Category Archives: МЎЪТАБАР ТОЖИБОЕВА

Мўътабар Тожибоева: Навбатдаги фитна фош бўлди

Тожибоева буйича Малохатни йиккан маълумотлари

ЎХХ сайти – Малоҳат Эшонқулова: Ҳеч бир чора қолдиришмаяпти-ку!

БИЛДИРУВ: «Навбатдаги фитна фош бўлди» деб номланган қуйидаги мақолани сайтимизда эълон қилганимдан кейин ушбу мақолада баён қилинган холат бўйича масалага ойдинлик киритган Муҳаммадсолиҳ Абутовни Малоҳат Эшонқулова билан ёзишмаларини ва ЎХҲ сайти модераторига ёзган хатини ундан розилик сўрамасдан чоп қилганим учун у ўз норозилигини билдирди. Ҳақиқатан ҳам Муҳаммадсолиҳ Абутовни огоҳлантирмасдан туриб унинг ёзишмаларини сайтда чоп қилинган мақолада чоп қилганим учун шахсан мен – Мўътабар Тожибоева Муҳаммадсолиҳ Абутовдан узр сўрайман ва мақоладаги унга тегишли бўлган ёзишмаларни олиб ташлаганимни маълум қиламан.

Лекин мен Абутов айтганидек бебурдлик қилмадим, субутсизлик қилмадим. Фақатгина қамалишимдан олдин ва бугунги кунда шахсан мендан ва «Ўтюраклар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотидан ўзларини, оила аъзоларини ҳимоя қилишни сўраб мурожаат қилган ва қилаётган инсонларни ҳаёти хавф остида қолаётгани, уларнинг шантаж қурбони бўлаётганлари сабабли  уларни ҳимояси учун ҳам ушбу мақолани чоп этишим шарт деб хисобладим ва чоп қилдим.

Мўътабар Тожибоева

Қийноқлар ороли асираси. Ёлланма адвокатнинг ҳимоясига муҳтож эмасман!

5176

Айбсиз айбдор бўлишдек оғир ва машаққатли йўлни босиб ўтарканман, шу ўринда тергов ва суд жараёнларида, ҳатто қамоқхона деб аталмиш жаҳаннам қаърида ҳам менинг паймол бўлган ҳақ-ҳуқуқларимни тиклаш ва адолатни қарор топтиришда жонбозлик кўрсатган ҳимоячи – адвокатларим хусусида алоҳида тўхталиб ўтмасликнинг умуман иложи йўқ. Уларнинг меҳнатини эътироф этмаслик– ҳурматсизлик, улар қаршисида таъзим қилмаслик гумроҳликдек туюлади, туюлаверади менга…

Бир сўз билан айтганда адвокатларим ҳақида гапирмаслик мутлақо мумкин эмас… Ва шу билан бирга қуйида ёзганларимни ўқир экансиз, одамнинг одамдан фарқи бўлганидек, адвокатнинг билан адвокатнинг ўртасидаги тафовутни ҳам маълум маънода билиш, Ўзбекистон шароитида “икки томонга баробар ўйин” қиладиган, арзон сотиладиган адвокатлар хусусида ҳам маълумот олиш, огоҳ бўлиш имкониятига ҳам эга бўласиз, деган фикрдаман…

Қийноқлар ороли асираси. Хибснинг биринчи кунидаги психотроп муолажа қилишга харакат ( 16 )

5176

– Гумонланувчи Тожибоева, сизни жиноят содир этганлигингиз ўз исботини топиб бўлди. Шунинг учун ўз вазиятингизни оғирлаштирмасдан, қилган жиноятларингизни тан олиб, пушаймонлигингизни билдиринг. Кечириб сўраб, мана бу ҳужжатга имзо чекиб берсангиз, ўзингизга яхши бўлади, – мени ҳибсга олиб, Фарғона вилоят Ички Ишлар Бошқармасига олиб борган дақиқадан бошлаб тинмасдан менга шу гапни уқтиришга ҳаракат қилишарди…

Қўлларимга кишан солиб, олиб кетишаётган пайтида, улар гумон қилаётган “товламачилик” жиноятини содир этмаганлигимни исботловчи ҳужжатларни ўзим билан олишимга рухсат беришларини сўрадим. Қуролланганлардан 2 таси мен билан бирга ҳужжатларга лиқ тўла шкаф турган хонамга киришди.

Қийноқлар ороли асираси. Қамоқхонанинг биринчи «нарушение»си (15 )

5176

Шу куни кечга яқин кирган навбатчи назоратчилар мени режим бўлими бошлиғи Шуҳрат Абдурафиқовичнинг қабулига олиб киришларини айтишди.

Шухрат Абдурафикович Субанов – бу қамоқхонанинг тартибот ва қўриқлаш бўлими бошлиғи, милиция капитани. Лақаби Пуля. Кутилмаганда тўсатдан йўқ жойдан пайдо бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам уни “пуля” дейишади. Бу мени Субанов билан илк учрашувимиз эди:

– Келинг, маҳкума Тожибоева. Қалайсиз энди? Қамоқхона ҳаёти яхши эканми? – киноя қилди у.

– Чидаса бўлади, – дедим бепарво.

Қийноқлар ороли асираси (1) «Сўзбоши» (аудиокитоб)

СЎЗБОШИ

Мен бу китобимни Мустақил Ўзбекистон дея аталмиш қийноқлар мамлакатида ҳақ-ҳуқуқсиз азоб чекаётган муштипар халқимга, минг бир қийноқлар қурбони бўлган қисматдошларимга, азоблар исканжасида дунёдан бевақт кўз юмган шаҳидларга ва уларнинг яқинларига бағишлайман.

Азоблар оролига маҳкума бу кўнгил бир нарсани хоҳлар, ҳа, фақат бир нарсанигина жуда-жуда орзу қиларди… Шу кўраётган, кўриб қийналаётган ҳадсиз ҳақсизликлар, чексиз азоблар ҳақида ҳаммага ҳайқирса, бу янглиғ бедодликлар хусусида оламга овоза қилса, Ўзбекистон аталмиш шу мўжаз мамлакатни таназзулдан асраб қолса… ана шунларни истарди бу дил.

Бир асар битса, ҳаётий бир асар битсаки, унда “Келажаги буюк давлат” отлиғ ажал оғушида рўй бераётган жамики бедодликлар, адолатсизликлар акс этса, шундай бир китоб бўлса-ки, унинг асносида яратилган фильмда киндик қонимимиз тўкилган мана шу заминдаги мушкул вазият, айбсиз айбдор бўлаётган саноқсиз қисматдошларимизнинг оҳу-ноласи ўз ифодасини топса… Худди ана шу истак исканжасида беҳаловат бўларди кўнгил… Агар шундай асар дунё юзини кўргудек бўлса, уни албатта «Қийноқлар ороли асираси» деб номлаган бўлардим…

Қийноқлар ороли асираси. Рустам! ( 14 )

5176

Эртаси куни навбатчи постовийлар камераниг темир эшигини очиб, мени бошлиқнинг хонасига олиб боришларини айтишди. Бироқ негадир мени бошлиқни эмас, ўринбосари Боқибоевнинг хонасига олиб киришди. Курси соҳиби постовойга “чиқиб кетавер” ишорасини қилгач, менга ўгирилиб сохта табассум қилди. «Опа, сиз билан учраштиришимни сўраб бир акахонимиз келганди. Бироқ қўришишларингизга рухсат беролмайман. Сабаби, сиз тепанинг назоратидасиз. Билиб қолишса, каллам кетади.

Лекин акахонимиз ҳам ўта ҳурматга сазовор инсонлар, улар жуда ҳам муҳим гапим бор деб, ҳоли жонимга қўймаяптилар. Шунинг учун акахон билан бир нарсага келишдик. Ҳозир улар менинг қўл телефонимга қўнгироқ қилишади. Сиз уни олиб эшитасиз, умуман овоз чиқрмайсиз, фақат у гапиради, келишдикми? Кейин бу ерда бўлиб ўтган суҳбатни бутунлай унутасиз, ҳеч қаерда, ҳеч кимга гапирмайсиз. Айниқса ёнингиздаги шерикларингизга”, – деди сирли қилиб.

Қийноқлар ороли асираси. Фарғона шаҳар тергов изоляторида ( 13 )

5176

2005 йил, 24 октябрь.

Мен Фарғона тергов изоляторидаман. Бугун ҳам ҳар доимгидек эрталабки назоратга тергов изоляторининг беш нафар маъмурлари навбатчиликни қабул қилаётган назоратчилари билан биргаликда камерага кириб келишди. Мен бу ернинг қоидаларга анча ўрганиб, кўникиб қолдим. Мунтазам равишда бир кунда икки маҳал – эрталаб соат 9.00да ва кечги соат 18.00 да одатий текширув ўтказилади.

Бундай пайтларда маҳбусалар қўлларини икки ёнларига чўзганча тик туришлари керак. Бош ва қомат ҳам тик бўлиши шарт. Навбатчи маҳкума эса камерадаги маҳбусалар сони ҳақида ахборот бериши лозим. Шундан кейингина ҳар бир маҳкумадан ўзи ҳақида қўйидагича маълумот бериши талаб этилади: исми-шарифи, қайси моддаларга асосан айблангани… Айнан мана шу жараёнда маҳкумалар савол бериш, мурожат ва ариза топшириш, ўзларини қизиқтирган масалаларни кўтариш имкониятлари бор.

Қийноқлар ороли асираси. Аёллар қамоқхонаси – Руҳий касалликлар бўлимида!!! ( 12 )

5176-300x196

Тўкила бошлаган тишлари ҳуснига соя солиб турганини айтмаса, сарвқомат Гавҳарнинг елкасини кўмиб турган қўнғироқ сочлари ширмой юзига янада кўрк бағишларди… Афсус… Аччиқ ва аянчли тақдир соҳибаси бўлган ана шу соҳибжамол бугун хуштори Жайнак билан  психиатрик бўлимда ҳам даволаняпти, ҳам ишрат қиляпти.

Бугун – 11 июль куни кундузи психиатрик бўлимга кутилмаганда бир нечта муассаса вакиллари кириб келишди-да, мени ва нарсаларимни текширишларини билдириб, маҳкумалар кўзи ўнгида сумкамдаги нарсаларимни кроватим устига ағдариб, нарсаларимни тинта бошлади. Ҳамма нарсаларимни, ҳатто озиқ-овқатларимни ҳам  у ёқдан бу ёққа сочиб ташладилар. Сигаретларимни  эса  доналаб сочиб ташлашди. Бу менинг аёллар қамоқхонасидаги биринчи дуч келганим – ШМОН эди.

Қийноқлар ороли асираси. Аёллар қамоқхонаси – Руҳий касалликлар бўлимида!!! ( 11 )

5176 

– Тожибоева, уколга!- деди ҳамшира тантанавор оҳангда, –  тайёрланинг.

– Мен ҳеч қандай дори ҳам, укол ҳам олмайман, – дедим ҳамширага қараб. 

– Иеее, бу қанақаси? Мен ҳар битта таблеткани, дори-ю, шприцларни ишлатиб, кейин  ҳужжатлаштириб боришим керак. Сизга белгиланган дориларни нима қиламан мен? – таажжубланди у.

– Майли, укол қилдим, дориларни ичирдим, деб расмийлаштираверинг, розиман.  Дориларни эса ахлатга ташлаб юборинг, илтимос. Қанақа ҳужжатга қўл қўйиш керак бўлса, айтинг,  имзо кўйиб бераман.

– Нима, мени заҳарлаб қўяди деб, қўрқяпсизми? Сизга нима учун ёмонлик килишим мумкин деб ўйлаяпсиз?

Қийноқлар ороли асираси. Аёллар қамоқхонаси – Руҳий касалликлар бўлимида!!! ( 10 )

5176

Хайриятки, мен кутган душанба ҳам келди.

Бу – психиатор Бахтиёр Тошхўжаев ишга ташриф буюрди, деган сўз.

Мен дарҳол унинг қабулига кирдим:

– Мумкинми, дўхтир?- дедим эшикни қия очиб, киришга изн сўрарканман, – Ассалому алайкум.

– Ва алайкум,- қоғоз қоралаётган хомсемиз ўрта ёшлардаги шифокор бошини кўтарди-да, бурнининг устига қўндирилган кўзойнаги устидан менга разм солди, – Албатта мумкин. Қани, келинг, ўтиринг бундоқ.

Унинг мулозаматидан бироз дадиллашдим:

– Биласизми, мен руҳий хаста эмасман. психиатрик бўлимда даволанишга ҳам муҳтожлигим йўқ. Шунинг учун мени имкон қадар тезроқ жавоб берсангиз, бу ердан зудлик билан чиқариб юборсангиз,- дедим-да, мени мутлоқ соғлом эканлигимни, психиатрик муолажага мухтожлигим йўқлигини баён қилиб ёзганим аризани унинг олдига қўйдим.