“Озодлик”да яна пайдо бўлган хабар ва ЎХҲнинг жиҳодга чорлови!
5 ноябрь кунги “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Истанбулди қурултойга йиғилмоқда” номли мақола эълон қилганди. Бу мақолага 14 та изоҳлар ҳам эълон қилинганди.
Бир мунча вақт ўтгандан кейин эса ўша линкни босилганида “Бундай саҳифа йўқ” деган ёзувдан бошқа нарса кўринмай қолганди. “Озодлик” сайтини очилганида эса Истанбулда бошланган “ФАВҚУЛОДДА ҚУРУЛТОЙ” ҳақида бирор бир нарса кўзга ташланмай қолди.
Бугун, айнан бугун 6 ноябрь куни эса ўша линкни босилса ва “Озодлик сайтига кирилса 5 ноябрь кунги сана билан “Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг қурултойи «бошқа кунга» қолдирилди” номли мақола пайдо бўлибди.
Даставвал бу мақолага Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига тегишли сурат чоп қилинди. Бир неча соатдан кейин эса мақоладаги сурат алмаштирилиб Муҳаммад Солиҳ ва юзи кўринмайдиган қилиб монтаж қилинган нотаниш шахслар сурати чоп қилинди. Мана шу кимлиги номаълум бўлган «фаоллари» иштирокида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ЖИҲОДга тайёргарлик кўрмоқда. Матбуотда очиқ ошкора юзини кўрсата олмайдиган, ўз номи билан баралла хайқира олмайдиган бундай кимсалар билан қандай қилиб шунчалик қудратли ўзбек хукуматига қарши курашиш мумкин? Ёки бу юзи кўрсатилмаган кимсалар шунчалик ниқобу, ҳақиқий жиҳодчилар бошқами?
“Озодлик” радиосининг 5 ноябрь ва 6 ноябрь кунги мақолаларида ўзгариш йўқ ҳисоби – 5 ноябрь кунги мақолада ФАВҚУЛОДДА ҚУРУЛТОЙ ўтказилиши ҳақида, 6 ноябрь кунги мақолада эса ФАВҚУЛОДДА ҚУРУЛТОЙни ўтказилмаслиги сабаби баён қилинган. Мақоланинг қолган қисмлари бир хиллигича қолган.
“Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ) ўзининг Фавқулодда Қурултойини номаълум муддатга кечиктирганини эълон қилди. ЎХҲ бундай қарорнинг олинишига «Туркиядаги, хусусан Истанбул шаҳридаги сиёсий вазият ва мамлакатдаги “Фавқулодда Ҳолат” режими уйғуланаётган катта шаҳарлар учун чиққан Қарорнома» сабаб бўлганини айтди.
Туркия расмийлари 4 октябрда шу йил июлида давлат тўнтариши уринишидан кейин киритилган фавқулодда вазият муддатини яна уч ойга узайтиришга қарор қилганди.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг Ўзбекистон ҳукуматига мухолифатда бўлган ЎХҲ Туркиянинг Истанбул шаҳрида фавқулодда қурултой ўтказишни режалаштирганди.
5 ноябрь куни Истанбулнинг Бағчелиевлар мавзесидаги Нажиб Фозил Кисакурак Маданият Марказига Ўзбекистон ташқарисида фаолият юритувчи ўзбек мухолифат фаоллари, халқаро кузатувчилар ва журналистлар жам бўлганди”.
Лекин 5 ноябрь кунги чоп қилинган ва эфирга узатилган хабарнинг энг мухим бир жихати “Хориждаги бошқа мухолиф гуруҳлар Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини исломий ақидапарастлар гуруҳи дея танқид қилиб келади” деган жумла “Озодлик” радиоси сайтидан олиб ташланган.
Аслида 2 ноябрь куни Бирлик партиясининг сайтида «“Ҳаракат” хатқутисидан: “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” нинг навбатдаги Қурултойи шу йилнинг 5 ноябрида бўлади» номли мақола эълон қилинганди.
Унда “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати” нинг навбатдаги Қурултойи шу йилнинг 5 ноябрида ўтиши ва унга узоқ-яқиндан меҳмонлар чақирилгани баён этилмоқда.
Аммо, интернет тармоғидаги хабарлардан маълумки, 2011 йилда таъсис этилган мазкур Ҳаракатнинг Салой Мадаминдан ташқари бирорта раҳбари иқтидорда эмас. Улар ўзаро нифоқлар, ташкилотинг раиси деб ҳисобланадиган Салой Мадамин билан чиқиша олмай ташкилотни ташлаб кетишган. Нафсламбрини айтганда, амалда фаолияти бўлмаган ташкилотда Намоз Нормўмин, Муҳаммадсолиҳ Абутов, Ҳазратқул Худойберди ва яна бир неча ўнлаб одамнинг истеъфоси бирор нарсани ўзгартиргани йўқ…» дейилган.
