Жамшид Каримов: Қабоҳатнинг чегараси йўқ экан! (интервью, 2-қисм)

 

Собиқ Президент Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримов

ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ ЖИЯНИ ЖАМШИД КАРИМОВ БИЛАН СУҲБАТ (2қисм)

15.11.2017

Аввал хабар қилганимиздек, 29 октябрь куни Ўзбекистонга 27 йил раҳбарлик қилган марҳум президент Ислом Каримовнинг жияни, 50 ёшли машҳур журналист Жамшид Каримовдан интервью олганмиз.

Интервьюнинг 1-қисми 5 ноябрь куни нашр этилган. Унда Ислом Каримов туғилган хонадон, унинг ота-онаси, опаси ва ака-укалари ҳақида шу пайтгача ҳали ҳеч қаерда ёзилмаган маълумотлар ўрин олган.

  • Ислом Каримов ота-онасига, ака-укаларига қандай муносабатда бўлган;
  • Унинг болалиги, мактаб чоғлари қандай ўтган;
  • Нима сабабдан президентнинг ака-укалари ҳаёти жуда оғир кечган;
  • Президент инсон сифатида қандай эди?

шу ва шу каби Ислом Каримов ҳаётига оид бўлган барча ёпиқ маълумотларни унинг жияни таниқли журналист Жамшид Каримов бизлар билан ўртоқлашган.

Суҳбатимизнинг 2-қисмида: Ислом Каримов туғишган яқинларининг оиласи ва уларнинг авлодлари ҳақида сўз боради.

*****

Собиқ президентнинг учинчи акаси Арслон Каримовнинг кенжа ўғли Жамшид Каримов билан 6 соатлик суҳбатимиз давомида жуда кўп мавзуларда суҳбатлашганмиз.

Суҳбатимиз Ислом Каримов туғилган оила ҳақида, хусусан, унинг ота-онаси, опаси, ака-укалари ва уларнинг авлодлари ҳақида бўлган.

Қолаверса, Ислом Каримовнинг ўз оиласи, рафиқалари ва фарзандлари ҳақида ҳам атрофлича суҳбатлашганмиз. Бу мавзулар навбатдаги қисмлардан ўрин эгаллаган.

Бир сўз билан айтганда, ўзбек халқи ҳали ҳеч қачон эшитмаган, билмаган ҳаққоний маълумотларни Жамшид Каримов биз билан бўлишган.

Суҳбатни Норвегиядан журналист Улуғбек Бакир олиб борган.

*****

Эслатиб ўтамиз, Жамшид Арслонович Каримов 1967 йили Жиззах шаҳрида хизматчи, юрист оиласида туғилган. Мутахассислиги: филолог-педагог, журналист.

Журналистик фаолияти давомида жамиятдаги адолатсизликларга қарши кескин курашган, хорижий матбуотларда кўплаб мақолалари билан кенг танилган.

Амакиси, президент Ислом Каримов шахсига ва сиёсатига танқидий ёндашгани, унинг кўп сирларидан воқиф бўлганлиги ҳамда мухолиф кўз қарашдалиги ортидан, Жамшид Каримов соғлом бўлгани тарзда, Самарқандда руҳий касалликлар шифохонасида 2006 йилдан бери мажбурий ва яширин тарзда, ғайриқонуний равишда сақланиб келинган.

Ислом Каримов вафотидан сўнг, 2017 йилнинг февраль ойида 11 йиллик тутқунликдан кейин озодликка чиқарилган.

Айни дамда қизи билан Жиззах шаҳрида яшайди. Озод этилганидан 9 ой ўтиб ҳам унга паспорт берилмаётганидан шикоят қилади. Бу борада президент Шавкат Мирзиёев порталига ёзган мурожаатлари ҳам жавобсиз қолаётганини айтади.

У Буюк Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR), «Жиззах ҳақиқати», «Зеркало XXI», «Молодежь Узбекистана» газеталарида, «Фарғона» АА нашрларида ишлаган.

*****

I I қисм

МУҚАДДИМА

БЕМЕҲР ҚАРИНДОШ – МЕҲРИБОН ПРЕЗИДЕНТ БЎЛАДИМИ?

Жамшид Каримов билан суҳбатимизнинг давомини эътиборингизга ҳавола этишдан аввал баъзи мулоҳазаларга тўхталиб ўтмоқчимиз.

1-қисм нашр этилганидан буён жуда кўп ўқувчиларимиздан хат ва хабарлар олдик. Ҳозирда ҳам хатлар келиши давом этмоқда. Бунинг учун, Сиз азиз ўқувчиларимизга, миннатдорчилик билдирамиз! Мактублар билан бир қаторда саволлар ҳам кўп.

Албатта, 27 йил Ўзбекистонга раҳбарлик қилган Ислом Каримовнинг, аввал ҳам айтганимиздек, ҳаёти ва фаолияти зиддиятларга тўла. Кунлар келади, Ўзбекистонда ҳам  Ислом Каримовнинг ҳаёти, унинг сиёсий фаолияти қайтадан кўриб чиқилади. Тарихчи олимлар ва соҳа мутахассислари ўзларининг илмий баҳосини беради.

Ислом Каримов тўғрисида ҳали ёзилмаган кўплаб илмий ишлар энди ёзилади. Китоблар нашр этилади, фильмлар суратга олинади.

Аслида у ҳақда ўтган 25 йил ичида хориждаги қалам аҳли томонидан китоблар, мақолалар ва бошқа турли жанрдаги ижодий ишлар, ҳужжатли асарлар ёзилган.

Шундай бўлсада, Ислом Каримовнинг яқин қариндошлари, оиласи ва атрофидаги инсонлар билан муносабати тўғрисида маълумотлар жуда кам. Ўзбекистон халқи бу борада деярли ҳеч нарса билмайди. Ахир бу ахборотлар ҳам бошқа кўплаб маълумотлар қаторида яширилган бўлса, қаердан ҳам билсин.

Президентнинг яқинлари бу ҳақда ҳеч қачон гапирмаган. Фақат унинг жияни Жамшид Каримовгина мутлақо ёпиқ бўлган бу мавзуни очишга жазм қилди.

Аслида у йиллардан бери жамиятдаги адолатсизликларни қаламга олиш баробарида, бу мавзуда ҳам кўплаб мақолалар ёзган. Шунинг учун ҳам умрининг 11 йили тутқунликда ўтди. Жуда кўп азоб-уқубатларни бошидан ўтказди. Ўзининг айтишича, амакиси Ислом Каримов вафот этмаганида, у ҳеч қачон озодлик юзини кўрмаган бўларди.

Мана бугун матонатли журналист, истеъдодли ёзувчи ва шоир Жамшид Каримов озодликда! У биз билан ўз хотираларини, кўрган-билганларини бўлишмоқда.

Зотан, ўзбек халқи чорак аср ўзига раҳбарлик қилган ҳукмдори ҳақида билишга тўла ҳақли.

Дунё мамлакатлари раҳбарларининг таржимаи ҳолига қарасангиз, барчасининг ҳаёти ва фаолиятига боғлиқ маълумотларни кўрасиз. Ҳамма нарса очиқ-ойдин, кундек равшан.

Биргина Россия президенти В.Путиннинг расмий веб-саҳифасига кирсангиз, унинг бутун ҳаёти тўла ёзилганининг гувоҳи бўласиз. Туғилишидан то шу кунгача бўлган маълумотлар: ота-онаси, қариндошлари, оиласи, дўстлари, мактаб ва талабалик йиллари, ҳарбий хизматлари нафақат батафсил ёзилган, балки суратлар билан берилган.

Энди Ислом Каримовнинг президентлик давридаги таржимаи ҳолига боқинг. Қаерда, қачон туғилганлиги айтилган ва ундан кейин бирданига институтда ўқиган даврига ўтиб кетилган. Ва бундан кейин ишлаган жойлари, турли лавозимлари, сиёсий фаолияти, олган мукофотлари ҳақида саҳифа-саҳифа бир дунё ёлғон-яшиқ маълумотлар битилган.

Ота-онаси ким, ака-ука, опа-сингиллари борми? Қайси мактабда қачон ўқиган? Болалиги, мактаб йиллари қандай ўтган? Қаерда ҳарбий хизматда бўлган ва ҳоказо маълумотлар берилмаган. Ҳар қандай таниқли инсон ота-онаси ва яқинлари ҳақида фахр билан гапиради, ёзади.

Оддий қўшиқчи ёки бирор бир хизмат кўрсатган қаламкашнинг расмий таржимаи ҳолига қарасангиз ҳам уни дунёга келтирган ота-онаси ҳақида камида бирор жумла ўқийсиз.

Президент Ислом Каримовнинг болалиги, ёшлик даврлари ҳақида, унинг яқинлари тўғрисида ўтган чорак аср ичида Ўзбекистонда на бир мақола ёзилди, на бирорта ҳаққоний фильм яратилди.

Шу ўринда, Шавкат Мирзиёевнинг ҳаёти ва фаолиятига доир ўтган йилги президентлик сайлови арафасида телевидение орқали бир неча бор эфирга узатилган ҳужжатли фильмни эслашимиз, фойдадан ҳоли эмас. Унда Шавкат Мирзиёевнинг ҳаёти батафсил ёритилган. Ота-онаси, оиласи ҳақида маълумотлар берилди, уларнинг суратларигача кўрсатилди. Мактаб йиллари, талабалик даврлари ва умуман, ҳаётининг барча жабҳалари халққа ошкора кўрсатилди. Мирзиёев сайлов куни бутун оиласи билан овоз беришга келганини дунё кўрди. Суратлар, видеолар ҳамма жойга тарқалиб кетди. Мана бўларкан-у! Ўз ота-онаси ва яқинларидан фахрланадиган ҳар қандай инсон аслида ҳам шундай қилмайдими?

Кичик бир ташкилотда тўрт кишига раҳбар бўлган одам қанча ғурурланади. Ўша куни байрам қилади. Энг биринчи ўринда, ўз яқинларини эслайди. Агарда у мамлакатга Президент бўлса-чи?! Хурсандчилигининг чеки бўлмайди.

Яқинда Шавкат Мирзиёев бир йиғинда “уйимга икки-уч ойда бориб тураман”, деб ўзининг қишлоғини назарда тутиб, гапирди. Жамшид аканинг айтишича, Ислом Каримов йиллар давомида уйига бормаган, ҳатто онасидан хабар ҳам олмаган.

“Бу энди унинг шахсий иши”, десангиз қаттиқ адашасиз. Чунки, ўз ота-онаси ва яқинларига меҳри бўлмаган фарзанд ҳеч қачон ўзгага меҳр кўрсатмайди. Ўз оиласига содиқ бўлмаган одам ҳеч қачон бошқага садоқат кўрсатмайди!

ПРЕЗИДЕНТНИНГ ЎҒРИ ҚИЗИ

Бунинг натижасини мана бугун ҳамма кўриб турибди. Ислом Каримовнинг қизлари халқ мулкини талаган ўғри-муттаҳам эканлигини бир қатор хорижий давлатлар прокурорлари исботлаб, жиноий иш очганларидан кейин ва ниҳоят, Ўзбекистон Бош прокуратураси ўз сайтида шу йил 28 июль куни эълон қилган “Г.Каримовага нисбатан жиноят ишлари юзасидан хабар”да марҳум президент тўнғичининг 2001-2013 йилларда содир этган оғир иқтисодий жиноятлари юзасидан якунланган ва ҳамон давом этаëтган жиноий ишларга оид айрим тафсилотларни эълон қилган.

Иқтибос:

Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик)¸ 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)¸ 179-моддаси (Сохта тадбиркорлик)¸ 184-моддаси (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш)¸ 227-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) ва 168-моддаси (Фирибгарлик), 178-моддаси (Чет эл валютасини яшириш)¸ 182-моддаси  (Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш), 189-моддаси (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш)¸ 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) бўйича жами 11 модда билан айблов эълон қилинган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан “Г.Каримова айбланаётган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган”¸ дейилади Бош прокуратура хабарида. (Иқтибос тугади).

Қаранг, шунча қилмишларни содир этган жиноятчига атиги 5 йиллик жазо берилибди. Бошқа одам бу жиноятларни содир этганида борми, умрбод қамоқда чириб кетарди.

ЯНГИ ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Ислом Каримовнинг болалиги ва ёшлигидаги баъзи бир суратлари вафотидан кейин ижтимоий тармоқларда тарқала бошлади.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади:  нима учун Ислом Каримов ўз ўтмиши, оиласи ва бошқа яқинларига оид маълумотларни халқдан яшириб келди? Ёки ким бу ҳақда сўз очса, унинг ашаддий душманига айланди? Бу ҳақда Жамшид Каримов бизга батафсил сўзлаб берган.

Ислом Каримовнинг икки қизи ва беш набирасидан ташқари, яна бир ўғли ва бир  набираси борлиги куни кеча расмий тарзда биринчи марта маълум бўлди. Нима учун бу маълумотлар президентнинг тириклигида ёзилмади? Бу каби саволларнинг барчасига Жамшид Каримов атрофлича жавоб берган.

Ислом Каримов оддий инсон бўлганида, на унинг оиласи ва на унинг ўзи билан бировнинг иши бўларди.

САЙЛОВЛАР ТАНЛОВЛАР

Дунёда президентлар умумхалқ сайловлари орқали давлат тепасига келади. Сайлов дегани бу танлов деганидир. Яъни, халқ номзодлардан бирини саралаб, танлаб олади, дегани.

Президент ҳам ва бошқа минглаган давлат раҳбарлари ҳам халқнинг хизматкоридир! Раҳбарлар халққа хизмат қилиш учун иқтидорга келади. Ўз ҳавойи нафсига ёки оиласига хизмат қилиш учун келмайди!

Уйимизга хизматкор олсак танлаб олганимиз каби юртимизга ҳам хизматкорни танлаб, саралаб олишимиз керак бўлади. Агарда инсон ўз халқини, ватанини чин дилдан севса, унга Хизматкор бўлишни ўзига энг Олий Шараф деб билади!

Бозорга борсак ҳам сабзини танлаб, гуручни саралаб, гўштни ҳам қараб оламиз. Ўзимизга, ватанимизга, давлатимизга раҳбар танлаганда ҳам энг сарасини, энг муносибини сайлаб-танлаб олишимиз керак. Шундагина биз миллат бўламиз, шундагина халқ бўламиз! Акс ҳолда, оломон бўлиб ўтиб кетамиз.

Демократик давлатларда сайловлар пайти номзодлар бежиз “жон олиб, жон бериб” курашмайдилар. “Мен ундан яхшиман, ақлли, билимли, тажрибалиман, мени президент қилиб сайласангизлар, у қиламан, бу қиламан”, деб дунёга жар солади.

Иккинчиси чиқиб, “йўқ, у бекорларни бештасини айтибди, мен ундан яхшиман, ундан кўра ақлли, билимдонман, мени сайланг, мен яхши хизмат қиламан, осмондаги ойни олиб бераман”, деб томоқ йиртади. Ишқилиб, барча номзодлар сайловгача нима бўлса бўлади.

Бу орада улар туғилганидан бошлаб, ўша кунгача етиб келган даврини тинмай матбуотда кўз-кўз қилишади.

Сайловчилар бу пайтда улар ҳақидаги ахборотларни тўла билиб бўлишади: номзодларнинг хотини ким, боласи нечта, қанча пули бор, қаерда нима қилган, кимга нима деган ва ҳоказо, ва ҳоказо маълумотлар, аллақачон, ёйилиб кетган бўлади.

Эртасига иккинчи, учинчи, тўртинчи ва ҳоказо номзодлардан бири телевизорга чиқади-да, ҳаммасини ёлғонга чиқариб қўйиши ҳам мумкин. “Йўқ, у ёлғон гапиряпти сизларга. Биз мутахассислар билан мана бу, мана бу маълумотларни қидириб топдик, у порахўр бўлган, фалончидан фалон вақтда писмадон нарса олган, жазмани фалончихон бўлган, у бизга бундай деди, унинг пуллари фалон банкда” каби ва ҳоказо гапларни халққа айтиб, қўлидаги бир дунё ҳужжатларни, сурат ва видеоларни тарқатиб юборади.

Ғарбда ўзи сайлов дегани, бу катта шоу деганидир. Ҳам зерикмайсиз, ҳам кўп маълумотни билиб оласиз. Хуллас, шу сайлов баҳона одамлар ватанидаги сиёсатчиларни, раҳбарларни аслида ким ва қандай эканлигини билиб олишади. Кейин шунга кўра, у ёки бу сиёсатчининг рейтинги, яъни халқ орасидаги обрўси ё кўтарилади ёки ер билан яксон бўлади. Обрўси  бир тийин бўлган сиёсатчи сиёсий майдондан енг шимариб, мардларча чиқиб кетади. Ўзига бошқа лойиқ иш топади.

Бу сайлов жараёнларининг ҳаммаси қонунга мувофиқ ҳолда бўлиб ўтади. Агарда кимдир бировга туҳмат ёки ҳақорат қилган бўлса, унинг таъзирини мутасадди органлар бериб қўяди. Шунинг учун ҳамма ўзига боқиб, орқа-олдига қараб, босар-тусарини билиб иш қилади. Акс ҳолда, ё катта жаримага тортилиб, шарманда бўлади ёки панжара ортига кетади.

Шу туфайли ҳам сиёсат билан ҳамма шуғулланавермайди. Бу машмашаларга чидаган матонатли, ўз кучига, билими ва салоҳиятига, шижоат ва қудратига ишонган тажрибали сиёсатчиларгина майдонда қолади. Қолганлар ўзлари билмаган ҳолда, тақдирга тан бериб, чеккага чиқиб кетади.

Халққа хизматкор бўлиш, унинг ишончига эришиш, бу осон иш эмас!

Бу жараёнларни ҳар куни, ҳар соатда бир неча турли мустақил ахборот воситаларидан кузатиб турган халқ эса, бемалол буларнинг “реклама”сини томоша қилиб, юз марта ўйлаб, яхшисидан яхшироғини (ёмонидан яхшироғини эмас!) танлаб, яъни, сайлаб олади.

Янги сайланган давлат раҳбарининг президентлик муддати битгунича халқ унинг орқасидан тинмай кузатиб, таъқиб қилиб боради. Ана ундан кейин янги президентнинг қаерда нима дегани-ю, ким билан овқат еганигача, унинг хотини ва болалари қаерда нима иш билан машғуллигигача бўлган маълумотлар кунда-кунора матбуотнинг биринчи саҳифасидан жой эгаллайди.

Президентнинг давлат бошқаруви ва сиёсий ишлари эса, бундан-да юқори кўринишда ҳар куни ёритилиб борилади. Хуллас, ўзини ҳурмат қилган, ватанини севган, келажак авлодларини ўйлаган ҳар бир мамлакат бугун мана шундай яшамоқда!

Мана шунинг отини – Демократия –  Халқ ҳокимияти – Ҳуқуқий давлат, дейдилар! Халқ демократияни фақат телевизордаги “жаннат”дан хабарлардангина билмайди, балки ўз танасида, кундалик ҳаётида ҳар лаҳзада сезади, кўзи билан кўради, унда яшайди, фаол иштирок этади. Шунда фаровонликка, тараққиётга эришади. Акс ҳолда, халқ лоқайд, бефарқ бўлса, мамлакатни бир ҳовуч чала сиёсатчилар, сифатсиз кадрлар, ўғри ва муттаҳамлар, порахўрлар босиб кетади.

Оқибатда, халқ қашшоқ бўлиб, юрти таназзулга юз тутади. Унинг ҳаққини бир тўда ўғрилар ейди. Шу тариқа йиллар, асрлар давомида бир халқ, бир мамлакат, бир тил йўқлик сари равона бўлади. Тарихдан биламизки, шу  пайтгача ер юзида қанчадан қанча халқлар, миллатлар, тиллар бўлган. Лекин улар бугун ер юзида йўқ. Улар ҳам бирданига бир кунда йўқ бўлиб кетмаган. Етти ухлаб тушига ҳам кирмаган…

Тарих, ҳаёт шундай бешафқат! Ҳеч кимга қараб ўтирмайди!

Ҳар бир инсон бу ёруғ оламга бир марта келади. Инсон – инсондек яшашга ҳақли. Фақат ундан шу ҳақни тортиб олмаслик керак. Ҳақни турли ўткинчи раҳбарлар эмас, Яратган беради!

Интервьюнинг 1-қисмидан четда қолган ва кейин аниқланган қўшимча маълумотлар

  1. Арслон Каримов ҳалокатига оид Жамшид Каримовнинг шахсий талқини:

Биринчи талқин: Ислом Каримов ҳокимиятга келишига қарши бўлган кучлар тахминига кўра, Арслон Каримов кўп нарсани билади ҳамда “ёш ва ғайратли” укасидан фойдаланиб, ҳуқуқий-жиноий муҳитни фош қилишни бошлайди.

Иккинчи талқин: Ўзбекистонлик машҳур футбол юлдузи, спорт устаси, “Пахтакор” футбол жамоаси ҳужумчиси Геннадий Красницкий (1940-1988)нинг ўз жонига қасд қилишига доир “иш”.

Лекин, бу “иш”нинг қай даражада Арслон Каримов ўлимига боғлиқлиги бизга маълум эмас. Бу талқинни Жамшид Каримов бизга ёзма равишда юборди, лекин ҳозирча очиқлагани йўқ. Бу бўйича маълумот қўлга киритсак, навбатдаги қисмларда яна мавзуга қайтамиз.

Жамшид Каримов 11 йил қамоқда жуда кўп асарлар ёзган. Шулардан бири “Отам ҳақида” ҳужжатли романидир. Айни дамда роман қўлёзмада бўлиб, яқин вақтда хорижда нашр этилиши кутилмоқда.

  1. Жамшид Каримовга кўра, бобоси Ғани Каримов 1936 йилдан 1941 йилгача Фарғона водийсидаги ёки Қашқадарёдаги НКВД қамоқхонасида жазони ўтаган.
  2. Ғани Каримов 1941 йил бошида озод этилган ва шу йил кузида Хуршид Каримов туғилган.
  3. Хуршид Каримовнинг қамоқдан озод этилишига оид:

Суҳбатимизнинг 1-қисми нашр этилганидан кейин бизга АҚШдан давлат ва сиёсат арбоби Бобур Маликов алоқага чиқиб, Хуршид Каримовнинг қамоқдан озод этилишига доир бир маълумотни айтиб ўтди.

Маълумки, Бобур Маликов 1989 йили Ўзбекистон Олий судининг раиси лавозимида ишлаган. Маликовга кўра, Хуршид Каримов 1986 йили қамоққа олинганидан кейин орадан уч йил ўтиб, 1989 йили озод этилган.

– 1989 йил 23 июнда Ислом Каримов Ўзбекистонга раҳбар бўлганидан кейин орадан бир ойча ўтиб, кабинетимга янги тайинланган Ички ишлар вазири Вячеслав Мухторович Камолов кириб келди, – деб хотирлайди Бобур Маликов. – Камоловнинг қўлида Хуршид Каримовнинг “иши” турганди. “Янги раҳбарнинг укаси Попда турмада ўтирибди, шуни қамоқдан чиқаришимиз керак”, деди Вячеслав Мухторович. Мен “иш”ни олиб қолдим. “Жиноят иши” назорат тартибида қайта кўриб чиқилиши учун буйруқ бердим. Х.Каримов Наманган вилоятининг Попдаги қамоқхонасида жазони ўтарди. Бу муассаса маҳкум хақида ижобий тавсифнома берган ва бошқа керакли ҳужжатлар тайёрланиб, Хуршид Каримов ўтаган уч йиллик жазоси билан чекланган ҳолда, қонуний тарзда муддатидан аввал озод этилган. Яъни, Хуршид Каримов, Жамшид Каримов айтганидек, 1992 йилда озод этилмаган. Уни 1989 йили озод қилганмиз. Агарда Каримовлар оиласида ёки бошқа кишиларда бу ҳақда савол бўлса, судга мурожаат қилиб, билишлари мумкин, – дейди Ўзбекистон Олий судининг собиқ раиси.

Бобур Маликовнинг ушбу маълумотига муносабат сўраб, Жамшид Каримовга боғландик.

Мен 1990 йил октябрида бир ой Самарқандда бобомнинг уйида бўлганман. Аввал Хуршид амаким ҳам шу уйда яшаган. Ўшанда унинг озодликка чиққани ёки чиқиши ҳақида бирор гап-сўз бўлмаган. У 1992 йилда озодликка чиқиб, уйига қайтган, – дейди Жамшид Каримов.

Хуллас, бу бир-бирига қарама-қарши икки маълумотни олганимиздан кейин бошимиз қотиб қолди. Хўш, агарда Хуршид Каримов 1989 йили озодликка чиққан бўлса қаерга кетган? Нимага бу ҳақда Самарқанддаги Каримовлар билмаган? Уч йил қаерда бўлган?

Шу саволларга жавоб қидириб, воқеадан хабардор бир кишини топдик. Исми сир қолишини истаган бу манбага кўра, Хуршид Каримов ҳақиқатдан ҳам 1989 йили озодликка чиққанидан кейин Тошкент вилоятининг Қибрайига кетиб, ўша вақтдаги “Пепси-кола” ичимлиги ишлаб чиқариш заводини бошқарган.

– 1991 йил ноябрида Гулнора Каримова америкалик ўзбек Мансур Мақсудийга турмушга чиққандан кейин амакиси Хуршид Каримовдан Қибрайдаги заводни тортиб қўяди. Шундан кейин 1992 йилда Хуршид Каримов Самарқандга кетади. Бу воқеалардан балки Жамшид Каримовнинг хабари йўқдир, – дейди ҳодисадан хабардорлигини айтган манба.

Таъкидлаб ўтамиз, манбанинг бу сўзларини на инкор этишга ёки қабул қилишга бизларда ҳеч бир асос йўқ.

Энди эса, марҳамат, Жамшид Каримов билан суҳбатимизнинг 2-қисмини ўқишингиз мумкин.

***** 

ЖАМШИД КАРИМОВ: ҚАБОҲАТНИНГ ЧЕГАРАСИ ЙЎҚ ЭКАН” (2-қисм)

Улуғбек Бакир: Хуршид Каримовнинг қамоқдан кейинги ҳаёти қандай кечди?

Жамшид Каримов: Кенжа амаким Хуршид Каримов (1941-2010) қамоқдан озод бўлиб келганидан кейин қаттиқ аламзада бўлиб қолганди. Тўғри, у ноҳақдан қамалган, сиёсий маҳкум эмасди. Лекин, у ҳаммадан хафа эди. Онамни эса, ҳурмат қиларди. Умуман, Санобар бувимдан ташқари ҳамма амакимлар ва аммам онамни яхши қабул қилишарди. Фақат бувим онамни ёқтирмасди.

Улуғбек Бакир: Онангиз рус бўлгани учунми?

Жамшид Каримов: Ҳа, ҳа, айнан шундай. Отам қайнонаси, яъни онамнинг онаси, бувим билан бирга яшарди. Евгения бувимнинг қўли гул аёл эди. Болаларга энагаликда ҳам устасифаранг эди.

Хуршид амаким қамоқдан қайтиб, иккинчи марта уйланди. Уни шу хотини боқарди. Биринчи тожик хотини Илмиядан бир қизи бор. Улар биргаликда икки йил яшаб, ажрашганди. Аслида Хуршид амакимнинг характери жуда оғир  бўлган. Уни устига маъшуқабоз ҳам эди. Кўп ароқ ичарди, кўп тамаки чекарди. Ўпкаси ҳам чириганди. Ўзи азалдан сурункали ўпка ялиғланиш касаллиги билан оғрирди. Боз устига, олти йиллик қамоқ мадорини қуритиб бўлганди. Қамоқдан қариб-қартайиб, бир оёғи ишламай, чол бўлиб келди. Қолаверса, болалигида дарахтдан йиқилиб, умуртқаси синган. Шундан кейин букри бўлиб қолганди. Шунга қарамай, қамоқдан аввал бақувват ва анча-мунча нарсага синадиган одам эмасди. Руҳи жуда тетик эди. Лекин, баджаҳллиги ҳам ўзига яраша бўлган. Кўп китоб ўқирди. Катта кутубхонаси бўларди.

Умуман, Каримовлар хонадонида китобга меҳр ўзгача бўлган. Китоб кўп ўқишарди. Фақат аммам ўқимишли бўлмаган, оддий ишчи эди. Оиланинг асосий бойлиги бу китоб эди. Биргина отамнинг шахсий кутубхонасида ўн мингга яқин китоб бўлган. Афсуски, отамдан мерос қолган бу китобларни тутқунликда бўлганимда хотиним пуллаб юборибди. Ҳозир менда жуда оз китоб қолган. Бир қисми Алишер акамнинг уйида ҳам сақланиб қолган.

Китобларнинг аксарияти қадимги ноёб китоблар эди. Ҳозир ёнимда “Анна Каренина” (Лев Толстой романи – У.Б.)нинг 1878 йилда босмадан чиққан биринчи нашри турибди. Иш столим устида онамнинг отаси, бобомдан мерос қолган 1893 йилда Санкт-Петербург матбааси рухсати билан Тошкентдаги Коменский нашриётида босилган “Қуръон” ҳам бор. Фирдавсийнинг 1925 йилда нашрдан чиққан “Шоҳнома” асари ҳам бор эди. Ҳатто, 1936 йилги Зиновьев таҳриридаги “Шоҳ Никколо Макиавелли” ҳам кутубхонамизнинг кўрки эди. 1910 йилда академик Венгеров таҳрири остида нашр этилган “Пушкин” ҳам бор эди…

Улуғбек Бакир: Каримовлар оиласидаги саккиз фарзанднинг ҳаммаси олий маълумот олганми?

Жамшид Каримов: Ҳа, фақат Меҳринисо аммамдан бўлак ҳамма оға-инилар олий маълумотли бўлишган. Улар жуда камбағал оиладан бўлишларига қарамай, ўз кучлари билан ҳеч бир порасиз, жуда оғир иқтисодий қийинчиликлар билан ўқишган. Масалан, отам Арслон Каримов (1931-1989) 1950-йилларнинг бошида жуда қийинчилик билан ўқиган. Шу даражада қийналганки, ҳатто пойабзали чириб, йиртилиб кетганидан уни сим билан боғлаб олган. Шу тарзда ўқишни битириб, 36 йил судья лавозимида ишлади. Ислом Каримов (1938-2016) ҳам шундай қийинчиликлар билан таҳсил олган. У Тошкентда ўқиб юрган пайтида, 50-йилларнинг охирида онамга телеграмма юборган.

“Қадрдоним Маргарита! Илтимос, кўмагингизга муҳтож бўлган, ночор талабага ёрдам беринг! Очликдан жуда қийналиб кетдим. Ислом.” (Рус тилидан эркин таржима – У.Б.).

Онам ўша пайтларда Каримовлар хонадонига янги келин бўлиб тушганди. Ўзи ҳам талаба бўлишига қарамай, қайнукаси Ислом Каримовга пул юборган эди.

Улуғбек Бакир: Ҳа, у пайтларда ҳаммага қийин бўлган, оғир дамлар эди. Жамшид ака, суҳбатимизнинг 1-қисмида Ислом Каримовнинг опаси, акалари ва укаси ҳақида атрофлича гаплашган эдик. Келинг, энди уларнинг оиласи ва фарзандлари тақдири ҳақида суҳбатлашсак. Каримовлар оиласининг тўнғич фарзанди Меҳринисо Каримовадан бошласак.

Жамшид Каримов: Меҳринисо (1921-1986) аммамнинг биринчи турмуш ўртоғи Мустафоқул Эшонқулов 1941 йили урушга кетиб, Украина фронтида ҳалок бўлади. У “политрук” (ҳарбий қисм қўмондонининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари- У.Б.) бўлган. Уларнинг ягона фарзанди Илҳом Эшонқулов 1939 йилда туғилган. У Россияга ўқишга кетиб, Надежда исмли рус қизига уйланиб, Волгоград (1925 йилдан 1961 йилгача Сталинград -У.Б.)да қолган. Унинг икки ўғли бор, Владимир ва Темур. Мен улар ҳақида жуда оз биламан. Володя 1961 йилда туғилган, у нейрожарроҳ шифокор. Темур эса, замонавий технологиялар бўйича етакчи мутахассис.

Илҳом акам билан баъзан учрашиб турардик. У ҳам менга ўхшаб ўрислашиб кетган. Умрининг охирги йилларида жуда қаттиқ оғриган. Ошқозонида яраси бор эди. Кейин инфаркт ҳам бўлди. 1986 йили 47 ёшида шу дард билан вафот этди. Унинг вафоти аммамнинг ҳам ўлимига сабаб бўлган. Аммам бир ўзи ёлғиз яшарди. Кутилмаганда ўғлидан инфарктга чалингани ҳақида хат олганидан кейин ҳеч қанча ватқ ўтмай, ўша йили қазо қилади.

Меҳри аммамнинг иккинчи тожик эри, профессор Бобохўжа Қорахўжаев Самарқандда машҳур педиатр шифокор бўлган. Институтда дарс ҳам берарди. Бобохўжа поччам самимий, меҳрибон инсон эдилар. Болага бир боқиб, касалини шу заҳотиёқ айтиб берадиган даражадаги малакали доктор эди.

Поччам биринчи оиласидан ажраб, 40 ёшлардан ўтган бева аммамга уйланган. Бу никоҳдан уларнинг фарзанди бўлмаган. Улар Самарқанднинг Регистон яқинидаги Комаров кўчасида яшашган.

Улуғбек Бакир: Ҳа, айтганча, Каримовлар яшаган бобонгизнинг уйи қаерда жойлашган?

Жамшид Каримов: Регистон майдони ёнидан торгина йўллар билан борадиган “8 март” кўчасида. Бу қадим ҳовлидан Ислом Каримовни сўнгги манзилга кузатишди.

Эҳ… Ҳаёт жуда ажойиботларга бой! Ислом Каримов аслида бу ҳовлини ёқтирмасди. Жуда кам келарди. Уни асосан, бобомдан кейин бувим тарбиялаб, вояга етказган. У эса, онасини унутганди. Каримовнинг онаси, Санобар бувим ўлимидан аввал тўшакка михланиб қолди. Иситмада куйиб ётарди. Аввал айтганимдек, бу бемеҳр Ислом Каримов шунда ҳам онасидан хабар олгани келмаган. Мен бир рус муҳандисини биламан. У Ўзбекистондан жуда олисдаги Нижний Новгородда яшарди. Унинг кекса опаси Самарқандда қаттиқ бетоб бўлиб, ётиб қолди. У Россиядаги барча ишини ташлаб, икки ой опасига қаради. Опаси вафот этганидан кейин маросимлари ўтгунча Ўзбекистонда бўлди. Шуларни кўриб, ҳайратдан ҳар гал ёқамни ушлайман.

Ислом Каримов 80-йилларда Андропов,Черненко, Горбачёв (СССР раҳбарлари – У.Б.) замонларида Самарқандга, отамаконига келмаган. Шундай нақл бор: “Инсон кўкка бўй чўзган сари совиб бораверади”. Ислом Каримов ҳам юқори поғоналарга кўтарилгани сайин йилдан-йилга яқинларини унутиб бораверди…

Улуғбек Бакир: Меҳринисо аммангиздан кейинги Омон амакингиз оиласи ҳақида нималарни биласиз?

Жамшид Каримов: Катта амаким Омон Каримов (….-194?)нинг хотини ҳақида ҳеч нарса билмайман. Унинг бир ўғли бор

Азим Каримович Омонуллаев. У аслида Азим Омонуллевич Каримов бўлиши керак. Билмадим, негадир исмлари ўрнини алмаштириб олган. Азим акам 1953 ёки 1954 йилда туғилган. Самарқандда яшайди. Эшитишимча, ҳозирги янги ҳукуматда ҳам унинг обрўси баланд. Бир қарашда у пок одамдек… Улуғбек, яхшиси, у ҳақда ҳозирча гапирмаганим маъқулроқмикан?

Улуғбек Бакир: Ўзингиз биласиз, Жамшид ака, истасангиз гапиринг, истамасангиз йўқ.

Жамшид Каримов: Амакиваччам Азим Каримович ҳақида айтишим мумкинки, 1992 йилда Ислом Каримов Самарқандга келганида унинг елкасига қоқиб “бу менинг севимли жияним”, деган. Азим ака ҳам мутахассислиги бўйича савдогар (товаровед). Охирги иш жойи Самарқанд “облпотребсоюз” (вилоят истеъмолчилар уюшмаси – У.Б.) бўлган. Ҳозир нафақада, сокин, осойишта ҳаёт кечирмоқда. Унинг ҳам хотини тожик.

Азим ака ота-онасидан эрта ажраб қолган. Уни Меҳри аммам ва онам тарбиялаганлар. Ҳеч қачон безори, тўполончи бўлмаган. Покиза, одобли бола бўлиб ўсди. У ўқимишли, тўғрисўз инсон. Менга ҳам кўп китоблар берарди. Унинг икки ўғил ва бир қизи бор. Хотини тўғрисида билмайман. Улар билан алоқамиз узилган.

Улуғбек Бакир: Тушунарли. Айтганча, Самарқанддаги ҳовлида ҳозир ким яшайди?

Жамшид Каримов: Каримовларнинг ота ҳовлисидами?

Улуғбек Бакир: Ҳа, айнан ўша ҳовлида.

Жамшид Каримов: Билишимча, Ислом Каримов вафотидан кейин бу ҳовли уй-музей бўлган. Мен бу уйда 1995 йилдан бери бўлмадим. Ўша пайтларда кенжа амаким Хуршид Ғаниевич нуроталик хотини Муҳаббат келинойим билан бу ҳовлида яшарди. У Наманган турмасидан қайтиб келганидан кейин, аввал айтганимдек, иккинчи марта шу аёлга уйланади. Ислом Каримов вафотигача ҳам у ерда Хуршид амакимнинг оиласи яшарди. Улар 90-йилларнинг ўрталарида ўғил фарзанд кўришади. Исмини бобомнинг шарафига Абдуғани, деб қўйишади. Ҳозирда бу кичик Абдуғани Каримов 22-23 ёшларда. Лекин, Муҳаббат келинойи анча совуқ аёл, уйига меҳмон келса, хушламайди. Ўзбекча меҳмондўстликни билмайди.

Мен қамоқдалик пайтимда хотиним айтиб берганди. Муҳаббат опа анчагина пулдор аёл бўлиб, Самарқандда бир нечта дорихонаси бўлган. Хуллас, у ўша ҳовлини бузиб, таниб бўлмас даражада қайтадан қуради. Уйга одамларни ижарага қўя бошлайди. Бу хабар “Оқсарой”га етиб борганидан кейин “буюк доҳий”нинг фиғони фалакка чиқиб, ҳовлини салкам бульдозер билан бузиб ташлаб, аввалги ҳолатига қайтартиради. (Хуршид Каримов оиласи ҳақида навбатдаги қисмларда яна тўхталамиз – У.Б.).

Улуғбек Бакир: Жамшид ака, аслида Омон Каримов оиласидан кейин у кишидан кейинги Ибодулла Каримов оиласи ҳақида гаплашишимиз керак эди. Менинг бошқа саволим туфайли, билвосита кенжа фарзанд Хуршид Каримовга ўтиб кетдик. Чалғитганим учун узр!

Жамшид Каримов: Ҳечқиси йўқ, мана қайтдик-ку.

Ибодулла (1925-2015) амакимнинг аёли Хайринисо Султоновна Азизова-Каримова 1933 йилда туғилган, жуда оқила, билимдон ва ақлли инсон эди. Келиб чиқиши асли Фарғонанинг Қувасойидан, месхети туркларидан бўлиб, уларни Самарқандда “бачақардош” дейишади.

Хайринисо Султоновна кучли педиатр бўлиб, 40 йилдан зиёд то умрининг охиригача Самарқанддаги болалар касалхонасида Бош шифокор лавозимида ишлаб келди. Ўтган 2016 йили “буюк доҳий”нинг вафотидан кейин уч-тўрт ҳафта ўтиб, сентябрнинг сўнггида, 83 ёшида оламдан ўтди. Ўлимидан олдин ўғлига ҳазиллашиб “доҳий мени у ёққа чақиряпти”, деган экан.

Ибод Ғаниевич ва Хайринисо Султоновналарнинг икки ўғли бор, Иззат ва Баҳодир Каримовлар. Иззат 1961 йилда, Баҳодир 1964 йилда туғилган. Уларнинг ҳаёти рисоладагидек. Фақат Иззат акамнинг ёшлигида аёлларидан омади чопмади, 2-3 марта уйланди. У ҳам шароб ичишни яхши кўрарди. Шу сабаб, хотинлари ундан кетиб қоларди. Ҳозир Самарқандда яшайди. У ҳам деярли барча Каримовлар сингари “Кооператив” (ҳозирги Самарқанд иқтисодиёт ва сервис –У.Б.) институтини тугатган. Унинг иккинчи ёки учинчи хотинидан бир қизи бор. Биринчи аёлидан фарзанди бўлмаган.

Баҳодир акам янглишмасам, ҳозир Тошкентда яшайди. МХХ (СНБ)да ёки Божхонада хизмат қилади, аниғини билмайман, қизиқмаганман. Қариндошлар менга унинг хотини рус, дейишди. Қанча боласи борлигини ҳам билмайман. У ҳам гарчи амакиваччам бўлса-да, жуда оз кўришиб, мулоқотда бўлганман. Ёшлигидан спорт билан шуғулланган, яхшигина спортчи.

Ибод амакимнинг ўғиллари ҳам отаси каби камтарона, оддий ҳаёт кечиришади. Данғиллама уйлари йўқ, ўзларини элга кўз-кўз қилишмайди.

(давоми бор)

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.