Янги «TUG’YON» онлайн-радиоси иш бошлади
Муҳтарам юртдошлар, қадрли миллатдошлар!
“Ўтюраклар” клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти ҳамда “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгашининг қўшма лойиҳаси бўлган янги «TUG’YON» онлайн-радиоси 16 январдан эътиборан ўз ишини бошлайди.
Туғён радиоси жамиятнинг оғриқ нуқталари хисобланмиш сиёсий ва диний маҳкумларнинг тақдирига, қийноқ ва адолатсиз судлов қурбонлари тақдирига, Ўзбекистондаги қийноқлар ва қамоқҳоналардаги вазиятларга, дунёнинг турли бурчидаги қочқинлар ва меҳнат муҳожирларининг тақдирлари сингари муаммоларни кўтариб чиқувчи инсонлар минбари хисобланади.
«TUG’YON» онлайн-радиоси:
– Ўзбекистонда демократик жамият барпо этилишига хизмат қилиш;
– Мамлакатда фуқаролик жамияти ривожланишига ҳисса қўшиш;
– Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ишларига кўмаклашиш;
– Жамиятда сўз ва матбуот эркинлиги ўрнатилиши йўлида изланиш;
– Турфа фикрли инсонларга эркин ва очиқ минбар яратиш;
– Ватанимиз мустақиллиги ва озодлиги йўлида жонини фидо қилган юртдошларимиз ҳамда диктатура зулми остида қурбон бўлган ватандошларимизнинг хотирасини ёдга олиш;
– Сиёсий ва диний маҳкумлар, қийноқ ва адолатсиз судлов қурбонлари, қочқинлар тақдирига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш;
– Турли сабабларга кўра, хорижда яшаб, ишлаётган ҳамюртларимизнинг, шу жумладан, меҳнат муҳожирларининг бугунги ҳаётини ўрганиш;
– Ёшлар ҳаётига назар солиш;
– Ҳуқуқий ва сиёсий соҳага оид маълумотларни тақдим этиб бориш;
– Маънавият ва маърифат, сиёсат ва иқтисод, тарих ҳамда адабиёт, санъат ва маданият, адлия ҳамда ҳуқуқ тартибот, маориф ва соғлиқни сақлаш каби бир қатор соҳаларга оид туркум эшиттиришлар тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
«TUG’YON» радиоси эшиттиришлари кенг жамоатчилик учун мўлжалланган бўлиб, унда асосан, фуқаролик жамияти фаоллари, мухолифат намоёндалари, давлат ва сиёсат ҳамда жамоат ва дин арбоблари, ҳуқуқ ҳимоячилари, ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, санъаткорлар ва бошқа соҳа вакиллари ҳамда оддий радио тингловчилар билан суҳбатлар уюштирилади.
«TUG’YON» онлайн-радиоси ҳар ҳафтада энг камида икки маротаба эшиттириш тайёрлаб, “Ўтюраклар” клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти ҳамда “Муқобил Ўзбекистон” Мувофиқлаштириш Кенгашининг веб-саҳифаларида ва ижтимоий тармоқларда мунтазам нашр этиб боради.
Мўътабар Тожибоева
«TUG’YON» онлайн-радиоси лойиҳа раҳбари
Улуғбек Бакиров
Радио муҳаррири ва бошловчиси
Қудратли ва кучли Сўз
Озод минбарда турсин!
Эркин сўз ғалаён-ла,
Ҳар дилда ТУҒЁН урсин!«TUG’YON» радиоси – бу Сизнинг радиоингиз!
Биз билан бирга бўлинг!
«TUG’YON» радиоси таҳририяти
16.01.2016 й.
Fikr bildirish