Jarayon.com: Бишкекда ғойиб бўлган Шуҳрат Мусин Андижон қамоқхонасида
Бу ҳақда Шуҳрат Мусиннинг қариндошлари хабар берганлар.
Jarayon.com га кўра, «Шуҳратнинг Андижонда яшайдиган холаваччаси 15 суткага қамалиб қолибди. Озодликка чиққач эса у Шуҳратнинг ҳозирда Америкада қочқинликда яшаётган ота-онасини ўғиллари ўша қамоқхонанинг ертўласида сақланаётганидан хабардор қилибди».
29 ёшли Ўзбекистон фуқароси Шуҳрат Мусин ва унинг оиласи аъзолари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича агентлиги ҳужжатига эга бўлганлар.
Оиласи аъзоларига кўра, Шуҳрат Мусин шу йилнинг 18 феврал куни Бишкек шаҳрида бедарак йўқолган.
Яқинларининг айтишларича, ўша куни Шуҳрат Мусиннинг мобил телефонига қўнғироқ бўлган, у қўнғироқ қилган киши билан учрашмоқчи бўлиб уйдан чиққан ва шундан кейин дараксиз кетган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Шуҳрат Мусиннинг ғойиб бўлганидан бонг урдилар.
Унинг Ўзбек махсус хизматлари томонидан Қирғизистондан ўғирлаб кетилгани ҳақидаги хавотирлар билдирилди.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари андижонлик қочқинни конституцион тузумга тажовуз қилиш ва Ўзбекистон Исломий ҳаракатига аъзоликда айблаган.
Бироқ инсон ҳақлари ташкилотлари Шуҳрат Мусинга Ўзбекистонда қўйилган айбловлар сохталигини таъкидлаб келишади.
У 2008 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларининг талаби билан Қирғизистон хавфсизлик қўмитаси Шуҳрат Мусинни 2010 йил октябрида ҳибсга олган, бироқ БМТ Қочқинлар бўйича комиссарлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг аралашуви билан 2011 йил февралида қўйиб юборилган эди.
Шуҳрат Мусин Андижон қамоқхонасида сақланаётгани ҳақидаги хабар тарқалиши муносабати билан «Ўтюраклар клуби» раҳбари Мўътабар Тожибоева Қирғизистон расмийларини инсон ҳуқуқларини поймол этишда ҳисса қўшаётганликда айблаган.
«Шуҳрат Мусин бугунги кунда Ўзбекистонда, аниқроғи, Андижон тергов ҳибсхонасида эканлиги, биринчидан, Қирғизистоннинг Ўзбекистон ҳукумати вакилларининг қочқинни ўғирлаб кетиш жиноятига шерик эканлигини исботласа, иккинчидан, Мусин аллақачон қийноқ қурбонига айланганлигини исботлайди», деган Мўътабар Тожибоева.
Jarayon.com – Бишкекда ғойиб бўлган Шуҳрат Мусин Андижон қамоқхонасида
Fikr bildirish