Раҳим Ибодов: Жаноб Президент мени ва оиламни ҳуқуқларини тиклашга, укамни қотилларини жазолашларига кўмак беринг!

Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Миромович Мирзиёевга
Нусхаси: Бухоро вилояти Ҳокими
Ўктам Барноевга
Бухоро шаҳри Элобод қўчаси
17 уйда яшовчи фуқаро
Ибодов Рахим Ражабовичдан

ШИКОЯТ АРИЗА

Ушбу орқали, Сизга мени ўзимга, оила аъзоларимга, мехрибон фарзандларимга, ноҳақ айбловлар ила уларни кузатув остига олиб, тахқирлаганлари, бу камлик қилиб, қадрдон укам Ибодов Илҳом Ражабовичга, нисбатан қилинган мисли кўрилмаган ваҳшиёна ёвузликдан, қотилликдан шикоят қилиб мурожаат қиламан.

Шуни ёзиб маълум қиламанки, мен Ибодов Рахим Ражабович 31 август 1968 йилда Бухоро шахрида туғилганман, миллатим ўзбек, марҳум укам Ибодов Илҳом Ражабович, 16 июн 1972 йилда Бухоро шаҳрида туғилган, миллати ўзбек.

Ака-ука икковимиз Бухоро шахрида жойлашган “СИТОРА” автоуловларга эҳтиёт қисмлари бозорида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланардик.

Биз оддий бир тадбиркорга зулм ўтказиб, ҳаққи ҳуқуқларимизни топтаган, Илҳом укамни ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабабчи бўлган қотиллар ва уларнинг шериклари ҳақида маълумот бермоқчиман. Умид қиламанки сиз уларнинг жиноий қилмишларига яраша муносиб жазо олишларини таъминлайсиз ва менинг ва марҳум укам Илҳомни номимиз оқланишига кўмак берасиз.

Мана булар:

Ғайриқонуний тергов ҳаракатлари олиб бориб, сохта айбловлар билан бизларга нисбатан адолатсизлик қилган, бизларга нисбатан қўлланилаётган қийноқларга шароитлар яратиб берган Расул Юлдашев – Бухоро шахар прокуратураси терговчиси;

Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси ертўласида ушлаб турган пайтларида бизларга қийноқ қўллаган манфурлар:

Рустам Исмоилович Азимов – Бухоро вилоят МХХ бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарган, полковник;

Умид Бобомуродов (“БАРБОС”) – Бухоро вилоят ИИБ Жиноят Қидирув ва Терроризмга Қарши Курашиш Бошқармаси инспектори;

Шокир Ботирович Ўринов – Бухоро вилояти Ички Ишлар Бошқармасининг собиқ бошлиғи;

Исми Фамилияси номаълум – Бухоро вилояти Ички Ишлар Бошқармаси бошлиғи ўринбосари;

Илҳомнинг ўлимига сабаб бўлган адолатсиз судялар:

Б.Ж.Тошев – Жиноят ишлари бўйича Бухоро шахар суди судьяси

2015 йил 16–август куни (ЯКШАНБА – ДАМ ОЛИШ КУНГИ !!!) ЖИБ бўйича Бухоро шаҳар судининг қарори билан МЖтКнинг 183–моддаси ва 194–моддаси 1–қисми билан 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, вилоят ИИБ ВСХга жойлаштирилган.

З.У.Музафаров – Жиноят ишлари бўйича Бухоро шахар суди судьяси

2015 йил 26–август куни Илҳом ва Раҳим Ибодовларни Вилоят ИИБ ВСХ камерасида ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлиги учун унга суднинг шу кундаги қарори билан МЖтКнинг 194–моддаси 2–қисми билан 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси қўшимча тайинлаган.

З.У.Музаффаров – ЖИБ Бухоро шахар суди судьяси

2015 йил 12 сентябрь (ШАНБА – ДАМ ОЛИШ КУНГИ !!!) 15 минутдан ёпиқ суд мажлиси ўтказиб, 2015 йил 10 сентябрь куни кеч соат 23.00да ушланган Илҳом ва Рахим Ибодовларни қамоққа олиш тарзидаги эхтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажримида айбланувчи Ибодовларни МХХ Бухоро вилоят бошкармасига карашли тергов хибсхонасига жойлаштиришни расмийлаштирган.

Шу дам олиш кунида зудлик билан ташкилланган ва атига 15 дақиқадан бўлиб ўтган суд ажримига кўра Ибодовларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 189-моддаси – Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, 243–модда – Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳамда 177–моддаси – Валютани қонунга хилоф равишда олиш ёки сотиш жиноятларини содир этганликда айбли деб топган

Ўлар даражада бўлган Илҳомни оғир ҳолатдагини кўриб била туриб бизларни эхтиёт чорамизни қамоқда, яъни МХХ тергов ҳибсхонасида қолдиришга ғайриқонуний қарорни чиқарганларидан кейин ўша кунни ўзида укам Илҳомни ваҳшийларча уриб қийнаб, ўлдирган МХХ қонхўрлари қуйидагилар:

МХХ ЕРТЎЛАСИДА ИБОДОВ ИЛҲОМНИ ҚИЙНАБ ЎЛДИРГАН ҚОТИЛЛАР

Юнусов Азим Исақович – Бухоро вилоят МХХ СБ бошлиғи;

Баходир – Бухоро вилоят МХХ вакили;

Ином Маърупов  Бухоро вилоят МХХ вакили

ВАҚТИНЧАЛИК САҚЛАШ ИЗОЛЯТОРИДА ҚИЙНОҚ ҚЎЛЛАГАНЛАР

Равшан Ражабов – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖ ва ЖДДЛҚК Департаменти Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарган ушбу кимсанинг саъйи харакати билан ўта хавфли рецедивистлар:

Джумаев Рустам – “Ўта хавфли рецедивист”лар сақланадиган Қоровулбозор қамоқхонасидан келтирилган “ЛОХМАЧ”;

Иноғомов Умид – “Ўта хавфли рецедивист”лар сақланадиган Қоровулбозор қамоқхонасидан келтирилган “ЛОХМАЧ”;

Сафаров Жамшид – “Ўта хавфли рецедивист”лар сақланадиган Қоровулбозор қамоқхонасидан келтирилган “ЛОХМАЧ”;

Иванов Александр – “Ўта хавфли рецедивист”лар сақланадиган Қоровулбозор қамоқхонасидан келтирилган “ЛОХМАЧ”ларни атайлаб бизларни қийнаш ва Илхомни ўлдиришига иштирок этишлари учун Қоровулбозор қамоқхонасидан олиб келганлар.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбланган, бу айблар суднинг қарори билан эмас, шунчаки Илҳомни йўқ қилишга қарор қилган амалдорлар манфаати учунгина Вилоят ИИБ ВСХга қамалган мен ва укам ва Илҳом билан бир камерада қўйилиши Ўзбекистон Республикаси қонунларига зиддир. 

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан 2011 йил 27–июлда қабул қилинган ва 2011 йилнинг 26–августида Сенат томонидан тасдиқланган Республика Президенти Ислом Каримов томонидан 2011 йил 29–сентябрь куни  № ЎРҚ–298 рақам билан имзоланган “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни”нинг 41 – “Ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларни камераларда алоҳида-алоҳида жойлаштириш” моддасида  “Ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганларни камераларда алоҳида–алоҳида жойлаштириш уларнинг шахсини ва психологик жиҳатдан мослигини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганлар қуйидаги талабларга риоя этилган ҳолда бир–биридан алоҳида сақланади ва камераларга жойлаштирилади:

Жиноий жавобгарликка биринчи марта тортилаётган шахслар илгари озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланган шахслардан алоҳида сақланади. 

Қуйидагилар бошқа ушлаб турилганлар ва қамоққа олинганлардан алоҳида сақланади:

ўта хавфли рецидивистлар; маҳкумлар…” дейилган.

ҚИЙНОҚ ҚЎЛЛАНИШИГА КЎМАК БЕРГАН ЁЛЛАНМА АДВОКАТ

Хожиев Жалил – Бухоро шахридаги “Хожиев Жалил Жумаевич” адвокатлик бюроси эгаси

Ибодов Илҳом қамалишларига сабаб бўлган омиллар ва бунинг айбдорлари ҳақида ташқарига бир амаллаб хабар чиқариш мақсадида қоғоз қоралаб, 4 вароқдан иборат маълумотни ёзган. Бу маълумотни қўлга олинганида айнан маъмурий органлар томонидан тақдим этилган ёлланма адвокат Жумаев Жалилнинг қўлига берган ва бу хужжатни кимга етказиб бериши кераклигини уқтирган. Адвокат бу маълумотни айтилган одамга эмас, жиноятчи амалдорлар қўлига топширган. Янги маълумотни қўлга киритган жиноятчи мансабдорлар Ибодов томонидан жўнатилган маълумотни олиши керак бўлган инсоннинг хонадонига ҳар эхтимолга қарши кечаю кундуз назорат ўрнатганлар.

Жумаев Жалил нафақат адвокатлик ваколатини суисътемол қилган, балким ўз ҳимоясидаги махбусларнинг қонуний ҳаққи ҳуқуқлари бузилаётгани, оёқ ости қилинаётганини кўра била туриб, ўзига ишонч билдириб, ҳимоя қилишидан умидвор бўлган инсонларнинг қийноқларга солишига хисса қўшган. Охир оқибат Илҳом Ибодовнинг ўлимига ўша уни қийнаб ўлдирган қотиллар билан тенг ўша ёлланма адвокат ҳам айбдордир. Жумаев Жалилнинг фақатгина жиноятчи мансабдорлар манфаатини учун ишлаётганини билиш учун оила аъзоларига анчагина вақт кетган. Бу орада Илҳомни қора тупроққа қўйдилар.

Бухоро вилояти Миллий Хавфсизлик Хизмати бошқармаси амалдорлари ва ходимлари томонидан инсонга хос бўлмаган ҳатти-ҳаракатлар, укам Ибодов Илҳом Ражабовичнинг ҳаётига чек қўйди. Унинг оила аъзолари қалбида чуқур из қолдирди. Оиласи тарқаб кетишига сабабчи бўлди. Укамни ўлимида уларни айбдор деб биламан, тергов жараёни даврида бўлиб ўтган муносабатларнинг ягона гувоҳи мен ўзимман. Ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари ва қотилликлари учун, қонун олдида жавоб беришларини сўраб мурожаат қиламан.

2015 йилнинг 16-август куни тадбиркорлик фаолияти билан ўз жойимизда яъни Бухоро “СИТОРА” бозорида жойлашган  дўконда менга ва марҳум укамга нисбатан тайёрланган сиртмоқ десам тўғрироқ бўлар қуйидаги кўринишда бошланди.

Бир нотаниш йигит, тайёрланган ишончли шахс, дўконга кириб келиб, эҳтиёт қисмларни у бу нарсаларни кўздан кечира бошлади ва менга мурожаат қилиб автомашинасига колонка олмоқчилигини билдирди.

Автоуловга ўрнатиладиган мусиқа эшитиш мосламаси (колонка) неча пуллигини сўраб нархини аниқлади ва 100 АҚШ доллари борлигини, ўзимизнинг муомиладаги пулимиз сўм йўқлигини, оладиган нарсасига доллар билан тўлаб харид қилишини илтимос қилиб, 100 АҚШ долларга олишини айтди.

Шунда ҳам мен у йигитга бориб долларни сўмга алмаштириб келишини тайинлаб айтдим ва мен сотиладиган эҳтиёт қисм паспортини топиб ўз имзомни телефон рақамимни ёзиш билан овора бўлиб у йигит билан суҳбатдан чекландим. Суҳбат жараёнида укам Илҳом мен билан бирга эди.

У йигит 100 АҚШ долларини укам Илҳомга берди. Илхом дўкондан чиқиб офисга кириб кетди. Орадан бир оз муддат ўтмасдан, ўша колонка харид қилиб олган йигит билан биргаликда унга ҳамроҳлик қилиб, Бухоро шаҳар солиқ департаменти бошлиги Равшан Ражабов ва унинг ходимлари  Бухоро шаҳар миллий хавфсизлик хизмати бўлими ходимлари дўконга кириб келадилар.

Воқеа жойида адолатли қарорга келиш ўрнига, ҳақоратли сўзлар, баландпарвоз гаплари билан низо ва тортишувга бошладилар, тортишув жанжалга айланиб кетади. “Энди эҳтиёт чорасини қўллаймиз” деган сўзлар билан ака-ука иккаламизни Бухоро Шаҳар Ички Ишлар Бошқармаси ертўласида 10 (ўн) сутка қамоқда ушлаб туриш жазосини тайинлаб шу билан чекланадилар. Бу ишдан кўзланган асосий мақсад маҳум укам Ибодов Илҳомни ҳибсга олиш, уни азоб бериш, мажбурлаш бўлган. Унга берилган азобдан вафот этди.

Ота онам, мен ва марҳум укам яшаб турган жойларимизни кўздан кечириб, қароқчи босқинчилардек бир неча киши бўлиб уйларни тинтув қилдилар марҳум укам “Илҳом яшириб қўйган ҲУЖЖАТНИ“ берсангиз ҳамма нарсангизни қайтиб берамиз, ўғилларингизни ҳам қамоқдан озод қиламиз” деган гапларни айтганлар.

Уйларнинг тинтув жараёнида, менимча ўзини мен Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимиман” деб таништирган ёш йигит қандайдир ҲУЖЖАТ излаган.

Бу борада мени ҳам сўроққа олганларида. Бу ҲУЖЖАТ нима ҳақида, кимга тегишли, тушуна, била олмадим. “Хужжат бўлса Илҳомни ўзи билади” деб жавобберганман. Буларнинг бу қадар тезкор изланишларига жавобан мени хулосам қуйидагича бўлди. Бу ходимлар излаган ҲУЖЖАТ мазмуни шу ходимларнинг ўзларига тегишли яширинча амалга оширилган ноқонуний ҳаракатлар тўғрисидаги жуда муҳим маълумотга эга бўлган.

Шундай воқеалар гирдоби остида ака-ука 10 (ўн) сутка муддатга Бухоро шаҳар ИИБ биносидаги хибсхонада яшадик. Биз билан ҳеч кимга учрашувга рухсат берилмади. Бизнинг инсоний ҳақ ҳуқуқларимиз пой мол қилинди. Камситиб азоб бериб кулдилар ҳақорат қилдилар шундай бўлдики, худди биз хавфли жиноятчиларниқамоқда сақлаб турибдилар, бизга номаълум сабабларга кўра қамоқ муддатига яна 15 (ўн беш) сутка қўшимча қилдилар.

Сабабини ҳеч ким айтиб бера олмайди. Тергов жараёнигача шу ерда азоб бериб мисли кўрилмаган айбловлар билан қийноққа олиб, гўёки олийгоҳда таҳсил олиб турган фарзандларингга контракт пулини ноқонуний тўлагансан, хаж сафарига ноқонуний йўллар билан бориб келгансан, яширин ҳолда чет элдан катта миқдорда пул олиб тургансан, хокимиятга қуролланган ҳолда кириб боргансан деган ақлга сиғмайдиган айбловлар қўйдилар, ҳаттоки ўз жонингга қаст қил қўлингни вена томирини тишлаб узиб ташла, уни қилолмасанг ўзингни ос деб олдимга ип ташладилар айтдилар шунда ҳаммасидан қутиласан деган сўзларни эшитдим. Уларнинг қийноқлари натижасида бел суякларим ёпиқ ҳолда синган соғлигмни йўқотдим. Билмадим қанча яшашим мумкин?

Укам Ибодов Илҳомга Бухоро вилояти МХХ Бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности-хавфсизлик хизмати инспекцияси) бошлиғи Баходир ва унинг ходими Юнусов Азим Исоқжонович ва Инъомнинг шахсий адоватими хусумати бор бўлган. Буни мен шу ерда тушуниб етдим.  Укам Илҳомдан катта пул талаб қилишган ва олишган. Ушбу пул устида тортишиб қолишган ва ўрталаридан келишмовчилик келиб чиққан, яъни укам Илҳом тадбиркорликдан топаётган пулидан маълум қисмини унга бериш талабини рад қилган ва бу ҳақда юқори органга Республикага мурожаат қилишини айтган.

Тергов жараёнида укам Илҳомга қилмаган жиноятларини қилдим деб бўйнига олишига мажбур қилдилар. Уни номидан ёзма кўрсатмалар тайёрланди. Тергов баённомасига тикилган ҳужжатларнинг бирортасида ҳам Илҳомни имзоси  эмас тергов кўрсатмалари хужжатлари сохталаштирилганлиги шундай ҳам аниқ хатшунослик экспертизияси шарт эмас.

Укам ва мен топган даромаду бойлигимиз ота-онамнинг бир неча йиллик меҳнатлари эвазига бўлган 60% шуларнинг мехнат самараси эди. Шундан 30% ни қарзга нарса олиб савдога қўйдик.

Бухоро вилояти Когон тумани ҳокими қарори билан, марҳум укам Илҳом номига Бухоро вилояти Когон тумани ҳудудига қарашли чўл ер майдонининг “Қўй-Мазор” деган жойидан 250 гектар ер майдони тадбиркорлик қилиш ҳамда шу яқин атрофда яшайдиган аҳоли учун иш ўринлари яратиш мақсадида ер майдони ажратиб берилган эди. У ҳудудни ободонлаштириш ва тадбиркорлик қилишни ўзига ният қилиб, у ерда балиқчиликни, чорвачиликни, паррандачилик, шағални ювиб қайта ишлов берувчи кичик завод қуришни режалаштирган эди.

Яхши ният ила яхши мақсадлар сари қурилган қурилишларни, қурилиш молларини муҳрлаб қўйдилар, кечаю-кундуз қўриқлаб турибдилар, соқчилар қўйиб, ўзларининг назоратлари остига олдилар, у ерларни обод қилиш учун анча машаққат ва меҳнат қилган инсонни ўлдирдилар нима учун у жойларни мусодара қилдилар тушунарсиз ҳолат.

Инсонни ва унинг меҳнатини қадрламаслик, оёқ ости қилиш, зўравонлик, инсонга нисбатан нописандлик, ўзларининг нафслари йўлида пасткаш, жирканч, разил ишларга қўл уришлари, ҳаттоки зўрлаб, уриб, азоб бериб, молини зўравонлик билан тортиб олиб, кейин уни жонини олишлари ҳеч қайси замонда бўлмаган, бирор жойда ёзилмаган, қонуний дея қонунни ўзларига ниқоб қилиб, ўзларича иш тутсалар. “Қонун қоидадан ташқарига чиқмаймиз” дея, аслида эса қароқчидан фарқлари қолмаган бу каби мансабдорларга бу зўравонларга жазо тайинлашингиз сўрайман.

Улар қилмишлари учун қамоқ азоби нима, виждон азоби қандай эканлигини билсинлар. Ундай совуққон кимсаларга миллатни, инсон тақдирини ишониб, топшириб бўлмайди. Уларга бизни жамиятда асло раҳбарлик ўрни берилмаслиги керак деб ҳисоблайман акс ҳолда мен ва укам бошига тушган савдо бошқаларда ҳам такрорланиши эҳтимолдан ҳоли эмас…

Ёрдам сўраб мурожаат қилсам “Бунга СНБ аралашган бизни қўлимиздан ҳеч нима келмайди” дея ўзларини четга олсалар, гўёки СНБ нинг ўзининг алоҳида қонун-қоидалари мавжуд ташкилот ажралиб турибди. Бошқа орган ходимлари уларни четлаб ўтишлари керак. Уларнинг тадбиркор билан нима иши бор? Давлатимиз ичидаги, алоҳида бир давлатми? Ҳукуматимиздаги мавжуд қонун-қоидалар, амалдаги қарорлар уларга тааълуқли ёки тегишли эмасми?

Ўзбошимчалик билан иш тутишларига, шунга ўхшаш бошқа ҳаракатларига рухсат борми тушунмадим. Ким уларга ёқмаса, ёки уларнинг шартларини бажармаса,қамоққа олиб, уриб азоблаб, хору-зор қилиб, ўлдиришлари мумкинми? Уларга шунга ўхшаш ваколат берилганми? Ахир бу вахшийлик-ку? Ахир улар миллатимизнинг хавфсизлигини. халқимизнинг тинч осойишта ҳаётини хавфсизлигидан бохабар бўлишлари керак эмасми? Бу ташкилот яширинча одам ўлдириш билан шуғулланадими? Уларнинг бу каби ҳаракатларини ким назорат қилади. Айбдор бўлса, нима учун қонуний жазо тайинланмади?

Мени билганим укамни ўлдирдилар. Илҳомни, СУД залигача олиб келиб улгурдилар, уни икки қанотидан икки нафар ички ишлар ходими кўтарган ҳолда уни юришига ёрдам бериб, оёқларини ерга судраб, ўзи оёққа турмайдиган ҳолатда СУД залига келтирдилар. Укам бошини кўтариб қарашга мадори йўқ ҳолда эди. Бухоро вилоят Миллий Хавфсизлик Хизмати Бошқармаси ертўласида – СИЗО деб аталмиш ўша жойдаги қийноқ, азоб, таъсиридан эс-ҳуши ўз жойида эмас эди.

Укам Илҳомни  ўлимига алоқадор хужжатни беришларини талаб қилиб тинимсиз равишда ота-онам давлат органларига, терговчиларга мурожаатлар қилганларнатижа бермаган. Укам вафотидан бир ой муддат ўтгандан сўнг инфарктдан вафот этганлиги ҳақидаги СУД тиббий экспертизия хулосасини берганлар. Оқ халат кийган ва Гиппократ қасамини ичган шифокорлар укамнинг вахшийларча қийноқ азобидан ўлдирилганини яшириб аксинча хулоса берсалар.

Соғлом бақуват, бирор вақт соғлигидан шикоят қилмаган укам савол жавобдан, сўроқдан ўлмади. Ўз оёғи билан юриб борди, олиб борилган жойдан уни ўлиги чиқди. Бу ҳолатни қандай сўз билан тарифлаш мумкин?

Мен, бу жиноятга қўл урган инсонларни жонхўр қотиллар деб айтаман.

2015 йил 13 сентябрь куни Бухоро вилоят касалхонасидаги ўликларни сақлаш жойидан марҳум укам Ибодов Илҳомни тез тиббий ёрдам автомашинасида ота-онам яшаб турган уйга олиб келганлар. Ички ишлар ходимлари, миллий хавфсизлик хизмати ходимлари кўчамизни йўлларини беркитиб ҳамма жойни қуршаб олганлар кўчага ваҳима олиб кирганлар, қўни-қўшниларимиз нималар бўляпти ҳеч ким, ҳеч нимани тушуна олмаган. Кўчанинг ҳар жойида ўзларининг пойлоқчиларини қолдириб, мансабдорлар жўнаб кетганлар. Буни қандай тушуниш мумкин?

Укам Илхомни мурдасини кечки 18.30 ларда ота-онамга топшириб, вақт кеч бе маҳал бўлишига қарамасдан мурдани тезлик билан туроққа кўмишни талабқилганлар. Укамни дафн қилиш учун нима зарур шуни бажаришларини олиб келишларини билдирганлар. Ота-онам қариндошларим бемаҳалда тупроққа қўйишга розилик бермаганлар.

Мени СУД жараёним даврида мен укам Илхом вафотидан хабарим йўқ эди. Шунга қарамасдан ўз ишларни бости-бости қилиш учун оила аъзоларимга тухмат ва таъқиб қилдилар. Бухоро вилоят МХХ Бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности-хавфсизлик хизмати инспекцияси) ходимлари менга “Укангни ўлдириб, сенларни йўқотиб юборамиз, оила аъзоларингни экстеримист деб айб қўйиб, қамоқга оламиз” дейишди. Улар айтган гапларига мақсадларига кўра иш тутдилар ва укамИлҳомни хибсда сақлаб туриб ўлдирдилар.

Менга нисбатан қўйилган айблов, жиноятлар қонуний йўл  билан ўз исботини топмасада 8 йил қамоқ жазоси тайинланди. Қамоқ муддатини ўташ даврида ўнг қўл бармоғимдан ажрадим.

СУД Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суд залида бўлди. Судда мен ва  адвокатлар Бухоро вилоят  МХХ Бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности – хавфсизлик хизмати  инспекцияси) ходимларининг ҳатти-ҳаракатлари тўғрисида гапира бошлаганимизда судя Тўхтаев Шухрат  бизни гапиришга қўймади.

Бухоро вилоят  МХХ Бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности- хавфсизлик хизмати инспекцияси) рахбари Баходир ва унинг ходимлари Юнусов Азим, Ином, Равшан Ражабов ва уларнинг шериклари ҳамда Бухоро вилоят Ички Ишлар Бошкармаси бошлиғи Ўринов, Бухоро шахар прокуратураси терговчиси Юлдашев Расуллардан норозилигимни билдираман.

Хурматли Президент Шавкат Миромонович!

Сизга ҳурмат ва эҳтиром ила хотирамда қолган бошимдан ўтган воқеани ёздим Мени оиламни хонавайрон қилган, оила аъзоларимни ноҳақ хўрлаган мансабдорлар Сизнинг ҳукмингизда. Мени оилам тўғрисидаги умидимни ва хавотирларимни тўғри баҳолайсиз деб ўйлайман. Бу ишни бўлиб ўтган воқеаларни тафтиш қилишингизни илтимос қиламан.

Мендан зўравонлик йўли билан тортиб олинган, фирмамни номини тиклаб қайта ишга қўйишимда, ота-онамнинг шунингдек марҳум укам Илхомнинг ҳамда менинг ҳалол меҳнатимиз эвазида тўпланган оиламиз жамғармаси яъни мусодара қилинган мол-мулкимни оилам ризқини қайтариб беришларида ёрдам беришингизни сўрайман.

Мен сиз томондан ташкил қилинажак текширувларда фаол иштирок этишга ва керакли барча далилларни тақдим қилишга тайёрман.

Ушбу шикоят аризамга қўшиб бизнинг оиламиз бошига тушган кулфатлар ҳақида хикоя қилгувчи фотосуратлар, видеоматериаллар ҳамда интернет материаллари рўйхатини ихтиёрингизга хавола қиламан.

Хурмат ва эътиром ила

Рахим Ибодов
6 февраль 2018 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.