Рўзибой Азимий: Умида Бердиалиеванинг ноласи барчамизнинг ноламиздир!

Жабрдийда Умида Бердиалиева ва Китоб туман хокими ўринбосари, туман хотин қизлар Кенгаши раисаси Розия Ашурова

Ўтган чорак аср давомида Ўзбекистондаги жами ташкилоту муассасалар, жумладан, жойлардаги ҳокимият, ички ишлар, миллий хавфсизлик хизмати, суд, прокуратура идоралари ўз фаолиятларини зўравонликка, дўқ-пўписага, найрангу дашномларга, туҳмату бўхтонларга, ҳар хил фирибгарликларга асосланган ҳолда олиб боргани, одамларни қўрқитиш, қистову қийноқлар қўллаш негизида иш юритгани, бундай кўргуликлар собиқ президент, миллат душмани марҳум Ислом Каримов даврида кенг қулоч ёзгани ва ҳозирги кунда ҳам давом этаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Гарчи сўнгги бир йил ичида мамлакатимизда адолатсизлик, шафқатсизлик, зулму ситам, куч ишлатар тизимларидаги ақл бовар қилмайдиган ноҳақликлар энг кўп муҳокама қилинган мавзу бўлса-да бу каби салбий унсурларга барҳам берилмаётгани кишини жиддий ташвишлантирмоқда. Бунга қашқадарёлик уч нафар фарзанднинг онаси, ҳақ-ҳуқуқлари бутунлай поймол бўлган, том маънода аросатда қолган, адолату, ҳақиқатни тиклаш илинжида идорама-идора юриб сарсону саргардон бўлган, маҳаллий ҳокимлар, ҳоким ўринбосарлари, куч ишлатар тизимларининг хийлаю найранглари ва фириблари туфайли деярли ярим ойлик умри қамоқхонада ўтган Умида Бердиалиеванинг ҳаёти яққол мисол бўла олади.

Адолат учун курашган аёл боқиманда эмас, уятсиз каззоблар!

Умида Бердиалиева ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш мақсадида елиб югурди, кўп қийналди. Дастлабки пайтларда шаънига ёғилган ҳар хил мағзава гапларга лом-лим демасдан чидади, бардош берди, тишини-тишига қўйиб сабр қилди. “Ҳақиқат эгилади, аммо синмайди”, деган нақлга астойдил ишонди. Унинг Китоб туманида, Қашқадарё вилоятида, пойтахт Тошкентда ҳақиқат талаб қилиб кирмаган эшиги деярли қолмади. Ана шундай “эшиклар” ичида солланиб, ястаниб ўтирган, ўзларини сал кам Пайғамбар ҳис қиладиган бир ҳовуч амалдорлар дастлаб унга қуюқ ваъдалар бериб юпатиш, кейин алдаш, авраш билан машғул бўлди, ундан кейин эса адолат излаб сарсону саргардон бўлаётган онаизорга қарши дўқ-пўписа қилиш, ҳар хил амаллар билан қўрқитиш йўлига ўтди, алал-оқибат унга “боқиманда” дея тамға босиш билан андармон бўлди.

Аслида ҳаром-хариш еявериб, оғзига келган сўзларни гапиравериб, олдиларига нажот сўраб йиғлаб-сихтаб кирган “оломон”ни кўравериб, “берари” йўқ, яъни чўнтаги бўш одамларни овора-ю сарсон қилавериб дийдалари қотиб кетган, виждонлари мўртлашган амалдорлар учун ҳақиқатпарвар кишиларни “боқиманда” деб айблаш заррача қийин иш эмас. Бироқ ҳеч қачон боқиманда бўлмаган, бор-йўғи адолат талаб қилиб курашга шайланган одам учун бу сўзни эшитиш минг чандон азоб. Умида ҳам ана шундай азобларга гирифтор бўлган жабрдийда.

Умида Бердиалиеванинг қалб нолаларини тинглаган, таржимаи ҳолини диққат билан ўрганган, яшаш тарзи билан чунон қизиққан одам унинг боқиманда бўлмаганига ҳеч иккиланмасдан ишонч ҳосил қила олади. Ҳали она сути оғзидан кетмаган ва онаизоридан бевақт айрилган мурғак болакайни, ўгай она қўлида тарбия топиб, не-не қийинчиликларни бошдан ўтказган, турмушга чиқиб ҳам рўшнолик кўрмаган, 8 йил давомида қайнона зуғуми туфайли азият чеккан, калтабин умр йўлдошининг саёқликлари, сурбетликлари, бетайинликларига қарши бардош ила курашган аёлни қандай қилиб боқиманда дейишга оғиз боради?

Ҳа, Умида, оғзига оши етмаган айрим амалдорлар айтганидек, боқиманда эмас! У ёлғиз боши билан фарзандларига ҳам она, ҳам ота сифатида тарбия берган муштипар зот. Уч нафар ўғлини оч қолдирмаслик илинжида қишнинг қаҳратон кунларию ёзнинг жазирама тунларида ишлаган, дарё ва каналлар бўйидан ялпиз териб, фермерларга нўхот экишда ва у пишганда теришга ёрдам бериб, тун бўйи ухламасдан чопону тўн тикиб, буғдой ўрилгач сомон йиғиб, минг машаққат ила топган пулларига қора мол сотиб олиб боқиб, уларни семиртириб сотиб қора қозонини қайнатган, қора меҳнатда тобланган аёл. Шундай экан, адолат учун курашган аёлни боқимандага айлантиришдан уялмайсизларми, каззоблар?!

“Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан”ми?

Аслида Умиданинг амалдорлар олдида мулзам бўлишига, арбоблар томонидан ҳар боб билан калтакланишига, хорланишига, ҳақоратланишига бевосита ва билвосита унинг қайнонаси Зулайҳо Рўзиева ва умр йўлдоши Наим Рўзиев сабабчи бўлган, дея баралла айта оламиз. Қайнона унга 8 йил давомида кун бермади. Камбағаллигини, етимлигини айтиб урди, сўкди, тепди, ҳақоратлади, тирноқ тагидан кир қидириш билан овора бўлди.

Умида ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан сабр қилди. Фарзандлари ҳақи-ҳурмати уларни тирик етимга айлантириб қўймаслик учун барига чидади. Андишанинг отини қўрқоқ билган қайнона эса келиннинг сукунатидан янада кучга тўлди. Алал-оқибат очиқчасига: “Кет бу уйдан, кетмасанг ўлдириб, кўмиб келаман. Барибир орқангдан йўқлаб келадиган одаминг йўқ. Сени барибир уйимдан йўқотаман, сен билан ўлгунимча курашиб яшайман”, дея пўписага ўтди. Шу тариқа чорасиз қолган аёл 2014 йил 27 декабрь куни 3 нафар фарзанди билан бирга ота уйига келди.

Умида ота уйига келгандан кейин мавжуд қонунларга биноан ўзи ва уч нафар фарзанди учун Рўзиевлар оиласидан уй-жой олиб беришни ҳамда умр йўлдоши Наим Рўзиевдан фарзандлари учун алимент тўлашни талаб қилиб тегишли ташкилотларга чиқди. Бундан хабар топган қайнонанинг пайтавасига қурт тушди. Шу тариқа Умидани ота уйида ҳам тинч қўймади.

2015 йил 27 январда Қашқадарё вилояти Китоб туман Фуқаролик ишлари бўйича судининг Наим Рўзиевдан алимент ундиришга доир суд қарори чиққач қайнона Зулайҳо Рўзиева ва ота бўлиб ўз фарзандларига оталик қилолмаган Наимлар юввошлашишга мажбур бўлди. Она-ўғил Умидадан алиментдан воз кечишни ёки суммасини қисман камайтиришни сўраб уялмай-нетмай қудасига тегишли 2 хонали уйнинг бир хонасида қисилиб-қимтиниб яшаётган Умиданинг олдига зир қатнай бошлади. Қатновчилар агар Умида суд томонидан белгиланган алимент миқдорини камайтириш бўйича суд органига тилхат ёзиб берса, у ҳолда яқин кунлар ичида туманда ўтказилажак кимошди савдосида иштирок этиб, Умидага ер олиб беришга, бири набираларини, бири фарзандларини кўчада қолдириб қўймасликка ваъда беради.

Чорасиз она уларнинг ваъдасига минг хавотир билан ишонди ва ялиниб-ёлворишлари ҳамда қистовлари туфайли белгиланган алимент суммаси миқдорини камайтириш бўйича судга қайта мурожаат қилиб, ўз қўли билан алимент миқдорини камайтиришга доир тилхат ёзиб берди. Аммо суд тилхат асосида қарорга ўзгартириш киритгандан кейин уларнинг хийлаю найрангга қўл ургани яққол ойдинлашди. Уч нафар фарзанднинг отаси бўлмиш Наим Умидага умуман алимент тўламай, ер олиб беришга доир ваъдалари устида шуғулланмай Россияга қочиб кетди.

Уларнинг бу каби фирибларига бардош бера олмаган Умида қайтадан Китоб туман Фуқаролик ишлари бўйича судига умр йўлдошидан белгиланган тартибда алимент ундиришга доир ариза билан мурожаат қилди. Бу сафар суд Наим Рўзиевдан ўртача ойлик маоши миқдорининг ярмини алимент учун ундириш ҳамда аёлни сарсону саргардон қилгани учун ўтган 1 йиллик алимент суммасини мажбурий ундириш бўйича суд қарорини чиқарди.

Суднинг бундай қароридан кейин қайнотаю қайнона яна Умиданинг олдига тинимсиз қатнай бошлади. Аммо Умида уларга нисбатан ишончлари тамомила барбод бўлганини билдириб, ўз фикрида қатъий туриб, суд қарорини ўзгартиришга изн бермади. Бу орада Наим Рўзиев Россиядан депорт бўлиб қайтди. Сўнгра собиқ аёлининг олдига бош эгиб келди. “Саёқ юриб, таёқ едим. 3 нафар фарзандларимни хор қилганим учун Худо мени жазолади. Мен аҳмоқлик қилдим, илтимос, кечир мени. Онамнинг айби учун мени жазолама! Кел, энди ота-онамдан алоҳида бирга яшайлик”, дея ялиниб-ёлворди.

Бечора онаизор бу сафар ҳам фарзандлари отасиз ўсмасин деган ниятда қонуний ажрашган эри билан яна қайта бирга яшашга рози бўлди. Улар Тошкент шаҳрига келиб муфтилар масжидида закот бериб қубба ўқитди. Китоб шаҳрига боргач ижарага алоҳида уй олиб, фарзандлари билан бирга яшай бошлади.

Наим Умида билан бирга яшай бошлагандан кейин ҳам эски одатини ташламади. Ҳеч қаерда ишламади. Бу орада Умиданинг ер сотиб олиш илинжида йиққан 12 миллион сўмини у-бу дея, ҳар хил алдов йўллари билан ўзлаштириб, талон-тарож қилди. Бундан ташқари молхонасидаги қора молларини ҳам еб тугатди.

Умида унга пул беришни тўхтатгандан кейин ундан алиментдан воз кечиши тўғрисида ариза ёзишини талаб қилди. Аммо Умида буни рад этди. Умиданинг бу ишларни қилмаслигига кўзи етган Наим барча сирларини ошкоралади.

Мақсади Умида билан бирга яшаш эмаслигини, унинг йиққан пулларини тугатиш, уни хонавайрон қилиш, овқатига маргумиш солиб ўлдиришдан иборат бўлганини билдирди.

Бироқ фарзандлари ёш бўлгани учун бу ишни қилмаганини, эндиликда хотинини тириклайин ўлдиришини, руҳий касал деган маълумотномаси борлигини, шунинг учун Умидани ўлдирса ҳам унга милициялар ҳам, ҳатто Президент ҳам ҳеч нарса қилолмаслигини айтиб жанжал кўтарди.

Жанжалдан қўрққан Умида қайнотаси Норимқул отани чақириб ўғлининг ўзига ва фарзандларига етказган ситамларини батафсил айтиб берди. Наимнинг Умида билан яшаш мақсадида эмаслигини билган ота наилож ўғлини олиб кетди. Бу орада пулсиз қолган, уй ижараси учун ҳақ тўлай олмаган Умидани уй эгаси уйидан ҳайдаб чиқарди.

Бошпанасиз қолган муштипар она дастлаб маҳалла қўмитасига, у ерда ҳар хил сансоларликларга рўбаро келавергач уч фарзандини етаклаб Китоб тумани ҳокимлигига боради…

Розия Ашурова: Сени йўқ қилолмасам 20 йилдан бери бу курсида нега ўтирибман?

Рости, Умида илк бор туман ҳокимлигига катта умид билан қадам ранжида қилади. У ҳокимиятда одамларнинг барча муаммоларни ҳал қиладиган, халқнинг оғирини енгиллаштирадиган, йўқсулларга мадад, муҳтожларга имдод берадиган халқпарвар, ватанпарвар, инсонпарвар одамлар ишлайди, деган ўйда кириб боради.

Бироқ бу ўйлари кўп ўтмаёқ, аниқроғи, туман ҳокими Сагдуллаев Рустам Саидовичнинг қабулига минг азоб билан киргандаёқ панд бериб қўяди.

Ҳоким Умиданинг арз-додини шу даражада бепарво ҳолда тинглайдики, ҳатто унинг оғзаки шикояти мазмун-моҳиятини теран англамай туриб, уни маҳалла қўмитаси раисига юборади.

Холбуки, Умида маҳалла қўмитаси сансоларликларидан тамоман чарчаганидан, улар ҳеч қандай масалани ҳал қилиш имконига эга эмасликларини билганидан кейингина ҳокимиятга борганди.

Қовуни қўлтиғидан тушган чорасиз она туман миқёсида иши ҳал бўлмаслигига кўзи етгач вилоят ҳокимлигига боришга мажбур бўлади. Вилоят ҳокимлигидаги боқибеғамликлар, сансоларликлар адолат излаётган аёлни пойтахтга етаклаб боради.

Умида Бердилаиева пойтахтда тўғридан-тўғри Президент Девонига бориб, у ердаги масъул шахсларга ўзининг шикоят хатини қолдиради. Президент Девони масалани батафсил ўрганиш учун хатни такроран туман ҳокимлигига юборади.

Туман ҳокимлиги эса уларга “Умида Бердиалиева тумандан бепул уй-жой олиш истагида экан” деган ёлғонларга бурканган жавоб хати жўнатади. Тумандагиларнинг жавоб хатидан воқиф бўлган Умида Бердиалиева яна туман ҳокимлигига боради. Ҳокимиятдаги масъул шахслардан тайинли жавоб ололмагач қайта Тошкентга келишга мажбур бўлади.

Тошкентга келгандан кейин даставвал Президент Девони раҳбари Сайфулла Нурматов Очиловичнинг қабулига шахсан иккинчи марта киради.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И. Б. Абдуллаевга, Инсон ҳуқуқлари вакили раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев Насриддиновичга, Бош вазир Абдулла Ориповга, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар раисаси, Бош вазир ўринбосари Танзилла Норбоевага ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро жамғармаси раҳбарига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасидаги Қашқадарё вилояти бўйича куратори Шерзод Абдиевларнинг номига ариза ёзиб қолдиради.

Департаментда Мансур Жуманазаровга учрашади. Ўзи учрашган кишиларнинг ҳаммаси Умидани қайтадан Китоб тумани ҳокими Рустам Сагдуллаев Саидовичнинг олдига жўнатади.

Тошкент-Китоб йўллари орасида сарсону саргардон бўлган Умида яна туман ҳокими қабулига киради. Боқибеғам ҳоким уни ўринбосари Розия Ашуровага йўллайди. Розия Ашурова эса “Сенинг муаммоларингни ҳал қилиш менинг ваколатимга кирмайди. Тошкентдагиларингга бориб айт, келиб ўзлари қилиб бера қолсин” деб, хонасидан чиқариб юборади.

Жавобдан қаноат ҳосил қилмаган боёқуш аёл яна Тошкентга боради. Уларга Китоб туман ҳокимлигидаги раҳбарларнинг жавобини етказади.

Президент Девони раҳбари Умиданинг олдида туман ҳокимига қўнғироқ қилганда ҳоким Рустам Сагдуллаев Умиданинг Китобга қайтишини, эндиликда бу иш билан шахсан ўзи шуғулланишини айтиб қуюқ ваъда беради.

Ҳокимнинг бундай жавобидан тетиклашган, руҳланган Умида Бердиалиева Китоб туман ҳокимлигига кўтаринки руҳ билан кириб боради.

Бироқ ҳокимнинг “Сенинг муаммонгни хоҳласам ҳал қиламан, хоҳламасам йўқ” деган жавобидан кейин яна Тошкентга боришга мажбур бўлади.

Тошкентдагилар бу сафар Умидани вилоят ҳокими Зафар Рўзиев ва хотин-қизлар раисаси Рисолат Эшқобиловаларнинг олдига жўнатади.

Вилоят ҳокими ва ўринбосари Умиданинг қайнотаси Норимқул Рўзиев яшаётган хонадонга келиб, хонадон эгасига уйнинг ярмидан девор тортиб ўғли Наим Рўзиевнинг номига расмийлаштиришни тайинлайди ва бу ишга туман ҳокимининг ўринбосари Розия Ашуровани масъул қилиб тайинлайди. Аммо яна ҳеч қандай натижа чиқмайди. Умида уч нафар фарзанди билан бошпанасиз қолаверади.

Орада маълум муддат ўтгандан кейин Умида яна Тошкентга келади. Тошкентда ўзи учрашган барча ташкилотлар уни қайта Китобга жўнатади. Шўрли аёл Китоб туман ҳокимига ва ҳокимиятдаги масъул шахсларга, ҳеч бир ташкилотга ишонмаслигини билдириб, Президент қабулига киришга ҳаракат қилади-ю кўргуликларнинг каттасига гирифтор бўлади. Умидани МХХ ташаббуси билан эрталаб Новза метроси яқинидаги Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ИИБга қамаб қўйиб кечқурун чиқаради.

Тутқинликдан чиққан Умида барибир адолатни тиклаш мақсадида Президент қабулига киришга уринади. Аммо бунга жавобан уни яна ва яна, жами уч марта Чилонзор тумани ИИБга қамашади.

Бундай кўргуликлардан тинкаси қуриган, мадори қолмаган Умида қаттиқ касал бўлиб тўшакка михланиб қолади. Умиданинг отаси Ҳасан Бердиалиев Тошкентга чақиртирилади.

Китобдан Тошкентга келган ота Умидани Самарқанддаги касалхонага олиб боради. Умидага бош мия босими (черепной давление) ташҳиси қўйилади. Бундан ташқари, жигари қотганлиги ва қурий бошлаганлиги, ўт қопи қотиб қолганлиги ҳамда ҳар иккала буйракда қум борлиги, талоқ зўриқиши натижасида 8 см.ли асл ҳолатидан 12 см га катталашганини, асаблар ниҳоятда чарчаганини билдиради.

Умида отасининг моддий ёрдами туфайли даволаниб чиққач 2017 йил 15 август куни Президент Девонига бориб, шикоятларини Президентга етказиш мақсадида ўзини Ўзбекистон телевидениесига чиқариш бўйича ариза билан мурожаат қилади. Президент девонидагилар Умидага эндиликда Тошкентдан Китобга қайтишини, унга 29 август куни туман ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказиладиган кимошди савдосида ер берилишини билдиради.

Китобга қайтган Умида ҳоким Рустам Сагдуллаев қабулига киради ва Тошкентдагиларнинг кимошди савдосида ўзига ер берилишига доир фикри нечоғли ҳақиқатлигини сўрайди. Туман ҳокими Умидага ҳар қандай тақдирда ҳам 29 август куни бўлиб ўтадиган кимошди савдосида унга ер ажратилишини ҳамда уй қуриш ишларида яқиндан ёрдам беришларини маълум қилади…

2017 йилнинг 25 август куни кеч соат 19-00 ларда Умидага Китоб тумани ИИБ бошлиғи Шуҳрат Искандаров телефон қилиб, ИИБ бўлимига келишини айтади. У ерга борганда ИИБ бўлими бошлиғи хонасида туман ҳокими, Жиноят-қидирув бўлими бошлиғи, бошлиқ ўринбосари Аббос, Қурилиш бўлими вакили Ўткир Жўрақулов ва бошқа бир неча кишилар бўлади.

ИИБ бошлиғи Умиданинг қўлига “Ўз жонимга ва ўзгалар жонига қасд қилмайман, ёмон оқимларга қўшилмайман, ёлғон ахборот тарқатмайман, раҳбариятга ҳурматсизлик қилмайман, кўча-кўйда жанжал қилиб жамоат тартибини бузмайман” деб ёзилган тушунтириш хатини тутқазиб, унга имзо чекишини сўрайди… Ўзаро баҳс-мунозарадан кейин Умида тушунтириш хатига наилож имзо чекади…

2017 йил 26 август куни туман ҳокимининг ўринбосари Розия Ашурованинг ёрдамчиси Адолат опа ва туман қурилиш ва архитектура бўлими вакили Ўткир Жўрақуловлар Умидага телефон қилиб, зудлик билан ҳокимиятга келишини айтади. Умида айтилган пайтда ҳокимиятга боради.

Адолат опа ва Ўткир акалар унга бу сафар ҳам кимошди савдосида иштирок эта олмаслигини билдиради. Умида Беридалиева “туман ҳокими ҳар қандай тақдирда ҳам менга ер ажратилишини ҳамда ҳатто ҳомий топиб қурилиш ишларида ёрдам беражагини ҳам айтган эди. Сизлар эса бошқача гапиряпсизлар. Мен энди яна Тошкентга боришга мажбурман” дейди йиғлаб.

Шу пайт хонада турган Яшин ака қўлидаги рацияси билан кимгадир қўнғироқ қилади. Умида хонадан шу заҳотиёқ йиғлаб чиқиб кетаётганда бемаврид чақирганлар уни 10 минутга яқин ҳар хил савол-жавоблар билан атайин ушлаб туради, сўнгра “йиғлаб-сихтагани билан ҳеч нарса ўзгармаслигини” билдириб, уйига қайтишга рухсат беради.

Умида ҳокимият биносидан чиқиб кўчадаги йўлакчада кетаётганда йўлакчада унга қарши томондан келаётган икки нафар қиздан бошқа ҳеч ким бўлмайди. Қизлардан беш олти қадам ўтиб кетгандан кейин улардан бири Умидани орқасидан бақириб чақиради. Синглисини туртиб кетганини, унинг ҳомиладорлигини, қаттиқ йиқилганини, энди уни судга беришини бор овози билан бақириб айтади. Умида бундай ҳодиса бўлмаганини, йиқилган аёл ҳомиладор бўлса вақт ўтказмай зудлик билан тез ёрдам чақиришларини айтаётган чоғида арча орқасида яшириниб турган икки нафар милиция ходимлари уларнинг олдига келиб, воқеа тафсилотлари билан қизиқади ҳамда “жабрланувчилар” ва Умидани ички ишлар бўлимига қарашли яқин орадаги милиция таянч пунктига олиб боради.

Милиция ходими уларни милиция таянч пунктига олиб борган заҳоти Умидадан қўл телефонини олиб қўяди, “жабрланувчилар”нинг эса ҳатто телефонларига қайрилиб қарамайди. Боз устига милициялар хонага Умидани киритмасдан фақат икки аёлдан алоҳида тушунтириш хати олади. Кейин худди шундай тушунтириш хатини Умидагаям ёздиради. Умида милициялардан аёлларнинг тушунтириш хатида нималар ёзилганини сўраганда, унга жавобан “сизни мақтаб ёзишди”, деб қўя қолишади.

Улар тушунтириш хатини ёзиб бўлгандан кейин хонага участка нозири Нуриддин кириб келади. У жабрланувчилар қолиб, фақат Умида билан савол-жавоб қилиб бўлгач, ҳе йўқ, бе йўқ туман ҳокими ўринбосари, шу кунгача Умида билан ўчакилашиб келаётган Розия Ашуровани телефон қилиб чақиради.

Милициялар Розия Ашурова пунктга келгандан кейин “жабрланувчилар”нинг уйга қайтишига рухсат беради. Умидани эса тунги соат 22-00 да туман ички ишлар бўлимининг изолятор хонасига олиб бориб қамашади.

Эртаси куни туман Маъмурий суди раиси Лочин Ўсаров етакчилигида уларнинг суди бўлиб ўтади. Судда жабрланувчи Марҳабо Бахтиёрова ва гувоҳ Юлдуз Номозоваларнинг важлари қанчалик тўғрилиги ўрганилмайди. Уларнинг паспортлари солиштирилмайди. Марҳабо Бахтиёрованинг ҳақиқатанан туғруқхонанинг сақланиш бўлимидан чиққани, ҳомиладорлиги, гинеколог хулосаси ҳамда тан жароҳати етказилганлиги бўйича экспертиза хулосалари олинмайди.

Умида ўзига адвокат сўраб мурожаат қилса-да, у адвокат билан таъминланмайди ҳамда уни ЎзР МЖтК кодексининг 183-модда “Майда безорилик” айбига биноан ҳуқуқбузарликда айбдор деб топиб, 15 суткага қамаш бўйича қарор чиқаради. Бироқ Умиданинг кечирим сўрагани инобатга олиниб, белгиланган муддат 12 кунга қисқартирилади. Шу тариқа Умидани отаси ва қариндошларига хабар бермай қамашади.

Умида қамоқхонада экан, у Китоб туман ҳокимлиги раҳбарияти ва туман ички ишлар бўлимининг уюшқоқлик билан уюштирган “саҳналари”га дуч келганига иқрор бўлади. Унинг бу иқрорини ҳатто қамоқхонадаги милиция ходимлари ҳам тан олади. Улар ўз навбатида Умидага арбоблар билан ўйнашмаслиги кераклигини, арбоблар ҳар боб билан уриши мумкинлигини чуқур уқтиришади. Шундай қилиб Умида яна бир марта ноҳақлик қурбонига айланиб, 26 августдан 8 сенябргача, роппа-роса 13 кун қамоқда ўтириб чиқади.

Аслида Умидага нисбатан бундай саҳна ўйинини уюштиришдан кўзланган асосий мақсад уни 29 август куни бўлиб ўтажак кимошди савдосига қатнаштирмасликдан иборат эди.

Шундай бўлди ҳам. Умида кимошди савдосида иштирок эта олмади. Умида қамалгандан кейин калтафаҳм, кимларнингдир буйруғини аъло даражада бажарувчи лайчалар унинг уч фарзандини ҳокимиятга, Розия Ашурованинг олдига олиб боради. Розия Ашурова болаларнинг каттасига қараб: “Норимқул бобойнинг уйига борасанларми ёки болалар уйигами?”, дея сўрайди. Болалар фақат ва фақат онасининг олдига олиб боришларини илтижо қилади. Бунга жавобан Розияхоним: “Онанглар қамоқда, у энди қамоқдан чиқмайди, чиқса ҳам ўлиги чиқади” деб қаттиқ қўрқитишади. Болалар Ашурованинг бу жавобини эшитиб қаттиқ йиғлайди ва у ҳолда ўзларини онасининг отаси Ҳасан Бердиалиевникига олиб боришларини илтимос қилади. Аммо уларнинг хоҳиш-истаклари инобатга олинмасдан болаларни бундан уч йил олдин қонуний равишда ажрашган собиқ умр йўлдошининг отаси Норимқул Рўзиевнинг уйига олиб бориб топширади.

2017 йил 8 сентябрь куни Умида Бердиалиевани озодликка чиқарди. Ходимлар уни туман ИИБ бошлиғи олдига олиб борди. У ерда бошлиқ Умидадан яна Тошкентга бориш-бормаслигини сўрайди. Ундан Тошкентга бормаслиги ҳақида, жамоат тартибини бузмаслиги тўғрисида ички ишлар бўлими расман огоҳлантирди, деган мазмунда хат ёзиб бериш талаб қилинади ҳамда 1 йил давомида назорат остида бўлиш уқтирилди. Умида огоҳлантириш хати ёзиб бермаслигини, поймол бўлган ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш учун Тошкентга боражагини билдиргач яна пўписа йўлига ўтади. Протокол тўлдириб, яна қамаб қўйиш билан таҳдид қилади. Умида наилож огоҳлантириш хати ёзиб беради.

Қамоқдан чиққандан 15 кун ўтиб Умида ўзига ва фарзандларига етказган жабрлар ечимини топиш мақсадида такроран Розия Ашурованинг олдига борди. У Р.Ашуровадан воқеа тафсилотларини сўрайди. Унинг ноҳақ хатти-ҳаракатларини, ўзининг бошига тушган кўргуликларда шахсан қўли борлигини баралла тилга олди. Умидадан бундай гапларни кутмаган Розия Ашурованинг жиғилдони жиғиллайди, “Сен юзтубан ҳали ҳам ўзингга келмабсан. Сени бир марта илинтирдим, энди туҳматчи деб қаматтираман, камида уч йил ўтирасан” дейди хонани бошига кўтариб. Унинг бу пўписасига Умида: “Мен сизнинг асл башарангизни юзага чиқараман”, дея жавоб қайтаради. Ғазаб отига минган Розия Ашурова энди ўзининг кимлигини билдириб қўйиш мақсадида: “Мени сендан зўрлар юзага чиқара олмаган! Сен тирранчага йўл бўлсин! Битта сени йўқ қилолмасам 20 йилдан бери бу курсида нимага ўтирибман, йўқол?!” дея бақиради.

Журналистлар савиясизми ёки улар китоблик раҳбарларга сотилдими?

Умида Бердиалиева Розия Ашурованинг қабулидан чиққандан кейин том маънода стресс ҳолатига тушиб қолади. Дарз кетган ҳақиқатни бутлаш учун не қиларини билмай тушкун кайфиятга тушади. Туман миқёсида, ҳатто маҳалладан ташқарига чиқарилмай ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммони республикагача олиб чиқиб ҳам еча олмаганини ўйлаб қаттиқ сиқилиб, касал бўлади. Розия Ашурованинг сўзлари миясида ғужғон айланаверади-айланаверади. Милиция таянч пунктида қамалиш арафасида турган чоғида Розиянинг халлослаб кириб келгани кўз ўнгидан нари кетмайди. У туман ҳокимига, вилоят ҳокимига, Президент девони ходимларига бўйсунмаган Розия Ашурованинг қаёқдадир участка нозири қўнғироғидан милиция таянч пунктига тез орада етиб келиши замирида нималар яширинганини ўзича чуқур таҳлил қилади.

Оддий милиция таянч пункти нозири, участка милициясининг туман ҳокими ўринбосарига телефон қилиб, олдига чақириши, ҳеч кимни менсинмаган Розиянинг участка нозирига бўйсуниши Умиданинг шубҳаю гумонларини яна минг чандон оширади. Уч нафар фарзандининг отасидан кўчада қолган ўзи ва ўғиллари учун бошпана сўраб ҳал қилолмаганидан, кимошди савдосида иштирок этиб ер олиш учун интилишлари туфайли шунча ғавғоларни бошдан кечирганидан, оддий муаммони республика миқёсида ижобий ечолмаганидан надоматлар чекади.

Умида Ўзбекистонда ишонадиган ташкилоти йўқлигини билгач ўзи билан кечган воқеа-ҳодисаларни бутун дунёга ошкор қилиш, дунё аҳлидан ёрдам сўраш илинжида Фейсбук ижтимоий тармоғидан саҳифа очади. Умида ва унинг 10 яшар ўғли Фейсбук орқали ўзбек тилида яхши инсонлардан ёрдам сўраб мурожаат қилади. Ўзбекистонда бошига тушган кўргуликларини, Розия Ашурованинг кирдикорларини фош этади. У. Бердиалиеванинг мурожаати қисқа фурсат ичида бошқа тармоқларда ҳам узатилади ҳамда кенг муҳокама қилинади.

Умиданинг Фейсбукда чиқиш қилиши унга нисбатан таъқибларни илгаригидан кўра яна кучайтирди. Туман ҳокимлиги, прокуратура ва куч ишлатар тизимлар эндиликда унга очиқчасига босим ўтказа бошлайди. Шу тариқа, олдин унинг муаммоларини телевидениега олиб чиқишни хоҳламаган тележурналистлар Нозимахон Воҳидова ва Нилуфар Умрзоқовалар 2017 йил 24 сентябрь куни Умидага телефон қилиб, Сизнинг муаммоларингизни телевидениега олиб чиқиб ҳал қиламиз, дея уни ўзлари муаллифлигида эфирга узатиладиган “Учбурчак” кўрсатувига таклиф қилишади. Шундай қилиб, 10 октябрь куни кўрсатув суратга олинади ва 11 октябрь куни эфирга узатилади. Кўрсатувда Қашқадарё вилояти Китоб тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар кенгаши раисаси Розия Ашурова, Китоб тумани “Муяссар Раҳмонова” номли адвокатлик фирмаси раҳбари Маҳбуба Раҳмонова, Умиданинг собиқ қайнонаси Зулайҳо Рўзиева ва бошқалар иштирок этишади.

Кўрсатув 2017 йил 11 октябрда эфирга узатилганда мазкур кўрсатувда холислик тамойилига дарз кетгани яққол аён бўлади. Бунга тележурналистларнинг Умиданинг фактлар ва далиллар асосида гапирган гапларини кесиб ташлаган ҳолда эфирга узатганини мисол тариқасида келтиришимиз мумкин. Бундан ташқари, кўрсатувда журналистларнинг воқеага холис ёндашмагани аниқ сезилади, иккинчи томонга ён босиш ҳолатлари кузатилади. Уларнинг Умидани “қопиб” гапириши шундай хулоса чиқаришга асос бўла олади.

Бундан ташқари, кўрсатув худди бутун бошли Қашқадарё вилояти Китоб тумани маҳаллий ҳокимият, маъмурий суд органлари ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйиши керак бўлган маҳалла идоралари учун Умидага қаршиликларини эмин-эркин билдириш, шунингдек, ҳуқуқлари топталган 3 нафар вояга етмаган фарзандлар онаси овозини ўчириш учун замин яратиб бериш ҳамда Умидани телевидение орқали шарманда қилиш мақсадида тайёрланган кўрсатувга ўхшаб қолган кишига. Бундай дейишимизга уларнинг кўрсатув жараёнида Умидани ҳадеб боқимандаликка тушиб қолганликда айблашларига йўл беришлар ҳам сабаб бўла олади.

Кўрсатувда иштирок этганлар иштирокидаги сўнгги хулосага кўра Умида Бердиалиеванинг қайнонаси Зулайҳо Рўзиева келини ва уч нафар вояга етмаган набиралари учун арзон уй-жойнинг бошланғич бадалини тўлаб бериш масъулиятини бўйнига олди. Туман ИИБ томонидан Умидага қўйилган айбловлар бекор қилиниши ҳамда туман ҳокимлиги ташаббуси билан Умидага кимошди савдосида 2017 йилнинг ноябрь ойигача ер участкаси ажратиш бўйича ваъдалар берилди… Лекин У. Бердиалиева ўз вақтида тумандошлари ва қайнонасининг қуюқ ваъдаларига заррача ишонмаслигини билдирди, оинаижаҳон орқали ўзини республика ҳимоя қилишини сўради.

Ҳа, Умиданинг тахминлари хато чиқмади. Мана йил охирлаб қолса-да на туман ҳокимлиги ва на қайнонаси Умидага берган ваъдалари устида ўйламаяпти. Розия Ашурова эса Умидани чақириб: “Шунча жойга чиқдинг, лекин қўлингдан нима ҳам келди, фақат ўзингни шарманда-ю шармисор қилганинг қолди. Мен шу курсида ўтирарканман, кўраман, қандай уйнинг калитини қачон ва қандай оларкансан?”, дея илгаригидан кўра бадтар таҳқирлади, устидан кулди.

Биз қандай миллат бўлдик?

Умида Бердиалиева биз билан суҳбатда бошига тушган барча кўргуликларни — қайнона зуғумларини, умр йўлдошининг найрангларини, улар томонидан фарзандларининг бир неча бор ўғирланганлигини, туман ҳокимлигидаги масъул шахсларнинг дашномларини, ҳақ-ҳуқуқини сўраб Тошкент шаҳрида учрашган ташкилотлари томонидан уюштирилган хилма хил қамоқ жазоларини, айрим нобоп инсонлар томонидан ўзини оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш сари бўлган интилишларни, 12 кун қамоқда ўтирган чоғида ижарадаги уйидаги барча мол-мулклар, кийим-кечаклар кимлар томонидан ўғирланганини, 12 кун цементли зах жойда ўтириш оқибатида кучли шамоллашга йўлиққанини, тақдир тақозоси туфайли ўзи ўзбек миллатига мансуб бўлса-да, тожик миллатига мансуб фуқарога турмушга чиқиб, ушбу оилада кўрган изтиробларини, бари-барисини рўйи-рост гапириб берди.

Ҳа, биз миллатчи эмасмиз, асло. Ўзбек ва тожик халқи азал-азалдан қуда-анда, дўст-биродор халқ. Биз фақат икки тилда гаплашувчи битта халқмиз, чунки урф-одатларимиз, расм-русумларимиз деярли бир. Биз бир дарёдан сув ичамиз. Буни эътироф этмасликнинг мутлақо иложи йўқ. Аммо шундай бўлса-да, биз нима учун керак пайтда ўз миллатимизни ўзга миллатлар зуғумидан ҳимоя қилмаймиз?! Нега қонун доирасида поймол бўлган ҳақ-ҳуқуқини тиклаш илинжида жавлон ураётган миллатдошимиз қолиб, ноқонунийлик асосида миллатдошимизга хуруж қилаётган ўзга миллат вакилининг томонини оламиз?! Биз ўз миллатдошимизни ҳимоя қилишга ярамайдиган қандай миллат бўлдик?! Биз ўзбекларнинг энг катта қусуримиз амалпарастлигимиздир. Озгина амалга эга бўлсак, биринчи навбатда ўзимизнинг ўзбегимизни янчишга, бадном қилишга ҳаракатчанлигимиздир. Биз бундай қусурларга қачон чек қўямиз? Ўзбегимни ўзгалар олдида хор-зор қилишни қачон тугатамиз? Қачон?

Умида Бердиалиеванинг мурожаати

Ассалому алейкум, ҳурматли юртдошларим! Менга ёрдам беришларизни ёлвориб сўрайман. Ёзганларим юртбошимизга етиб боришига ёрдам беринглар. Ёрдамларингизга муҳтожман. Сизларга ҳақиқат излаб  ёзмокдаман. Ёрдам беринглар, илтимос, эй яхши инсонлар! Уч нафар вояга етмаган фарзандим билан кўчада қолмоқдаман.

Менга туман ҳокимияти, Хотин-қизлар қўмитаси раисаси Розия Ашурова очиқдан-очиқ таҳдид қилиб келмоқда. Ҳокимият вакиллари ёрдам бериш ўрнига менга: “Яна бирон жойга шикоят қилсанг 3 йилга туҳмат қилиб қамоққа тиқамиз” демоқдалар. Наҳотки ҳукумат идораларидаги инсонлар шунчалик ноҳакликка қўл урсалар?! Мени айбим амалий ёрдам сўраганимми? Қани ҳақиқат? Қани адолат?

Эй, яхши инсонлар, ёрдам берингизлар! Мени ёзганларим, дардларим тегишли жойларга етиб боришини ва ҳуқуқларим тикланишини истайман. Ёрдам беринглар, илтимос, менинг арзларимни Юртбошимиз эшитсинлар. Фурсатдан фойдаланиб, мен энг оғир дамларимда менга яқиндан ёрдам берган, менга далда бўлган бир неча яхши инсонларни, жумладан, “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракатининг етакчиси, таниқли сиёсатчи, мухолифат лидери Баҳодир Хон Туркистонга ҳамда “Бирдамлик” фаолларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Мен ҳамиша яқинларимга ва яхши инсонларга суянаман. Ишончим комилки, дунёда яхши инсонлар борлиги учун Дунё турибди. Шунинг учун илтимос, менга ҳақиқатни юзага чиқаришим ва уй-жой олишим учун қўлларингиздан келганча ёрдам беришларингизни сўрайман. Совуқда қолиб кетдик.

Менинг телефон рақамим: +99891-458-94-43.

 Пластик карточкам коди: кликка уланган  8600041735549017. Камоли эҳтиром билан Умида Бердалиева.

Муаллиф: Рўзибой Азимий, мустақил журналист

http://mulkdor.com/news/9538/

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan