«Диктаторнинг узун қўли» – Энди ўзбек тилида!
Даниялик журналист Майкл Андерсен ва “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоеваларнинг ташаббуси ва ҳамкорлигида “Ал-Жазира” телеканали учун 2014 йилда суратга олиниб, намойиш қилинган «ДИКТАТОРНИНГ УЗУН ҚЎЛИ» (People and Power – The Long Arm of the Dictator ) фильми «Ўтюраклар Клуби” фаоллари ва ташкилот ҳамкорларининг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан ўзбек тилига ўгирилди.
“Фильмни инглиз тилидан ўзбек тилига ўгиришимиздан мақсад шуки, Ўзбекистон диктаторининг жиноий қилмишларини фош қилувчи далиллар ва исботларни имкон қадар дунё жамоатчилигига, миллатдошларимизга етказишимиз шарт ва зарур”, дейди фильмни ўзбек тилига ўгирган таржимонлардан бири.
Жамоатчилигимизга яхши маълумки, «ДИКТАТОРНИНГ УЗУН ҚЎЛИ» фильми 2012 йил 22 февралда Швециянинг Стромсунд шаҳарчасида яшовчи Ўзбекистонлик диний арбоб Обидхон Қори Назаровни ўз уйи йўлагида отиб кетилгани ва бу суиқасднинг ортида Ўзбекистон махсус хизматларининг қўли борлигини фош қилувчи фильмдир.
Фильмни суратга олган журналист Майкл Андерсен Ўзбекистондаги таъқиб ва тазйиқлардан қочиб, узоқ Швециянинг шимолидан бошпана топган таниқли ўзбек имомининг ўққа тутилиши, масалани кун тартибига олиб чиқаркан, ўзбек диктатори ўз танқидчилари қаердан паноҳ топмасин, барибир, уларни овозини ўчиришга қодирлигини яна бир бор исботлайди.
Фильмни суратга олган журналист Майкл Андерсен: “Обидхон Қорига қилинган бу ҳужум Каримовнинг ўз мухолифлари билан узоқ масофадан туриб ҳам ҳисоблаша олиши, ҳатто Европа Иттифоқида паноҳ топган мухолифларига қарши ҳамла қилиши мумкинлигини кўрсатди. Шунинг учун ҳам фильмни «ДИКТАТОРНИНГ УЗУН ҚЎЛИ», деб номладик. Ўзбекистон ва Швеция шимолидаги Стромсунд шаҳрини минглаб километр йўл ажратиб туради. Лекин, дунёдаги энг қаттол диктатор учун бу, ўз мухолифлари билан ҳисоблашишга катта муаммо эмас. Каримов ва унинг махфий ҳизматлари ўз мухолифларини, қаерда бўлишидан қатъи назар, уларга ҳамла қилишга қодир, – дейди.
Обид Қори Назаровга қарши уюштирилган суиқасд ортидан олиб борилган тергов ва суд жараёнларида қотилга кўмак берган Швецияда яшовчи ўзбек эр-хотин Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларнинг, кейинчалик Россиядан Швецияга депортация қилинган суиқасдчи Юрий Жуковскийнинг судлари жараёнида, ушбу суиқасд Ўзбекистон хукумати томонидан уюштирилганлигини яна бир бор исботланди.
Яқинда Россия президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган Россия ФСБ собиқ зобити Александр Литвиненко суиқасди юзасидан тергов олиб борган Буюк Британия маҳкамаси, бу суиқасдда Россия хукуматининг қўли борлиги тасдиқланди.
Шундай бир пайтда швед прокурори Кристер Питерссен Обид Қори Назаровга қарши суиқасдда Каримов ҳукумати турганлигини қайта қайта таъкидласа-да, бугунги кунгача Швеция ҳукумати ушбу суиқасд ва суд жараёни бўйича ҳануз ўз муносабатини билдиргани йўқ.
Суиқасдни уюштирганликда айбланган Юрий Жуковский суди Швецияда бўлиб ўтди ва унга 18 йиллик қамоқ жазоси белгиланди. Суднинг хукмидан норози бўлган давлат прокурори Кристер Питерссен Жуковскийга умрбодлик қамоқ жазоси берилишини талаб қилиб, аппеляция протести келтирган бўлса, Жуковский ва унинг ҳимоячиси Жуковскийга адолатсиз қамоқ жазоси берилганлигини баён қилиб, уни озодликка чиқаришни талаб қилиб ёзган шикоятлари қайтадан Швеция судида кўриб чиқилди ва 1 март куни суднинг Ажрими эълон қилиниши арафасида.
Фильмни суратга олишда фаол қатнашган ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоеванинг таъқидлашича, Ўзбекистон хукумати томонидан унинг танқидчиларига қарши турли усуллар билан кураш олиб борувчи ёлланма қотиллари ва қоралов ахборот кампанияларини олиб бораётган «қулоқлари» Ўзбекистон хукуматидан жабр тортганларини баҳона қилиб, Ғарб давлатларидан қочқинлик мақоми олгандирлар, ҳамда диктатура режимига қарши курашувчи фаолларга, уларнинг оила аъзоларига қарши курашларини давом эттирмоқдалар.
“Диктатура режимининг барча «қулоқларини» фош қилиш пайти етиб келди. Қачонки биз Каримов режимининг жиноятларини Ғарб мамлакатларидаги маҳкама жараёнлари орқали фош қилиб борсак, бугунги кунда Ислом Каримов бошқараётган ҳукуматнинг жиноятларидан кўз юмиб келаётган ҳамкорлари учун тарсаки бўларди”, дейди Мўътабар Тожибоева.
Обид Қори Назаровнинг отиб кетилганига 4 йил бўлди, у узоқ муддат кома ҳолатида бўлди. Бугунги кунда унинг аҳволи бироз яхшилангани ҳақида ўғли Довудхон Назаров маълумот бераркан, бугунги кунда оила аъзоларига босим ва таҳдидлар ҳамон давом этаётганини таъкидлайди.
Fikr bildirish