Улуғбек Бакиров: Гулни «ГУЛ», гулзорни «ГУЛЗОР» деймиз!

Узоқ йиллардан бери жамоатчилик назаридан ўзини четроқ олиб юрган таниқли устоз журналист Лола Ҳатамовани кечаги хабаримизда «афсонавий журналист» деб ёзганимиз айрим, 2-3 одамга ёқмабди, уларга эриш туюлибди. Бу ҳақда ўз фикрларини билдириб, изоҳ қолдиришибди. Мен ҳозир кўрдим. Майли, уларнинг ҳам фикрларини, албатта, ҳурмат қиламиз. Демократия, сўз эркинлиги…

Лекин, ўша жойда жуда кўп инсонларнинг самимий тарзда ёзилган соғинч хабарлари ҳам бор. Ҳануз ёзиляпти…

Анонс хабарни нашр қилишимиз биланоқ, бу янгиликни бир зумда одамлар жуда кўтаринкилик билан қабул қилишди…

Энг аввало, шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, мен 3-4 кишининг шахсий фикрига кўра, ўз фикрларимни ўзгартирмайман, айтган сўзларимдан шу пайтгача тонмаганман ва тонмайман ҳам. Бирор жойда хато қилсам, янглишсам, узр сўрашни ҳам ўзимга ор деб билмайман…

25 йилдан бери ўзининг севимли ишидан ноҳақ айрилиб, ўзга юртларда яшашга мажбур бўлган ва бу орада бир оғиз бўлса-да, фарёд сўзи айтмаган элимизнинг севимли бир фарзанди ҳақида «афсонавий» калимасини қўллаганимиз нима учун сизга малол келади?!

Аслида бу изоҳларга эътибор қаратмоқчи эмасдим. Одатда, шундай қиламан. Лекин, бугун бу ерда йўқлигимда Лола опанинг ўзи уларга жавоб ёзиб, эътибор қаратганлари учун ҳозир буларни ёзишимга тўғри келди.

Лола Ҳатамова ўз вақтида ҳақиқатдан ҳам халқимизнинг энг севимли, энг суюкли машҳур журналисти эмасмиди? Ҳозир ҳам орадан шунча вақт ўтишига қарамасдан кўпчилик у кишини унутмаганликлари, аксинча, катта соғинч билан қарши олаётганликларини гувоҳи бўлиб турибмиз.

Дунёда унут бўлиб кетган сон-соноқсиз одамлар қанча?!

Бир вақтлар, Лола Ҳатамовани ойнаи жаҳонга чиқишини кутиб турадиган ватандошларимиз сони оз эдими? Ўша даврларда мен ёш бола эдим. Лекин, катта ёшдаги очиқкўнгил, оддий соф инсонларнинг Лола опага бўлган ҳурматини ҳозир ҳам эслайман.

Қанчадан-қанча одамлар опага ҳавас қилиб, қизларига «Лола» исмини берганликларини ҳам кўпчилик яхши эслайди. Бу ҳақда кеча ўша изоҳларда ҳам ёзишди. Яна қанчадан-қанча ёшлар айнан Лола Ҳатамовага ҳавас қилиб, журналистлик касбини танлаганликларни ҳам нафақат мен, балки жуда кўпчилик билса керак.

Аёл киши боши билан тинмай изланиб, ўрганиб, ўз меҳнатлари эвазига эл-юрт эҳтиромига сазовор бўлганликлари, бугун афсона эмасми?!

Бир неча хориж тилларини пухта ўзлаштириб, Ўзбекистон-Ҳиндистон ўртасидаги сиёсий, маданий, илмий муносабатларда ўзининг хизматлари билан шуҳрат қозонгани, афсона эмасми?!

Бугун журналист касбини отасининг даврида қўлга киритиб олиб, икки оғиз жумлада ўнта хато қилаётган айрим ёшларга Лола Ҳатамованинг иқтидорини, касбий маҳоратларини ўрнак, намуна қилиб кўрсатиш ўрнига қилдан қийиқ ахтариб ўтирсак, қандай бўларкин?!

Худо берган ширин суханлиги билан Лола Ҳатамова инсонлар қалбига кириб боргани, афсона эмасми?!

Чорак асрдан бери ёлғиз аёл боши билан ўзига ёғдирилган туҳмат тошларига бардош бериб, бу ҳақда бировга зорланмай, чет элга келиб ҳам сиёсий қочқинлик сўрамасдан, хорижликларнинг ижтимоий-моддий ёрдамига кўз тикмасдан ўзининг пешона тери эвазига яшаб келаётганлиги, афсона эмасми?!

Бугун мен тўла ишонч билан айта оламанки, агарда Лола Ҳатамова обрўсининг ўндан бири ва машҳурлигининг юздан бири, қолаверса, унинг бошига тушган кўргуликларнинг бир мисқоли бирор бир эркакда бўлганида борми, 25 йил ичида дунёни бошига кўтариб, додламаган жойи, кирмаган тешиги қолмасди! Ахир, шунинг ўзигина жасорат ва афсона эмасми?!

25 йил ичида фақат зорланиш, тирноқдан кир қидириш, ўзгаларга ҳасад қилиш ва танқиддан бошқа ҳеч бир ишни дўндиролмаган айрим эркакларнинг «жасорати» қаршисида Лола Ҳатамованинг ҳақиқий матонати, афсона эмасми?

Лола Ҳатамова ҳақида узоқ йиллардан бери биринчи бўлиб бизлар куни кеча хабар тарқатганимиздан кейин бизларга келаётган хатларнинг оқими ҳали тўхтагани йўқ. Кеча якшанба куни менга бўлган телефон қўнғироқларини ва «чат» хабарларини айтмасам ҳам бўлади. Кун бўйи ўзимни худди жавоб қайтарувчи навбатчи оператор вазифасида ҳис қилдим. Бугун эса кундузи банд бўлганим учун интернетга вақтим бўлмади. Ҳозир оқшом интернетга кириб, 48 та хат, 70 дан ортиқ «чат» хабарни кўрдим. Ҳали ҳаммасини ўқиб чиққаним йўқ. Буларнинг бариси том маънода афсона эмасми?!

Ўша хабаримиз нари борса беш минг, боринг-ана интернетга кирган ўн минг одамга етиб боргандир. Агарда бу хабар Ўзбекистоннинг марказий ОАВда берилганида борми? Унда ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, бир катта бўлим фақат хат ва хабарлар ҳамда қўнғироқларга жавоб бериш ишларига сафарбар қилинган бўларди…

Хуллас, афсонавий журналист Лола Ҳатамова ҳақида гапираман десак, ёзаман десак гап кўп. Кунлар келади, тарих ҳаммасини жой-жойига қўяди!

Эртага бизнинг номимиз ўчиб кетар. Бугун бормиз, эртага Худо билади! Аммо, тўла ишонч билан айта оламанки, Ўзбекистон телевидениесининг ўзбек аёллари ичидан чиққан биринчи сиёсий шарҳловчиси, таниқли устоз журналист, халқимизнинг севимли телебошловчиси, моҳир таржимон – Лола Ҳатамованинг номи Ватанимиз шонли тарихи саҳифаларидан муносиб ўрин эгаллайди!

Келажак авлодларга Лола Ҳатамованинг ҳаёти ва фаолияти мактабларда, олийгоҳларда ўқитилади.

Мен бунга ишонаман!

Оққан дарё, оқаверади…

Умрингиз узун, тан-жонингиз саломат бўлсин!

Ҳамиша омон бўлинг, ҳурматли Лола опа!

Сиз бизнинг қалбимиздасиз, юрагимиздасиз!

Яна бир Баҳорингиз муборак!

Эҳтиром ила,
Улуғбек Бакиров

27 март, 2017 йил,
Норвегия

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan