Ўзбек йигитлари томонидан содир этилаётган террорчилик харакатлари бу – ЎЗ ВАҚТИДА ТИНГЛАНМАГАН ОВОЗЛАР ИСЁНИДИР!
Биз Ўзбекистонлик фуқаролик жамияти, ўзбек миллати вақиллари Швеция ва Санкт Петербург халқига, террорчилик жинояти қурбонлари оила аъзоларига, яқинларига чуқур таъзия билдирамиз ва ушбу жиноятларни содир этган дейилаётган ва сиёсий найранглар қурбони бўлган миллатдошларимиз, ватандошларимизнинг жиноий қилмишлари учун, сизларнинг тинчлигингизга рахна солганликлари ва яқинларингиздан жудо қилганликлари учун биз улар номидан ҳам сизлардан кечирим сўраймиз.
Бундан худкушликлар такрорланмаслиги учун адашган, алданган, дардини бирор кимса тингламагани учун ҳам охирги чорани, қалтис қарорни қабул қилишга мажбур бўлган миллатдошларимиз содир этган худкушликлар сабаб бугунги кунда яккаланиб қолган биз ўзбеклардан нафратланманглар, бу ёшларимиз ўзларини эшитадиган, уларнинг ҳаққи ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган бирор бир кимса йўқлиги учун ҳам охирги жиноятни содир қилишга қарор қилганларини тушуниб етишга харакат қилайлик.
Уларнинг дарду хасратларини тинглайдиган инсон топилмай турган бир пайтда интернет нашрлари орқали очиқдан очиқ терроризмни ва Суриядаги ИШИДчиларни тарғибот қилиниши, бу ИШИДчиларнинг демократларни шайтонларга тенглаб, кофирларга қарши курашишга қилган чақириқларига эргашишга мажбур бўлган ёшларимизни бу йўлга киришларига мажбур қилган омилларга эътибор берайлик ва буларнинг айбдорларига эътиборимизни қаратайлик.
Д.И.Писарев айтганидек «Қабихликни келтириб чиқарадиган шароитларга тегмай туриб, ҳақиқат талаб қилиш, ёмғир ёғаётганда тош ётқизилмаган кўчада лой бўлмаслигини талаб килиш билан баробардир».
Ҳақиқататан ҳам бу қабихликларни келтириб чиқараётган шароитларга эътиборимизни қаратайлик.
Буюк алломаларнинг шундай вазиятга бахо берадиан қуйидаги оқилона сўзларига қулоқ тутайлик:
«Агар сиз ҳақиқатни яшириб, тупроққа кўмсангиз, у сўзсиз униб чиқади ва кейин шундай кучга айланадики, бир кун бориб, ерни ёриб чиққач, ўз йўлида учраган жаъми нарсаларни супуриб ташлайди» деган эди буюк аллома Э.Золя.
«Тартибсизликлар – бу ўз вақтида тингланмаган инсонлар овозидир» деганди Америкалик буюк инсон ҳуқуқи ҳимоячиси ва руҳоний Лютер Кинг.
«Одамнинг эркинликка интилиши бамисоли қозонга қамалган буғга ўхшайди: уни ҳаддан ташқари қисганлари сари хавфли бўла боради ва аксинча, агар уни равон, яхши машинадан тўғри йўл топиб берилса манфаат ҳам келтиради» деганди В.Вейтлинг.
А.Смит эса «Одамлар адолатни севишлари учун уларга адолатсизлик оқибатларини кўрсатиб турмоқ зарур».
ЎЗБЕК ЙИГИТЛАРИНИНГ ТЕРРОРИСТЛАРГА АЙЛАНИШЛАРИ САБАБЛАРИ
1983 йилда туғилган Қўқонлик ўзбек Абдуқодир Машарипов Ўзбекистонлик Шу йилнинг 1 январ куни Истанбулнинг Reina тунги клубига ҳужум қилиб, 39 киши умрига зомин бўлганди.
3 апрел куни Санкт-Петербург метросида ўзи ҳам портлаб ўлган ва яна ўн кишининг умрига зомин бўлган Қирғизистонлик 1995 йилда туғилган Акбаржон Жалилов ҳам ўзбек миллати вакили бўлиб чиқди.
7 апрель куни Швеция пойтахти Cтокьголмда кейинчалик маълум бўлишича 4 фарзанднинг отаси, 39 ёшли Ўзбекистонлик Раҳмат Оқилов юк машинасини одамлар устига ҳайдаши оқибатида 4 одам нобуд бўлди, 15 одам жароҳатланди.
“ЗАВОЛ ТОПГАН ТАҚДИРЛАР – “ЖИҲОД” ВАСВАСАСИ – ВАТАНГА ХИЁНАТ”
2016 йилнинг 5 октябрь куни Ўзбекистон “Ёшлар” телеканалида навбатдаги “Завол топган тақдирлар –“ЖИҲОД” васвасаси – ВАТАНга хиёнат” номли буюртма фильм намойиш қилинди. Ушбу фильмнинг “қаҳрамонлари” 1978 йилда туғилган тадбиркор ва Ўзбекистонда таъқиқланган “Нафс” фильми продюссери, “жиходчилар” диний эктремистик оқимига аъзоликда айбланган, 2014 йил 9 июнь куни Москвадан ўғирлаб кетилган, Хамидқориев Мирсобир Мирсобитович, Навоий вилояти Хатирчи туманилик “ИШИД” террорчилик гуруҳи аъзолигида қораланган, 1984 йилда туғилган, олий маълумотли Тагаров Ислом Сайфутдинович ҳамда 1982 йилда туғилган Бекмуратов Шерзод Хусановичлардир.
Фильмда бу йигитларни таништиришида бирор фойдали меҳнат билан шуғулланмаган, ҳеч қаерда ишламаган кимсалар сифатида талқин қилинганлар.
Ушбу махсус кўрсатув юкланган ютубканал кейинчалик ўчирилган. Шунинг учун биз ташкилотимиз ютубканалига 2017 йил 9 февраль кунги «Ўзбек хукуматининг яна бир ёлғони: Завол топган тақдирлар!» номида юклаб олинган варианти билан танишиб чиқиш учун тақдим қиламиз.
Мирсобир Ҳамидқориев 2011 йилдан буён Ўзбекистонда халқаро қидирувда бўлиб, Ўзбекистон хукумати уни “Ислом жиҳодчилари” ва “Ваҳҳобийлик” каби таъқиқланган диний-экстремистик ташкилотларни тузишга алоқадорликда айбланиб, қидирувга берилган.
Мирсобир Ҳамидқориев аслида хусусий тадбиркор бўлиб, Тошкент шахар Навоий кўчасида жойлашган “Мир электроники” хусусий дўкон эгаси бўлган. Бир неча йил аввал қора ниқоб таққан ва қўлларида автоматлар билан унинг дўконига бостириб кирган кимсалар бу 1,5 миллион долларлик мол мулки бўлган дўконни тадбиркордан тортиб олишганди. Мирсобир Ўзбекистонда суратга олиниб, намойиш қилиниши таъқиқланган “Нафс” фильмига продюсерлик қилгани ва Гулнора Каримовага яқин бўлган шахслар билан бўлган муносабатлари сабаб қатағонга учраганлиги айтилади.
Ўзбекистон хукумати томонидан ҳам “ваҳҳобийлик” оқими, ҳам “Жиходчилар” диний экстремистик оқимларга аъзоликда айбланар экан ўзини ўғирлаб кетиш учун тинимсиз харакатлар қилинаётгани, хибсдан озодликка чиқарилганидаёқ полиция идорасида эшиги тагида ўзини номаълум кимсалар кутиб турганликларини кўрган Ҳамидқориев икки қўлини томирларини кесиб ўз жонига қасд қилганди.
«Завол топган тақдирлар – «ЖИҲОД» талвасаси – Ватанга хиёнат» фильмда Мирсобир ўзининг ва дўстлари Ислом Тагаров ҳамда Шерзод Бекмуротовнинг террористик ташкилотларга алоқадорликлари ҳақида афсона тўқиган Ҳамидқориевнинг қамалишидан олдинги ва қамалганидан 3 йил ўтибги холатига эътибор қаратса, уриб синдирилган тишларига назар ташласа унинг дунёдаги барча санаб ўтилган жиноятларни ҳам амалга оширганлигини тан олишга мажбур бўлганлигини хис қилиш қийинмас.
Ушбу фильмга интервью берилганидан кейин унга нисбатан қўлланилаётган вахшиёна қийноқлар камайган. Энди унга руҳий босимлар, таҳқирлашлар кучайган. Қамоқхона маъмурияти қамоқхонага бориб, Мирсобирга далда бериб келаётган турмуш ўртоғи Элионора Исаева билан расман ажрашишини талаб қилмоқдалар.
Мирсобир ва Элионора расман ажрашсалар Мирсобирнинг ҳимояси учун бонг уришдан тўхтамаётган Элионоранинг қамоқхонага бориб турмуш ўртоғи билан учрашиш имкониятлари қолмайди. Қамоқхона вакиллари ва уларга хизмат қилгувчи «лахмач»ларнинг Мирсобирга бот бот такрорлаётган «Энди сени бу ердан фақатгина ўлигинг чиқади» деган дағдағаларини ташқи оламдагилардан бирортаси эшитишини истамаган бу кимсалар Мирсобирни хотини билан ажрашишга мажбур қилиш босимларини бугунги кунгача ҳам давом эттирмоқдалар.
«Завол топган тақдирлар – «ЖИҲОД» талвасаси – Ватанга хиёнат» фильмида айтилишича Ҳамидқориев Мирсобир Россия орқали Қозоғистонга ўтиб, у ердан айланма йўллар орқали Ўзбекистонга кириб келаётган пайтида Тошкентда Ички ишлар ходимлари томонидан паспорт фильтрацияси пайтида қидирувда бўлганлиги сабабли қўлга олинганмиш. Унинг ёнидан “топилган” диний экстремизм, ақидапарастлик ғояларини сингдирувчи, тарғиб қилгувчи материаллари ашёлари дадил сифатида терговга тақдим қилинганмиш.
Аслида Ўзбекистон хукуматининг талабига асосан маълум муддат қамоқда сақланган ванихоят тинимсиз олиб борилган саъйи харакатлар орқали Россиядан қочқинлик мақоми олган Ҳамидқориев Мирсобир ҳар бир дақиқасини хавф хатарда ўтказган.
Қурилиши битмаган биноларда яшаб кун кечиришга мажбур бўлган Ҳамидқориевнинг 8 ойлик ўғилчаси Мухаммад Мухсин очиқ харобаларда яшаб, инсондек ҳаёт кечира олмаётгани сабабли тез тез касал бўлаверган. Ҳамидқориев Мирсобир 2014 йилнинг 9 июнь куни кеч соат 19ларда аҳволи оғирлашиб қолган ўғилчасини таксида касалхонага олиб кетаётган пайтларида Москванинг қоқ марказидаги «Чистые Пруды» мавзесида ўғирлаб кетилган.
2017 йилнинг 26 январь Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (Инсон ҳуқуқлари бўйича Страсбург олий суди) Европа Конвенциясининг 3 ва 34 моддалари бузиб, ўзбек продюсери ва тадбиркори Мирсобир Ҳамидқориевни Ўзбекистонга бериб юборган Россия ҳукуматини 19 минг 500 евро жаримага тортди. Суд қарорига кўра, Россияда сиёсий бошпана сўраган тошкентлик Москвадан махсус хизматлар томонидан ўғирланиб, Россия ҳукумати ёрдамида Тошкентга олиб чиқилган.
“Ўтюраклар Клуби”: “Хор бўлаётган миллат нидоси”
“Завол топган тақдирлар – “ЖИҲОД” васвасаси – ВАТАНга хиёнат” фильми “қаҳрамонлари” бўлмиш бу 3 йигит “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳалқаро ташкилотига мурожаат қилиб, Россия давлатида ҳаққи ҳуқуқлари топталаётган, қатағонга солинаётган меҳнат муҳожирлари ва сиёсий сабаблар билан Ўзбекистондан қочиб Россияга чиқишга мажбур бўлган юзлаб, минглаб қочқинларга, меҳнат мухожирларига нисбатан содир этилаётган қонунбузилишлар ҳақида мурожаатлар қилгандилар ва уларни ҳуқуқларини ҳимоя қилишимизни илтижо қилиб сўрагандилар.
Ўзлари сингари ҳаққи ҳуқуқлари топталаётган, хор бўлаётган миллатдошларининг аянчли тақдирларига бефарқ қарай олмаган бу зиёли йигитлар “Одноклассники” ижтимоий тармоғида диний экстремизм, айирмачилик ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилувчи саҳифа очиб, муҳожирларни алдаб, улар кўтарган радикализм тарғиботига аралашган муҳожирларни яшаш манзилларини аниқлаб, уларни рўйхатларини тузиш ва ўғирлаб кетиш, Ўзбекистонга топшириш каби масалаларда кўмак берадиган Ўзбекистон алоқа, ахборот ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси қошида ташкил этилган “Ёш дастурчилар” масъулияти чекланган жамияти дастурчилари ҳақида ҳам маълумотлар йиғаётганларини айтишганди.
2014 йил 20 июнь куни БМТнинг махсус резолюцияси асосида Бутунжаҳон қочқинлар куни нишонлаб келинадиган куни “Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти қошида ва унинг низоми асосида фаолият юритувчи “Муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш кўмитаси” ўз фаолиятини бошлаши ҳақида келишиб қўйгандик.
Кўмитанинг иш фаолиятини бошлаши муносабати билан “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти ташаббуси ва “Қийноқларсиз ҳаёт учун” ташаббус гуруҳи ҳамда “Муҳожирлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш кўмитаси” кўмагида суратга олинган, Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирларнинг аянчли тақдирлари ҳақида хикоя қилгувчи “Хор бўлаётган миллат нидоси” (Вопль униженной нации”) номли 10.15 дақиқалик видеоролик тайёрлаган эдик.
Бу видеороликда ўзбекистондан диний таъқиблар сабаб қочиб чиққан оилаларнинг ўта оғир аҳволда эканликлари ҳақида, уларнинг бузилаётган ҳаққи ҳуқуқларини тиклашга ҳеч қандай инсон, ҳеч қандай ташкилотлар ёрдам қўлини чўзмаётганликлари ҳақида хикоя қилинарди. Ўзбекистондаги қатағондан қочиб бошқа мамлакатлардан қочқинлик мақоми сўраганларида уларни талаблари рад қилинаётгани, уларни арзини биров тингламаётгани ҳақида хикоя қиларди бу фильм.
Қочқинлик мақоми беришни рад қилиб Ўзбекистонга бериб юборилаётганликларни билиб, кўриб турган қочқинлар ва меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга бериб юборилишни олдини олиш учун энг охирги йўлни танлашга мажбур бўлаётганлари ҳақида хикоя қилинарди бу фильмда. Ўзбекистонга бериб юборилсалар мамлакатда уларни чидаб бўлмас қийноқлар, нафақат ўзларининг шаънини, балким ахли аёллари шаънини булғаш, содир қилмаган терроризмга боғлиқ жиноятларни содир этганликларини тан олмасалар кўз ўнгларида турмуш ўртоқлари, ҳатто оналари ва қизларини зўрлашларидан қўрқишларини баён қилгандилар бу фильмда.
Тергов пайтидаги ва адолатсиз судловдан кейин қамоқдаги қийноқлар ва бу қийноқлар натижасида вафот этишдан қўрқиб, бошқа мамлакатларда жиноятлар содир этиб, ўша мамлакатлар қамоқхоналарида қолишни афзал кўраётганликлари ҳақида хикоя қилинарди бу фильмда.
http://mutabar.org/uz/2014/05/5517
Фильмда эътироф этилишича Россияда истиқомат қилаётган ҳамда ноқонуний одам ўғирлаш ва экстрадициялар хавфи остида қолаётган ўзбек қочқинлари бу мамлакат ҳудудида узоқроқ муддат қолиш, ватанига ноқонуний экстрадиция қилиниш вақтини чўзиш ёки ўзбек махсус хизматлари томонидан ўғирланишдан халос бўлиш учун Россияда онгли равишда жиноят содир эта бошлаганлар.
Фильмда Россия Федерацияси ҳудудида “муваққат қочқин” мақомига эга бўлган ҳамда 2014 йилнинг 7 май куни Москвада полиция ходимлари тарафидан ҳужжат текширилаётган пайтда қўлга олинган ва номаълум томонга олиб кетилган Ўзбекистон фуқароси Акмал Жонқулов ҳам ана шундай йўл тутишга қарор қилгани сабаблари хикоя қилинади.
Энг қизиғи шундаки “ўғри” чўлоқ бўлган. Бу ўзбек йигити бунингдек чўлоқ бўла туриб бунингдек жиноятга қўл урганини сабабини аниқламоқчи бўлиб унинг умр йўлдоши ва дўстларидан (Ислом Тагаров ва Шерзод Бекмуродов) уларни юзини кўрсатмаслик шарти билан ва исмларини айтмасликка ваъда қилиб интервюлар олгандик.
Қарангки ушбу фильм қахрамонларининг тақдири нақадар аянчли. Нафақат ИШИДчилар сафига қўшилиб кетишдан ўзга нажот топа олмаган ва у ерда фожеали ўлим топган Ислом Тагаров, Шерзод Бекмуродовлар, балким Ўзбекистонга бериб юборишларидан қўрқиб, ўзи ва оиласини, фарзандлари ҳаётини сақлаш мақсадида Россияда қасддан ўғрилик жинояти содир этишга мажбур бўлган ва ушбу қилмиши учун Россия Федерациясиниг Жиноят Кодексининг 161 моддаси 1 қисми билан ўғриликда айбланиб қамоққа олинган Акмал Жонқулов, унинг турмуш ўртоғи Дилафруз Хусаинова ва уларнинг ёш гўдак фарзандлари тақдири ҳеч кимни қизиқирмаганлиги афсусли холдир.
Ўзбекистонда Акмал Жонқулов ва унинг хотини Дилафруз Ҳусейновага Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 159 ва 244-моддалари бўйича айблов қўйилган, улар аксилконституциявий фаолият, ноқонуний диний гуруҳларга алоқадорлик ва диний адабиёт тарқатганликда айбланганлар. Шунингдек, Акмал Жонқулов ўзбек махсус хизматлари томонидан “жиҳодчилик” ҳаракати ва “ваҳҳобийлик” оқимига алоқадорликда ҳам айбланган.
“Хор бўлаётган миллат нидоси” фильмида интервю берган Ислом Тагаров ва Шерзод Бекмуратовлар бизларнинг лоқайдликларимиз, бефарқликларимиз сабаб қурбон бераётган ватандошларимизнинг типик вакиллари холослар. Яна уларнинг ота оналарини Ўзбекистон телевидениеси орқали мулзам қилиш, яшаш жойларида мухокама қилиб шарманда қилишларга не дейсиз? Ахир уларни террорчига айланишлари бизлар айбдормизку! Уларнинг охи зорларига қулоқ тутмаганлар айбдорку!
Ҳам сиёсий қатағон, ҳам босимлар, ҳам ИШИД қурбони бўлаётган миллатдошларимизни қутқариш учун эса бундай боши берк кўчага кириб қолган ёшларни қутқариш учун ўша қочқинлар яшаётган мамлакатлар давлат идоралари халқаро қонунларга амал қилмасдан, қочқинларни инсондек яшашлари учун шароитлар яратиб бермаганлар айбдор эмасми?
Ислом Тагаров ва Шерзод Бекмуродовларни яқиндан таниган ва имкон даражасида ҳимоя қилиб келган Москвадаги “Ватандош” ташкилотининг президенти Усман Баратов уларни қуйидаги таърифлаганди: “Шерзод ва Ислом 30 ёшдан ўтган бўлсалар ҳам камбағаллиги сабабли хануз уйланолмаган эдилар.
Шерзод жуда кўнгли очиқ, яхши йигит эди. Улар Сурияга уришга кетишга мажбур бўлишибди. Кўнгли очиқлиги билан мен ўзимга ўғил қилиб олишни орзу қилган Шерзод биринчи жангдаёқ халок бўлибди. Унинг Ўзбекистонда қари, касалванд онаси бор эди. У қийинчиликлар билан, яшириниб юриб ишлаб топган пулини онасига дори дармонга жўнатар эди…”
Сурияда ИШИД жиноий оламнинг қурбони бўлишдан бошқа имкони қолмаётган диний эътиқоди учун тахдидларга солинган ўзбек қочқинларининг эртага террорчи сифатида қўлига қурол олмаслигига, сиз ва бизнинг яқинларимизнинг уларнинг қўлида қурбон бўлмасликларига ким кафолат бера олади? Ким? Ёшгина, билимли, ақли хушида йигитларни бу йўлга киришларига сабабчи бўлганимиз учун бизларни келажак авлод кечирадими деган саволни ўзимизга беришимиз даркордир!
“Хор бўлаётган миллат нидоси»
Дилафруз Хусаинова: Мен Умар аканинг (Акмал) рафиқалари бўламан. Турмуш қурганимизга 2 йил бўлган. Хозирда хомилам 7 ойга ўтган ва қўлимда 1 ёшу 2 ойлик фарзандим бор. Ўғирланиб кетгандан кўра шу жиноятга қўл уриб, ўзимни ҳам, оиламни ҳам Ўзбекистон зулмидан ҳимоя қилиш мақсадида мана шундай ишга қўл урдилар. Чунки Россия давлатида бирор бир жиноятни содир қилган инсонни Ўзбекистонга олиб кетишга ҳаққи йўқ ва бизларни Россия ушлаб туради, бизларга ўхшаган аёлларни ҳам олиб кетишга ҳаққи йўқ. Мана шуларни ўйлаган холатда шу ишни қилишга мажбур бўлдилар.
Ўзбекистонда таъқиққа учраганимиз учун биз Россияга келишга мажбур бўлдик. Россиядан бошпана сўраб келган пайтимизда бизни Ўзбекистон қидирувга бериб юборган экан. Биз бехабар бўлган эдик. Шунинг учун бизларни 6 ойга қамаб қўйди. Мени ҳам хомилдорлигимга қарамасдан қамаб қўйди ўша Ўзбекистонни сўроғига асосланиб. Мен қамоқда туғдим. Туғиш пайтимда касалхонага олиб бордилар ва туққанимдан кейин мени ўзимни қамоқхонага қайтариб олиб келдилар.
Мени боламдан айириб қўйишди. Болам 6 ойлик бўлганидагина кўрдим уни биринчи марта. Биринчи фарзандимдан айрилганим учун жудаям қийналдик. Боламни олиб чиққанларидан кейин қонунларни яхши билмаганим, русчани яхши билмаганим кўп қийналдим. Қамоқхонада ўтирганимда ёнимдагилардан русчани бироз ўргандим, ўшандан кейин тушундим Ўзбекистон бизларга катта катта тухматлар қилган экан.
Мен ва турмуш ўртоғим яхши биламизки, бизни бунингдек жиноятларга умуман дахлимиз йўқ. Бизларни Россия қамоқхонасидан озод қилганларидан кейин ҳам Ўзбекистон хукумати одамларни бизни қидиришдан тўхтамасдан ўғирлаш мақсадига ўтиб қолганлар. Хўжайиним бу нарсаларни билиб қолганларидан кейин ўзини ҳимоя қилиш мақсадида мана шундай ишларни қилди.
Россиядалик пайтимда ҳам жуда ёмон кунларни бошимдан ўтказдим. 6 ойлик қамоқ пайтида қаттиқ касаллар бўлганман. Ўшанинг асорати қолиб кетган. Сал нарсага асабийлашсам ёки йиғласам давлениям кўтарилиб кетади. Турмуш ўртоғимни ўзларини ва бизни Ўзбекистондан ҳимоя қилиш мақсадида Россия қонунини бузишга мажбур бўлдилар. Тўғри ўғрилик исломда қораланади, лекин у киши бу жиноятни оиласини, ўзларини ҳимоя қилиш учун шу ишни қилдилар. Турмуш ўртоғим Россия қамоқхонасида ётсалар бизларга зулм ўтказа олмайди Ўзбекистон хукумати. Чунки Росия қонунларини бузишга ҳаққи йўқ уларни. Шахсан менга ҳам Ўзбекистон хукумати хеч нима қила олмайди. Турмуш ўртоғим Россия қамоқхонасида ётгани учун ҳам.
Чунки Ўзбекистонни ёлғонлари кўпайиб, бизларни қилмаган ишларни бизларни бўйнимизга юклаб, қаттиқ зулм остига олишдан қўрқдилар. Хатто боламизга ҳам, менга ҳам шавқат қилмасликларини билдик.
Ислом Тагаров: Умар, бу менинг дўстим, у билан Россияда танишганмиз, Умарнинг асл исми Акмал, бу ерда ўзига Умар деб исм қўйиб олган. Хужжатида Акмал бўлсада шу кунгача уни Умар деб атаб келганим учун уни Умар деб айтаман. Умар мана шу жиноятга қўл уришга мажбур бўлди. Мен унинг дўсти бўлганим учун бу воқеа тафсилотларини мен яхши биламан. Умар учун қандай жиноятни содир этгани учун Россия қамоқхонасида қолишини фарқи йўқ эди.
Дўстимиз Умар мана бир икки кун аввал жиноят содир қилибди экан. Бир аёлни уриб, сумкасини олиб қочиб кетмоқчи бўлган экан. Сал кулгим келади, у йигитни яхши биламан, у ўзи чўлоқ. Фараз қилинглар чўлоқ, беш қадам юриб дам оладиган даражад Бу йигит атайлаб қилган бу нарсани, биладики сумкани олиб қочиб кетолмайди, жабрланувчи дод вой қилиб бўлса ҳам полицияни чақиради. Шунақа йўл билан қўлга тушади.
Бир томондан олиб қараганда Умарни шу жиноятни танлаганига бир томондан хурсанд бўлдим. Нимага деганда бундан бир ҳафта ўн кун олдин у ўзини режасини айтиб берганди. Бирорта полициячини урсаммикан, шунда аниқ қамаламан деганида мен унга бундай қилма, бу хавфли жуда хам, умрбодликка қамаб юбориши мумкин дегандим бу йигитга. Қаранг Умар мана шу жиноятни танлабди.
Мен биламан, кўпчилик Ўзбекистонликлар мамлакатга қайтиб бормаслик учун атайлаб мана шундай криминал ишларни қилиб, шу ерда қамалиб кетишяпти. Чунки уларни хотинлари, бола чақалари шу билан тинчийди. Чунки улар билан биров қизиқмай қўяди. Россия қамоқхонасига қамалган йигитлар қамоқда яхши яшайдилар. Шу нарсани афзал кўриб шу йўлни танлади. Чунки бу дўстимизни ҳам хотини бор, хотини хомиладор 6 7 ойлик, қўлида бир ёшдан каттароқ боласи ҳам бор. Шу ниятда бу йигит шу ишни қилди.
Умарни ушбу жиноятни содир этганлигини сабаби Ўзбекистонни қамоқхонасига боришни хохламагани учун. Чунки у ёқдаги зулмларни, қанақа зулмлар деганда ҳаммага маълум бўлиб кетган, эркакларни шаънига тегиб ёки онасини олиб келтириб, хотинини олиб келтириб, болаларини олдида зўрлаб, шундай ишларни қилганидан кейин у инсонни ахволини ўзларингиз фараз қилинглар. Шу сабабли Ўзбекистон қамоқхонасига бормаслик учун бу йигит ва бошқа кўплаб инсонлар жиноят содир қилиб бўлса ҳам Россияни қамоқхонасида қолишни орзу қиладилар. Чунки Россия қамоқхонасида уч махал овқатиям берилади, хохлаган китобини ўқий олади. Дунёни хохлаган китоблари инжил дейсизми, қурьон дейсизми оддий дўконларида сотилади. Шу нарсани бориб сотиб олсангиз ҳам бўлади.
Намоз ўқисангиз намозиингизга ҳеч ким гапирмайди. 5 махал намоз ўқинг, рўза тутинг ҳамма нарса бемалол у ерда.
Тўғрисини айтганда ўша Россияни қамоқхонасидаги шароит Ўзбекистондаги озодликдаги шароитдан кўра яхшироқ.
Нима қилайлик, бизларни хукуматимиз шунақа энди. Бизларни қўрқитиб қўйди. Қаерга додимизни айтишимизни билолмаймиз. Бу ерда ҳар қанча бир ташкилотлар инсон ҳуқуқларини ҳимояловчилар ёрдам бераман деб бирортаси ёрдам бермайди.
Гапиришимиз мақсади шу! Бизларни ҳам эшитишар кимлардир! Бу мушкул вазиятдан бизларни олиб чиқиш учун қанақадир йўл тутарсизлар балким. Нахотки бу нарсаларга расправа йўқ, нахотки қараб ўтирасизлар бизларни қурбон бўлишларимизни!
Шерзод Бекмуратов: Умар менга айтгандики, Россияда бирор бир жиноятга қўл уриб, Россия қамоқхонасида қолишни истайман, Ўзбекистон қамоқхонасига киритсалар тирик чиқишимга ишонмайман деб гапириб юрганди.
Мен оддий Ўзбекистон фуқаросиман. Ўзбекистонда қатъий босимга учрагани учун мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган оддий намозхонман. Мен жиноятчи эмасман, террорист ҳам эмасман. Мен ҳам Ўзбекистонга қайтмоқчи эмасман. Шу сабаб Умар ва бошқалар каби ҳар қандай жиноятга қўл уришга мажбурман. Агар Россияда қололмасам Сурияга бориб жонимни фидо қилганим афзалроқ.
“Завол топган тақдирлар” фильмида Ҳамидқориев Мирсобир ўзи ва Россияда танишган дўстлари Навоий вилояти Хатирчи туманилик йигитлар – Тагаров Ислом ва Бекмуратов Шерзодларни ИШИД террористик гуруҳи аъзоси дея талқин қилинганлар ва уларни Суриядаги террорчилик харакатлари пайтида вафот этганликлари айтилган.
Ҳа тўғри, Ислом ва Шерзодлар Суриядаги жангларда вафот этганликлари ҳақиқат! Лекин Ҳамидқориев Мирсобир ўғирлаб кетилиб, қийноқларга солинаётгани ҳақидаги вахимали хабарларни эшитиб турган йигитлар ҳаётлари хавф остида қолгандан кейин, ўлим билан юзма юз бўлган пайтларида, Мирсобир ўғирлаб кетилганидан 5 ойдан сўнг қалтис қадамни қўйишга, икки хил ўлимдан бирини танлаб, Ўзбекистон қамоқҳонасидаги кийноқлар билан эмас, Суриядаги жанг майдонларида ўлим топишга қарор қилганлар.
