Толиб Ёқуб: СССРнинг парчаланиши ва унинг Ўзбекистондаги оқибатлари (1-қисм)

Ислом Каримовнинг 80 ёшлик юбилейига бағишланади

 1-қисм

Мақола бошида икки тип сиёсий тузум – Тоталитаризм ва Авторитаризмнинг – асосий белгиларини санаб чиқишни лозим кўрдим [гарчи тўлиқ бўлмаса-да]: ТОТАЛИТАРИЗМ (тоталитар сиёсий тузум)нинг асосий белгилари ушбулардир:

(А) Расмий тоталитар ғоя;

(Б) Яккапартиявийлик;

(В) Доҳийчилик;

(Г) Сохта сайловлар ва сохта парламентаризм;

(Д) Мамлакат ҳаётини махсус хизмат органлари томонидан тўлиқ назорат қилиниши;

(Е) Улкан кучишлатар тизим (Прокуратура, Милиция, Армия, Божхона ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари);

(И) Ҳар қандай мулкнинг давлатга тегишлилиги, яъни, хусусий мулкнинг инкор этилиши;

(Й) Сўз-фикр, оммавий ахборот воситалари эркинлигининг бўлмаслиги, яъни, оммавий цензуранинг йўлга қўйилиши ва шу орқали оммавий ташвиқот (пропаганда) юритиш, яъни, аҳоли “мияси” (онги)ни “ювиш”;

(К) Атеизм (Даҳрийлик, Худосизлик);

(Л) Ҳарбий тарафкашлик ва босқинчилик;

АВТОРИТАРИЗМ (авторитар сиёсий тузум) – (А), (Б) ва (Л)дан бошқа тоталитаризмнинг қолган барча белгилари мавжуд бўлган сиёсий тузум. (Тамом).

Россия Федерацияси президенти В.Путин ўзининг бир нутқида: “СССРнинг парчаланиши – ХХ-асрнинг энг катта геосиёсий фожеасидир” деган эди. СССР ХХ-асрда коммунистлар томонидан куч, урушлар, босқинчилик ва алдов йўли билан тузилган, Ер юзининг 1/6 қисмини эгаллаган, ўнлаб катта-кичик халқлар орасида сунъий, қалбаки ва “катта ака” [“старший брат”] дея улуғланган руслар ҳукмронлик қилган тоталитар давлат эди.

У ёки бу кўринишдаги бундай давлатлар ўтмишда кўп бўлган, бироқ тарихчилар ва файласуфлар тушунтиришларича зулм ва ёлғон устига қурилган ҳар қандай “уй” (“иморат”, жамият, давлат) тарих саҳифаларидан ўчиб кетаверган. СССР ҳам шундай – сунъий, зулм ва ёлғон устига қурилган “уй” эди. СССРни асосан руслар тузгани ва бошқарганини ҳисобга олсак, В.Путинни тушуниш қийин эмас – ўзини ҳар қандай халқдан устун қўйган ва бу билан мағрурланган руслар 74 йиллик ҳукмронликдан сўнг ҳаппа-жигар (маҳрум) бўлиши бир йилга ҳам бормади.

СССРнинг парчаланиши қандай оқибатларга олиб келди? У турли республикаларда қандай кечди? Бу жараён Ўзбекистонда қандай ўтди? Яхшими, ёмонми? Ким унинг бошида турди? Ким фойда кўрди, ким зиён? Нега Ўзбекистонда бир зулм (коммунистик зулм) тугатилган бўлса-да, иккинчи зулм 27 йил давом этди?

Бу саволларга жавоб кундай равшан. СССРдан ажралиб чиққан баъзи давлатлар – Литва, Латвия ва Эстония – соф демократик ривожланиш йўлини танладилар. Улар Ғарб мамлакатлари АҚШ, Канада, Европа Иттифоқи давлатлари, БМТ, НАТО, ЕХҲ (Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик) ташкилотлари билан ҳамкорлик қила бошладилар – натижа ёмон бўлмади – бу учта болтиқбўйи давлатларидаги халқларнинг турмуш даражаси СССРдан ажралиб чиққан бошқа республикалар халқларининг турмуш даражасидан ўлса ўлиги ортиқ! “Э, афтинг қурсин! Афтингни кўрмай!” деб уларнинг баъзилари Россия билан бўлган чегарасига баланд девор ҳам қура бошлашди.

Михаил Саакашвили даврида Гуржистон ҳам демократик йўлни танлади ва улкан ютуқларга эришди – коррупцияга тамоман барҳам берилди, полиция тубдан ислоҳ қилинди, ДАН (Давлат Автомобиль Назорати) тугатилди, кўчадан ўтган одам полиция бинолари ичида нималар бўлаётганини кўриши учун полиция бинолари деворлари шаффоф шишадан ясалди, бизнес юритиш масаласи бўйича ҳужжатларни тайёрлаш ва уларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақти бир неча соатни ташкил этадиган бўлди (ва ҳ.).

Гуржистоннинг Сингапур йўли 2008 йил августигача давом этди – бундан ғазабланган В.Путин-Д.Медведев ҳукумати Гуржистонга ҳужум қилди ва мамлакат ўз ҳудудларининг бир қисмидан ажралди. Табиий бойликлари деярли бўлмаган, асосан тоғли мамлакат бўлган Арманистон Россия чалган мусиқага ўйнашга мажбур бўлди – у ҳатто ўз ҳудудида Россия ҳарбий базасини ташкил этишга рози бўлди.

СССР таркибидаги мусулмон давлатлар Озарбойжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва номусулмон Беларусь қип-қизил авторитар давлатларга айланишди – уларнинг раҳбарлари демократик ривожланиш йўлидан боришни ҳатто ҳаёлларига ҳам келтирмади.

Бу давлатларда ўртаасрлар феодал тузумлари ўрнатилди, десак адашмаймиз. Феодал тузумда раҳбар ўзгармайди – ҳокимият отадан болага ўтади, агар ҳукмдор ўлса тахт талашиш урушлари келиб чиқади, ҳукмдор суиқасд уюштирилиб ўлдирилиши ҳам мумкин. СССРдан ажралиб чиққан Озарбойжонда тахт отадан болага ўтди, худди шу йўлдан Қозоғистон, Тожикистон ва ҳатто Европада жойлашган Беларусь бормоқда.

Туркманистонни-ку қўяверинг – унинг ҳукмдорлари С.Ниёзов ва Г.Бердимуҳаммедов ўта бой араб қироллари йўлини танлашди – уларнинг олиб борган ва олиб бораётган сиёсатлари куракда ҳам турмайди, тушуниб ҳам бўлмайди! Қип-қизил Цирк! Украинада ва айниқса Молдовада аҳоли орасида аксилСССР ва аксилрус кайфият СССР парчаланмасдан анча илгари, ХХ-асрнинг 70-чи йилларидаёқ жуда юқори бўлганини мен ўз кўзим билан кўрганман.

Шу сабабли бўлса керак, Россия бу давлатларнинг иккаласига ҳам ҳужум қилди ва уларнинг бир қисм ерларини –  Молдованинг Днестрбўйи вилоятини, Украинадан эса Қрим яриморолини тортиб олди. Бу ҳужумларда асосий қурол сифатида “русларни ҳимоя қилиш” риторикаси ишлатилди.

Коммунистларнинг доҳийси В.Ленин ўз вақтида ўзининг бир мақоласида: “Советлар сиёсий тузуми шароитида халққа сўз эркинлигини бериш ўз-ўзини ўлдириш билан тенгкучлидир” [“В условиях советской политической системы предоставить народу свободу слова равносильно самоубийству”] дея ёзган эди.

СССРда ўтказилган “қайта қуриш” сиёсати даврида М.Горбачёв халққа биринчи марта сўз эркинлигини берди ва … СССР тез орада парчаланди. Ёлғон, зулм, аксилинсон ва аксилхалқ пропаганда (ташвиқот) устига қурилган сиёсий системаларда СЎЗ ҳар қандай ҚУРОЛдан кучли эканлиги яна бир марта исботланди. В.Лениннинг юқорида келтирилган фикрини СССРда биринчи бўлиб Чеченистонлик файласуф Абдураҳмон Авторханов ўз мақоласида тарқатган эди.

Шундай қилиб, 1990 йил 11 мартида СССРни  Литва, 4 ва 8 майида мос равишда Латвия ва Эстония, 31 августида эса Арманистон тарк этишди. 1991 йилда биринчи бўлиб СССРдан Грузия 9 апрельда чиқиб кетди, шу йилнинг 24 августида Украина, 27 августида Молдавия, 31 августида эса Ўзбекистон бирин-кетин СССР деган баҳайбат, бесўнақай, ёвузкор тоталитар давлат билан алоқани узишди.

Ўша пайтда Ислом Каримов Ўзбекистон Коммунистик партиясининг 1-Котиби, яъни Республика раҳбари бўлиб, СССР тамоман парчаланиб дунё харитасидан ўчиб кетишини у тушуниб турарди. Бир томондан қараганда, СССР даврида миллий республикаларда “мустақиллик” сўзини тилга олиш мутлақо таъқиқланган шароитда Ўзбекистонга ҳақиқий мустақиллик ҳеч қандай тўсиқларсиз, мана-ман деб, ўзидан-ўзи кириб келаётган эди.

Ўзингиз бир ўйлаб кўринг: Бошқараётган Республикангиз СССР дея аталувчи сунъий, куч, алдов ва босқинчилик йўли билан ташкил этилган давлатнинг ҳақсиз-ҳуқуқсиз, ерости ва ерусти бойликларининг катта қисми узоқ Москвага жўнатиладиган, “берсанг ейман, урсанг ўламан” қабилида яшовчи кичкина бир бўлаги бўлган “давлат” раҳбари бўлиш қаёқда-ю,  қоғозда эмас, ҳақиқий мустақилликга эришган, ўз ерости-ерусти бойликлар ўзиники бўлган, дунёнинг барча мустақил давлатлари дипломатик алоқа ўрнатган, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) ва бошқа бир қатор нуфузли халқаро ташкилотларга аъзо бўлиши муқаррар бўлган Давлат [қўштирноқсиз] раҳбари бўлиш қаёқда!

Ўша кунлар ўртоқ Каримов учун ўта оғир кунлар бўлди – бир тарафдан қарасангиз “бахт қуши” мана-ман деб унинг елкасига ўзи қўнмоқчи бўлаяпти, яъни, 1990 йил 15 мартда Михаил Сергеевич Горбачёв СССРнинг биринчи Президенти бўлгандай ўзи ҳам янги давлатнинг биринчи Президенти бўлиши мумкин – уни М.Горбачёвнинг ўзи Ўзбекистон ССР Компартиясининг 1-Котиби қилиб ўз қўли билан қўйган эди!

Ўлмай юрса яна ёрдам қўлини чўзади –  янги Ўзбекистонга сайловсиз-пайловсиз Президент қилиб қўйиши мумкин! Бироқ бошқа тарафдан қарасангиз, коммунизм ғояси қон-қонига сингиб кетган, қип-қизил коммунист, яқиндагина, мустақиллик эълон қилинмасдан атиги 3 о-ю 26 кун аввал, яъни, 1991 йил 5 майда “Известия” газетасининг мухбирига катта интерью бературиб: “Биз бу Иттифоққа катта қийинчиликлар билан, азобу-уқубатлар билан эришганмиз. Биз ҳеч қачон бу Иттифоқдан чиқмаймиз!” деган эди.

Нима қилиш керак? Ўртоқ Каримов юқорида айтилган нарсаларнинг энг ва, яна бир марта, энг жозибалиси “ерости-ерусти бойликлар ўзиники бўлади” деганини яхши тушунарди – у Ўзбекистон ССРнинг Молия вазири (1983-1986 й.), 1986 Қашқадарё вилояти компартияси 1-Котиби (1986 й.), 1989 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон ССР компартиясининг 1-Котиби лавозимида ишлаган пайтда Республика ерости ва ерусти бойликларига нақадар бой эканини ўз кўзи билан кўрган, ўз қулоғи билан эшитган, бу бойликларнинг бир қисмини эса дам-ба-дам Москвага, Иттифоқ бошлиқларига жўнатиб турган эди.

Қўшни Тожикистон ва Қирғизистонга қаранг – ҳеч вақоси йўқ! На олтини бор, на урани бор, на гази-ю нефти бор, на пахтаси бор, на пилласи ва ғалласи бор, на дунёга машҳур мармари-ю қимматбаҳо тошлари бор, на қанду-асал қовун-тарвузи-ю ширин-шакар олма, ўрик, шафтолиси бор! Буларни яхши билган Ислом Каримов СССРда кечаётган улкан “мустақиллик паради”нинг охирида ўзининг коммунистик ўтмишидан воз кечиб мамлакат бойликларига эга бўлишни истаб қолди ва 1991 йил 31 август куни, катта қийинчилик билан, истар-истамас Ўзбекистоннинг мустақиллигини эълон қилди. Бор гап шу!

Бошида яхши бўлди – қизлари Гулнора ва Лола ўзбек халқи бойликларини тала-тала қилишга тушишди. Илгари СССР Республикаларидан бошқа давлатларни кўрмаган, АҚШ, Канада, Европа Иттифоқи давлатлари, Австралия, Япония, Гонконг, Сингапур каби ривожланган давлатларга оёғини ҳам босмаган Гулнора ва Лола отаси Ўзбекистон Республикаси Президенти бўлгач, бу давлатларнинг кўпчилигига тез-тез борадиган ва ўша давлатларнинг энг гўзал ҳудудларидан ақл бовар қилмас шоҳона қаср-виллалар сотиб ола бошлашди.

Бу харидларга отасининг президентлик маоши, ўзлари ва турмуш ўртоқлари ишлаб топадиган ойлик-маошлари етармиди?

“Етарди” деб ўзим тугул, менинг шиппагимни ҳам кулдирмай қўяқолинг! Охири ёмон бўлди! Қизлар қип-қизил порахўр-ўғри эканлиги, улар Ўзбекистон ва чет давлатларнинг миллиардлаб доллар пулини ўзлаштирганлари маълум бўлди.

Бири қўлга тушди, иккинчиси ҳали одил судловга тортилган эмас. Уларнинг отаси ўлиб кетди – энди уларни бошини силайдиган, ҳар қандай суддан олиб қоладиган одам йўқ – опа-сингиллар қачон бўлса-да ҳақиқий одил суд маҳкамасига тортилади. Асосий воқеалар, яъни СССРнинг парчаланиши Ўзбекистонда қандай оқибатларга олиб келганлиги И.Каримов 1991 йил 29 декабрида давлат бошқарувига келган кундан бошланди. Мана уларнинг баъзилари.

(Давоми бор)

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.