Рўзибой Азимий: ««Шарқ» НМК Бош директори Омонулла ЮНУСОВ – «СНБдагиларга айтиб, сени ўлдиртириб юбораман!»


Бундан роппа-роса 7 йил олдин, 2010 йил 1-апрелда «Шарқ» нашриёт-матбаа концерни муассислигида чоп этиладиган «Шарқ зиёси» газетасида «Ўз элининг урфларини қилмайди хор» деган сарлавҳада мақолам эълон қилинган эди. Айнан ушбу мақоладан кейин мен билан «Шарқ» НМКнинг Бош директори Омонулла Юнусов ўртасида даҳанаки жанг бошланди.

Мен шу куни, яъни 2010 йил 1-апрелда «давлат сиёсатига қарши мақола» эълон қилганим, мақолада «ўта жиддий хато»га йўл қўйганим учун Омонулла Юнусов ташаббуси билан ишдан бўшатилдим.

Эртаси куни Бош директор ҳузурига ҳақ-ҳуқуқларимни талаб қилиш мақсадида кирдим. Бироқ Омонулла Юнусов мен билан гаплашишни истамаслигини, зудлик билан хонасидан чиқиб кетишимни талаб қилди. Мен хонадан чиқишга шошилмадим. Шу пайт Юнусов жаҳл билан ёнимга келиб: «Ман сан маразни СНБдагиларга этиб, ўлдиртириб юбораман. Ўзи қайси давлатда яшаётганингни, бу ер Ўзбекистонлигини, Америка эмас эканини биласанми?», дея дабдурустдан ёқамга ёпишиб, уриб-тепиб кетди.

Юнусовнинг кучли зарбидан оғзим қонади, устимдаги костюмим йиртилди. Мен ҳам ўзимни ҳимоя қилишга ўтиб, Юнусовнинг сочига ёпишдим. У худди бўғизланаётган чўчқа каби бақирди. Бақир-қичқир, тарақ-туруқдан бирпасда хонага қабулхона жойлашган 3-қаватдаги хоналардан бирин-кетин директор ўринбосари, касаба уюшмаси раиси ва бошқалар, 2-қаватда ишлайдиган нашриётнинг бошқа ходимлари кириб келди. Бизни директор ўринбосари ва касаба уюшмаси раиси ажратди. Улар мени икки қўлимдан ушлаганча бинодан чиқариб, нашриёт қўриқчисига топширди. Нашриётга киришга бўлган кейинги уринишларим зое кетди. Чунки қўриқчилар мени тамомила бинога киритмай қўйди…

Орадан 2-3 кун ўтгач, журналистни оддий мақола учун СНБдагиларга айтиб ўлдиртириб юбориш истагида бўлган Юнусов билан такроран учрашиш мақсадида яна нашриётга бордим. Шу куни Юнусовнинг хизмат машинаси соат 10 лар атрофида нашриётнинг кўча томондаги эшиги олдига келиб тўхтади. Унинг кўзи машинадан тушган заҳоти нашриётнинг марказий эшиги олдида турган менга тушди. Шу боис у қайта машинага миниб орқага қочди.

Орадан 20 дақиқа ўтар-ўтмас «Шарқ» нашриёти биноси олдига келиб тўхтаган машинадан тушган милиция формасидаги номаълум шахслар мени зўравонлик билан машинага мингазиб, Тошкент шаҳар ИБББ биносига олиб борди. Ювиндихўрлар органнинг ертўласи олдида мени бошқа миршабларга топшириб, ўзлари кўздан ғойиб бўлди…

Ертўлада ўтган 3 куним давомида кўрмаганим қолмади. Ҳар калтакланаётганимда Юнусовнинг «СНБдагиларга айтиб, ўлдиртириб юбораман!» деган сўзи миямда ғужғон айланди. Ертўладан тиригим эмас ўлигим чиқишига ишона бордим. Бироқ ундай бўлмади. Ўз ҳақиқатимга таянган ҳолда ҳақиқатни ёзаман деб бутун умримга етгулик калтакдан мажруҳ бўлиб, учинчи куни қоронғу тунда ярим ўлик ҳолда уйга қайтдим. Юнусов мени ўлдиртириб юбормаганини ҳисобга олмаганда, гапининг устидан чиқди. Бироқ мен шу кунгача ижрочиларнинг кимлигини – СНБдагиларми, милицияларми билолмай андармонман…

Омонулланинг қўлида омон қолганимдан кейин Ўзбекистонда ҳақиқатнинг юзага чиқишига ишончим тамомила сўнди, аниқроғи, ҳақиқатнинг юзига мағрурона тупурдим. Юнусовнинг бу ишларини Худога солдим. Нолаларим Худойимга етиб борган-бормаганини билмадиму аммо худди шу йили Юнусовнинг пайтавасига қурт тушганини аниқ биламан. Чунки Ўзбекистон телеканалида «Шарқ» нашриёт-матбаа концерни фаолияти ҳақида 1 соатга яқин танқидий кўрсатув берилди. Унда нашриёт раҳбарлари томонидан йўл қўйилган камчиликлар, талон-тарожликлар, ўғирликлар, давлат мулкига хиёнат каби кирдикорлар фош этилди. Кўрсатув эртаси куни яна такрор берилди.

Халқ ичида яхшигина шов-шув бўлди. Матбуотчилар бу кўрсатувдан кейин Юнусовнинг катакка кириб кетишини ўзларича башорат қила бошлади. Бироқ Омонулла Юнусовга ҳеч бало бўлмади, у ўз лавозимида қолаверди. Ҳатто жиноий фаолияти Ўзбекистоннинг марказий телеканали орқали фош этилгандан кейин ҳам раҳбарнинг мансаби бир поғона пасаймади аксинча орадан муайян вақт ўтгач янада дадил кўтарилди. Омонулла Юнусов Ўзбекистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори бўлди. Уни марҳум Президент Ислом Каримов тайинлади.

Шу тариқа журналистларни ўлгудай ёмон кўрадиган киши журналистларнинг раҳбари бўлди. Аммо Юнусов бу лавозимда ҳам кўп ишлай олмади.
2016 йил 22 август куни унинг қўлига айнан СНБ ходимлари ўз ишхонасида, яъни Ўзбекистон Матбуот ва Ахборот агентлигида кишан солиб олиб чиқиб кетди. Юнусов бу сафар ҳам бюджет маблағларини талон-тарож қилганликда, агентликни парокандаликка учратганда ва бошқа сон-саноқсиз айблар билан қўлга тушди.

Хулласи калом, бир пайтлар мени СНБдагиларга айтиб ўлдиртириб юбориш истагида бўлган юлғич шахс алалоқибат ўзи ҳам шу пайтгача ишониб келган СНБдагилари қўлига тушди. Айни пайтда Юнусов қаердалиги менга қоронғу. Балки у бу сафар ҳам тегирмондан бутун чиққандир, балки яна қайсидир бир ёғли ташкилотни бошқараётгандир. Билмадим. Омонулла Юнусовни мутлақо эслагим келмаслиги учун ҳам бунга қизиқмадим. Бироқ ҳар йили 1-апрел куни Омонулла беихтиёр ёдимга тушади.

Омонулла ЮНУСОВ: "СНБдагиларга айтиб, ўлдиртириб юбораман!"Бундан роппа-роса 7 йил олдин, 2010 йил 1-апрелда "Шарқ" наш…

Posted by Ruzibay Azimiy on Freitag, 31. März 2017

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan