ББС: Ўтинбоева ‘Жасорати учун’ мукофотига номзод этиб танланган
Ўтинбоева хоним 7 март куни Вашингтонга келади ва у ерда Президент Обама, Давлат Котибаси Ҳиллари Клинтон ҳамда АҚШ ҳукуматининг бошқа расмийлари билан билан учрашиши кутилмоқда.
8 март куни эса, Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоевага Американинг «Жасорати учун» мукофоти топширилади.
2007 йилдан бери ушбу мукофот жамият тараққиёти, инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий адолат учун кураш йўлида жасурлик кўрсатган таниқли аёлларга тақдим этилади. «Жасорати учун» мукофотига номзодлар дунёдаги АҚШ элчихоналари томонидан танланади. Ҳозиргача мукофот 27 давлатдан бўлган 37 аёлга берилган.
2009 йил ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева ҳам АҚШнинг «Жасорати учун» мукофоти билан тақдирланганди. Мукофот Тожибоева хонимга Америка Президенти Барак Обаманинг рафиқаси Мишел Обама ва Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон хонимлар томонидан топширилганди.
Мўътабар Тожибоева Роза Ўтинбоева мазкур мукофатга лойиқ эмаслиги, аксинча бу «шармандали ҳол» эканини айтади.
«Бу мукофот айнан кўрсатилган жасорат учун, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жабҳаларида ўзини жонини фидо қилиб, ҳақиқат учун курашган инсонларга берилади. Менинг фикримча, АҚШ Давлат департаменти ҳам, бошқа Ғарб сиёсатчилари ҳам, Роза Ўтинбоева раҳбарлик қилаётган пайтда президентлик курсисига ўтирганидан кейин содир этилган, ўзбекларга қарши қилинган жиноятни унутмасликлари керак эди», дейди ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Тожибоева хоним.
Fikr bildirish