БМТ Олий комиссари Ўзбекистон қамоқхоналарини танқид қилди

11 май куни пойтахтдаги Халқаро Пресс-клубда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Зайд Раад Ал-Ҳусайн иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда Олий Комиссар узоқ йиллардан бери мамлакат имиджини бузувчи ҳолатлар — Ўзбекистон қамоқхоналари эканини эслатиб ўтди. Олий комиссарга кўра, мамлакат қамохоналари жаҳон стандартларига жавоб бермайди ва бу ерда узоқ сақланаётган маҳкумлар учун етарли шароитлар яратилмаган.

БМТ мулозимининг ўта эҳтиёткор ва муросасоз гаплари мазкур ташриф давомида кўп марта янгради. Айниқса, Ўзбекистон Президенти, ҳукумат аъзолари, жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамият вакиллари билан учрашувларда комиссарнинг мамлакатдаги сўнгги ислоҳотларни олқишлаши ҳайратланарлидир. Ҳолбуки, мамлакатда узоқ йиллардан бери давом этиб келган тоталитар режим ва қаттол сиёсат туфайли бир қанча фуқаролик жамияти вакиллари, эътиқод тутқунлари ҳамон қамоқхоналарда азоб чекмоқда. Шунга қарамай муросасоз Олий комиссари мавжуд вазиятдан кўз юмишга ҳаракат қилди.

10 май куни Фуқаролик Форумида ўтган учрашув чоғида фуқаролик жамияти вакиллари яратилган ўта қисқа имкониятдан фойдаланиб, хориждаги сиёсий қочқинларни мамлакатга қайтариш, Андижон қатлиомини тафтиш қилиш сингари ўта муҳим масалаларни кўтаришга уринди.

Шунингдек, Украинада туриб фаолиятини давом эттираётган Ўзбекистонда виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси раҳбари Баходир Намозов ҳамда бош қароргоҳи Парижда жойлашган “Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоевалар ташаббуси билан тайёрланган ва хорижда яшаб, фаолият юритаётган 30дан ортиқ фаоллар имзо чеккан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад Ал-Ҳусайн номига мурожаатнома маҳаллий фаоллар кўмагида Зайд Раад Ал-Ҳусайнга шахсан ўзига етказилди.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг энг долзарб муаммолари кўтарилган ва бир қанча фаоллар томонидан имзоланган ушбу мурожаатномада ўз вақтида мамлакатда ҳукм сураётган тоталитар сиёсат ва режим кирдикорларини фош этишга уринган, ўз сўзи ва эътиқоди бўлган кишиларнинг қамоққа ташланиши кескин қораланади. Уларни ҳеч бир шартларсиз озод қилиш, одил судлов орқали реаблитация қилиш масаласи кўтарилган. 

7 банддан иборат  бўлган ушбу мурожаатномада, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад Ал-Ҳусайндан Ўзбекистон хукумати олдига мана шу талабларни қўйишни сўралган:

1. Қамоқларда қолаётган 18 та сиёсий макумлар – журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳеч бир шартларсиз зудлик билан озод қилишни;

2. Қамоқларда қолаётган 20дан ортиқ фуқаролик жамияти вакилларини, фаолларнинг фаолиятига босим ўтказиш мақсадида қамоққа олинган яқинларини, фарзандларини, таниқли диний маҳкумларни тезлик билан озод қилиш мақсадида махсус давлат комиссияси тузишни;

3. Қамоқларда қолаётган диний эътиқоди учун сохта айблар билан қораланиб, узоқ йиллардан буён қамоқларда қолаётган, озод бўлиш муддати келганида жазо муддатлари қўшиб берилаётган минглаб  диний маҳкумларни озод қилиш мақсадида махсус давлат комиссияси тузиш ва бу комиссия фаолиятини ошкоралик тарзида юритиб, унинг фаолиятини маҳаллий матбуотда кенг ёритиб борилишини йўлга қўйишни;

4. Андижон фожиаларидан мамлакатдан қувилган HRW, Freedom Hous, Internews, IWPR сингари барча ҳалқаро ташкилотлар ва матбуотларни мамлакатга қайтиб эркин фаолият юритиши учун барча шароитларни яратиб бериш, Халқаро қизил Хоч ва қизил ярим ой ташкилотини қамоқхоналарга ташрифини қайтадан тиклашни;

5. Мамлакатга БМТнинг маҳсус маърузачиларини киритиш, улар томонидан Ўзбекистон хукуматидан йиллар давомида талаб қилиб келинган рекомендацияларини бажаришни;

6. БМТнинг йиллар давомида қийноқ қурбонлари, адолатсиз судлов қурбонлари ва ғайриқонуний хибсга олиш бўйича чиқарган ва Ўзбекистон хукумати инобатга олмасдан келган хулосалари ва қарорларини ижросини таъминлашни;

7. Қийноқ қўлловчи ёки индамай розилиги билан қийноқ қўллашга шароит яратиб берувчи амалдорлар, маъмурий органлар вакиллари топшириғи билан фуқароларга нисбатан қийноқлар қўллайдиган «лохмач»лар масаласини хукумат миқёсида мухокама қилишни.

Мазкур баёнот матни билан мана шу ерда танишишингиз мумкин.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Javob berish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan