Ҳожи она мактуби: «Илҳом ўғлимни МХХ қатл этди»
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга;
Нусхалари:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасига;
Ўзбекистон Республикаси бош вазири Шавкат Мирзиёев Миромовичга;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б.Абдуллаевга;
Ўзбекистон Республикаси Миллий Ҳавфсизлик Хизмати раисига
Бухоро вилояти Бухоро шаҳри Элобод қўчаси 17 уйда яшовчи фуқаро Хожи она Ражабова Хурсанд томонидан
ШИКОЯТ АРИЗА
Ушбу шикоят аризани ёзиб, шуни маълум қиламанки, мен Ражабова Хурсанд 15.10.1949 йилда Бухоро вилояти Бухоро шаҳрида туғилганман, миллатим ўзбек, ҳозирда нафақага чиққанман.
Мен сизларга оиламга, фарзандларимга нисбатан қилинган ёвузлик ва қотилликдан шикоят қилган ҳолда мурожаат қиламан.
Мен учун азиз бўлган ўғлимга, оиламнинг юрагига, оилапарваримга, ватанпарваримга оддий бир тадбиркорга, Бухоро вилояти МХХ Бошқармасининг ИСБ (Инспекция Служба Безопасности – миллий хавфсизлик инспекцияси) бошлиғи Юнусов Азим Исоқжонович қонхўр золим томонидан уюштирилган қотиллик ҳақида ёзаман.
Бу қонхўр золимни сўроқ қиладиган жой борми ўзи?
Бухоро вилояти Миллий Хавфсизлик Хизмати бошқармаси амалдорлари ва ходимлари томонидан инсонга хос бўлмаган ҳатти-ҳаракатлар, ўғлим Ибодов Илҳом Ражабовичнинг ўлимида уларни айбдор деб билиб, ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари ва қотилликлари учун, қонун олдида жавоб беришларини сўрайман.
Ўғлим Ибодов Илҳом Ражабович, 16 июн 1972 йилда Бухоро шахрида туғилган, миллати ўзбек, тадбиркор. Ўғлим Ибодов Рахим Ражабович 31 август 1968 йилда Бухоро шахрида туғилган, миллати ўзбек, тадбиркор. Ўғилларим иккови ҳам Бухоро шахрида жойлашган “СИТОРА” автоуловларга эҳтиёт қисмлари сотиладиган бозорда тадбиркорлик билан шуғулланарди.
2015 йилнинг 16-август куни ўғилларим тадбиркорлик қиладиган “СИТОРА” бозори ичидаги дўконда уларга нисбатан уюштирилган сиртмоқ десам, балким тўғрироқ бўлар қуйидаги кўринишда бошланган. Бир нотаниш йигит, ўйлашимча тайёрланган киши, ўғилларим хизмат кўрсатиб турган дўконга кириб келиб, ўзини нимадир харид қилиб оладиган бўлиб кўрсатиб у бу нарсани кўздан кечира бошлаган ва дўкон ичидаги автоулов эҳтиёт қисмларидан бирини олмоқчи эканини айтиб, катта ўғлим Ибодов Рахим Ражабовичга мурожаат қилган.
Унда 100 АҚШ доллари борлигини, ўзимизнинг муомиладаги пулимиз сўм йўқлигини, оладиган нарсасига доллар билан тўлаб харид қилишини айтган. Шунда ўғлим Рахимжон уни илтимосини қабул қилиб, у йигит томондан танланган автоулов эҳтиёт қисмини бериб юборади. Орадан бир оз муддат ўтмасдан, ўша номаълум кимса билан биргаликда унга ҳамроҳлик қилиб, Бухоро шаҳар солиқ департаменти ва Бухоро шаҳар миллий хавфсизлик хизмати бўлими ходимлари дўконга кириб келадилар.
Бу уюштирилган ноҳақликка ойдинлик киритиш ўрнига, низо ва тортишув бошлайдилар, уруш жанжалга айланиб кетади. “Энди эҳтиёт чорасини қўллаймиз” деган сўзлар билан иккала ўғлимни Бухоро Шаҳар Ички Ишлар Бошқармаси ертўласида 10 (ўн) сутка қамоқда ушлаб туриш жазосини тайинлаб шу билан чекланадилар. Бу ишдан кўзланган асосий мақсад ўғлим Ибодов Илҳомни қўлга олиб, қамоқхонагача олиб бориш, йўқотиш керак бўлган. Улар Илҳомжондан қасд олишни режалаштирганлар.
2015 йилнинг 16-август куни, орган ходимлари “СИТОРА” бозорига келиб, атайлаб ўзлари билан тайёрлаб келтирилган, қалбакилаштирилган АҚШ долларни дўконга аввалига яшириб, сўнгра уни ўзлари “топиб оладилар”, дўкондаги барча товарларни мусодара қилиб, дўконни бўшатиб нарсаларни олиб чиқиб кетдилар.
Ўғилларим яшаб турган жойларни келиб, кўздан кечириб, худди қароқчи босқинчилардек 50 киши келиб уйларни тинтув қилдилар “Илҳом ўғлингиз яшириб қўйган ҲУЖЖАТНИ (!!!) берсангиз ҳамма нарсангизни қайтиб берамиз, ўғилларингизни ҳам қамоқдан озод қиламиз” деган гапларни айтдилар.
Уйларни тинтув қилишда асосан, мени тушунишим бўйича ўзини “мен Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимиман” деб таништирган ёш йигит қандайдир ҲУЖЖАТ излади. Бу ҲУЖЖАТ нима ҳақида, кимга тегишли, тушуна, била олмадим. “Хужжат бўлса Илҳомни ўзи билади” деб жавоб айтдим. Буларнинг тинтувидан мен шундай бир фикрга келиб, хулоса қилишимга сабаб бўлдиким, улар излаган ҲУЖЖАТ демак шу ходимларнинг яширинча амалга ошириб юрган кирдикорлари тўғрисида ёзилган жуда муҳим маълумотга эга бўлган.
Шу тариқада ўғилларимга берилган 10 (ўн) сутка берилган муддат Бухоро шаҳар ИИБ ертўласида ўтди. Ўғилларим билан ҳеч кимга учрашувга рухсат берилмади. Ўғилларимнинг ҳимоя ҳуқуқлари таъминланмади. Ўғилларимга муносабат шундай бўлдики, худди хавфли жиноятчиларни қамоқда сақлаб турибдилар, бизга номаълум сабабларга кўра қамоқ муддатига яна 10 (ўн) сутка қўшимча қилдилар. Сабабини ҳеч ким айтиб бера олмайди.
Аслида ўғлим Ибодов Илҳомга Бухоро вилояти МХХ Бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности – миллий хавфсизлик инспекцияси) бошлиғи Юнусов Азим Исоқжоновичнинг хусумати бор эд. Яъни ўғлим Ибодов Илҳомдан катта пул талаб қилишган ва олишган. Ушбу пул устида тортишиб қолишган ва ўрталаридан келишмовчилик келиб чиққан, яъни ўғлим Илҳом тадбиркорликдан топаётган пулидан маълум қисмини унга бериш талабини рад қилган ва юқори органларга мурожаат қилишини айтган.
МХХ Бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности – миллий хавфсизлик инспекцияси) бошлиғи Юнусов Азим шу сабабли савдо дўконини текширтириб, уни Бухоро шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари ва МХХ Бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности – миллий хавфсизлик инспекцияси) ходими Инъом исмли (Инъом бу отасининг Ўзб Рес давлат органларида ишлаб юрадиган оғайниларига ишониб юрган) кимса орқали 10 суткага қамашни буюради. Ўғилларим Илҳом ва Рахимни қамаганларидан кейин солиқ куратори Ражабов Равшан олдинги Қоровул бозор туманида жойлашган зонада куратор бўлиб ишлаган даврида ўзига ишонарли зўравон жисмонан чиниққан махкумларни келтириб, икки ўғлимни ваҳшиёна инсон ҳаётига тажаввуз қилинган ҳолда дўппослашларига, қийноқ қўллашларига шароитлар яратиб берганлар .
Ушбу холат ҳар куни кечқурунлари тинимсиз такрорланган. Ўғилларимнинг 10 кунлик қамоқ муддати тугаганидан сўнг, уларнинг кўкарган жойлари тузалиши учун яна 10 кун муддатга қамоқ муддатини чўзганлар. Шунда яна Умид исмли ички ишлар бўлими куратори келиб яна махбусларга ўғилларимни калтаклаткизганлар.
Шунда ўғлим Илҳомга қилмаган жиноятларни қилдим деб бўйнига олишига мажбур қилганлар. Илҳомни кўзи ўнгида Рахимни, Раҳимни кўзи ўнгида Илҳомни вахшийларча калтаклаганлар. Қийноқларга дош бера олмаган ўғлим Илҳомжон жонидан тўйиб кетганидан “Нима десангизлар шуни ёзиб, имзо чекиб бераман” деб рози бўлган.
Лекин сўроқ баённомасининг охирги вароғига ва ўғлим Илҳомжоннинг паспортидаги, шунингдек банк ва бошқа хужжатларидаги имзосига кўз югуртирсангиз тергов кўргазмасидаги имзонинг умуман ўғлим Илҳомжонга алоқаси бўлмаган кимса томонидан имзоланганини гувоҳи бўласиз. Бу тергов хужжатларининг сохталаштирилганини аниқлаш учун суд хатшунослик экспертизаси ўтказиш ҳам шарт эмас.
Ўғлимнинг топган ушбу товар бойликлари 60% неча йилдан бери қолдиқ бўлиб қолган, шундан 30% қарз олиб савдога қўйган.
Ўғилларим қамоқдалик вақтида ҳалол ва пок виждонли ички ишлар ходимларидан бири кириб Илҳом ўғлимга бўлиб ўтган воқеаларни барчасини айтиб беришини сўраган. Илҳомжон барча холатни, яъни МХХ Бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности – миллий хавфсизлик инспекцияси) бошлиғи Юнусов Азимга ва ходими Баходирга қачон, қаерда ва қанча миқдорда, нима марта, нима учун пора беришга мажбур бўлганлигини ва уларнинг бошқа кўплаб кирдикорларини айтган.
Бухоро вилоят Ички ишлар бўлимининг бир ходими Вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Б.Ўриновга (Шокир Ботирович бўлиши керак) рапорт орқали ушбу кўргазмани киритганида Ўринов бу ҳақида Юнусов Азимга хуфёна равишда етказган. Юнусов Азим жазавага тушган. У ўзининг жиноятлари фош бўлишини тўхтатиш мақсадида ўғлим Илҳомжонни янаям қаттиқроқ қийнашларига топшириқ берган. Бу қийноқларга чидолмай ўғлим Илҳом вафот этади. Рахим ўғлим эса халигача қамоқда. Илҳом ўғлимни қандай урган бўлсалар бу ўғлимни ҳам шундай кўкартириб урганлар. Уни нима айби бор, уни нима учун ушлаб турибдилар?
Ўғилларимга қийноқ қўллаб, сўроқ қилинганда ўз бўйнига олишга ва ёлғон кўрсатмалар беришга мажбур қилишган ва ўғилларимга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 177 моддаси 3-қисми “а” банди, 189 модда 3-қисми, 243 моддалар бўйича айбловлар қўйилган.
Илҳом ўғлим вафот этганига чидаёлмай, Бухоро вилоят хокими Эсоновга ёрдам сўраб бордим. “Илҳом ўғлим ўлди, Раҳим ўғлимни чиқариб беринг, укасини таъзиясини ўтказсин” деб ялиндим. Вилоят хокими Эсонов “Қонун даражасидан чиқмайман, лекин аризаларингизни қабул қилдим” деди. Лекин ҳеч нарса килмади ва бизларни тинчлантириб узатдилар.
Бухоро вилояти Когон тумани ҳокими қарори билан, марҳум ўғлим Илҳомжонга Бухоро вилояти Когон тумани ҳудудига қарашли чўл ер майдонининг “Қўй-Мазор” деган жойидан ер майдон ажратиб берилган эди. Ободонлаштиришни ва тадбиркорлик қилишни ўзига ният қилиб, кичик завод яъни шаҳардан чиқадиган чиқиндиларга қайта ишлов бериб, кундалик ҳаётга тадбиқ қилишни режалаштирган, ва шу мақсадда қурилган қурилиш иншоотларини, қурилиш молларини муҳрлаб қўйишган, милиционерлар кечаю – кундуз қўриқладилар, соқчилар қўйиб, ўзларининг назоратлари остига олдилар, уларни барчасини мусодара қилмоқчилар.
Қизиқ томони шундаки нимагадир бу қўриқчилар, пойлоқчилар Илҳомжон қабристонга дафн этилган кунини эртаси куниёқ ўз-ўзидан йўқолиб қолдилар. Худди аввалгидай ҳеч нима бўлмаган, бу жойларга ҳеч бир бегона шахс келмаган, кўриниш бермаган, ҳеч ким ҳеч нимани билмайди. Уларнинг ҳатти-ҳаракатлари мунособатлари орган ходимларига умуман тўғри келмайди.
Инсонни ва унинг меҳнатини қадрламаслик, оёқ ости қилиш, зўравонлик, инсон ҳақ-ҳуқуқига нисбатан нописандлик, ўзларининг нафслари йўлида пасткаш, жирканч, разил ишларга қўл уришлари, ҳаттоки зўрлаб, уриб, азоб беришлари, аввалига молини зўравонлик билан тортиб олиб, кейин уни жонини олишлари ҳеч қайси замонда бўлмаган, бирор жойда ёзилмаган, қонун ҳимоячисимиз дея қонунни ўзларига ниқоб қилиб, ўзлари хохлаганча иш тутсалар. Бундай зўравонликларга ким чек қўяди?!
“Биз Президентимиз тасдиқлаган қонун қоидадан ташқарига чиқмаймиз” дея, мундир кийган, аслида эса қароқчидан фарқлари қолмаган бу кимсаларнинг жиноий қилмишларига ҳуқуқий баҳо беришингизни ва бундай мансабдор шахсларга жазони Ўзингиз тайинлашингиз сўрайман.
Улар қилмишлари учун аввало қамоқ азоби нима эканлигини, виждон азобини улар ҳам билсинлар. Ундай совуққон кимсаларга миллатни, инсон тақдирини ишониб, топшириб бўлмайди. Уларга бизни жамиятда асло раҳбарлик ўрни берилмаслигини Сиздан ўтиниб сўрайман.
Сизни мамлакат Призиденти сифатида айтадиган гапларингизга эътибор бермасалар, қулоқ солмасалар “Кечиримли миллатмиз, фарзандларимиз адашиб хатоликка йўл қўйган бўлсалар уларни кечирамиз, керак бўлса қайта тарбия қиламиз! Тўғри йўлга бошлаймиз” деган сўзларингизга тескари иш тутсалар кимлар ўзи булар? Қанақа она дунёга келтирган ўзи буларни, зотига минг ланатлар бўлсин.
Кимдан ёрдам сўраб мурожаат қилмайлик “Бунга СНБ аралашган бизни қўлимиздан ҳеч нима келмайди” деб ўзларини четга олиб қочсалар, МХХси шунчалик бир қўрқинчли, ишониб бўлмайдиган даҳшатли жойми? Уларнинг ўзларининг алоҳида қонун-қоидалари бор ташкилотми? Давлатимиз ичидаги, алоҳида бир давлатми? Ҳукуматимиздаги мавжуд қонун-қоидалар, қарорлар уларга тааълуқли эмасми?
Ўзбошимчалик билан иш юритишлари, ким уларга ёқмаса, ёки уларнинг шартларини бажармаса, қамоққа олиб, уриб азоблаб, хору-зор қилиб, ўлдиришлари мумкинми? Уларга шунақа ваколат берилганми? Ахир бу вахшийлик-ку? Ахир улар миллатимизнинг хавфсизлигини. халқимизнинг тинч осойишта ҳаётидан бохабар бўлишлари керак эмасми? Бу ташкилот яширинча одам ўлдириш билан шуғулланадими? Уларнинг бу каби ҳаракатларини ким назорат қилади ўзи?
Ўғлим айбдор бўлса, ннма учун қонуний жазо тайинламадилар? Бухоро Шаҳар Ички Ишлар Бошқармасида 20 (йигирма) сутка қамоқда сақлаб туриб, кейин Бухоро Миллий Хавфсизлик Хизмати бошқармаси ертўласига яъни (СИЗО) деб аталадиган жойга навбатдаги сўроқ учун, марҳум ўғлим Илҳомжонни келтириб, шу ерда уриб, азоблаб, хўрлаб, қандай кўринишдаги айбни унга қўймоқчи бўлдилар билмадим.
Мени билганим боламни шулар ўлдирдилар. Илҳомни, суд залигача олиб келиб улгурдилар, уни икки қанотидан икки нафар ички ишлар ходими кўтарган ҳолда уни юришига ёрдам бериб, оёқларини ерга судраб, ўзи оёққа турмайдиган ҳолатда СУД залига келтирдилар. Боламни бошини кўтариб биз томон қарашга ҳатто мадори йўқ эди. Бухоро вилоят Миллий Хавфсизлик Хизмати Бошқармаси ертўласида – СИЗО деб аталмиш ўша жойдаги қийноқ, азоб, таъсиридан ўзини билмайдиган ҳолатда, эс-ҳуши жойида эмасди.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шахар судига ўғлимни нега суд залига ўта оғир аҳволда келтирдилару, судялар буни кўриб била туриб нима учун бирор чорасини кўрмадилар? Нима учун жони халқумига келиб турган ўғлимни докторларга кўрсатиш учун ажрим чиқармадилар?! Ўғилларимнинг адвокатлари “Аҳволи оғир, гаров пули эвазига озодликка чиқаринглар, шифокорларга кўрсатинглар” деганида судя бошқа жойга бориб телефон қилиб, кимдандир сўраган “Нима қилай?” деб.
Судьяга жим бўлишни топширдилар шекилли, ўғлимни аҳволи оғирлигини била туриб яна суд залидан МХХ ертўласига олиб кетдилар. 3 йиллик солиқни давлатга тўламасдан ўз фойдасига ишлатган деган айбловни қўйдилар. 3 йилдан эътиборан Солиқ идорасининг ходимлари қаерга қараганлар? Нима учун қонуний чора кўрмаганлар бирор марта огоҳлантирмаганлар. Солиқ билан боғлиқ бу ишга хавфсизлик хизматини нима алоқаси бор?
Ўзларининг разил жирканч юзларини яшириб, ўғлимни бошига халта кийдириб, ваҳшийларча уриб, азоблаганларини мен суд залида бутун вужудим билан ҳис қилдим. Суд залидан чиқариб яна ўша ертўлага, яна вахшийларча қийнаб зўрлашга олиб кетдилар. Илҳом бу каби қийноқ азобга, хўрланишга бардош беролмасдан дунёдан кўз юмгандан сўнг, уни Бухоро вилоят касалхонасига келтириб, мурдани ёриб, чоқ қилиб, уни ички аъзоларини суғуриб олганлар.
Ўша разил қонхўрлар ўзларининг фойдаларига эксперт хулосаларини қонуний қилиб тайёрлаб олиб, ундан кейингина бизга қариндошларига хабар берганлар, Илҳомни аҳволи оғирлашиб, касалхонада вафот этди, “Зудлик билан уйга олиб кетинглар” деган хабар телефон орқали етказилди. Марҳум ўғлим Илҳомжонни урилган, аъзои бадани кўкариб кетган, азобланган, хўрланган ҳолдаги кўринишини 2015 йил 14-сентябр куни дафн қилишдан олдин ўзимиз видео тасвирга тушириб олдик. Видео тасвирдан кўчирмани Сизнинг ҳукмингизга тақдим қиламан.
