи, фаолияти кенг жамоатчиликка маълум бўлган “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ва унинг ҳамкорлари, Ўзбекистонда ягона давлат рўйхатидан ўтган “Эзгулик” жамиятини йиллар давомида молиявий қўлланмай келинган бир пайтда ўзбек жамоатчилигига номаълум бўлган “Петиция”, “Платформа” сингари “ташкилот”лар, “Творчество и права человека” сингари бир қанча жамоатчилик бехабар бўлган дастурлар режим жабрдийдаларига кўмак бериш байроғи остида молияланиб келинган. Уларнинг олган грантлари нимага сарфлангани, кимларни ҳимояси учун сарфланганидан жамоатчилик буткул бехабар.

Чунки «ФОНД» фирмасининг муаммолари билан бир қанча фаоллар шуғуллаётганидан хабарим бор эди ва бошқа ҳамкасбларнинг олиб бораётган ишларига бурун тиқишни мен тарбиясизлик деб билганим учун қизиқмаганман бу ишга.

Лекин 2017 йилнинг 16 январь куни Ўзбекистон ҳалқ харакати сайтида умуман менга алоқаси бўлмаган фильмни буюртма қилган ва ҳақиқатга зид бўлган фильмни ютуб канал орқали кенг жамоатчиликка тарқатганликда мени айблаб, тўхмат, бўхтонлар ёғдириб, мени хақоратлар қилиб, шаъним, қадр қимматимни оёқ ости қилган, ишчанлик обрўимга жиддий зиён етказишга уринган Малоҳат Эшонқулованинг талвасаларидан кейин ФОНД фирмаси тақдирига қизиқа бошладим.

Даставвал бу фирма ҳақида интернет нашрларида чоп қилинган, Елена Урлаева ва бошқалар томонидан электрон адреслар орқали тарқатилган материаллар билан чуқур танишиб чиқдим. Ҳар бир мурожаатлари тагига электрон адреслари, телефон рақамларини эълон қилаётган ФОНД фирмаси вакиллари ўз шикоятларида ўта оғир жиноятлар ҳақида бонг урардилар. Улар айбдорларни нафақат халқаро миқёсдаги коррупция жиноятида, балким терроризмни молиялаганликда, гиёҳванд моддалар савдосида ҳам айблаётгандилар.

Мурожаатларга имзо чекаётганлар “ФОНД” фирмасининг муассисларидан бири, фирманинг собиқ директор ўринбосари Мирзаносир Рахимов,  “ФОНД” фирмасининг Москвадаги филиали собиқ ижрочи директори Саида Камолова, “ФОНД” фирмасининг Москвадаги филиали собиқ ишчиси Тамара Соболева (Галкина), ФОНД фирмасининг Қозоғистондаги ишлаб чиқарувчи ва таъминотчиси Малика Наврузбоева,  ҳамда ФОНД фирмасининг таъминотчиси, хўжалик ишлари бўйича бўлим бошлиғи Эргаш Ариповлар эди.

Даставвал мен бу фирма жабрдийдалари баён қилаётган бу айбловларини қанчалик жиддий эканлигини тушунмаётган бўлсалар керак деган гумонга бордим. Шунинг учун Мурожаатларга имзо чекаётган шахсларга бирма бир телефон қила бошладим. Биринчи бўлиб мен гаплашган инсон Мирзаносир Раҳимов бўлиб, бу инсон нафақат «ФОНД» фирмасининг муассиси, собиқ директор ўринбосари экан, балким у инсон ихтирочи олим экан ва Тошкентдаги Медицина институтида юқори курс талабаларига дарс бериб келган ўқитувчи экан.

Кейинги боғланганим Саида Камолова иккита олий дипломига эга, иқтисодчи экан. «ФОНД» фирмаси раҳбари Юнусов Солих ва унинг жиноий шериклари ўз жиноятларини яшириш мақсадида фирма архивини йўқ қилингани боис фирмада ишлаган йилларини исботлаб берадиган ҳеч қандай имконияти йўқлигидан етарли даражада нафақа ололмас экан. Фирмадаги адолатсизликларга қарши кураша кураша ногирон бўлиб қолган бу аёл базўр яшаб юрган бўлсада ўзи каби фирмада ишлаган иш стажлари йўқ қилинган ва етарли даражада нафақа ололмасдан келаётган юзлаб ишчиларнинг ҳуқуқларини тиклаш учун харакатларини тўхтатмаслигини айтди.

Уларнинг айтишларича «ФОНД» фирмасидаги муаммолар юзасидан 2002 йилдан буён бош уриб бормаган остоналари қолмаган, уларнинг масаласи билан бир неча йиллар муқаддам ҳуқуқ ҳимоячиси Исмоил Одилов шуғулланган, бундан 4 йиллар муқаддам бу фирма иши билан ҳуқуқ фаоли Сурат Икромов шуғуллана бошлаган, кейинчалик Сурат Икромов кейинчалик ўзининг командасига Малохат Эшонқуловани ҳамда Баҳодир Элбоевни ҳам жалб қилган экан.

«ФОНД» фирмаси вакиллари мени қизиқтирган барча саволларга нафақат оғзаки жавоблар берардилар, аксинча хар бир сўзларини исботловчи далиллар, хужжатларни ҳам тақдим қилдилар. Хужжатлар билан танишиб чиққанимдан кейингина тушундимки «ФОНД» фирмасига алоқадор фильм ролиги мени қўлимга тушганидан хавотирланган кимсалар “Инсон тубанлигининг чеки борми?” дея дод вой қилибдилар. Тухмат мақолани чоп қилиш билан чекланмасдан фесбок сахифаларида мени ҳақоратлаб, камситиб келган Эшонқулова ташаббуси ва ҳомийлигида тайёрланди дейилган 22 январда ютубканалга юкланган “Мўътабар Тожибоева ким – Ашаддий фирибгар» номли тухмат ва бщхтондан иборат видеоролик эълон қилинди.

“Биз жамиятимизда учрайдиган ҳар қандай иллатга қарши кекин курашамиз – БИЗ ОГОҲМИЗ!” шиори остида фаолият юритадиган мен бошқараётган “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотиининг мақсад ва вазифалари ДИКТАТУРА РЕЖИМИ (сиёсий қатағон, қийноқлар, адолатсиз судлов), ТЕРРОРИЗМ, РАДИКАЛИЗМ, ИШИД—ЖИХОД ТАРҒИБОТИ, ГИЁҲВАНДЛИК (маъмурий органлар кўлига тушган гиёҳванд моддаларни йўқ қилиш ўрнига қайтадан сотиш), ОДАМ САВДОСИ (фоҳишахоналар, қўшмачихоналар ташкил этиш ва уларга раҳнамолик қилиш), КОРРУПЦИЯ жиноятларининг ҳар қандай кўринишига қарши кескин курашиш, дунё тинчлигига рахна солгувчи ушбу жиноятларга қарши тинимсиз бонг уришдан иборат бўлгани учун ҳам, ФОНД фирмаси вакиллари баён қилаётган терроризмни молиялаш, гиёҳванд моддалар савдоси ҳамда халқаро миқёсдаги коррупция жинояти ва бошқа жиноий кирдикорлар баён қилинган масалалар билан шуғулланиб қолишим шунча йиллардан буён қилинган шикоятларни гоҳ пора бериш йўли билан, баъзан шикоятчларга шантаж қилиш, тахдидлар қилиш билан бости бости қилиб келаётган жиноий гуруҳ вакиллари овозимизни ўчириш учун ҳам мақола қилдилар, ҳам фильм.

Энди эса бу фильмнинг айбдори Нигар Ахмедбекованинг ёзишидан тушинишимизча Елена Урлаева экан. Талвасага тушаётганлар сони борган сари ортиб бормоқда. Бизларга қилинаётган ҳужумлар ҳам. Булар эса «ФОНД» фирмаси муаммолари билан шуғулланиш қароримизни қатъийлашишига олиб келди. Шу кунларда «ФОНД» фирмасига алоқадор қўлимизда мавжуд барча хужжатларни интернет нашримизда чоп қиламиз ҳамда 700 нафар инсоннинг ҳаётига жиддий зиён етказган, инсониятга қарши жиноятларга алоқадорликда айбланаётган Юсупов Солиҳ ва унинг жиноий шериклари кирдикорлари юзасидан махсус комиссия тузиб, Ўзбекистондан ўғирлаб кетилган бойликларни қайтариш чорасини кўриш, «ФОНД» фирмасида ишлаган йилларини исботлаш имконияти йўқлиги сабабли олишлари мумкин бўлган нафақаларини ололмай келаётган фирманинг собиқ ишчиларини нафақаларини хал қилиш, шу кунгача ўта оғир жиноятлар ҳақида мурожаатлар қилаётган «ФОНД» фирмаси вакилларининг қонуний талабларини оёқ ости қилиб келган маъмурий органлар вакилларининг ғайриқонуний хатти харакатларига ҳуқуқий бахо беришни сўраб мурожаатлар қиламиз.

