Улуғбек Бакиров: Бугун, яна бир устозимиз Бобур Маликов таваллуд топган кун!
Бугун, 2 сентябрь яна бир азиз устозимиз, халқимизнинг забардаст фарзанди, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Йўлдош Охунбобоевнинг набираси, Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги биринчи элчиси, Ўзбекистон Олий Судининг собиқ раиси ва собиқ Адлия вазири, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Бобур Мажидович Маликов туғилган кун!
Айни дамда Бобур Мажидович ўзининг 69 ёшини АҚШда яқинлари даврасида қарши олмоқдалар.
Шу улуғ айём муносабати билан Бобуржон акани чин дилдан табриклаймиз!
Ҳурматли Бобур Мажидович!
Шу муборак қутлуғ кунларда, Сизга узоқ умр, мустаҳкам соғлик-саломатлик, қалбингиздаги барча ниятларингиз рўйи-рост амалга ошишини Яратгандан тилаб қоламиз!
Ўзбекистон Адлия тизимида, мамлакатимиз давлат бошқаруви пойдевори такомиллашувида, Ватанимиз Мустақиллигининг дастлабки тарихий даврида Сизнинг фаолиятингиз алоҳида юксак ўринга эгадир.
Бугун Ўзбекистон Адлия, Прокуратура ва Суд тизими бошқа кўплаб соҳалар каби мутлоқ ислоҳотларга муҳтож.
Сиз ва сафдошларингиз йиллар давомида куйиниб айтиб келган сўзларингизни, кескин танқидларингизни президент Шавкат Мирзиёев тан олиб, бу ҳақда бир йилдан буён тинмай гапирмоқда. Галдаги вазифа шу айтилган сўзларни амалга жорий этишдир…
Шу ўринда Ўзбекистондаги ҳар бир адлия ходимига, барча ҳуқуқшуносларга Сизнинг адолат ва қонунларни ҳурмат қилиб ишлаган даврингиз, Сизнинг олийжаноблик фазилатларингиз ҳамиша ўрнак ва намунадир. Афсуски, бугунги Ўзбекистон давлат мансабдорлари Сиз ва Сиз каби миллатимиз ойдинларининг халқпарварлиги ва ҳақпарварлигидан ўзларига сабоқ олмадилар…
Вақтлар келади, Сиз яратган ҳуқуқ мактаби Ўзбекистонда янгидан ривож топажак!
Қадрли Бобур Мажидович!
Бугунги қутлуғ санада Сизга дунёдаги барча эзгу ва пок тилакларни тилаб қоламиз!
Бундан беш йил аввал Сизнинг таваллуд кунингизда АҚШда дунёга келган ширинтой набирангиз Жўрабекни ҳам чин дилдан табриклаймиз!
Илоҳим, Жўрабек ҳам боболари ва бобокалонлари каби эл-юртига сидқидилдан хизмат қиладиган алп ўғлон бўлиб камолга етишсин!
Невара-чевараларингизни камолини кўриб, яна узоқ йиллар халқимиз бахтига омон бўлинг!
Келаси айёмларни, юбилейларингизни жонажон она Ватанимизда, азиз халқимиз билан биргаликда муҳташам тўйхоналарда қарши олишлик Сизу бизга насиб айласин!
Шундай ёруғ кунлар келишига биз, албатта, ишонамиз!
Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин, азиз Бобур Мажидович!
Сизга юксак ҳурмат ила,
сафдош дўстларингиз,
шогирдларингиз номидан
Улуғбек Бакиров
2 сентябрь, 2017 йил,
Норвегия
*****
Ўқувчиларга маълумот ўрнида:
Атоқли давлат ва сиёсат арбоби, Муҳаммад-Бобур Мажидович Маликов 1948 йилнинг 2 сентябрида Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида дунёга келган.
Отаси — Мажид Маликов (марҳум) урушдан кейинги оғир вақтларда Фарғона вилояти Охунбобоев тумани Ойимча қишлоғида жамоа хўжалиги (колхоз)га узоқ йиллар раислик қилади.
Онаси — Ҳайринисо Ая, 2015 йилнинг 6 июлида 94 ёшида Тошкентда вафот этдилар.
Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Йўлдош Охунбобоев Ҳайринисо Аянинг отаси ва Бобур Мажидовичнинг бобосидир.
Бобур Маликов 1949-1957 йилларда Фарғонада яшаб, 1967 йилда Тошкентдаги авиатехникумни тамомлаб, бир йил терувчи-уста вазифасида ишлаган.
1972 йили Тошкент Давлат Университети (ТошДУ)нинг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. 1972-1977 йилларда Тошкент шаҳри ва Республика прокуратураси тизимларида фаолият олиб борган Бобур Маликов, 1977 йилдан Адлия тизимида ишлаган.
1983 йилда Тошкент вилояти судининг аъзоси, 1985 йилда Олий Суд аъзоси, 1987-1989 йилларда эса, Андижон вилояти суди раиси, кейинроқ, яъни, 1989 йили Ўзбекистон Олий Суди раиси ва бир вақтнинг ўзида СССР Олий Судининг аъзоси лавозимида ишлаган.
1991 йили Ўзбекистон Адлия вазири лавозимига тайинланган.
1993 йили (19 февралдан 1993 йилнинг оҳиригача) Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги биринчи фавқулотда ва мухтор элчиси лавозимида фаолият олиб борган.
Бобур Маликов Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимидан, 1993 йилда истеъфо бериши ортидан ҳозиргача АҚШда сиёсий муҳожирликда оиласи билан бирга яшаб келмоқда.
Б.М.Маликов Ўзбекистон ҳукумати хизмати тизимида туриб, жасорат билан мухолифат сафларига ўтган ягона, юқори лавозимдаги мансабдор ҳисобланади.
Бобур Маликов собиқ СССР Олий Суди аъзолиги даврида СССР Бош прокуратураси терговчилари Гдлян ва Ивановлар Ўзбекистонда олиб борган ишларини қатағон атаб, 3,5 мингдан ортиқ «ўзбеклар иши», «пахта иши» каби сохта айбловлар билан судланган кишиларнинг оқланишларига эришган.
Оилали, икки фарзанди ва набираси бор.
*****
Суратларга изоҳ:
1-фото: Б.Маликов оиласи билан Оқ Уйда АҚШ Президенти Билл Клинтонга Ишонч ёрлиғини топшириш маросимида (1993 й.);
3-фото: Бобур Маликов рафиқаси Меҳринисо Бобожонова билан (Вашингтон, 2013 й.).
БУГУН, ЯНА БИР АЗИЗ УСТОЗИМИЗ БОБУР МАЛИКОВ ТУҒИЛГАН КУН!Бугун, 2 сентябрь яна бир азиз устозимиз, халқимизнинг забард…
Posted by Ulughbek Bakirov on Samstag, 2. September 2017
Fikr bildirish