Хуш келибсан, БАҲОР! (Адабий-бадиий-мусиқий дастур)
“TUG’YON” радиосининг бугунги «Хуш келибсан, Баҳор!» номли адабий-бадиий-мусиқий дастури ўлкамизга кириб келган баҳорнинг илк кунига бағишланди.
Бугун баҳорнинг биринчи куни!
Баҳорингиз муборак бўлсин, азизлар!
Фасллар келинчаги ва нафосат они бўлмиш – Баҳор келди, бу – кун!
Яратганга шукурлар бўлсинким, Сизу биз яна бир баҳорга етиб келдик. Зеро, бу баҳорга етганлар бор, етмаганлар бор!
Баҳор бу – янгиланиш, яшариш айёмидир!
Баҳорни интиқлик билан кутмайдиган, баҳорни соғинмайдиган инсон борми дунёда?!
Бу йилги баҳорнинг илк кунини кимдир Она ватанда, кимдир ватан ичидаги қамоқларда, ноҳақликдан эзилиб, мағорлаган, зах босган зиндонларда қарши олмоқда.
Яна кимлардир касалхоналарда деразалар остида бир туп бўлиб гуллаган ўрик дарахтларига умидвор боқиб кутиб олмоқда, бу кунги баҳорни. Бугун кимнингдир хонадонида тўй, янги келин келди, баҳор билан бирга! Кимдир фарзанд кўрди! Баҳоройлар, Наврўзбеклар туғилди, бугун! Кимдир эса, бу олам билан видолашди!..
Яна кимлардир ватандан олисда рус ўрмонларида, кимсасиз музликларда ўтин кесиб, совуқларда қақшаб меҳнат қилиб, азият чекиб, ўзидан ортирган тангасини юртига, бола чақасига юбориш илинжида юрибди. Бу ватандошим бугун жонажон қишлоғига, гўзал қир – адирларига, олисдаги она диёрига баҳор келганини билдимикан? Ғариб кўнглига баҳор сиғдимикан?!
Яна қайсидир ватандошим, азиз миллатдошим, юртининг тупроғи исини соғиниб, ватан ишқида ёниб, олис – олис юртларда Амриқо-ю Канадада, Европа-ю Африқода, Туркия-ю Арабистонларда ва кураи заминнинг бошқа бурчларида юрти баҳорига талпиниб, бугунги баҳорни қарши олган бўлса не ажаб!
Қўлида қурол билан исноният бошига турли балолар ёғдириб, олис Шом диёрларида юрган ватандошим ҳам билармикин юртга баҳор келганини?! Баҳор бу тинчлик, покланиш замони эканини сезармикин улар?! Ёки байроқлари каби қалби ҳам қора қузғунлар маконига айланиб битганмикин?!
Ариқларда зилол-зилол сувлар оқишини кўрганмикин, баҳорларда?! Ҳа, ҳа, зилол ва пок сувлар оқишини! Бегуноҳ инсонлар қони эмас, айнан шаффоф сувлар оқади, ўзбек ариқларидан…
Fikr bildirish