Толиб Ёқуб: Ислом Каримов кимларни ўзига ва ўз режимига душман дея қарарди? (3-қисм)

Ислом Каримовнинг 80 ёшлик юбилейига бағишланади

3-қисм

И.Каримов ҳамма вақт ўзгача фикр, ўзгача эътиқод ва ўзгача дунёқарашга эга бўлган инсонлар – мухолиф кайфиятдаги сиёсатчилар, ҳуқуқбонлар, журналистлар ва диний уламоларни ўзига ва ўз ҳокимиятига душман деб ҳисоблаб келди.

[A] Ўзгача фикр, ўзгача эътиқод ва ўзгача дунёқараш демократик тузумнинг асосини ташкил этишини,

[B] СССРни тарк этган Ўзбекистонда биринчи марта ташкил қилинган “Бирлик” Халқ Ҳаракати (1988 йил), “Эрк” демократик партияси (1990 йил) ва бошқа демократик руҳдаги ташкилотларни И.Каримовнинг бевосита буйруғига асосан таг-томири билан йўқ қилганини,

[C] Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасининг 1-қисмида “Ўзбекистон – суверен ДЕМОКРАТИК республика” дейилганини,

[D] 31-моддасининг 1-чи қисмида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади”, 2-чи қисмида эса “Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга” дейилганига қарамай Ўзбекистонда минглаб масжидлар ёпиб ташлангани, ўнминглаб диндорлар қамоқларга ташлангани, ўғирлаб кетилгани ёки ўлдирилганини ҳисобга олсак, И.Каримов ўзининг 27 йиллик бошқаруви давомида мамлакат Конституциясини безбетларча, муттасил бузиб келганини кўрамиз.

Дарвоқе, Конституция ҳақида икки оғиз сўз. 1992 йил 8 декабрьда Олий Мажлис депутатлари мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи Конституциясини қабул қилишда унинг 1-моддасига: “Ўзбекистон суверен демократик республика” деган иборани чин кўнгилдан, чин юракдан киритишгани (қабул қилишгани)га мен иккиланмасдан ишонаман.

Иккинчи томондан, шуни ҳам биламан-ки, И.Каримов бошқаруви давомида Ўзбекистон на суверен ва на демократик давлат бўлди! Давлат суверенитетининг биринчи ва асосий шарти – давлатнинг ҳар қандай бошқа давлат ёки давлатлар уюшмасидан мустақил бўлишидир.

И.Каримов СССРдан ажралиб чиқиш қарорини истар-истамас, зўрға қабул қилганининг исботини юқорида кўрсатиб ўтдик. И.Каримов ғирт руспараст коммунист бўлганини эътиборга олсак, умрининг охиригача унинг нигоҳи Россия томон қаратилган эди.

Аввал Б.Ельцин, кейин В.Путин СССРнинг собиқ республикаларини ўз таъсир доирасида ушлаб туриш учун 1992 йил 15 майда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ), 2001 йил 15 июньда Қозоғистон, Россия, Қирғизистон, Хитой, Ўзбекистон ва Тожикистон аъзо бўлган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) каби бир неча псевдо (сохта) ташкилотлар тузишди.

Ҳақиқий демократик ривожланиш йўлини танлаган Литва, Латвия, Эстония, Молдова, Грузия ва Украина бу псевдо (сохта) ташкилотларнинг яқинига ҳам йўлашмади. Улар бу ташкилотларга аъзо бўлиш яна Россия таъсирига тушиш, яъни СССРни у ёки бу шаклда “тирилтириш”дан иборат эканини тушунишди.

Бу мамлакатларда Ўзбекистондагидек ҳукумат ўз халқини қирғинбарот қилган эмас, минглаб одамларни сохта айблар билан қамоқхоналарда уриб-сўкиб, қийнаб ўлдирган эмас, юзлаб одамни ўғирлаб кетган эмас, бу давлатлардан миллионлаб одамлар иш излаб чиқиб кетган эмас – буларнинг ҳаммаси ва яна кўплаб фарқлар И.Каримов даврида Конституциянинг 1-моддаси умуман ўлик бўлганини исботлайди.

Бундай давлат бошлиғи инсонпарвар ва халқпарвар бўлиши мумкин эмас. Бунга минглаб қамалган депутатлар, сиёсий ва диний мухолифат вакиллари, ҳуқуқбонлар, журналистлар, бизнесменлар ҳамда оддий одамлар ишонч ҳосил қилишди. Қуйида ана шундай инсонларнинг кичик бир рўйхатини келтираман.

«МИЛЛИЙ МАЖЛИС” ЛОЙИҲАСИ БЎЙИЧА ҚАМАЛГАНЛАР

1992 йил мартида Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) аъзолигига қабул қилинди.

Бундан руҳланган “Бирлик” Халқ Ҳаракати, “Эрк” Демократик партияси, “Озод Деҳқон” партияси ва бошқа мухолиф ташкилотлар 1992 йил июнь ойида Ўзбекистонда икки палатали “Миллий Мажлис” номли қонун чиқарувчи парламент тузиш ташаббуси билан майдонга чиқишади ва мазкур лойиҳани президент И.Каримовга юборишади.

Бироқ, лойиҳани ишлаб чиқишган Ҳазратқул Худойберди, Бобир Шокир, “Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ, “Эрк” партияси Бош котиби профессор Отаназар Ориф, «Бирлик” ХҲ раҳбарларидан бири профессор Олим Карим, «Эрк” партияси фаоли Салават Умурзоқ, Тимур Салим ва кинооператор Абдулазиз Маҳмуд қамоққа олинди, И.Каримовнинг “одил суди” эса уларни турли муддатли қамоқ жазосига тортишга ҳукм чиқарди.

Ўзбекистонда 1989-91 йилларда шаклланган мухолиф ташкилотларнинг қонунчилик палаталарини тузиш бўйича уюштирган ташаббуси И.Каримов режими томонидан шу йўсунда шафқатсизларча бостирилди.

1991 йил 29 декабрьда ўтказилган Президент сайлови мухолифат лидерлари Муҳаммад Солиҳ ва Абдураҳим Пўлатга сабоқ бўлмади. Сайловдан анча илгари И.Каримовнинг махсус хизматлари ўта усталик билан уларни бир-бирига, қиёматгача душман қилиб қўйди – бу мухолифат сафларида улкан ўпқонни келтириб чиқарди.

1991 йил 18 ноябрьда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида” қонун қабул қилинди. Унинг 24-моддаси (“Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи”)да аниқ-тиниқ қилиб: “Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадирлар.

Сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин” дея ёзиб қўйилган эди. Сайловда лидерларнинг бири қатнашди, бироқ сайловни И.Каримовга бой берди, иккинчиси эса сайловнинг “эшиги”га ҳам яқинлаштирилмади – соф маънода!

Биринчиси, қонунга кўра, сайловда ўз партияси номидан қатнашди, иккинчиси эса Марказий Сайлов Комиссия (МСК) эшиги олдига бир қучоқ папкаларни кўтариб борганда МСК эшигини ёпиб (қулфлаб) қўяқолди. Папкаларда эса ўнминглаб сайловчиларнинг имзолари чекилган рўйхатлар жамланган эди – бу амалга ошириш ўта қийин бўлган жараён эди. Ўжарлик ёмон нарса – сиёсатда эса ўжарлик ёмон оқибатларга олиб бориши ҳеч гапмас!

Гап шунда-ки, 1990 йил 12 апрельда “Эрк” партияси тузилганга қадар “Бирлик” ХҲ раиси Абдураҳим Пўлатов сиёсий партия тузишга тиш-тирноғи билан қарши эди.

Эсимда, “Бирлик”нинг офиси Пишпек кўчасида эканида, мен ва Абдураҳим салкам 3 соат пиёда кўча айландик. Мен: “Сиёсий партия тузиш вақти келди ва буни кечиктириб бўлмайди” дедим. Абдураҳим ўжарлик билан ўз фикрида тураверди. Ўша пайтда биз, 8-10 та одам ЎзФА аспиранти, наманганлик Оппоқов (исми эсимда йўқ!) бошчилигида сиёсий партия программаси ва уставини ёза бошлаган эдик.

Партия номини “Ўзбекистон Халқ Демократик партияси” деб атадик. 1990 йил 12 апрельда “Эрк” партияси тузилганда Абдураҳимнинг пайтавасига қурт тушиб қолди. У Оппоқовни алдаб ЎХДП программаси ва уставини ундан олиб зудлик билан партия Қурултойини ўтказди.

Қурултой бирликчи-адвокат Миролим Одиловнинг адвокатураси офисида бўлиб ўтди. Партия номи ўзгартирилди – у “Бирлик” партияси деб аталди. Оппоқов гуруҳидан бирорта одам партия раҳбариятига сайланмади – Абдураҳим бунга йўл қўймади. Ўзи партияга раис бўлди.

1991 йил 11 ноябрьда Адлия вазирлиги (АВ)да “Эрк” партияси ва “Бирлик” ХҲ (ёки “Бирлик” партияси)ни давлат рўйхатидан ўтказиш маросими бўлиб ўтди. Масала “Бирлик”га келганда АВда жанжал бошланди: бир томонда “Бирлик” раҳбарларидан академик Бек Тошмуҳаммедов ва Пўлат Охунов, иккинчи томонда Абдураҳим Пўлатов!

Биринчи томон “Бирлик” партиясини рўйхатдан ўтказиш тарафдори, иккинчи томон (А.Пўлатов) “Бирлик” ХҲни рўйхатдан ўтказиш тарафдори! Бўлди жанжал! Жанжалга ҳатто Адлия вазири Муҳаммадбобур Маликов ҳам аралашди.

У кўрга ҳассадай қилиб: “Яқинда Президент сайлови бўлади, унда номзод қўйишларинг керак. БХҲдан номзод қўйиб бўлмайди – у партия эмас” дея тушунтирди. Эшакфеъл Абдураҳим ўжарлик билан қимирламай ўз фикрида тураверди. Вазирга нима – у раис айтганини қилаверади! Абдураҳимнинг ахмоқлиги тез орада исбот бўлди – БХҲ Президент сайловига қўйилмади.

Кимдир: “Сайловдв мустақил номзод қатнашиши мумкин. Бунинг учун 60 минг фуқаронинг имзосини йиғиб Марказий Сайлов Комиссияси(МСК)га топшириш керак” деди. Гарчи бу ҳақда қонунда ҳеч нарса дейилмаган бўлса-да, зудлик билан имзо йиғиш бошланди – бирликчилар кундузни кундуз демай, кечани кеча демай, емай-ичмай, кўчама-кўча, маҳаллама-маҳалла юриб имзо йиғишга тушиб кетишди. Имзо варақалари папкаларга жойлаштирилди, папкалар салкам бир қоп бўлди. Бирликчилар қопни кўтариб МСКга боришса, унинг ходимлари эшик-тешикни қулфлаб уй-уйига жўнаворишибди. Бор гап шу!

Сайловга 10 кун қолганда “Бирлик” раҳбарияти “Эрк” партияси раиси, президентликга номзод Муҳаммад Солиҳ (МС)га мурожаат юборди, мурожаат матнини ёзиш эса менга юкланди. И.Каримов ўта айёр одам эканлиги, у нега мухолифат вакилига президент сайловида қатнашишга имкон берганлигини кўпчилик тушуниб турарди – бу И.Каримовга: “Мен муқобил (альтернатив) сайловда ғалаба қилдим!” дейишга асос бўларди.

Биз мурожаатда шунга урғу бериб МСдан номзодини қайтиб олишга, яъни И.Каримовни якка номзодга айлантиришга чақирдик. МС кўнмади, сайловни ютқазди. Буни тушуниш қийин эмас, чунки у (И.Каримов) ва унинг одамлари тўлиғича сайлов жараёнини ўз назоратида ушлаб турарди. 10 кун ичида И.Каримов, ҳар қанча уринмасин, қонун бўйича бошқа номзод тайинлашга улгурмас эди.

Сайловдан кейин И.Каримов бир неча марта ўз нутқларида: “Мен муқобил сайловда ғалаба қозондим” деди. Демократик давлатлар бошлиқлари, халқаро демократик ташкилотлар бирор давлатда Президент сайлови ўтказилганда биринчи навбатда сайланган шахс легитимлик мақомига эришган-эришмагани билан қизиқишади.

Легитимликнинг бир неча қирралари бор – булар:

1) Сайловчиларнинг сайловда қатнашиш даражаси (фоизи) – сайловчилар қанча кўп ва фаол қатнашган бўлса, шунча яхши;

2) Муқобиллик, яъни сайловда турли сиёсий қарашга эга бўлган бир неча куч (партия, ҳаракат ва ҳ.)ларнинг қатнашиши;

3) Сайловни қонунга кўра, унинг ҳар бир моддасига риоя қилинган ҳолда, ўтказилганлиги ва ҳоказо. И.Каримов ва М.Солиҳ қатнашган сайловда сайловчиларнинг сайловда қатнашиш фоизи 95%дан ортиқ бўлди, муқобиллик таъминланди, қонун моддалари бузилмади дея МСК томонидан тан олинди. И.Каримовга шу керак эди! Ва у шунга эришди!

Бу воқеа 1991 йилнинг охирги кунларининг бирида бўлиб ўтди. Ҳали олдинда Тошкентдаги Талабалар Шаҳарчасида талабаларни ўққа тутиш воқеаси, қатағонлар, қама-қамалар ва мамлакатдан қочишлар кутиб турувди.

Абдураҳим биринчилар қаторида қочди (1992 йил 20 декабрь), сал ўтиб, 1993 йил мартида, М.Солиҳ ҳам мамлакатни тарк этди.

М.Солиҳ 1991 йил 19 декабрьда “Бирлик” таклиф этган талаб (номзодини қайтиб олиш)ни қабул қилганда эди, Ўзбекистоннинг янги тарихи тамоман бошқа томонга бурилган бўлишига мен аминман.

Афсус, ундай бўлмади!

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.