Sahwii саволларига жавоблар: Айтсам ўлдирарлар, айтмасам ўлам…

14059

1- Сaвол: Бугунги кунда хориждаги ўзбек тилидаги эшиттиришлар олиб бораётган Озодлик, ББС, Америка овози каби расмий радиоларнинг ўзбек хизмати фаолиятига муносабатингиз?

 

Бу радиоларнинг фаолияти ҳақида шуни айтишим мумкинки, Ўзбекистондаги диктатура режими каби режимлар бор экан бунингдек матбуотлар фуқаролик жамияти вакиллари билан бир тан бир жон бўлиб курашмоқлар.

Бугунги кундаги “Ўтюраклар Клуби”нинг фаолияти  шунчалик холатига келишига мана шу радиолар билан ҳамкорликларимиз сабаб десам ёлғон бўлмайди. Ҳаттоки мени ўзимни олдин бирор марта кўрмаган ва танимаган радио тингловчилари тасодифан гапираётганимни эшитиб қолиб, мени танишларини айтишарди. Бунингдек холат айниқса бозорга бирор нима харид қилиш учун кирганимда кўп такрорланарди.

Қамоқда ётган пайтимда ҳар томонлама ташқи оламдан узиб қўйилган ва мени ҳам рухан, ҳам жисмонан синдириш учун тинимсиз харакатлар қилинаётган бир паллада менинг озодлигим учун қандай курашлар олиб борилаётгани ҳақида мана шу матбуотларда эфирга узатилган радиоэшиттиришларни эшитган махкумларнинг қариндошлари, яқинлари орқали махкумаларга ва улар орқали менга етиб келарди.

Мен Европада яшай бошлаган ва ташкилотимни фаолиятини қайта тиклаётган палламда “Бирдамлик” харакатининг рахбари Баходир Чориев ташаббуси билан “Озодлик” радиосига қарши норозилик акцияси ўтказган пайтида энсам қотиб кузатганимни тан оламан. “Бирдамлик”ни фаолиятини ёритиш учун вақт ажратилмаяпти” деган важлар асоссиздек туюларди менга. Чунки биз Ўзбекистонда қўлни қўлга бериб ҳамкорлик қилган даврларимизда бугунги кундагидек тарафкашликлар, гуруҳбозликлар йўқ эди.

“Озодлик”нинг мухбирлари Носир Зокир, Ғофуржон Йўлдошев, ББС мухбири Матлуба Азаматовалар билан биргаликда қанчадан қанча муаммоларни ҳал қилишга, инсонларнинг ҳаққи ҳуқуқларини тикланишига хисса қўшганмиз сон саноғи йўқ. Бизнинг бир биримизга нисбатан муносабатларимизни ўша пайтдаги хукумат амалдорлари билардилар ва вақти келганди бизлар билан ҳисоблашишга мажбур ҳам бўлардилар.

Журналистлар қора рўйхатига тушишим сабаби…

Диктатура режимига қарши ҳар ким ўзи истаган йўл билан, ўзи истаган режа асосида кураш олиб боради. Ҳаттоки ўша Исломий харакатлар ҳам ўзларининг қилмишларини дунёдаги золимларга қарши кураш фарзи деб баён қиладилар ва табиийки уларнинг кураши натижасида бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилиши ва инсон ҳуқуқлари паймол этилишига қарши ўз танқидий муносабаларимизни айтамиз ва табиий ҳолдир.

Ўзбекистон Ҳалқ Харакатининг Берлиндаги қурултойида Ўзбекистондаги ҳалқ вакилларини норозилик намойишлари уюштиришларини ташкиллаш, бу йўлда тарғибот ишлари олиб боришни ҳам мухокама қилинган пайтида мен “Ўзларингиз барчангиз оила аъзоларингиз билан чет давлатларда, хавф хатарсиз жойларда яшаб туриб, Андижонда намойишга чиққан халқнинг оммавий қирғин қилинганини кўриб била туриб яна халқни намойишга чақириш инсофсизлик эканлигини айтиб, уларни бунингдек тарғибот ишларини олиб бормасликларини уқтирмоқчи бўлдим.

Шунда Ивановодан келган кейин билишимча Фуад Шокиров билан иккимиз ёқалашмадик лекин қаттиқ тортишганимиз эсимда. Менинг гапларимни эшитиб Фуад Шокиров шарт ўрнидан туриб “Опа бу диктатура режимидан қўрқадиган бўлсангиз нима қилардингиз бу ерларга келиб, бу тадбирда қатнашиб? Мана биз ҳамма нарсага тайёрмиз. Мен Ивановодаги мехнат мухожирлари ўртасида тушунтириш ишлари олиб боришни, уларни режимга қарши курашга қалқишларини ташкиллашни ўз зиммамга оламан” деганди.

Мен унга “Сиз Россия фуқароси экансиз, шунинг учун ҳам Ўзбекистон куч ишлатар тизимларининг қирдикорларидан бехабар инсон гапиришингингиз осон. Агар бирор марта СНБ ёки милиция идорасининг подвалида қонун ҳимоячисиман деган жаллодлар билан якка ёлғиз қолган бўлганингизда бунингдек чиранмасдингиз. Мен ўзим учун эмас, мамлакат ичидаги сизларнинг хокимиятга интилиш йўлидаги харакатларингиз қурбони бўлиши мумкин бўлган, сиёсат нелигини, хукуматнинг жиноятларию, мухолифатнинг найрангларидан бехабар халқ нима учун сизлар учун қурбон бўлиши керак экан? Агар мард бўлсанглар ана ўзларинг боринглар мамлакатга ва халқни ўзларинг олиб чиқинглар кўчага, ўзларингиз бош бўлинглар қўзғалонга” деб жавоб бергандим.

Ўша тадбирда қатнашган ва мени қўрқоқликда айблагани учун Фуад Шокировга танбеҳ бериб, мендан кечирим сўрашини талаб қилган Исмоил Дадажонов ўшанда унинг гапларидан ғазабга келганини яширмаганди.

Кейинчалик шиддат билан ушбу харакатнинг курашчиси сифатида сиёсий майдонда пайдо бўлган сиёсий ғўр Фуад Шоқиров диктатура режимининг жаллодлари қўлида ўлим топди. Уни вахшийларча ўлдирдилар. Ўша пайтда ўз ғояси йўлида Фуад каби сиёсий кўр инсонларни ўз тарғиботлари учун ишлатган ва ҳатто унинг ўлимини ўз тарғиботи йўлида байроқ қилган лидер кейинчалик қайтиб Фуадни эсламади ҳам, унинг мақсади йўлида қурбон бўлган, ёш гўдак фарзандлари етим бўлиб бўзлаб қолган Фуаднинг қотилларини топиш, ёки унинг оила аъзоларини, фарзандларини ҳимояси учун бир сўз демади, бирор бир баёнот билан Халқаро институтларга мурожаат қилмади. Фуад бор эди, йўқ бўлди тамом.

“… Фуад сингари яна қанча қурбонликлар берилди, буларни сони саноғи борми ўзи? ЎХҲ томонидан берилган қурбонлар фақат юқорида номлари зикр этилганлар эмас. Тағин ҳам кимларнинг исмларини келтиришимиз мумкин. Булар Фахриддин Тиллаев, Нуриддин Жуманиёзов, Жамолиддин Абдурахмонов, Абдурасул Мамараҳимов, Иброҳим Мирзахонов ва яна бўлса, ҳали мен билмаган бошқа кишилар ҳам бордир…” деб ёзганди узоқ муддат Ўзбекистон Ҳалқ Харакати сафида бўлган Тўлқин Қораев 2014 йилнинг 21 июнь куни ўзининг “Ёлғонлар мухолифатни адолат чўқисига олиб чиқмайди!”  мақоласида.

Охирги пайтларда “ББС” ва “Озодлик” радиоларидаги баъзи мухбирларнинг тарафкашлик ва гуруҳбозликка берилиб кетганликларини, улар истамаган фуқаролик жамияти вакиллари учун бу радиоларнинг микрофонлари ўчиқ бўлишини билишим учун анча вақт кетмади хисоби.

Баходир Чориев дод вой қилганидек бу радиолардаги баъзи мухбирларнинг қора рўйхатига тушишим учун эса биргина 2011 йилда Берлинда бўлиб ўтган “Ўзбекистон халқ харакати”нинг таъсис қурултойида иштирок этиб, бу харакатга қўшилмаслигим ва улар тутган ғояга қарши эканлигимни айтганим, яъни уларни танқид қилганим сабаб бўлди холос.

Мени танқидим қандай тарзда бўлганлигини 2011 йилнинг 29 май куни “жараён” сайтига берган “Лидерлик белгиланмайди, уни халқ ўзи танлаб олади, афсуски бугунги мухолифат вакиллари мана шу оддий ҳақиқатни унутиб қўйган” интервьюмда батафсил баён қилганман.

«… Jarayon: Умуман олганда, тортишув ва бахсга тўла бўлгани Қурултойнинг демократик руҳда ўтганига далолатдир, аммо иштирокчиларнинг ғоявий якдиллиги, Ҳаракатнинг келажагига ишончи нақадар сезилди?

Мўътабар Тожибоева: Тўғриси мен бу Ҳаракатнинг келажагига ишонч билан қарай олмадим. Шунинг учун ҳам мен шахсан ўзим ва мен бошқараётган “Ўтюраклар” Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти бу Ҳаракатга қўшилмаслигини билдирдим. Аммо биз Ҳаракат иштирокчиларининг шахсий позицияси, фикр эркинликлари ва бирор ғоя атрофидаги бирлашиш ҳуқуқларини ҳурмат қиламиз, буни қадрлаймиз. Аммо, бу уюшмага қўшилиш масаласида, ҳозирча ўзимизни тийиб турамиз…”

Лекин айнан шундан кейин менга қарши тухмат ва бўхтон кампаниялари бошлангани сабабини ханузгача тўлиқ тушуна олмайман.

Менинг бу радиолардаги тарафкашликларга қарши муносабатимни билдириб ёзган хатларимдан бирига яқинда бир журналистдан шахсий жавоб олдим ва бу хат шахсий дейилгани учун эълон қилиш фикридан йироқман. Фақатгина унинг “Муҳаммад Солиҳга нисбатан адоватингиз кўзларингизни тўсиб қўйибди. Ҳақиқатларни ё кўрмаяпсиз ёки кўрмасликка олаяпсиз…” деган фикрига жавобни шу ердан беришга қарор қилдим.

Аввало адоват билан нафратнинг фарқини билиш керак ва улар тарғиб қилаётган “ЛИДЕР”га нисбатан мендаги туйғу адоватми ёки нафратми шуни аниқлаб олиш ўша тарафкаш журналистларга керак аслида.

Ҳа, мен улар тавоф қилгувчи “ЛИДЕР”дан нафратланаман ва бу нафрат бир кунда, бир ойда эмас айнан охирги йилларда пайдо бўлди, шаклланди ва униб чиқди. Чунки Ўзбекистондаги диктатура режимига қарши курашда террорни, диний экстремизмни ва хаттоки Суриядаги жиходни очиқ ошкора қўллаган ва ўзи бошқарадиган интернет нашрларида тарғибот ишларини олиб бораётган кимса у ким бўлишидан қатъий назар, у ҳох диктаторнинг ашаддий душмани бўлсин, ҳох диктатор унинг номини эшитганида оёғи дағ дағ қалтирар даражада қудратли бўлсин, барибир унингдек кимсалардан нафратланиш ҳуқуқимдан хеч ким махрум қилмаган.

Ислом Каримовдан нафратланиш мумкин у диктатор ва уни танқид қилиш мумкин, нима унинг мухолифоти бўлган кимсанинг қилмишлари оддий ҳалққа зиён етказиши мумкинлигини била туриб уни танқид қилганларга тухмат бўҳтонлар қилишдан хазар қилмайдиган ва бунингдек тухматларни уюштиришда интернет нашрларидан фойдаланишини кўра била туриб нега нафратланмаслигим керак?

“Лидер” яратган “Усмон Ҳақназаров” тинимсиз равишда исломий экстремизмга, қуролли қўзғалонга қарши бўлган демократларга қарши тарғибот ишлари билан тинимсиз курашди. Уларнинг ҳар бирларига қарши турли ҳил тухматлар ва бўҳтонлар уюштира бошлади. Муҳаммад Солиҳ шахсига сиғинишдан бош тортган инсонлар – улар ким бўлишидан қатъий назар, таниқли ҳуқуқ фаолларими, сиёсатшуносларми, журналистлару, бошқаларми фарқи йўқ – “Усмон Ҳақназаров”нинг кетига қараб кўрган фолига асосан “МХХ айғоқчилари” бўлиб чиқавердилар.

Режимнинг қурбони бўлган инсонларга қарши тинимсиз тухматлар, бўҳтонлар ёғдирилмасин, “Усмон Ҳақназаров”нинг ким эканлиги билан на Озодлик, на ББС радиолари журналистлари қизиқиб, журналистик суриштирувлар ўтказмадилар. Лекин айни шу пайтларда имкон бўлиши биланоқ бу харакатнинг рахбари бўлмиш Муҳаммад Солиҳнинг шахсини реклама қилишдан тўхтамадилар. “Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида мақолалар эълон қилиб келаётган муаллиф” деб “Усмон Ҳақназаров”ни ҳам тарғиб қилиб туришдан тийилмади ҳам бу халқаро радиолар журналистлари.

Бунга мисол “Лидер” маъсулияти ортида ташкил этилган “Понауз” сайтида Дилмурод Худойқул номи билан эчки соқолли бир кимсанинг очиқ ошкора терроризмни тарғиб қилгани юзасидан фуқаролик жамияти фаоллари ўз муносабатларини билдириб, тушунтириш беришни талаб қилганларида “лидер” жаноблари сукунат билан жавоб беришни лозим топганлар, яъни сукут аломати ризо деганидек.

Ушбу терроризм тарғиботига қарши қатор интервьюлар уюштирган журналист Юсуф Расулов ҳақиқатни “лидер” юзига тик айта олган бошқалар сингари МХХ малайига “айланди” қолди.

Юсуф Расулнинг таниқли ҳуқуқбонлар ва бошқа фаоллар билан уюштирган интервьюларини сақланиб қолган қисмини Исёнкор сайтидан топиб ўқишингиз ва ўзингиз хулоса қилишингиз мумкин.

2014 йилнинг февраль ойида асли Қирғистонлик бўлган Маҳмуд Рахимов исмли кимса Ўзбекистонлик, Қирғизистонлик ва қўшни мамлакатлар фуқароларини Туркияга олиб келиб, у ердан ИШИД сафида қонли урушда қатнашиш учун жўнатиши билан айбланиб, қамоққа олингани ҳақида ҳабар олдик ва жараён сайтида бу ҳақда мақола эълон қилинди.

Дарҳол “лидер”нинг шайкалари иш бошлашди ва ўзбекистонга умуман алоқаси бўлмаган ва бегуноҳ инсонларни алдов йўли билан ўлимга юбораётган қирғистон фуқаросини гўёки ўзбекистон диктатура режимининг қийноқлари қурбонига айлантириб, бизга қарши тарғибот ишлари бошладилар ва уларнинг наздида ҳар доимгидек биз ҳам ўзбек МХХга хизмат қилгувчи агентларга айландик қолдик. Буни исботи тариқасида «Jarayon.com иддаолари туҳмат» номли бўҳтон мақола билан танишиб чиқиш кифоя қилади.

Андижон фожеасининг йилликларида турли тадбирлар ўтказиш йўлга қўйилган. Худди шунингдек Андижон фожеасининг 9 йиллиги муносабати билан Истанбулда бўлиб ўтган, ББС ва “Озодлик” радиоларининг ёзишларича (албатта бу радиолар бу масалани кўтарганимиздан кейин бу тадбирнинг ташкилотчиси номини ўзгартирганлар) Ўзбекистон Ҳалқ Харакати томонидан уюштирилган тадбирда аслида Андижон фожеалари эмас, Суриядан келган жиходчининг демократларга қарши жиход қилиш масаласи мухокама қилинганди.

“Анжуманда Туркия ва бошқа давлатларнинг оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳақлари ташкилотлари вакиллари, шунингдек, муҳожиротдаги ўзбек диаспораси намояндалари иштирок этишган” дейилган ББС материалида.

Мана шу анжуманда иштирок этган, сўзга чиққан жиходий гуруҳнинг вакили Абдулло Андижонийнинг нутқ сўзлаётгандаги сурати ББС вебсайтида чоп қилинган.

Лекин унинг қуйидаги чақириқлар қилгани ҳақида ҳеч қандай хабар берилмаган:

«Кофирларга қарши қуролланинг, хозирланинг ва буларга қарши урушинг, жиход қилинг!”,

“Демократ бўлсин, капиталист бўлсин – булар ҳаммаси шайтонизм! Булар ҳаммаси жаханнамни йўли!”

Бундан ташқари ББСдаги материалда бу анжуманда қатнашди дейилган инсон ҳақлари ташкилотлари вакилларининг бу ғайриинсоний тарғиботга билдирган муносабатлари ҳақида ёритилмаган. Агар бу жиҳодчининг сўзларига қарши ҳеч ким муносабат билдирилмаган бўлса, унда қайси номли инсон ҳақлари ташкилотлари вакиллари қатнашдиларки, қон тўкилишига, қуролли қўзғалонга даъват қилган, демократларга қарши қўлга қурол олишга чақириқ қилган кимсага қарши умуман муносабат билдирмадилар?

Бунингдек мисолларни жуда ҳам кўплаб келтириш мумкин. Мен ББС ва “Озодлик” радиоси рахбарларига 2014 йилда ёзган хатларимни ташкилотимизнинг расмий сайтида эълон қилишга қарор қилдим. Чунки демократия, сўз ва фикр эркинлиги, озодлик ғояларини тарғиб қилувчи бу радиоларнинг ўзбек хизматидаги баъзи журналистларнинг қилмишларини жамоатчилик билиши керак деб хисоблайман.

2- Сaвол: Интернетда фаолият қиладиган Узбек ФМ, Туғён ва бошқа интернет радиолар фаолиятига муносабатингиз?

Фуқаролик жамияти фаоллари томонидан ташкил этилган ва интернетда фаолият юритаётган радиолар ҳақида тўхталадиган бўлсак:

“Туғён” радиосини ташкил этганимизга эндигина 4 ой бўлди. Радиода кўтаришимиз керак бўлган мавзулар, муаммолар жуда ҳам кўп. Жамоатчиликни эътиборини қаратишимиз керак бўлган инсон ҳуқуқлари муаммолари, мамлакатдаги кенг кўламдаги қийноқлар масаласи, қамоқхонадаги вазияти бизларга номаълум қолаётган сиёсий ва диний махкумларнинг тақдирига кўпроқ эътибор қаратишимиз керак. Афсуски 2014 йилдан буён бизнинг ташкилотимиз халқаро жамғармалар томонидан молияланмаслиги натижасида нафақат радио фаолиятини кенгайтириш имконимиз чегараланган, балким ташкилотимизга қарашли Жараён сайти 2014 йилдан буён фаолияти фалаж холга келган.

Шу ўринда сиз бошқараётган Сахвий радиоси ҳақида ҳам тўхталиб ўтишни лозим топдим. Сизнинг радиодаги фаолиятингиз ва ҳамкорлигимиз натижасида 2014 йилда Каримовнинг Прагага келишига тўсқинлик қилишга эриша олдик десам адашмайман. Бунинг мисолларни Ўзбекистондаги Президентлик сайловлари пайтида олиб борганимиз Виртуал сайлов кампаниясини ёритишдаги ўрни, шунингдек ғайриихтиёрий тарзда ғойиб бўлганларни ҳимоя қилиш бир ойлик кампанияси ҳам диктатура режимининг жиноятларини очиб берадиган мухим бир фаолият бўлди десам адашмайман.

Uzbekfm.com радиосиЎзбекистон халк харакати”га қарашли радио эканлиги сабабли бу радиода кўпроқ фуқаролик жамияти фаолларига қарши кампаниялар олиб борилиши ҳеч кимга сир эмас. Бунга биргина мисолни келтиришим мумкин. 2014 йилда Президентлик сайлови пайтида ташкил этганимиз Виртуал сайлов кампанияси нафақат ўзбек диктаторини жазавага туширди, балким унинг ашаддий рақиби бўлмиш “мухолифат лидери”ни ҳам тинчини йўқотдики, ўша пайтда тинимсиз сайтларимизга, электрон адресларга, интернет орқали овоз бериш дастуримизга, радиога хакер атакалари уюштириб, турли қоралаш кампаниялари олиб борилган бўлса “мухолифат”нинг радиосида ҳам турли тухмат ва хақоратли материаллар эфирга узатилиб турди. Ислом Каримов режиминику тушуниш мумкин, уларнинг жазавага тушиши сабаби аниқ, биз ушбу кампания билан бутун дунё хамжамияти эътиборини Ўзбекистондаги адолатсиз ва ғайриқонуний сайлов кампаниясига қарата олдик.

Ҳеч бир халқаро институтлар, жамғармалар томонидан молиявий ва маънавий қўлланилмаган ушбу кампанияни биз ўз кучимиз ва ўз маблағимиз ва ўз иқтидоримиз орқали амалга оширдик, сен “диктаторнинг ашаддий рақиби” нега жазавага тушасан, нега бу ташаббус иштирокчиларини хақоратлайсан?

Виртуал сайлов ва болалар ўйини

Рўёлар салтанати сари олға!

 

3 — Сaвол: Хориждаги Ўзбекистонликлар томонидан юритиладиган кўп сонли интернет сайтларидан қайсиларига кирасиз ва қайсиларини мақолаларини кўпроқ эшитиб борасиз? Қайси мавзулар сизни қизиқтирмайди?

Мен Ўзбекистонликлар томонидан юритиладиган интернет сайтларига имкон даражасида кунда кун ора кириб тураман. Бу сайтларда кўтарилаётган мавзулар ўша мақолаларни ёзаётган журналистлар назарида мухим хисобланиши мумкин. Лекин уларнинг кўтарган мавзулари мени қизиқтирмаслиги уларни танқид қилишимга ёки уларнинг фаолиятларига бахо беришимга ҳуқуқ бермаса керак деб ўйлайман.

Интернат нашрлари аслида кўп сонли эмас ва уларнинг баъзилари диктатура режимига хизмат қилиши, диктатура режимига қарши курашувчи инсонларга тухматлар ва бўхтонлар эълон қилиш билан танилганликлари хеч биримизга сир эмас. Бунингдек нашрларнинг борлиги ҳам бир томондан яхши, чунки диктатура режимининг малайлари ҳисобланмиш бу сайтларнинг маъсуллари кунлар келиб ўз номлари билан тарихга кирадилар.

4- Сaвол: Ўша радио ва сайтлар масъулларига, ўз фаолиятларига доир нималарни тавсия қилган бўлардингиз?

Мен “ББС” ва “Озодлик” радиоси рахбарларига бир неча марта исбот далилларим билан мурожаат қилганман ва мен келтирган важлар юзасидан мухокама қилиб, бирор бир ижобий томонга ўзгариш бўлганини сезганим йўқ. Шунинг учун 2014 йилда бу радиоларнинг рахбарларига жўнатганим мурожаатларни ўз сайтимизда эълон қилишга қарор қилдим. Чунки бу радиоларнинг Ўзбекистондаги диктатура режимига қарши курашдаги роли ўта мухим ва юқори савияда эди. Бугунги холати ҳақида ва бунинг сабаблари ҳақида жамоатчилик билиши керак деб хисоблайман.

5 — Сaвол: ОАВлар ва турли сайтлар орасидаги турли фикрлилик ва ўзаро рақобатни қайси шаклда ва қандай бўлгани, сизнингча тўғри ва мақсадга мувофиқдир?

ОАВлар ва турли сайтлар орасидаги турли фикрлилик ва ўзаро рақобат бўлиши керак албатта, лекин бошқа сайтларда фаолият юритувчи журналистлар ва фуқаролик жамияти вакилларига нисбатан ўзаро хурмат хиссини йўқотмаслик керак деб хисоблайман.

Мўътабар Тожибоева

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.