Юқоридагиларни ҳисобга олганда Елена Урлаевани руҳий касалликлар шифохонасига қаматишга ўз хиссасини қўшган деб гумон қилинаётган кимсалар ўз ўйинчиларини ишга солиб, ўзбек миллати фахрини, олган нафасини ҳам инсон ҳуқуқи учун бағишлайдиган фидойи инсонни камситишларига  жим турмаслигимиз, ўз сўзимизни айтишимиз керак. Сукут сақлашага ҳаққимиз йўқ.

ЯНА БИР “ЭКСПЕРТ ПАТОЛОГОАНАТОМ” АФСОНАСИ

2010 йилнинг июнь ойида кўпчилиги БМТнинг қочқинлик мақомига эга бўлган Ўзбекистондан диний эътиқоди учун қочиб кетишга мажбур бўлган 32 нафар қочқинлар – Абдусаматов Тоиржон, Акбаров Файзуллох, Болтаев Ахмад, Ботиров Шухрат, Бозоров Сухроб, Ғуломов Мухитдин, Жалолхонов Саидакбар, Каримов Дилбек, Қосимов Аброр, Қосимов Алишер, Қурбонов Қобилжон, Қўлдошев Ойбек, Қўлдошев Суннатуллох, Қўлдошев Сухроб, Нуриллаев Бахриддин, Нуриллаев Бахтиер, Остонов Улуғбек, Пардаев Исобек, Пўлатов Ойбек, Рахматов Ўктам, Сулаймонов Турсунбой, Толипов Сирожиддин. Тўраев Равшан. Умаров Фазлиддин, Ёқубов Абдуазимхўжа, Шарипов Отабек, Шерназаров Шерзод, Шодиев Акмалжон, Холтўраев Олимжон, Холбоев Шуҳрат, Хошимов Алишер, Хуррамов Сарварларни Ўзбекистонга топшириб юбориш хавфи пайдо бўлганида Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг йирик намояндалари ва бошқа вакиллари томонидан “Ўзбекистонга экстрадиция қилиш хавфи кутилаётган Қозоғистондаги ўзбек қочқинларни озод қилиш кўмитаси” ташкил этилган.

2011 йилнинг январь ойида комитетнинг ўзбек, рус ва инглиз тилида фаолият юритадиган www.uzref.org интернет сайти ўз ишини бошлади. Бу сайтнинг фаолият бошлашига сабаб БМТнинг қочқинлик мандатига эга бўлган ва Қозоғистонда хибсга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш хавфи бўлган ўзбекистонлик қочқинлар тақдирига эътибор қаратиш бўлган. Кўмита ва унинг сайтини асосий мақсад вазифаси дунёдаги ўзбек қочқинларининг муаммоларини ёритиб боришдан иборат бўлган. Кейинчалик моддий қўллов берилмагани боис кўмита ҳам, унинг вебсайти ҳам ўз фаолиятини давом эттира олмади.

http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1295164560

Лекин энг ачинарлиси айни ўша пайтларда Марказий Осиёдаги қочқинлар билан ишлаш дастурини бошқараётган Сорос жамғармасининг вакили Алишер Илҳомовга мана шу 32 нафар қочқинларни ҳуқуқларини ҳимоя қилишга розилик берган Қозоғистонлик адвокатларга тўлаш учун атига 5 минг доллар маблағ сўралганида Алишер Илҳомов кўмита вакиллари сўраган бу маблағни Сорос жамғармаси томонидан ажратиш имкони йўқлигини билдириб ёзилган жавоб хати олди холос.

32 нафар қочқиннинг ҳар бирига 150 доллардан ҳимоя тўловини беришга имконияти йўқлигини баён қиларкан, айни шу паллада режимнинг қурбони бўлмаган, Фарғона вилояти Қўқон шахрилик француз тили ўқитувчиси – лингвист бўлган ва малака ошириш учун грант ютиб олган, малака ошириш муддати тугаганидан кейин ғарб мамлакатларида қолиб кетишни ният қилган  тил адабиёти ўқитувчиси – лингвист Абдуназаров Умиддан Андижон фожеасининг “жабрдийдаси” ясаганлар.

Андижон фожеасининг жабрдийдаси дея талқин қилинган “поталогоанатом” Андижон фожиасидан бир неча ой ўтиб, аниқроғи 2005 йилнинг сентябрь ойидан 2006 йилнинг февраль ойигача Андижон ўликхонасида Андижон қирғини қурбонларини ёриш ишлари билан шуғулланганини, ушбу муддат оралиғида 500дан ортиқ мурдани ёрганлигини, булардан камида 300тасининг жарохатлари янгилиги ҳамда ўқ отувчи қурол билан отиб ўлдирилганини гувоҳи бўлгани афсона тўқийди.

Ушбу “патологоанатом”ни афсонасига 2010 йил 4 май куни Брюсселда ўтказилиш режалаштирилган “Андижон қирғинининг 5 йиллиги” халқаро анжуманида иштирок этишлари кутилаётган Европарламент, Евросоюз вакиллари, Халқаро ташкилотлар, Халқаро жамғармалар, Халқаро матбуотлар вакилларини ишонтириш илинжида “патологоанатом”нинг афсонаси баён қилинган видеофильм суратга олганлар. “Паталогоанатом” тескари қараб ўтириб хикоя қилган Андижон ўликхонасидаги афсонани ҳақиқатлигига ишонтириш учун Сорос жамғармасининг ҳомийлигида хисобот ҳам ёзиб тақдим қилинган.

Ўша 2010 йилнинг 4 май куни Брюсселда бўлиб ўтган “Андижон фожеасининг 5 йиллиги” Халқаро Анжуманида иштирок этган алданганлардан бири – нуфузли халқаро ташкилотнинг вакилига ушбу “паталогоанатом” афсонаси аслида ёлғон эканлигини айтдим. Мана шу афсона яратилиши ортидан Сорос жамғармаси томонидан сарфланган бир неча минглаб доллар маблағларнинг атига бир қисмини 32 нафар диний эътиқоди учун босимга учраган, қийноқлар қурбони бўлган қочқинларни ҳимояси учун берилмаганлиги адолатсизлик бўлганлигини айтдим.

Бугунги кунда Қозоғистондан Ўзбекистонга бериб юборилган ўша қочқинларнинг тақдири билан ҳеч ким қизиқмаётгани, уларнинг вазиятлари нихоятда оғирлиги, уларга нисбатан адолатсиз судловлар ўтказилиб, узоқ йилларга қамоқ жазосига хукм қилинганлари, уларнинг яқинлари, фарзандлари хори зорликда юрганликларини тушунтирдим. Халқаро ташкилотлар, халқаро матбуотлар вакиллари ҳамда бошқа ушбу анжуманда иштирок этган инсонларни алдаш умуман инсон ҳуқуқи ҳимояси, қонунлар устиворлигини талаб қиладиган инсонларга тўғри келмаслигини айтиб “Сизга шундай алданиш эриш туюлмайдими? Ўша пайтда билмаган бўлсангиз ҳам хозир барча фактларини айтдим сизга” десам ўша халқаро ташкилотнинг вакили менга “умумий рақибларга нисбатан ёлғон ишлатиш мумкин” дея жавоб берди.

Ўзининг ҳамкори томонидан алданишни оддий бир хол деб билган бундай шахс ҳар қанча нуфузли идорада ишламасин ундайларга байкот қилиш, улардан узоқлашиш, ҳамкорликка чек қўйиш керак деб хисоблайман ва шундай қилдим ҳам.

Ёлғон тарихи билан Франциядан қочқинлик мақоми олиб, бугунги кунда ҳам Парижда яшаётган қаҳрамон “паталогоанатом”ни ўлдириш учун захарлаганликлари ҳақидаги афсона ҳам, унинг Қуқонда яшаётган турмуш ўртоғи Нозима ва 2 нафар вояга етмаган ўғил фарзандларига босимлар бўлаётгани,  уларни «ҳаёти хавф остида эканлиги», уларни зудлик билан Ўзбекистондан олиб қочиш кераклиги ҳақидаги ёлғонлар ортидан Абдуназаров Умиднинг турмуш ўртоғи ҳамда фарзандлари Европага олиб келишга харакат қилганлар. Лекин «паталогоанатом» афсонасидан кейин унинг Қўқонда қолган оила аъзолари хавф остида қолди деган ёлғон билан Қозоғистонга «олиб қочиб чиқилган» Умид Абдуназаровни турмуш ўртоғи Нозима ва 2 нафар ўғилларини нимагадир Францияга олиб келишга шошилмайдилар, улар Қозоғистонда қолиб кетадилар. Чунки маълумотларга қараганда ёлғон кўргазма учун берилиши ваъда қилинган сумманинг миқдори камлигидан ўртада ғовғо чиққан ва гапга кирмас «паталогоанатом»ни ва унинг оиласи тақдири «паталогоанатом» афсонаси ижодкорларини қизиқтирмай қўйган. Кейинчалик Умидни турмуш ўртоғи Нозима ва 2 та ўғиллари Қозоғистондан Ўзбекистонга, Қўқонга қайтиб кетганлар.

Аслида Қўқондаги лицейларидан бирида француз тилидан дарс берувчи ўқитувчи – лингвист бўлмиш “Паталогоанатом” Умид Абдуназаров Францияга Франциянинг Тошкентдаги элчихонаси орқали ўз мутахассислиги бўйича ютиб олган гранти йўлланмасига асосан чиқиш визаси олиб Тошкентдан Парижга ҳеч қандай тўсқинликларсиз, хавф хатарсиз самолётда учиб келган. Ўқиш муддати тугаганидан кейин Ўзбекистонга қайтишни истамаган француз тили ўқитувчисидан «ПАТАЛОГОАНАТОМ» ясаганлар. Унинг қочқинлик мақоми олиши учун эса нуфузли халқаро ташкилотлардан бири ҳамда бир журналист қўллов хати берганлиги ҳақида хабарлар бор бизда. Улар Абдуназаров Умидни Андижон ўликхонасида ишлаб, қирғинда ўлдирилган, лекин негадир бу “патологоанатом”га қирғиндан 4 ой ўтгандан кейин берилган, Андижон қирғини бўлиб ўтганидан 9 ой ўтгунча ҳам ўликларни ёриш давом этгани ҳақидаги ёлғонларига ойдинлик киритмасдан туриб, унга қочқинлик мақоми беришни сўраганлар.

Ахир биргина “паталогоанатом” 2005 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб 2006 йилнинг февраль ойигача, 5 ой давомида 500дан ортиқ ўликни ёрган бўлса, яна улардан камида 300таси янги ўликлар бўлса Андижон фожеаси пайтида ва ундан кейин қанча инсон ўлган. Бу “паталогоанатом” ёрган ўликлар 9 ой ичида қаерда сақланганлар? Андижон ўликхонасида бошқа “паталогоанатом”лар ҳам шунчадан ўликларни ёрганлар деб тушунсак Андижонда қанча инсон ўлган. Умиджон исмли “паталогоанатом”га ёриш учун берилган янги мурдалар қаерда ўлдирилганлар? Нега Андижонда 2006 йил февраль ойигача “паталогоанатом”ларга янги мурдалар етказиб бериб турилган бўлса нима учун Андижонда 13 майдан кейин ҳам давом этган оммавий қирғинлардан жамоатчилик нега бехабар қолди?

“Ўзбекистонга экстрадиция қилиш хавфи кутилаётган Қозоғистондаги ўзбек қочқинларни озод қилиш кўмитаси” вакилларининг саъйи харакатлари билан ҳаёти хавф остида қолган 32 нафар қочқинларни ҳуқуқларини ҳимоя қилишга шартнома тузилган адвокатларга бош қароргоҳи Парижда жойлашган Инсон ҳуқуқлари Халқаро Федерацияси (FIDH) томонидан берилган моддий ҳамда қийноқларга қарши курашувчи ACAT ташкилоти ёрдамида 29 нафар қочқинларни ҳимояси учун БМТнинг қийноқларга қарши кўмитасига шикоят топширилиб, БМТ қочқинлар фойдасига қарор чиқарган. Шундай бўлсада Қозоғистон хукумати бу 32 нафар қочқинларни Ўзбекистонга бериб юборди. Уларни бериб юборилганидан кейин қочқинларнинг аёллари гўдак фарзандлари билан турли мамлакатларга қочиб кетдилар. Улар кўмита вакилларига алоқага чиқиб ҳар томонлама кўмакларга мухтож эканликлари ҳақида бонг урдилар, лекин бизларнинг қўлимиздан хеч нима келмади. Чунки бизлар чўрткесарлигимиз сабаб норасмий қора рўйхатларга киритилдик. Қозоғистон қочқинлари оилалари, фарзандларининг бугунги аҳволлари билмаймиз, уларни оила аъзолари, фарзандларини босимлардан, тахдидлардан ҳимоя қилиш учун ҳеч бир халқаро жамғармалар моддий кўмак бермади.

Ушбу мақолада кўтарилган масалалар бўйича ҳамда ўзбек миллати кулфатлари устидан ўз манфаати йўлида фойдаланаётган кимсаларнинг жиноий кирдикорлари ҳақида, шунингдек ФОНД фирмасига алоқадор хужжатлар ва маълумотларни ҳам яқин муддатларда чоп қилиб борамиз. Ушбу масалада биз чоп қилаётган мақолалар, фактларга қарши муносабат билдиришни истаганлар учун биз доимо мулоқотга тайёрмиз.

Мўътабар Тожибоева

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan