Бобомурод Абдуллаев суд тиббий экспертиза хулосасидан норози

15 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 2017 йилнинг 27 сентябрида МХХ томонидан ҳибсга олинган журналист Бобомурод Абдуллаев устидан иккинчи суд иши бўлиб ўтди. Асли Бобомурод Абдуллаев иши бўйича илк суд 2018 йил 5 март куни бўлиб ўтиши керак эди. Бироқ шу куни ўтказилиши режаланган илк маҳкама «Прокурор судга келмади», деган важ асосида 7 мартга қолдирилганди.

7 март куни бошланган маҳкама эса узоққа чўзилмасдан яна қолдирилди. Бунга Бобомурод Абдуллаевнинг адвокати Сергей Майоровнинг суд ҳакамига ўз мижози тергов пайтида қийноққа солинганини билдиргани ва бу бўйича экспертиза ўтказишни талаб қилгани сабаб бўлган эди. Шу тариқа, Мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи марта суд адвокатнинг қийноқлар бўйича тиббий экспертиза ўтказиш талабини инобатга олиб, экспертиза натижалари маълум бўлганга қадар суд кечиктирилишини эълон қилганди.

Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг бугун бўлиб ўтган маҳкамасида экспертиза натижалари эълон қилинди. Ҳакам Зафар Нурматов суд мажлисида Бобомурод Абдуллаев ишига оид қийноқлар бўйича суд-тиббий экспертизаси мажмуий турда ўтказилганини, экспертиза натижасига кўра Абдуллаевга МХХнинг Тошкентдаги ҳибсхонасида қийноқлар қўлланилгани ҳақидаги иддаолар тасдиқланмаганини маълум қилди.

Ҳакам Нурматовнинг талқинига кўра, экспертиза хулосаси бўйича Бобомурод Абдуллаевда аввалдан остеахондроз касали мавжуд бўлган ва айни дамда уни ана шу касали безовта қилаётган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Ҳакам Зафар Нурматов айблов хулосасини ўқиб беришдан олдин хулосанинг ниҳоятда катталигини, шу боисдан ҳам фақат айблов қисмини ўқиб беришини таъкидлади. Айблов хулосасига кўра судланувчилар Бобомурод Абдуллаевдан ташқари блогер Ҳаёт Насриддинов ҳамда икки тадбиркор Равшан Салаев ва Шавкатжон Оллоёровлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Конституциявий тузумга тажовуз) бўйича айбланмоқда.

Уларнинг бўйнига давлат тўнтаришига уриниш, давлат раҳбариятини обрўсизлантиришга ҳаракат, конституциявий тузумни куч билан издан чиқариш, қуролли тўнтаришга уруниш, давлат амалдорлари шахсияти ва оилаларини обрўсизлантириш ва ҳакозо айблар қўйилмоқда.

Ҳакамнинг тахминан 30-35 минут ўқиган айблов хулосасидан кейин журналист Бобомурод Абдуллаевга сўз берилди. У ўзига қўйилаётган айбларга мутлақо иқрор эмаслигини баралла тарзда билдирди. Бобомуроднинг билдиргисига мажлис залида ўтирган тарафдорлари қарсаклар билан жавоб қайтарди.

Сўз олган Бобомурод ҳакамларга ўзи билан кечган воқеа тафсилотларини гапириб берди. Яъни, тергов жараёнида ҳар хил қийноқларга солинганини, кўрсатмалар қийноқ остида олинганини, уйи олдидан сариқ шапка кийган Нексия машинасига минган ҳамда здоровый шахслар ўғирлаб кетганини, улар ўзини баҳайбат ертўлага олиб бориб қамаганини, зўравонлардан ўзининг қаердалигини сўрашганда «Салимбойваччанинг подвалидасан», дея жавоб берганини, ертўланинг девор ва шифтларига темир ҳалқалар қоқилганини, у ерда икки кун давомида шафқатсиз қийноқларга учраганини, икки кундан кейин тергов изоляторига олиб боришганини, изоляторда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ва собиқ Бош прокурор ҳозирги МХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевларга қарши кўрсатма беришга мажбур қилинганликларини, ундан қаттиқ қийноқлар асосида сохта кўрсатмалар олганини, қийноқлар асосида «Усмон Ҳақназаров» эканини тан олдирганини, иқрорликдан кейин Тошкентдаги «Гвардейский» номи билан танилган МХХ ертўласига ўтказганини ва у ерда МХХ терговчиси Нодир Тўрақулов сўроқ қилганини гапириб берди.
Бобомурод Абдуллаевнинг гапларига қараганда, терговчи Нодир Тўрақулов тергов жараёнида ундан бир неча марта СНБ ҳақида танқидий мақола ёзиши сабабини, Мирзиёев ва прокуратура ҳақида эса ҳеч қандай танқидий мақолалар ёзмаслиги сабаби нимадалигини сўраган. Ундан Мирзиёев сиёсатини қўллаб-қувватлаш боисини суриштирган, Мирзиёевнинг президент бўла олмаслигини уқтирган, мамлакатни СНБ бошқаришини, Президент ҳеч нарса қила олмаслигини алоҳида урғулаган.

Шу тариқа, навбатдаги судда ҳам ҳукм ўқилмади. Ҳакамлар келгуси суд 26 март куни соат 15-00 да бошланишини айтиб хайрлашди. Кўрамиз, навбатдаги маҳкама қандай тугаркан? Адолат қарор топармикин, судьялар мавжуд қонун-қоидаларга таянган ҳолда мустақил равишда ҳукм чиқарармикин ёки кимларнингдир йўриғида юриб, қош-қовоғига қараб, яна ва яна ҳақиқатни топтармикин? Яқин кунлар ичида Б. Абдуллаевнинг суд иши Президент назоратига олинармикин ёки Нодир Тўрақулов айтганидек, Президент ҳеч нарса қила олмасмикин?

Р.S. Бугун Тошкент шаҳар судида бўлиб ўтган маҳкама бошидан охиригача давлат тилида эмас, балки рус тилида олиб борилди. Ҳакам айблов хулосасини ҳам рус тилида ўқиб эшиттирди. Ҳакамлар ҳайъати суд мажлисида иштирок этаётган 1,5-2 фоиз русийзабонлар ҳурмати учун 97,5-98 фоиз ўзбекларнинг ҳурмат-эҳтиромини, давлатимизнинг «Давлат тили тўғрисида»ги қонунини оёқ ости қилишди. Бизнингча, ҳакамларнинг она тилимизга бўлган ҳурматсизлиги, биз каби залда ўтирган бошқа кишиларни ҳам қаттиқ хафа қилган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Агар ҳакамларимизнинг давлат тилига нисбатан муносабати шу тарзда давом этадиган бўлса, у ҳолда яқин орада лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўла-тўкис ўтишимиз у ёқда турсин, ҳатто она тилимизнинг қадрини ҳам, қимматини ҳам йўқотиб қўйишимиз мумкин.

Шунингдек, ИИВ, Прокуратура идораларининг судланувчиларнинг қариндошларига, дўст-биродорларига, маслакдошларига, тарафдорларига нисбатан салбий муносабатларини ҳам яна бир муҳим масала сирасига киритишимиз мумкин. Бу ушбу идора вакиллари томонидан вақтни қадрламаслик масаласидир.

Бунга 5 мартда ўтказилиши керак бўлган илк маҳкаманинг «прокурор судга келмагани сабабли» қолдирилгани ва бунинг натижасида биргина прокурорнинг айби билан 60 дан кўп одамнинг овораю сарсон бўлгани, 7- ва 15 март кунлари соат 15-00 да бошланиши керак бўлган маҳкаманинг соат 16 дан ўтгандан кейин бошлангани, масъулиятли идораларнинг тўпланганларни бир, икки соатлаб куттириш ҳолатлари ёрқин далил бўла олади.

Бизнинг суд, прокуратура идораларимиз ходимлари қачон замон талабига жавоб бера оладиган даражада иш юритишаркан?

Муаллифлар: Рўзибой Азимий, Қаҳрамонхон Маҳмуд

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan