Фуқаролигимизни тикланг ва Она Ватанимизга йўлимизни очинг жаноб Президент!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга; 

Ўзбекистон Республикаси Ташқи Ишлар Вазири Абдулазиз Комиловга;

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Бахтиёр Мирбобоевга;

Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Отабек Муродовга

ФУҚАРОЛИГИМИЗНИ ТИКЛАНГ ВА ОНА ВАТАНИМИЗГА ЙЎЛНИ ОЧИНГ ЖАНОБЛАР!

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Абдулазиз Ҳафизович!

Бахтиёр Шамсутдинович!

Отабек Баҳритдинович!

Бу йил 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари Умумжахон Декларациясининг 70 йиллиги дунё бўйича кенг нишонланади.

Ушбу Декларациянинг 13 моддасининг 2-қисмида “Ҳар бир инсон ҳар қандай мамлакатдан, шу жумладан ўзининг мамлакатидан чиқиб кетиш ва ўз мамлакатига қайтиб келиш ҳуқуқига эга” дейилган. Декларациянинг 15-моддасини 2-чи қисмида эса “Ҳеч ким ўзбошимчалик билан ўз фуқаролигидан маҳрум этилиши ёки ўз фуқаролигини ўзгартириш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас” дейилган.

Лекин афсуски диктатор Ислом Каримов замонида ва унинг айби билан минглаб Ўзбекистонликларнинг Инсон ҳуқуқлари Умумжахон Декларациясида кўрсатилган ушбу ҳуқуқларимиз оёқ ости қилиб келинди. Минг афсуслар бўлсинким Сиз – Шавкат Миромонович замонида ҳам ушбу ҳуқуқларимиз паймол этилиши давом этиб келмоқда.

ЖАВОБСИЗ ҚОЛАЁТГАН МУРОЖААТЛАР

Сизларга маълумки Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум бўлган, бугунги кунда турли мамлакатларда ҳамда мамлакат ичкарисида яшаётган фуқаролик жамияти фаоллари ва 2014 йилнинг 16 июнь кунги Ислом Каримов томонидан имзоланган ПФ-4624 сонли Фармонни бекор қилишини тарафдори бўлган оддий инсонларнинг “Жаноб Президент ПФ-4624 сонли “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиш”га доир ғайриқонуний Фармонни бекор қилинг ва машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси, мухолифат дарғаси Толиб Ёқубовни Она Ватанга қайтаринг” дея номланган мурожаатномасини шу йилнинг 23 март куни Сизларга тақдим қилгандик.

Ушбу мурожаатномани жўнатилганига икки ойлар ўтиб, аниқроғи Шавкат Мирзиёевни Вашингтонга сафари арафасида таниқли журналист, Андижон фожиасининг асосий гувоҳларидан бири, Центр-1 сайти асосчиси ва бош муҳаррири Галима Бухарбоева ҳам мурожаат билан чиқди.

Бухарбоева хоним ўзининг мурожаатида расмий Вашингтон Мирзиёевни АҚШга сафари пайтида мустақил ва аччиқ ҳақиқатни очиқ ошкора гапира оладиган матбуотлар вакилларини, яъни мустақил журналистларни Ўзбекистонга қайтариш масаласини муҳокама қилишга чақирди.

Галима Бухарбоева хоним Бирмадаги диктатура режими қулаши ортидан 20 йиллар давомида Европа давлатларида яшаб, фаолиятларини давом эттиришга мажбур бўлиб келган журналистлар, демократия, қонун устиворлиги тарғиботчилари учун Бирма дарвозалари очилганлигини мисол қилиб келтиради.

Дарҳақиқат Бирмада ҳам Ўзбекистондаги каби сўз ва фикр эркинлигини тарғиб қилувчи, инсон ҳуқуқлари муаммоларини бартараф этиш йўлида курашувчи фаоллар сиёсий зўравонлик ва қатағон ортидан мамлакатни тарк этишга мажбур бўлгандилар. Уларни ҳам Ўзбекистонликлар каби узоқ йиллар давомида “халқ душмани” дея қора рўйхатларда тиркаб келгандилар. Лекин Бирмада ижобий ўзгаришлар жараёни бошланиши биланоқ “халқ душманлари” аталмиш фаолларни Ватан остонасига мардона қадам қўйишларига, ўз фаолиятларини мамлакат ичкарисида давом эттиришларига шароитлар яратилганди.

Ўзбекистонда ҳам 2005 йил 13 майдаги тинч аҳолини оммавий қирғин қилиниши ортидан фуқаролик жамияти вакилларининг бир қисми зиндонбанд этилдилар, бошқалари эса мамлакатни тарк этишга мажбур бўлдилар. Мана орадан 13 йилдан ортиқ вақт ўтибдики, ҳали хануз уларга қарши ишга туширилган қатағон механизми юмшагани йўқ.

Албатта йиллар давомида қора рўйхатларга олинган, диний эътиқоди учун босимга учраганлар қора рўйхатлардан чиқарилганликлари ҳақида яхши, кўнгилни хуш қилувчи хабарлар чиқиб турибди.

Лекин Ўзбекистондаги сиёсий зўравонлик ва қатағон сабаб ватанни тарк этишга мажбур бўлган инсонлар тақдирига умуман эътибор қаратмаяпсизлар. Бугунги кунда сиёсий қочқинлик мақоми олиб, дунёнинг турли бурчларида яшаётган Ўзбекистонликларни собиқ Президент Ислом Каримов томонидан имзоланган ғайриқонуний Фармонига асосан фуқаролигидан маҳрум бўлган минглаб оилалар вакиллари тақдирида ижобий ўзгариш бўлиши учун яна қанча вақт кутиш керак?

Сиз жаноблар Ислом Каримов томонидан 2014 йилнинг 16 июнь кунги имзоланган ПФ-4624 сонли ғайриқонуний Фармонни бекор қилишни талаб қилиб бугунги кунда дунёнинг турли бурчагига тариқдек сочилиб кетган ҳамда мамлакат ичкарисида фаолият юритаётган юздан зиёд фуқаролик жамияти вакиллари ва оддий инсонларнинг 23 март кунги қилган мурожаатномасига ҳамда журналист Галима Бухарбоеванинг эркин матбуотни мамлакатга қайтаришни сўраб 16 май кунги мурожаатномасига қонунда кўзда тутилганидек жавоб берилмадинглар.

ТОЛИБ ЁҚУБОВ ТАРИХИ

Қандли диабетнинг инсулинга қарам бўлган оғир тури билан касалланган 80 ёшга қараб кетаётган, умрининг охирги йилларини ўз Она ватанида, яқинлари ёнида ўтказиш орзуси билан яшаётган Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари соҳасининг дарғаларидан бири хисобланмиш устоз Толиб Ёқубов орзуси армонга айланиб қолишидан қўрқиб яшамоқда.

Ёқубовлар оиласининг Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси ва бошқа ваколатли органлар билан мулоқотлари баъзида уларга умид берса, баъзида ўзларини алданаётгандек сезмоқдалар. Энди эса Толиб аканинг турмуш ўртоғи Турсуной опа номидан у кишини Ватанга таклиф этиш жараёнларини олиб бормоқдалар.

РАФИҚ ҒАНИЕВ ТАРИХИ

Лекин бу жараёнлар жамоатчиликни алдаш мақсадида қилинаётгандек туюлмоқда бизга.

Бундай фикрга боришга етарлича асосларимиз бор.

Масалан:

Сиз – Шавкат Миромонович мамлакатни Президенти лавозимида фаолият бошлаган паллангизда “Четдаги фуқароларни қайтаришимиз керак” дедингиз ва бу фикрингиз Она Ватанидан, яқинларидан йироқда, айрилиқ азобида яшаётган сиёсий қочқинларни барчамизни қоронғу кўнглимизга ёруғлик олиб кирди.

Мана шунга ишониб ўтган 2017 йилнинг 6 март куни Тошкентга сафар қилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш «Эзгулик» жамиятининг Фарғона вилоят бўлими собиқ раҳбари, Швецияда истиқомат қилаётган Рафиқ Ғаниев мамлакатга киритилмаган. Ғаниев 6 март куни Стокҳолмдан Тошкентга учиб келган. Бироқ Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилган деган сабаб билан чегарадан ўтказилмаган.

