Хушхабар: «Эзгулик» фаоли Бобомурод Раззоқов муддатидан аввал озодликдан чиқарилди!
Пресс-релиз № 21, 25.10.2016 йил
Шу йилнинг 25 октябрь куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бухоро вилояти бўлими раиси Бобомурод Раззоқов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/3-сонли муассасадан озодликка чиқарилди.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани суди ҳукмига кўра Бобомурод Раззоқов Ўзбекистон Республикаси Жиноят ижроия кодексининг муддатидан аввал ашртли равишда озодликка чиқариш моддаси билан озод қилинди.
Бобомурод Раззоқовнинг колониядан чиқарилишида иштирок этган “Эзгулик” раҳбари Васила Иноятовага кўра, унинг аҳволи бирмунча яхши, ўзини тетик ҳис қилмоқда. Бобомурод Раззоқов колония инспекторларининг кузатувида Бухорога жўнаб кетди.
Эслатиб ўтамиз, Бобомурод Раззоқов жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судининг ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси (Одам савдоси)да айбланиб, 4 йилга озодликдан маҳрум қилинган. У 3,3 йилдан муддатидан аввал шартли равишда озод қилинди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Бобомурод Раззоқовнинг муддатидан аввал озод қилинишини олқишлаб, бундай ижобий ўзгаришларнинг давомийлигига умид қилади.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти
Fikr bildirish