Қийноқлар ороли асираси. Қамоқхонанинг биринчи «нарушение»си (15 )
Шу куни кечга яқин кирган навбатчи назоратчилар мени режим бўлими бошлиғи Шуҳрат Абдурафиқовичнинг қабулига олиб киришларини айтишди.
Шухрат Абдурафикович Субанов – бу қамоқхонанинг тартибот ва қўриқлаш бўлими бошлиғи, милиция капитани. Лақаби Пуля. Кутилмаганда тўсатдан йўқ жойдан пайдо бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам уни “пуля” дейишади. Бу мени Субанов билан илк учрашувимиз эди:
– Келинг, маҳкума Тожибоева. Қалайсиз энди? Қамоқхона ҳаёти яхши эканми? – киноя қилди у.
– Чидаса бўлади, – дедим бепарво.
– Мана шунақасан-да сенлар! Жиноят қилаётганда ўйламайсанлар охири нима бўлар экан, деб! Пешонанг деворга “тақ” этиб теккандан кейин… – Субанов кўрсатгич бармоғини буклаб, столга бир урганди “дўқ” этган овоз эшитилди, – Кейин пушаймон қиласанлар, лекин уже кеч. Бу пайтда қамоқда бўласанлар!
– Мен ҳеч қандай жиноят содир этмаганман, ҳеч нарсадан пушаймон эмасман, -бу сўзларни шунчалик хотиржамлик билан айтдимки, уни эшитган суҳбатдошим ҳўл ўтиндек тутаб кетди:
– Ўҳ-ҳў, тиллари бурро-ку бу хонимнинг?! Қани,ўтириб бир тушунтириш хати ёзиб берингчи, кўрайлик қаламингиз кучини?! – деди заҳархандалик билан.
– Нима ҳақда ёзишим керак тушунтириш хатини? – ажабландим.
– Ҳозир айтаман-да, – Субанов кибрла қараркан, стол устидаги бир вароқ оқ қоғозни мен томон сурди, – Ёзинг, психотделениеда даволанаётган Бекчонова Гавҳар қамоқхона ички қоидаларини тинимсиз бузаяпти, биз – бемор маҳкумаларнинг даволанишмизга халал бераяпти. Бу ҳаракатлари узликсиз давом этаяпти, деб ёзинг.
– Биринчидан, мен фақат бўлган воқеанигина ёзиб беришим мумкин. Лекин Бекчонова Гавҳарга қарши бирор гап айтолмайман. Сабаби, Гавҳар ҳамширадан Жайнакнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатадиган дориларни бергани учун унинг аҳволи оғирлашиб қолганини, Жайнакка медицина ёрдами кўрсатишларини талаб қилди. Ҳамшира эса Гавҳарни ноўрин ҳақоратлади. Гавҳар унга жавоб қайтарди. Бор гап шу. Иккинчидан, мен бундай вазиятга биринчи марта гувоҳ бўлишим, чунки янгиман, олдин нималар бўлганидан бехабарман. Кечирасизу, аммо мен сиз сўрагандай қилиб ёзиб беролмайман.
Сўзларимни аввалига ҳайрат билан тинглаётган Субанов бирдан қаҳ-қаҳа отди.
– Сиз ҳали ор қиласизми, нафратланасизми бизга ёрдам қилишдан? – пичинг қилди у.
– Гап ор килишда эмас, мен кўрганимнигина ёзишим мумкин…
– Маҳкума Тожибоева, – сўзимни бўлди кўзлари қаҳрдан ёнган Субанов, – бугун сиз ҳимоя қилаётган маҳкума ҳам, ҳатто озодлигингизда кўмак берган одамлар ҳам ҳали сизнинг ўзингизга қарши жуда кўп ишлар қилишади, ана шунда ҳақлигимга тасаннолар айтасиз. Чап қўлни боғлаб олибсиз, нима қилди қўлга? Сиз қораламайман деяётган Бекжонованинг кароматими бу? Қараб туринг, ҳали бу бошланиши холос. Бу бошингиз яна кўп балоларни кўради ҳали. Ўшанда “Кўнгилчанлик қилиб адашган эканман”, – деб аттанг қилиб қоласиз. Мени айтди дерсиз. Ундан кўра қайсарлик қилмасдан, ёзинг айтганларимни!
– Йўқ, ундай қилолмайман, ўз фикримни ёзишим мумкин. Ҳамширанинг “Сенлар яқинда ўласанлар!” деган гапига чидолмаган Гавҳар уни чўмич билан ўрмоқчи бўлди. Тасодифан унинг қўлидаги чўмич менинг қўлимга тегиб кетди. Гавҳар мени қасддан эмас, тасодифан урди.
– Муассаса вакилларининг айтганларига сўзсиз итоат қилишингиз кераклигини, сиз бизнинг қўл остимиздаги маҳкума эканлигингизни биласизми ўзи?! Бу ерда: “Менинг фикрим ундай эмас, бундай” – деган гапларингиз ўтмайди! Акс ҳолда ички тартиб қоидаларга бўйсунмасликда, муассаса вакилининг қонуний талабига итоат этмасликда айбланасиз, интизомий жавобгарликка тортиласиз, билиб қўйинг шуни! Психотделениеда ётган мана шунча маҳкумалар Бекчановга қарши тушунтириш хати ёзиб беришган, кўриб қўйинг! – шундай дея дағдаға қиларкан у бир тахлам қоғозларни тумшуғим остида силкитди, – Ҳаттоки Гавҳарнинг ўзи ҳимоя қилган Жайнаги ҳам уни қоралаб ёзган, билдингизми?! Нима, сиз уларнинг ичида БЕЛАЯ ВОРОНА бўлмоқчимисиз?!
– Менга жазони ўташ тартиб-қоидалари ва шартлари тўғрисидаги керакли ахборотни ҳеч ким бермаган. Бундан ташқари менинг маҳкума сифатидаги ҳуқуқларим ва мажбуриятларимни ҳам тушунтиришгани йўқ. Шунинг учун ички тартиб-қоидаларда нималар деб ёзилганидан бехабарман. Сиз айтаётган ўша ҳужжатда маҳкумаларнинг мажбуриятлари билан бирга ҳуқуқлари ҳам кўрсатиб қўйилган бўлса керак? Жиноят-ижроия кодекси ни ўқиганимда муассаса вакилининг қонуний талабларига бўйсунмаган маҳкумлар интизомий жавобгарликка тортилиши ҳақидаги ёзувга кўзим тушган эди, ноқонуний талабларига эмас. Қаранг-а, бу қонунга ўзгартириш киритилганидан бехабар қолган эканман-да, – дедим кесатиқ билан. – Бошқа маҳкумалар нима деб ёзган, буни менга алоқаси йўқ. Ёзадиган бўлсам, айтганимдек, фақат ўз фикримни ёзаман, холос. Йўқ, десангиз, у ҳолда: “Тушунтириш хати ёзишдан бош тортди” – деб ҳужжат расмийлаштиришингиз мумкин.
– Оҳ-ҳо-о-о, қаҳрамонлик кўрсатмоқчиман денг?! Мана шу бўлмағур бад феълингиз учун ҳам тергов изоляторида бир эмас, уч бор интизомий жавобгарликка тортишган экан-да-а?
– Сиз айтаётган интизомий жавобгарликка тортиш ҳақидаги бу ҳужжатларнинг ҳам барчаси сохта, – дедим пинагимни бузмай.
– Тожибоева, менинг таклифимга кўнмай, ўзингизга ёмон қилдингиз. Аммо кейинчалик бу хатоингизни тўғрилаш истаги пайдо бўлиб қолса, биз билан ҳамкорлик қилишга қарор қилсангиз, албатта, ҳеч иккиланмасдан қабулимга келишингиз мумкин. Мабодо ўжарлик қилиб, фикрингизда қатъий турсангиз, унда сизни ҳали кўп “тарбиялаш”имизга тўғри келади, – деди тарбиялаш сўзига алоҳида урғу бериб.
– Тўғри топдингиз, ўз фикримни ўзгартирмоқчи эмасман. Ҳеч қачон муассаса вакилларининг фикрини ўзимники деб баён қилолмайман, ҳеч кимга жабр қилгим йўқ. Ўз билган ҳақиқатимдан ўзгасини тасдиқлашни ҳам, тан олишни ҳам истамайман, – охирги хулосамни айтдим.
– Майли, кўрамиз. Сиздақанги жўжахўрозлар илгари ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Бошида осмон узилиб тушса, ушлаб қоладигандек катта кетиб ғўдайишади. Лекин кўп ўтмай мулла минган эшшакдек, олдимизга бош эгиб келишади. “Кимга қарши нима деб ёзиб бериш керак?” – деб мунға-йиииб ўтиришади. Сиз ҳам худди шундай куйга тушасиз ҳали. Ўшанда салом бераман сизга. Бугунги гапларингизни ҳам эслатиб қўяман, – у юзларини нафрат билан бужмайтираркан, – Олиб чиқ маҳкумани! – дея ҳайқирди эшик тагида турган назоратчига. Эшикка яқинлашганимда:
– Айтганча, Тожибоева, Рустам сизга ким бўлади? – ўсмоқчилаб сўради Шухрат Абдурафиқович.
– Қариндош, – дедим-да, бу мавзуда гаплашишга тайёр эмаслигим боис навбатдаги саволни кутмасдан, ташқарига йўналдим.
* * *
13 июль куни эрталаб соат 10.00ларда руҳий касалликлар бўлимига кириб келган назоратчи: “Тожибоева, ДПНКга боришингиз керак, юринг” – деди бошини ирғаб. «Нима учун?» – дегандим ажабланиб: «Савол бериш мумкин эмас!» – деган жеркиш эшитдим ундан. Коридорга чиққанимизда: «Оёғингиздагини зона шиппагига алмаштириб олинг, “нарушение” қўйишмасин тағин» дея шипшиди секингина. Назоратчининг муомаласидаги бундай икки хил товланиш менга Сталин замонларида ҳамма бир-биридан сотқин дея чўчиб, хадиксираб яшашгани ҳақида ўқиганларимни эсимга солди. Ортимга қайтиб, бир томони йиртилиб, узилай-узилай деб турган, бир ҳафта ичида уч-тўрт марта кийганимдаёқ пошна қисми ўпирилиб тушган шиппакни оёғимга илиб назоратчига эргашдим.
Бу шиппакни тикиш пайтида тагига қоқилган михлари ва товон қисмига қоқилган темирлари аллақачон бўртиб чиққан ва ҳар қадам босганда оёққа ва товонга чидаб бўлмас даражада оғриқ берарди. Унинг йиртилган жойидан узилиб тушишидан қўрқиб, оёгимни судраб босардим. Эгнимда рангини аниқлаб бўлмас даражада униқиб кетган халат. Чўмич зарбидан тобора шишиб бораётган боғлиқ қўлимни эса бўйнимга осиб олганман… Бу ерга келганимга бир ҳафта бўлиб бўлмай мана шундай аянчли аҳволга тушиб бўлгандим.
ДПНКда мени қабул қилган тезкор бўлим ходими қўлимга оқ қоғоз ва ручка тутқазди. Унга савол назари билан тикилгандим: «Мен адвокат ёрдамига муҳтож эмасман. Шунинг учун мен билан учрашишга келган адвокатим билан кўришишдан бош тортаман» – деб ёзиб беришимни талаб қилди. Адвокатимнинг келганлиги ҳақидаги хабарни эшитиб, қанчалар қувонган бўлсам, қаршимда турган ходимнинг бемаъни талаби шунчалар қаҳримни келтирди. Чунки бугунги оғир аҳволимдан адвокатимни хабардор қилиш – бу ҳамма-ҳаммани бу ердаги фожеалардан вофиқ қилиш деган гап эди, ахир!
– Адвокатимнинг келишини интиқлик билан кутаётган бир пайтимда, нега энди у билан учрашишдан бош тортишим керак экан? Й–ў-ў-қ, мен ҳеч қачон бундай деб ёзиб бермайман, – тезкор бўлим ходимининг талабини рад этар эканман, аламдан титраб кетдим.
– Балки бошқа сафар келганида кўришарсиз? Бугун эса учрашишдан бош тортаман деб ёзиб берасиз. Шарт бу. Буйруқ бу! Тамом-вассалом! – деди у қўлингдан нима ҳам келарди дегандек беписанд қараш қиларкан.
– Йўқ, ундай деб ёзиб бермайман дедим сизга, эшитмадингизми? Аксинча, адвокатим билан учраштиришингизни талаб қиламан. Агар учрашувга рухсат берилмаса, “очлик” эълон қиламан, – дедим ич-ичимдан отилиб келаётган қаҳрни зўрға босиб.
– Ҳай, ҳай, ҳай, шаштингиздан қайтинг, бўлди, бўлди, қўрқдим, мана, қўрқиб қолдик сиздан, – мазах қилди у бурнини жийириб, бошини чайқаркан.
– Қайси адвокатим келган экан? – сўрадим унинг заҳархандасига эътибор бермаётгандек кўрсатиб ўзимни. Аслида унинг пичингу киноялари суяк суягимдан ўтиб кетган бўлса-да, шу дамда айнан қай бир адвокатим келганлигига аниқлик киритиб олишим ҳаммасидан муҳимдек тутдим ўзимни. Ҳозир ички эҳтиросларга берилиш, у билан ҳисоб-китоб қилиш фурсати эмасди.
– Адвокатингиз кимлигини билмайсизми ҳали?! – эндигина 30 ёшларга борган бўлса-да, тепа сочлари тўкилиб бошлаган милиция лейтенантининг юзида хурсандчилик аломати зоҳир бўлди..
– Нега билмас эканман, биламан, албатта. Мен сиздан: “Қайси адвокатим келган экан?”, – деб сўрадим, эътибор қилмадингизми? Адвокатим битта эмас, бир нечта. Бугун улардан қай бири келганлигини аниқлаб олмоқчи эдим, холос, – дедим, мен ҳам унга “ахмоқсан” дегандек назар соларканман.
– Шунақа денг. Қани, унда адвокатларингизни фамилияларини бирма-бир айтинг-чи? Агар сиз санаганларнинг ичида унинг исм-шарифи бўлмаса, само-собой у адвокат билан учрашмайсиз, – деди у қошларини киноя билан учириб.
– Нега учрашмас эканман? Эҳтимол, оила аъзоларим ҳимоям учун янги адвокат ёллашгандир, ким билади дейсиз? Нима бўлганда ҳам у агар ордер олиб келган бўлса, учраштиришларингиз шарт.
– Э-э-э, қўйинг сафсатангизни. Бу ерни қамоқхона деб қўйишибди. Бу ерни қонун-қоидаси бўлакча, шуни унутманг. Бошимни кўп оғритманг! Қани, адвокатларингизнинг фамилияларини айтинг-чи…
Тортишиб ўтиришдан наф чиқмаслигини билардим. Шунинг учун бирма-бир ҳимоячиларимнинг исм-шарифини санай кетдим. Унга таъсир ўтказиш учун, ҳатто терговда иштирок этган адвокатларнинг ҳам номини тилга олдим.
Fikr bildirish