Эврил Турон: Озодлик – ЭНГ БУЮК НЕЪМАТ!
Агар қамоқхона олтиндан қурилган, саҳна боғ, гулзор бўлса ҳам, унда қушлар сайраб, фавворалар отилиб турган бўлса ҳам, ҳатто полислар олижаноб бўлса ҳам, барибир у қамоқхона. Атрофи тиконли симлар билан ўралган, қуролли аскарлар билан қўриқланаётган, дунёдан бутунлай узулиб қолган қамоқхона.
Унда бир дақиқа ҳам ўз ихтиёринг, ўз эркинг билан ҳаракат қилолмайсан, ўз фикринг, ўз сўзингни айтолмайсан. Оёғинг, қўлинг, оғзинг, қулоғинг, кўзинг бўғовланган. Гўё тирик ўликсан. Юрак, сил, асаб, ошқозон, рак каби касалликларни келтириб чиқарувчи, қалбни мажруҳ этувчи қамоқхона. Иғво, фитна, ёлғон, туҳмат, жанжал, уриш, сўкиш, таҳқирлаш уяси – қамоқҳона.
Газсиз, светсиз ертўлада яшасанг ҳам, оч, яланғоч яшасанг ҳам, озодликда яшаганинг минг марта яхши. Ўзбек: “ Ўз уйинг- ўлан тўшагинг” деб бежиз айтмайди. Бунга ҳеч нарса етмайди, ҳатто дунёнинг бутун бойлиги ҳам. Ота- онангни, бола – чақангни, қариндош- уруғингни олдида яшаш буюк бахт! Мен қамоқхонада ўз уйимда, ўғил – қизларимнинг олдида ўлишни Тангридан сўраганим эсимда.
Олтин қамоқхонада минг йил яшагандан кўра, ўз уйингда ўн йил яшаганинг авло.
Эрк, Озодлик!..
Бу – Тангри томонидан берилган буюк неъмат! “Табиб табиб эмас, ўз бошидан кечирган табиб” дейишади. Менинг наздимда, буни ўз бошидан кечирмаган киши англаши қийин. Мен буни ўз бошимдан кечирдим, ўз танамдан ўтказдим. Озодликни , Эркни бутун дунёга алмашмайман. Шу билан бирга ҳақиқатни, адолатни, тўғри сўзни ҳам.
Қамоқда ўтирмоқ ер каби оғир. Осмон каби оғир. Айниқса оқил кишига, эътиқодли кишига, эрксевар кишига.
Қанча – қанча ёшлар қамоқ қийноғини кўтаролмай ўлиб кетишди. Турли касалликларга чалиниб ўлиб кетишди. “ Ҳаёт азоб – уқубат экан, охир – оқибат ўламан – ку, шунча йил ўтираманми, қийналмай ўла қолай” деб ўлиб кетишди. Умидсизлик тушиб, тушкунликка тушиб ўзларини ўзлари ейишди. Ўй, ғамни, кулфатни юракка олиш ёмон. Бу- кишида ўзига бўлган ишончни йўқ этади. Юрагига қутқу, вас – вас, ваҳима, қоронғулик ин қуради. Бунинг даҳшатли оқибатида тутқун турли касалликларга чалинади, узлатга кетади.
Умидсизлик – ўлим дегани.
Умидсизликдан ўз жонига қасд қилганларни ҳам қўрдим. Кўз олдимда ёш – ёш йигитлар, хазон бўлдилар. Миллатимизнинг қанча- қанча ёш ўғлонлари!..
Уларни руҳлантирувчи куч қани? Қамоқда мен буни кўрмадим. Бунинг учун полисларимиз илмли, имонли, инсофли бўлиши керак. Давлат миллат билан тирик. Ҳар бир ўғил- қиз миллат ва давлат таянчи, қаноти, келажаги. Бу ҳақда ҳар биримиз ўйлашимиз, миллат ва давлатимиз нуфузини, шаънини ошириш учун жон куйдиришимиз керак. Йўқса , ундоқ одамнинг ҳайвондан фарқи бўлмайди.
Халқ, давлатни ўмариб, уйларини олтинга тўлдираётган, қат- қат қасрлар қураётган кимсалар чин маънодаги жиноятчилардир! Чин маънодаги ватан хоинлардир! Болалари: “ Она нон!” деб, бўзлаётган кишилар йўқми. Хор- зорлик ва иложсизликдан бир қоп ун, бир товуқ ё шунга ўхшаш нарсаларни ўғирлашга мажбур бўлишар ва қамоқда ўтиришар экан, бунга биринчи навбатда ўша қутуриб яшаётганлар айбдордирлар. Қамоқларда ўн гулидан бир гули очилмай хазон бўлаётган ёшларнинг ўлимларига ҳам шу ватан хоинлари, шу халқ душманлари зоминдирлар. Уларни отиш керак, осиш керак, бор бойлигини давлат, халқ ҳисобига қайтариш керак!
Тангрим мен сендан шуни сўрайман, ёлғиз сенга илтижо қиламан: “етим- есирларнинг оҳига ет, ватан хоинларини жаҳаннамга тиқ! Эл – юртимни бой эт, эл- юртимни қудратли эт!”
Қамоқхоналарда кекса бўлса ҳам, хаста бўлса ҳам, кўп ҳолда руҳий қудратга эга бўлган кишилар яшаб қолади.
Руҳий қудрат!..
Одамнинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамловчи, ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтишга ундовчи буюк куч бу! Гўё илоҳий куч! Ҳеч қачон, ҳеч ерда, ҳатто дор остида ҳам руҳини тушурмаган ютади. Қўрқмаган, ҳар қандоқ қийноққа, ўлимга тик боққан ўлмайди. Унинг матонатидан, метин иродасидан жаллод титрайди. Жаллодларни ваҳима босади, хоинлар юракларини чангаллашади.
Мен бевақт ўлган қисматдошлар рўйхатини тузган эдим. Минг ўғлон. Ҳабиб, Омон, Ботир, Маҳмуд, Мансур, Ғофур, Аваз, Комил… Исми -шарифлари, қаерда, қачон туғилганликлари, қанча йил қамоқда ўтирганлари… бари- барини ёзган эдим. Тортиб олишди.
Минг ўғлон!..
Ҳар йили минг ўғлондан минг фарзанд туғилади. Йиллар кечароқ бу рақам карра- карра даражасида кўпайиб боради. Болалари, набира, чевара, эваралари…дан туғилади… Эллик йил ичида миллионлардан ошади.
Биз ўз миллатимиз илдизига болта урмаяпмизми?
Ўйлаб кўринг…
Яшаш – Тангри томонидан берилган неъмат. Фақат бир марта бериладиган неъмат. Арзимаган нарсага қамаш, қасддан қамаш, туҳмат билан қамаш бас этилмас экан, бу бошбошдоқлик, бу доғулик давом этаверади. Ўлим кўпайиб бораверади. Миллат тақдирини ким ўйламаса, у миллат душманидир. Режимни ислоҳ қилиш, қамоқхоналарни камайтириш лозим. Жанубий Корея усули тадбиқ этилса, яна ҳам яхши бўлади. Яъни маҳкумлар пахта, дон этсинлар, сабзавот, полиз маҳсулотларини етиштирсинлар, чўлларни обод қилсинлар, қурилиш, саноат тармоқларида ишласинлар. Бу усул давлатни бойишга, эл ҳаётини яхшилашга, бевақт ўлимни камайтиришга олиб келади.
1999 йил портлашларида бегуноҳ хонадонлар ҳам хонавайрон бўлишди. Номаълум қамоқхонада мени тергов қилган Ички Ишлар вазири ўринбосари Сайфулла Асадов: “Ёнғинда ўрмоннинг ҳўли ҳам ёнади, қуруғи ҳам ёнади” деган эди менга. Ёнишди. Бир оиладан тўрт – бешта, ҳатто ундан ҳам кўп одамлар қамалдилар. Тоштурмага икки кшилик жойга ўн, ўн беш кишини тиқдилар. Мен буни ўз кўзим билан кўрдим, ўз бошимдан кечирдим. Қанча – қанча бегуноҳ йигитлар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилдилар. Жумладан мен ҳам.
Салла ўрнига калла кетди.
Минглаб каллалар…
Миллатимиз ташқи душман томонидан эмас, ўзимиз томонимизда кулфатга йўлиқди, мислсиз кулфатга, бир асрга татигулик кулфатга!..ўз ҳузурларини ўйлайдиган, ишбилмас, олчоқ махлуқлар сабабли. Тирик бўлсам, замон келиб, бу ҳайвонлар ҳақида ёзаман. Бу дунёда ҳеч кимга ҳеч нарсани боғлаб бермаган. Ҳаммаси ўткинчи. Қийноқлар , азоб- уқубатлар ўтади. Аммо юракларда яра бўлиб қолади. То сўнгги нафасгача. Режим нима, қамоқ нима, ловозим нима, ҳаммаси ўткинчи. Фақат сўнгги нафасларигача ҳақ деб курашганлар яшайдилар. Узоқ, жуда узоқ яшайдилар. Мен бу гапни тушкунликка тушган, ўзини – ўзи еб тамом қилаётган қисматдошларга кўп марта айтганман.
Руҳлантириш учун. “ Келажак бизни кутаяпти” деб айтганман. “ Юртимизни тенгсиз давлатга айлантирамиз” деб айтганман. “ Бунинг учун яшашимиз лозим!” деб айтганман. Уларга бу сўзим, балки, баландпарвоздай туюлгандир? Ҳеч бири қулоқ солмаган. Таҳқиру азоблардан тушкунликка тушиб қолишган. “Энди тирик чиқмаймиз” деган ўй, ғамда ўзларини ҳалокатга бошлаганлар. “Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ қўшиб бераверади, шизога тиқаверади, озодлик нариги дунёда” деб айтишган. Бундан айрим сиёсий, диниий, маҳкумлар айро. Қамоқларда кекса бўлса ҳам, хаста бўлса ҳам руҳий кучли тутқунлар омон қоладилар.
Мен сабр тоқат билан, чидам билан, ўқиш, ёзиш билан 17 йил ҳаётимни қамоқда ўтказдим. Соғлигимдан айрилдим. Уч марта инфаркт олдим. Кўп марта ҳушли, ҳушсиз хастахонада ётдим. Изоляторлардан бошим чиқмади. Лекин келажакка бўлган умидим сўнмади. Келажак чироғи йўлимни ёритиб турди, қалбимни шуълалантириб турди. Режим ёзишга таъқиқ қўйди. “Жаслик”да, Сангородда, 46 зонада ҳикоя, қисса романларимни тортиб олишди, қўлёзмаларимни ўғирлаб кетишди. Бу менга ўлимдай зарба бўлди. Бироқ яна ўзимни тутиб олдим. “Ўлмаслигим керак, ўлмайман!” деб тинимсиз такрорлаганларим эсимда.
Менга берилган жазо муддат битгандан кейин яна уч йил қўшиб берди. Ёлғон, туҳматлар билан. Бир менга эмас, 159 моддаси билан қамалган ҳамма тутқунларга қўлланиладиган усул бу. Сийқаси чиққан, шилта усул бу. Энг разил, энг тубан, энг аҳмоқона усул бу. Уч ой Тоштурмада ўн тўрт кишилик жойда қирқ етти тутқун битга ботиб ўтирдик. Зонага этап бўлишимдан сал олдин, Тангри оҳимга етди. Озодликка чиқдим. Яхши кишилар шарофати билан. Лекин уч йилдан бери уйдан эшикка чиқмаяпман. Туғилиб ўсган қишлоғим Боғдонга ҳам бормадим. Қўрқув борлиғимни чулғаб олган. Мажруҳ юрагим билан дард, аломларимни қоғозга тўкаяпман.
Ҳозир энг қадимги тарихимиз устида ишлаяпман. Ўз юртимда ҳеч нарсамни босишмайди, ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан ҳам ўчириб юборишган, қирқ йилдан ортиқ ишлаганман. Бу -“Меҳнат дафтарча”мда кўрга ҳасса бўлсин, деб қайд этилган, муҳр босилган. Бироқ етти ой идорама – идора югурганимга қарамай, менга умрлари бўйи ишламаганлар нафақасидан ҳам паст пенсия белгилашди: 179 минг сўм. Яъни 25 доллар.
Шаккоклик бўлса ҳам: “ Ватан хоинлари Тангрининг ғазабига йўлиқсин!” дейман. Йўлдошларимга эса умр тилайман. Илоҳо уларга рўшнолик насб этсин: Омин!
Эврил Турон
Fikr bildirish