Ушбу мақола муаллифларининг айтишича 5 ноябрда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг ФАВҚУЛОДДА ҚУРУЛТОЙИ бўлиши ҳақида ЎХҲнинг сайтида хабар босилган ва маълум муддатдан кейин бу хабар сайтдан олиб ташланган, яъни изсиз ғойиб бўлган. Агар ўтилиши керак бўлган анжуманга алоқадор бирор бир шубхали холат бўлмаса нима учун хабар қўйилгану, маълум муддатдан кейин олиб ташланган?
Нима учун «Озодлик» радиоси Истанбулда бошланган ЎХҲ ФАВҚУЛОДДА ҚУРУЛТОЙИ ҳақида хабар қила туриб, кейин олиб ташлади? Агар Қурултой ўтказилиши қолдирилган экан шунчаки янги бир хабар тайёрласалар бўлмасмиди?
Шунингдек Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтида 5 ноябрь санаси билан кўрсатилган холатда бугун 6 ноябрда чоп қилинган «Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Баёноти» ва Қурултойни қолдирилиши ҳақидаги «Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Билдируви» эълон қилинган.
Бу ерда эътиборни Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Баёнотига қаратиш мухим деб ҳисоблаймиз.
Гарчанд “Озодлик” журналистлари Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг эълон қилган баёноти деб 5 ноябрь кунги мақолада баён қилган бўлсаларда, аслида ўзбек миллатининг тақдирига алоқадор бўлган баёнот ҳеч қаерда эълон қилинмаганди, на Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг сайтида ва ижтимоий тармоқларда. 5 ноябрь куни “Özbek muhalifler kurultayı İstanbul’da” номли баёнотни Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтининг турк тили бўлимида ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг доимий тарғиботчиси хисобланмиш Туркиядаги “YENISAFAK» матбуотида чоп қилинганди холос.
5 ноябрь кунги турк тилидаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтида ва турк матбуотида эълон қилинган Баёнот билан 5 ноябрь кунги сана билан бугун 6 ноябрь кунги эълон қилинган «Ўзбекистон Халқ Харакати Баёноти» орасида жуда катта фарқ бор.
Яъни бугун эълон қилинган Баёнотда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Ўзбекистон хукумати бошқарувига қарши курашнинг энг радикал йўлини танланганига ва бундан кейин бўлиши мумкин бўлган КАТАКЛИЗМАЛАР учун жавобгарлик бугунги Ўзбекистон хукумати зиммасида эканлигини уқтиради.
Бугун 6 ноябрь кунги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтида эълон қилинган «Энди бироз ёмон бўлайлик” номли мақолани синчиклаб ўқилса “СИЁСИЙЛАШУВ” ва “КУРАШ УСЛУБИ” бўлимларида очиқ ошкора жиҳодга чорлов тарғиботни ўқиш мумкин.
ЎХҲ: «ЖИҲОДНИ ТАРК ЭТГАН ЖАМИЯТ УМУМИЙ БИР БАЛОГА ДУЧОР БЎЛАДИ!»
Биз Муҳаммад Солиҳ жаноблари айтганидек «БИРОЗ ЁМОНРОҚ» бўла олмаймиз. Чунки биз бугунги кунгача ҳаққи ҳуқуқлари топталиб келган, хорланган 32 миллионлик МИЛЛАТДОШЛАРИМИЗ, ВАТАНДОШЛАРИМИЗ бошига янада оғир кулфатларни тушишига, инсонлар ўлимига сабаб бўлишга, беайб бўлганлари ҳолатида диний экстремизм, терроризмда айбланиб, умрбодлик ва узоқ йилларга қамоқ жазоларига хукм қилинган, бир неча юз минглаб қамоқларда вахшиёна қийноқларга солинаётган, ўлдирилаётган диний маҳкумлар, уларнинг яқинлари, ота она дийдорига зор бўлиб ва камситилиб вояга етаётган фарзандлар сони кўпайишига, Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг ёлғонларига ишониб, унинг ЖИҲОДга чорловига эргашиб адашган инсонларнинг оммавий қамашлар бошланишига, қийноқларга тутишлар, адолатсиз судлар хукмлари билан озодликлар маҳрум қилишлар бошланишига жим қараб тура олмаймиз.
Биз қонун йўли билан Ўзбекистон ҳуқуматини қонунларга итоат этиши, халқаро мажбуриятларни бажариши талабини давом эттирамиз. Ўзбек хукуматини биз фуқаролик жамияти вакиллари билан мулоқотлар олиб боришга чақиришга, мамлакат тараққиёти йўлида уларга маслакдош бўлишга тайёр эканлигимизни таъкидлашдан тўхтамаймиз.
Бизнинг бошқа йўлимиз йўқ.
Мўътабар Тожибоева
«Ўтюраклар Клуби» Инсон
ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро
ташкилоти асосчиси ва раҳбари
Fikr bildirish