Ўғлим Илҳомжонинг ўлимига алоқадор хужжатни беришларини талаб қилиб тинимсиз равишда давлат органларига , терговчиларга қилган мурожаатларимиз натижа бермади. Бир ойдан кейин эса Илҳомжонни инфарктдан вафот этганлиги ҳақидаги суд тиббий экспертизаси хулосасини беришди. Оқ халат кийган ва Гиппократ қасамини ичган шифокорлар ўғлимнинг вахшийларча қийнаб ўлдирилганини билишлари учун оддий кўз билан қарашни ўзи ҳам қарашни ўзи ҳам исботлашига фахмлари етмаган бўлса?!
Соғлом бақуват, бирор вақт соғлигидан шикоят қилмаган бақувват йигит оддийгина савол жавобдан, сўроқдан ўлиши мумкинми? Ўз оёғи билан юриб бориб, олиб борилган жойдан уни ўлиги чиқса буни қандай тушуниш мумкин?
Мен, бу жиноятга қўл урган кимсаларни босқинчи қотиллар деб айтаман.
2015 йил 13 сентябрь куни Бухоро вилоят касалхонасидан марҳум ўғлим Ибодов Илҳомни тез тиббий ёрдам автомашинасида уйга олиб келдилар. Ички ишлар ходимлари, миллий хавфсизлик хизмати ходимлари кўчани йўлларини беркитиб, ҳалқ қўзғолони бошланади-ю, улар олдини оладигандай бўлиб ҳаракат қилдилар. Ҳамма жойни қуршаб кўчага ваҳима олиб кирдилар, қўни-қўшнилар ҳаммамиз, нима бўляпти ҳеч ким ҳеч нимани тушуна олмадик. Бир фурсатдан кейин кўчанинг ҳамма жойига ўзларининг пойлоқчиларини қолдириб, жўнаб кетдилар. Буни қандай тушуниш мумкин?
Менга боламни ўлигини кечки 18.30ларда топширдилар ва вақт кеч бўлишига қарамасдан мурдани тезлик билан кўмишни талаб қилдилар. Ўғлимни дафн қилиш учун нимаики зарурий бўлса мухайё қилиб ўзлари билан олиб келгандилар. Мен бунга рози бўлмадим. Ўғлимни жасадини кўриб, ўзимни беҳуш ҳис қилиб, йиқилдим. Ўғлим билан бирга ўлдим деб ўйладим. Йўқ мен шифокорлар ёрдамида қайта бу дунёга яшаш учун қайтиб тирилдим.
Мен Сизга қалбимни тирнаб ётган, мени қийнаётган хасратли дил сўзларимни ёзмоқдаман. Ўлган инсон қайтиб тирилмайди, қайтиб келмайди. Шундай бўлсада менинг ўғлим Илҳомжонни руҳи тинч бўлиши учун, ўғлимнинг ўлимига айбдорларни кимлигини аниқлашингизни, жазога тортишингизни илтижо қилиб сўрайман. Қайсиким бундай ўзбошимча раҳм-шавқатсиз, совуққон, разил мансабдор шахслардан халқимиз, миллатимиз азият чекмасинлар.
Илҳомжон ўғлим давлатимиз хизматида юрган маъсул ходимлар билан самимий, яхши мунособатда эди. Ўғлим вафотидан кейин Тошкентдан текширишга келган Умид исмли милиция кураторининг оғайниси келиб, бу ишни бости бости қилиб кетган экан. (Умид милиция кураторлик ишидан олиб Қоровулбозорга жўнатилганда яна оғайниси Бухорога келиб қайтадан аввалги мавқеини тиклаб кетган), мана шу оғайниси ўғлимни ишини ёпиб кетган.
Ўғлимнинг вафотидан сўнг унинг ўлимига алоқадор тергов ишини Бухоро шахар прокуратурасининг Суръат исмли терговчисидан ҳеч бир сабабсиз чақириб олиб, Бухоро шахар прокуратурасининг терговчиси Расул Юлдашевга топширишган. Нега ўғлимни ишини у терговчидан бу терговчига ўтказилди? Мен бунга тушуна олмадим ва саволларимга жавоб олиш учун СНБга мурожаат килдим. Улар эса мени хатто тинглашмади ҳам.
Расулов Хайдар исмли МҲХ ходими “Шу терговчи ишингизни ҳал қилади” деб бизни тинчлантириб уйга жўнатиб юборди. Мен терговчини олдига борганимда у “Мен сизни Раҳим ўғлингизни жиноят ишидан 243-моддани олиб ташлаб, озодликка чикараман” деб ваъда берди. Аммо ишни нуқул пайсалга солди. Ўғлим Илҳомжонни ўлимидан сўнг қизим Дилфуза 1007 ишонч рақамларига қўнғироқ қилиб бўлган воқеани айтиб берган.
Бу қўнғироқдан 15 кун ўтгач, терговчи қизим Дилфузани чақириб, бу ишни бекор қилганини, улар билан тенглашмасликни, бу билан ишни янада чигаллаштиришини айтган. Шунда қизим “Майли акам соғ саломат чиқса бўлди” деб 1007 ишонч рақамидаги даъвосидан воз кечишга мажбур бўлган.
Терговчи Расул Юлдашев “Энди акангни қамоқдан чиқаришга харакат қиламан” деб, гаров учун пул тўлаш кераклигини айтган. Олдинига 5 миллион сўм, кейин 10 миллион сўм, охирида 20 миллион сўм гаров пули сўраган. Қизим бунжай катта суммадаги пулни тўлай олмаслигини, бунга имкониятимиз йўқлигин айтган. Расул Юлдашев қизимни яна бир бор чақириб, гаров пули билан чиқара олмаслигини, 243-модда жуда оғир айбловлигини ва бунга юқоридагилар ҳам қарши турганлигини айтган.
Бу воқеалардан сўнг мен Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратурасига мурожат этишга мажбур бўлдим. Орадан маълум вақт ўтгандан сўнг қизимни терговчи чақиртирган ва яна қайси давлат органларига мурожаат этганимизни сўраб суриштирган. Қизим терговчини акасини озодликка чиқаришга ёрдам бермаганини ва фақат ишни орқага сургани сабабли унинг устидан арз қилишга мажбур бўлганимизини айтган.
Расул Юлдашев ишларимиз яна орқага сурилишини айтиб, бу даъводан воз кечишимизни маслахат берган. Қизим ҳамма воқеани, акасининг ўлдириганлигини, энди орқага қайтмаслигимизни ва жиноят жазосиз қолмаслигини айтган. Қизим ундан акаси Илҳомжонинг ўлимига алоқадор суд тиббий экспертизаси хулосасидан нусха беришини сўраганда “Акангни юраги ёмон бўлиб ўлган” деган. Қизим “Акамни ҳамма жойи кўкарган ҳолда келтирдик уйга” деганда терговчи “Сал қўли билан оёғи кўкарган холос” деб жавоб берган.
Тошкентдан – Республика Бош Прокуратурасидан шикоятимизга жавоб келганидан кейин айнан шу терговчи Расул Юлдашев қизимга “Акангни ҳамма жойи кўкариб кетгани ва оёқларидаги ипни изи борлигига сабаб акангни ёмонлигидан боғлаб қўйишгани учун. Аканг биринчи бўлиб милиция ходимларини урган, кейин улар ҳам дўппослашган. Аканг кўп сўкинган, кейин улар урганлар” деган. Қизим терговчига “Бу гапларни энди айтасизми?” деганида терговчи “Аканг ўз ажали билан ўлган. Ҳеч ким ўлдирмаган” деб жавоб берибди. Илҳом ўғлим жуда ҳам тарбияли, инсонларга нисбатан доимо хурмат билан муносабатда бўладиган оғир босиқ эди.
19 октябрь куни кечга яқин Бухоро шахар ИИБ бошқарма бошлиғи полковник Ш.Б.Ўриновдан мактуб келди. Ушбу мактубга кўра Республика Ички Ишлар Вазирлигига қилган шикоят аризамизга жавоб қайтарилибди. Аммо бу шикоят аризам Юнусов Азимнинг ҳамтовоғи бўлган Ш.Б.Ўриновга айбдорларга чора кўриш учун юборилган. Аслида юқорида келтирилганидек ўғлим Ибодов Илҳомдан ички ишлар ходимлари кўргазмани олиб Ш.Б.Ўриновга беришган. Шунда Ш.Б.Ўринов бу кўргазмани шахсан ўзи йўқ қилиб юборган ва ўғлимнинг берган кўргазмаси ҳақида хуфиёна Юнусов Азимга маълум қилган.
Шикоят аризада келтирилган важлар юзасидан текширув ўтказиш ва айбдорларни қонун олдида жавоб беришлари ўрнига жиноятчилар Юнусов Азим ва Ш.Б.Ўриновлар ўз жиноятларини бости бости қилишмоқда. Бундан ташқари қизим Ибодова Дилфузани терговчи Расул Юлдашев чақириб, юқори давлат органларига мурожаат этганимиздан хабардор эканлигини, бу шикоят аризани бекорга ёзганлигимизни айтган. Бу иш барибир Юнусов Азим ва унинг ҳамтовоқлари фойдасига ҳал бўлишини айтган.
Шу сабабли қадрли Ислом Абдуғаниевич сиздан илтимос қилиб менинг ўғлимнинг қотилларини қонун олдида жавоб беришлари юзасидан ёзган шикоятимиз важларимиз бўйича назоратни ўз бу зиммангизга олишингизни ва бу ишни шахсан ўзингиз ишонган ходимларингизга топширишингизни сўрайман. Бу ишни Бухоро вилоятидан ҳеч кимга ишониб топшириб бўлмайди. Чунки ҳамма Вилоят МХХ Бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности – миллий хавфсизлик инспекцияси) бошлиғи Юнусов Азим Исоқжоновичга бўйсинади ва унинг кирдикорларини яширадилар.
Мен шикоят ариза билан Республиканинг барча вазирликларига, маъмурий органларга мурожаатлар қилганман. Шикоят аризаларимга Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан жавоб олдим. Уларнинг ёзишларича бу иш билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига топширилибди.
Республика Бош прокуратураси эса ўз навбатида шикоятимизда келтирилган важлар юзасидан текширув ўтказишни сўраб Бухоро вилоят прокуратурасига, Бухоро вилоят прокуратураси эса Бухоро шахар прокуратурасига юборганлар. Бухоро шахар прокуратураси эса ушбу жиноятни Бухоро вилояти МХХ Бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности – миллий хавфсизлик инспекцияси) бошлиғи Юнусов Азим бошчилигида содир этилган ўта ваҳший қотиллик ва бошқа жиноятларини бости бости қилиб келишмоқда. Сиздан яна бир бор илтимос қилиб сўрайманки, бу ишни шахсан ўзингизга ишонган ходимларингизга топширсангиз ва улар Бухорога келиб ўғлим Илҳомнинг ўлимига ким сабабчи бўлганини аниқлашсин ва жазолашсин.
Мен ўғлимнинг вафотидан сўнг тўшакка михланиб колдим, бир оёғим ишламайди, яхши юра олмайман. Мен бир муштипар онанинг кўз ёшларим дарё бўлди, икки кўзим эшикка муштоқ бўлди. Мен 40 йил мобайнида Бухородаги 25-24 автокорхонасида турмуш ўртоғим Ибодов Ражаб билан биргаликда мехнат қилганмиз. Нафақага чиққандан сўнг 15 йил мобайнида запчаст бозорда савдо қилардик.
Соғлигим ёмонлашганидан кейин, яъни оёғимдан операция бўлганимдан кейин савдони ўғилларимга топширдим. Барча маблағларимизни ва магазинларимизни ичидаги товарлари билан ўғилларимга топширдим. Ушбу товар 60% бир неча йиллардан бери қолдиқ бўлиб қолган, 30% қарзга олиниб, савдога қўйилган эди.
Марҳум ўғлим Илҳомжонга Когон тумани хокими қарори билан Когон туманида жойлашган чўл ер майдонининг «Қўй мазар» деган жойидан ер майдон ажратиб берилган эди. Ободонлаштиришни ва тадбиркорлик қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйиб, қурулиш ишларини бошлаб қўйганди. Запчастдан олинган даромаддан чорвачиликни ривожлантириш мақсадида балиқхонага сарфлади ва дарахтзорлар ва боғлар яратди, чўлни обод қилди. Уларнинг ҳаммасига у ўзининг маблағини сарфлаган эди.
Ўғлим Ибодов Илҳом Қўймазордаги қилинган қурилиш ишларини барчасини менинг хисобимдан қилганди. Мен бу қурилиш ишларига сарфланган маблағни ўзимнинг шахсий жамғармамдан ва қариндошларимдан олиб, ўғлимга вақтинчаликка берган эдим. Бу қурилишда сарфланган моддий бойликлар мен ва турмуш ўртоғимга тегишлидир.
Мархум ўғлим Ибодов Илҳомни қийноқ остида сўроқ қилинганида у қилмаган жиноятларни ўз бўйнига олишга ва ўзига қарши ёлғон кўрсатмалар беришга мажбур бўлган. Сўроқ даврида сўроқ баённомасининг фақат охирги вароғига мажбурлаб имзо чектиришган.
Терговчи Юлдашев Расул ер майдонининг умумий қурилиш қийматини Самарқанд вилоят қурилиш экспертизасига ноқонуний равишда юбориб, 1млрд 800 млн сўмга хулоса чиқарибди. Терговчи ҳам Инъом ва Юнусов Азимни буйруғига сўзсиз бўйсунадилар. Терговчининг қўлидан ер майдонини суд экспертизасига топшириш келар экану, аммо нима учун ўғлимнинг жасадини юбормади ва ҳар доим турли ҳил важлар билан бу масалани четга суриб келди.
Хурматли Ислом Абдуғаниевич!
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоялаш тўғрисидаги бир қанча қонунларга имзо чеккансиз. Сўроқ мобайнида бу қонунларга нисбатан хурматсизлик кўрсатилган, қонунлар оёқ ости қилинган. Сўроқ мобайнида ўғлим сўроқ баённомасининг фақат охирги бетига имзо чеккан холос. Чунки тергов қонун доирасида ўтмаган, ўғлимга нисбатан қийноқлар қўлланилган.
Терговчи томонидан сўроқ қилинган пайтда чагил ишлаб чиқарадиган завод запчастини ўғлим Ибодов Илҳомни мажбурлаб “50.000 $ АҚШ долларига сотиб олдим” деб кўрсатма беришга мажбур қилинган ва бу ноқонуний хатти харакатлар мансабдор шахслар томонидан амалга оширилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорида кўрсатилганидек махбусхонада қамоққа олинган фуқарони кўрсатмалари далилий ашё хисобланмайди шу сабабли қонунда кўрсатилганидек ўғилларимга қўйилган Жиноят Кодексининг 177-моддаси 3- қисми “а” банди,189-моддаси 3-қисми, 243-моддалардаги жинятларни менинг ўғилларим содир этмаганлар. Ушбу моддалар зўравонлик асосида қўйилган.
12 ноябрь куни соат 17.00ларда уйимизга ИИБдан 2 нафар ходимлар келиб, набираларим Ибодова Шахриноз, Ибодова Нигина ва Ибодова Хурсандни қизим Ибодова Дилфузани ва мени ИИБ бошлиғи тезлик билан боришимизни сўраётганлигини айтдилар. Мен сабабини сўраганимда “Ўғлингиз Рахим масаласи бўйича” дейишди. Борганимизда ИИБ бўлим бошлиғи Бахтиёр Эгамбердиев кутиб олди ва мен билан қизимни ичкарига таклиф этди. Набираларимга “Сизлар эса йўлакда кутиб туринглар, сизларга алоҳида гапим бор” деди.
Биз ичкарига кирганимизда Эгамбердиев Бахтиёр қизимга “Сиз 5 ноябрь куни қаерда эдингиз” деб сўради. Қизим “Мен 4-7 ноябрда Тошкентда эдим” деб жавоб кайтарди. Шунда у “Набираларингиз Шахриноз ва Хурсанд соат 13:00-14:00гача бўлган вақт мобайнида сингилларинг Бухоро СНБсига карашли бўлган богча деворига «Биз Сурияликлар сизларни ўлдирамиз» деган ёзувни ёзиб кетишибди. Мен уларни видеога туширилган лавҳаларини ўз кўзим билан кўрдим, аниқ улар эди” деб айтди. Шунда қизим “Сиз бизга туҳмат қиляпсиз, бу вақтда улар ўқишда бўлишади” деб йўлакдан набираларимни чақириш учун чиқиб кетди.
У йўлакка чиққанида у ерда ҳеч ким йўқ эди. Учала набирамни алоҳида хоналарга киритиб, сўроқ қилаётган эканлар. Уларни ҳаммасини бўлим бошлиғи олдига олиб киришди ва улардан бу ишни сўраб суриштирди. Невараларим ўша вақтда дарсда бўлганликларни таъкидлашди. Бўлим бошлиғи яна видео тасма қўлида эканлигини ва ўша худуд атрофи текширилганда Шахринознинг телефон рақами аниқланганлигини айтди.
Шунда Шахриноз “Телефон номер менинг номида эмас, қандай қилиб мани исмим чиқади? деганда бўлим бошлиғи бақириб “Сен ва синглинг бу ишни келишиб қилгансанлар. Майли ёзган бўлсангизлар ҳам ҳечқиси йўқ, бир гал кечирамиз. Аммо биттадан тушунтириш хати ёзиб берсанглар бўлгани” деб айтди. Шунда қизим Дилфуза “Олдин булар қилганини исботланг видеотасмани кўрсатинг” деганида бўлим бошлиғининг жаҳли чиқиб “Бу ишни қонунийлаштирсак ўзингизга ёмон бўлади” деб ўшқирди.
Шунда набираларим “Бу ишни биз қилмаганмиз, тухмат қилишяпти” дейишганида бўлим бошлиғи экспертиза учун деб ўша сўзларни оқ қоғозга ёздириб олди. Қизим йўлакка чикканида бўлим бошлиғи Бахтиёр Эгамбердиевга “Нега бундай қиляпсизлар? Ахир улар ёш қизлар бўлса бундай ишлар буларни қўлидан келмайди, тухмат қилманглар” деганида бўлим бошлиғи «Сизлар ҳам бекорга бошлиғимиз Ўринов устидан шикоят қилибсизлар” депти.
Шундан сўнг мен тушундимки бу ишларнинг бошида ҳам Ўринов турибди. Чунки ўғлимнинг ўлимига сабабчилардан бири шу Ўринов эди ва бу ҳақда мен тегишли жойларга шикоятлар қилгандим. Бошида қизимга тухмат қилмоқчи бўлишди. Аммо қизим 5 ноябрь куни Тошкентда бўлганлиги айтганидан сўнг набираларимга тухмат қила бошлашди. 5 ноябрь куни набираларим ўқишда бўлганлиларини устозлари ва бирга ўқийдиганлари тасдивлашллари мумкин. Улар виз бола боши билан бундай ишларни қилишмайди.
14 ноябрь куни набирам Хурсанд ўқийдиган коллежга 2 нафар ИИБ ходими бориб, унга босим ўтказишга харакат қилганлар, дўқ пўписа қилиб ёлғондан “Бу ишни сен қилгансан, буни опанг тасдиқлади” деб қўлига зўрлаб ручка тутқазиб ёзма равишда тан олишга мажбур қилганлар.
Набирам бу ишни қилмаганлигини ва шунинг учун тан олмаслигини айтганида ИИБ ходимлари “Ўзингга ва оила аъзоларингга ёмон бўлади” деб дўқ қилишибди. Набирам хонадан чиқиб кетаётганида эса “Йўлингдан эҳтиёт бўлиб юр” деб қўрқитишибди. Соат 13:10лар атрофида катта набирам Шахриноз ўқийдиган жойга бориб, уни ҳам синглиси каби тан олишга мажбурлашибди, агар тан олмаса ўзига ва сингилларига жабр қилишини айтиб, босим ўтказишга харакат қилишибди.
Бу қандай бедодликки, энди ИИБ ходимлари набираларимга босим ўтказишга харакат қилишаётган бўлса. Бундай очиқдан очиқ тахдиддан мен ҳам набираларим ҳам қўрқиб қолдик. Ўғлим Илҳомжонни ўлдириб, энди фарзандларимнинг фарзандига босим ўтказиш йўлига ўтишдими? Нахотки ИИБ ходимларига бировга тухмат қилиш шунчалик осон бўлса? Биз қандай жамиятда яшаяпмиз ўзи?
Наҳотки давлат органи каби муқаддас даргоҳда ноинсоф, виждонсиз, қабих инсонлар ҳам бўлса? Табиатнинг олий кашфиёти бўлмиш инсон деган сўзга бундай «инсонлар» мосмикин? Бундай бўлаётган ишларга мен ҳам, оила аъзоларим ҳам ортиқ чидай олмаймиз.
Бу қандай номард кишилар эканки, кучи ёш қизларга уялмай нетмай тухмат қилишга етса, бундай кимсаларда виждон, одамийлик мардлик каби инсоний ғоялар бегона тушунчами? Замонамиз қайси тарафга қараб боряпти? Нахотки давлат органида ишловчи айрим ходимлар ўз манфаати йўлида ёшгина набираларимни қўрқитишдан, уларга бўхтон ёғдиришдан ҳам қайтмасалар?
Сиздан илтимос қилиб сўрайманки бундай фитначи номардларни жазосини беринг. Мен ушбу оиламиз бошига тушаётган кулфатлар ҳақида кўп маротаба Республика миқёсидаги давлат органларига мурожаатлар қилдим. Аммо Республика давлат органлари шикоятларни кўриб чиқиш учун Бухоро вилоятига юборишяпти, бу ишлар барибир Юнусов Азим ва унинг ҳамтовоқлари фойдасига ҳал бўлмоқда. Шу сабабли сиздан бу ишни шахсан ўзингиз ишонган ходимларингизга топширишингизни яна қайтадан ўтиниб сўрайман.
Менга 20 ноябрь куни Бухоро вилоятининг МХХдан шикоят аризамга жавоб хати келди. Унда айтилишича, аризамдаги МҲХ ходимларига нисбатан кўрсатиб ўтган важларим ўз тасдиғини топмабди экан, албатта “топмайди” ҳам. Чунки Бухоро вилоятида бу ишни ҳеч кимга ишониб топшириб бўлмайди. Негаки ҳамма Бухоро вилояти МХХ бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности – миллий хавфсизлик инспекцияси) бошлиғи Юнусов Азим Исоқжонович ва Инъомга бўйсунади ва уларнинг кирдикорларини яширадилар. Мен шикоят ариза билан ҳамма жойга мурожаатлар қилгандим.
Ўғлим Илҳомжон 13 сентябрь куни қийнаб ўлдирилган бўлса, орадан икки ойдан ортиқ вақт ўтгач, яъни 20 ноябрь куни мени терговчи Расул Юлдашев чақириб,”Ўғлингизнинг ўлимига махкумлар Жумаев Рустам ва Иноғомов Умидлар айбдорлиги аниқланди ва уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди” деди.
Шунда мен ўғлимнинг ўлимига булар эмас, Юнусов Азим бошчилигидаги кимсалар айбдорлигини айтдим. Терговчи “Судда буларни ҳаммаси билан юзма юз бўлинади ва ойдинлик киритилади” деди ва олдиндан тайёрлаб қўйилган сохта кўрсатмаларни кўрсатди. Аммо мен уларнинг барини рад этиб, норозилик билдирдим. Мен сизларга юборган видео тасмамдан ўғлимнинг қай аҳволда олиб келинганлиги, унинг баданидаги етказилган тан жароҳатларини ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин.
Юқорида номи келтирилган 2 нафар махбус Қоровулбозор қамоқхонасидан нега келтиришган? Уларни кимнинг буюртмасига биноан келтиришган? ИВСни ичида махкумлар бир бирини ўлдириш даражасида уришар экану, милиция ходимлари қаерга қараб туришган? Ахир у буюртма асосида уюштирилган жиноятчилик эмасми?
Бу иш Равшан Ражабов томонидан амалга оширилган. Равшан Ражабовга Юнусов Азим томонидан буйруқ берилган. Лекин булар тергов ишини ўз фойдаларига ҳал этиб, ўзлари хоҳлаганча тергов ишини олиб боряптилар. Терговчи Юлдашев Расул терговнинг охирги кунида ўғлим Ибодов Рахимни олдига бориб, якуний тергов хулосаларига имзо чекишга мажбур қилган.
Шунда Рахим ўғлим тергов хулосаларидан норозилигини, қайтадан тергов ишларини олиб боришини талаб қилган. Терговчи ташқарига чиқиб, ким биландир телефон орқали гаплашган ва орқасига қайтиб кириб, юқоридагилардан мажбурлаб имзо қўйдириш ҳақида топшириқ олганлигини ва қандай бўлмасин уни бажариш шартлигини айтган.
Терговчиларнинг бошлиғи Рахматов Рашид Бухоро вилоят МХХ Бошқармасининг ИСБ (Инспекция Служба Безопасности – миллий хавфсизлик инспекцияси) бошлиғи Юнусов Азим билан оғайни (бир пайтлар Навоий вилоятида бирга ишлашган) Рашид ҳам, Расул ҳам Юнусов Азим ва Инъомни ҳамтавоғи, булар ҳам бўйсунади ва шуларни айтганини қилади.
15 декабрда ўғлим Ибодов Илҳомни ўлдирди дейилган махкумлар устидан суд бўлиб ўтди. Суд Жиноят ишлари бўйича Галаосиё туман судида ўтказилди. Судни суд раиси Ўралов Алишер Абдукаримович олиб борди. Судда мен жабрланувчи сифатида қатнашишим к ерак эди. Лекин соғлигим яхши эмаслиги сабабли қизим Дилфуза менинг ўрнимга судда қатнашди.
Судда юқорида айтилгандек хибсхонадан 2 нафар махкумларни олиб келишган. Улар нима дейишганиям билмайдилар. Биттаси 6 марта, иккинчиси 4 марта судланишган экан. Улар “Бизлар урдик, оёқларини боғладик, оёқ тагларидан сочиқ билан урдик” деб ёлғондан кўрсатмалар беришган. Қизим “Қайси оёғидан боғладизлар?” деса “Чап оёғини” деганлар. Қизим “Ахир ўнг оёқда ипни изи борку” деса, “Ҳа ўнг оёғини боғладик, кўп урмадик, бир иккита тепдик Илҳомни эсини жойига киритиш учун” деганлар.
Кейин суд тиббий экспертизаси ходими келиб, у ҳам судда ёлғон кўргазма берган. Унинг айтишича ўғлимнинг кўкарган жойлари енгил тан жарохати эмиш. Қизим “Оёқларида игнадай нарса суқиб олинган, у нима?” деса эксперт “Ҳеч қанақа нарса йўқ, у оддий оёғининг тирноқ остлари шилинган холос” деган.
Суд якунида қизимга сўз беришганида қизим қандай қилиб қамоқхонадаги махкумлар ИВСга олиб келингани, бу ишлар ким томонидан амалга оширилгани, ким буларга “ур” деб буйруқ берганига аниқлик киритмоқчи бўлиб гапиришни бошлаганида суд раиси Ўралов Алишер булардан хабари йўқлигини, унга фақатгина махбуслар урган ё йўқлини аниқлаши кераклиги ҳақида топшириқ берилганлигини айтган.
Қизим “Нега суд бунақа бўляпти? Ахир терговчи айтган эдику, сизлар кимдан гумон қилсанглар суд жараёнида юзма юз бўлиб, судда гаплашиш имконига эга бўласизлар”деган бўлса, суд раиси “Мен бу нарсаларни билмайман. Сиз бу ҳақида Республика Бош прокуратурасига шикоят қилинг, бизга эмас” деган. Суд ҳам барибир Юнусов Азим ва унинг ҳамтовоқлари фойдасига ҳал бўляпти.
Мана мен сизларга неча ойлардан буён тинимсиз мурожаатлар қилмоқдаман. Аммо ҳали ханузгача бирорта ҳам ижобий натижага эришилгани йўқ. Бухоро вилояти МХХ Бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности – миллий хавфсизлик инспекцияси) бошлиғи Юнусов Азим Исоқжонович ва МХХ Бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности – миллий хавфсизлик инспекцияси) куратори Инъом, шуниингдек уларнинг ҳамтовоқлари “Ўзлари хон, кўланкалари майдон” тарзида иш олиб бориб, бизларни хоҳлаган куйларига солишмоқда.
Ўғлим Ибодов Рахимнинг суди бўлгандан кейин яна кўп холатлар бизларга маълум бўлди. Бу ишларни бости-бости қилиш учун оила аъзоларимга тухмат ва таъқиб қилиб келмоқдалар. Бухоро вилоят МХХ Бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности – миллий хавфсизлик инспекцияси) ходимлари Рахим ўғлимга “Укангни ўлдириб, сенларни йўқотиб юборамиз, оила аъзоларингни экстеримист деб айб қўйиб, қамоқга оламиз” дейишган. Улар айтган мақсадларини амалга ошириб, Илҳом ўғлимни қамоқга ўлдирдилар. Рахим ўғлимни жиноят содир этганлиги қонуний йўл билан исботланмаган бўлсада 8 йил қамоқ жазосини бердилар.
Ўғлим Ибодов Рахимни иши Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судига бўлди. Судда ўғлим Рахим ва унинг адвокатлари Бухоро вилоят МХХ Бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности – миллий хавфсизлик инспекцияси) ходимларининг жиноий қилмишлари тўғрисида гапира бошлаганларида судя Тўхтаев Шухрат уларни гапиришга қўймади.
2015 йил 16 августда ўғлимни уйини тинтув қилишга келган Бухоро вилоят МХХ Бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности – миллий хавфсизлик инспекцияси) ходимлари ва милиционерлар ўғилларимнинг «жиноят»ларига алоқадор ашёвий далиллар ўрнига Илҳомга тегишли бўлган қоғозларни ва хужжатларни қидирдилар.
Ўғлим Илҳом Бухоро вилоят МХХ Бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности – миллий хавфсизлик инспекцияси) ходимларининг вилоятдаги катта жиноятчиларга ёрдам бериб келганликларни билгани учун ва жиноятларга қаршилик кўрсатаётгани учун ҳам, бу ишни Илҳом Республикага чиқаришидан хавотир олиб бу ишлар қилдилар.
Шунинг учун ўғлим Илҳомни тергов хибсхонасида баданига турли жарохатлар етказган, оёғини ип билан боғлаб азоблаган, танасини куйдириб, кесиб қийнаган шахсларга ва уларнинг ташкилотчиларига чора кўришни илтимос қилиб сўрайман.
Бухоро вилоят МХХ Бошқармаси ИСБ (Инспекция Служба Безопасности – миллий хавфсизлик инспекцияси) рахбари Юнусов Азим, ходимларидан Баходир, Ином, Равшан Ражабов ва уларнинг шериклари ҳамда Бухоро вилоят Ички Ишлар Бошкармаси бошлиғи Ўринов, Бухоро шахар прокуратураси терговчиси Юлдашев Расуллардан норозиман.
Ўғлим Илҳомнинг ўлимига булар сабабчи. Лекин булар ҳамма ишни ўзлари бости бости қилиб келяптилар. Ўғлим Рахимни қамаб, унинг мол мулкини мусодара этишга хукм қилинди.
Хурматли Президент Ислом Абдуғаниевич!
Сизга ҳурмат ва эҳтиром билан арзимни тугатаман ва жавобингизни кутиб қоламан.
Мени оиламни хонавайрон қилган кимсаларни жазоланг. Мени оилам тўғрисидаги умидимни ва хавотирларимни тўғри баҳолайсиз деб ўйлайман.
Бу ишни ўзингиз ишонган ходимларга топширишингизни илтимос қиламан. Улар келишиб биз билан учрашсинлар ва биз келтирган важларга аниқлик киритиб, айбдорларга қонуний чора кўрсинлар.
Хожи она Хурсанд Ражабова
Ўзбекистон Республикаси фуқароси
Январь 2016 йил
Fikr bildirish