Бунингдек бегона ўлкаларда ўлим топаётган “террорчилар” юзларни, мингларни ташкил топади. Бу мажбурий “террорчилар”ни ўлимида бизлар – Ўзбекистон ва Россия сингари қаттол режимлар, Ўзбекистонни ўзгача фикрловчилар учун ўлим мамлакати эканлигини била туриб уларни бу ўлкага жўнатаётганлар айбдор деб хисоблаймиў. Шунингдек ҳаққи ҳуқуқлари бузилган муҳожирлар, қочқинларни ҳимояси учун курашиши айтилаётган, аслида эса бошига кулфатлар тушаётган муҳожирларнинг дардига малҳам бўла олмаётган биз ҳуқуқ фаоллари, фуқаролик жамияти вакиллари ҳам айбдормиз.
Муҳожирларнинг ҳимояси учун курашаётган фаолларнинг олиб борилаётган фаолиятларига ҳам маънавий, ҳам моддий томондан кўмак бериши, қўллаб қувватлаши керак бўлган, аслида ҳақиқий курашчиларни фаолият юритишларига ҳар қандай имкониятларни йўқотиб, уларни эркин фаолият юритишларига бор кучлари билан тўсқинлик қилиб келаётган коррупция ботқоғига ботган, ўз мансаб ваколатидан шахсий манфаатлари йўлида, даромад топиш илинжида фойдаланаётган гуруҳлар айбдорлар.
Бундай гурухларнинг жиноий кирдикорларини кўриб била туриб кўз юмиб келаётган баъзи бир халқаро ташкилотларнинг ва жамғармаларнинг вакиллари ҳам, бунингдек барча ўйинларни, томошаларни кўриб била туриб лом мим дейишга куч топа олмаётган, лоқайд муносабатда бўлаётган кенг жамоатчилик ҳам тенгма тенг айбдорлар деб хисоблаймиз.
Статистик маълумотларга кўра 2017 йилнинг 1 январь кунига Ўзбекистон аҳолисининг умумий сони 32 121 100 кишини ташкил қилади, таққосласак қўшни Қирғизистонда 6 089 859 одам, Қозоғистонда — 18 044 724 Тожикистонда — 8 769 221 киши истиқомат қилади. Ўзбекистон аҳолисининг умумий сони юқорида кўрсатилган уч давлатнинг аҳолиси йиғиндисига тенг, яъни учта қўшни давлатларнинг аҳолиси сони 32 903 804 тани ташкил этади.
Ўзбекистон собиқ СНГ давлатлари орасида сиёсий ва диний маҳкумлар кўплиги жихатидан ҳам биринчи ўринда туради. Лекин бугунги кунда ҳаттоки инсон ҳуқуқи, демократия ғояларини қўллаб қувватлаши керак бўлган турли халқаро институтлар ва бошқалар ўзбекистонлик турли адолатсизликлар тақдирларини лоқайдлик билан кузатаётганликларини гувоҳи бўлмоқдамиз.
Бизлар миллатдошларимизнинг оху зорларига қулоқ тутмаётган кимсаларни танқид қилишга андиша қиламиз. Нега ҳаққи ҳуқуқлари топталаётган қўшни мамлакатлар фуқароларининг ҳуқуқларини тиклаш учун бирданига бир неча қўл узатиладию, 32 миллиоиндан ортиқ ўзбек миллатининг дардига қулоқ тутадиган мард топилмайди деб бор овозимиз билан бақира олмаймиз.
Бас энди! Бугун бизлар дунёдаги тинчлик йўлида курашувчи таниқли шахсларга мурожаатлар қилиб, сиёсий найранглар, фитналар қурбони бўлаётган ўзбек миллати вакиллари, ёш йигитларнинг террористларга айланганликлари сабабларига уларни эътиборларини қаратишимиз даркор.
Мўътабар Тожибоева
“Ўтюраклар Клуби” ИҲҲҚХТ
асосчиси ва рахбари, мустақил журналист,
Нобел мукофоти номинанти, Нобел комитети қошидаги
“Тинчлик учун 1000 аёл” халқаро ташкилоти вакили
Fikr bildirish