Тошкент халқаро аэропорти паспорт назорати бўлимидаги масъуллар Рафиқ Ғаниев Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Фармонига асосан 2015 йили Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилинганини айтишган.

МУҲИДДИН ҚУРБОНОВ ТАРИХИ

Сиз – Шавкат Миромоновични «Қўли қонга ботмаганлар қайтсин Ватанга” деган чақириғингиз ортидан яна бир ҳуқуқ ҳимоячиси, Швецияда расмий рўйхатдан ўтган “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари халқаро жамияти” раҳбари, тадбиркор Муҳиддин Қурбонов Она Ватанга қайтиш мақсадида учоққа ўтирди. Минг орзу умидлар билан самода парвоз қилган ҳуқуқ фаоли минг афсус надоматлар билан шу кунни ўзида ортга қайтди.

Муҳиддин Қурбонов Жиззах вилоятида 7 гектарлик ташландиқ ерни олиб, обод қилиб, ўзлаштирганидан кейин 2004 йилда унинг мехнати сингиган, маблағлари сарфланган ерини вилоятнинг собиқ мансабдорларидан бири бўлмиш Ортиқ Муродов фойдасига тортиб олмоқчи бўлганлар. Бунга қаршилик қилган Муҳиддин Қурбоновни қонунга зид равишда ҳибсга олиб, унга нисбатан жисмоний ва руҳий қийноқлар қўллаганлар. Жамоатчилик босими остидагина уни озод қилишга мажбур бўлганлар.

Ўзи яшаётган Жиззах вилоятида ҳуқуқлари топталаётган, ерлари тортиб олинаётган фермерларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиши сабаб таъқиб ва босимларга учраётган ҳуқуқ фаолига 2005 йил Андижон фожиалари ортидан таҳдидлар янада ортганидан кейин Қурбонов мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганди.

2017 йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистоннинг Германиядаги элчиси Азимбой Озодов жаноблари Швецияга ташриф буюриб бу мамлакатда яшаётган инсонларни мамлакатга қайтишларини сўради, мамлакатдаги ижобий ўзгаришлар ҳақида тўлқинланиб гапирди.

80 ёшни қоралаётган, Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани Карим девона қишлоғида яшаётган, саратон касаллиги билан оғриётган оғир аҳволдаги отаси Қўзибой Қурбоновни кўриш мақсадида Ўзбекистонга сафар қилган Муҳиддин Қурбонов ҳам Ватанга киритилмади, ортга қайтарилди. Она Ватан тупроғига қадам қўйгач, биринчи ўринда оғир хасталик ва фарзанд доғидан мункайиб қолган отасини бағрига босиш, соғинч дардини енгиллатишни ният қилиб самога парвоз қилган ўғил армон билан ортга қайтди.

ЗОКИР АЛИЕВ ТАРИХИ

Сиз – Шавкат Миромонович қисқа муддатлар ичида Америка Қўшма Штатларига қилган иккита ташрифингиз чоғида ҳам Америкада яшаётган Ўзбекистонликларга Ватанга қайтишларини, бугунги кунда уларни Ватан равнақи учун, мамлакатни бугунги кундаги оғир вазиятидан олиб чиқиб кетишда елкама елка туриб хисса қўшишларини сўраб чақириқлар қилдингиз.

Сизни бу чақириғингизни тинглаган ҳар бир Ўзбекистонлик ишонди! Яна бир бора ишонди!

Лекин…

Асли Ўзбекистонлик ва 2014 йилдан буён АҚШ фуқароси бўлмиш, АҚШдаги солиқ сохасида фаолият юритувчи 46 ёшли Зокир Алиев шу йилнинг 16 июнь куни қариб, мункиллаб қолган онасини дийдорига тўйиш илинжида Она Ватанига ташриф буюрди. Қашқадарёга бориб, онаси дийдорига тўйиб улгурмасдан уни ДХХ вакиллари томонидан тутиб кетилди.

Мамлакатга кириш визаси билан қонуний тарзда Ўзбекистонга киритилган Зокир Алиев террористик ташкилотларда фаол иштирок этганликда айбланиб, ҳибсга олинди ва унинг барча ҳуқуқлари, эркинликлари паймол этилди. Уни олдида оиласи томонидан ёлланган адвокатни киритмадилар. Унинг қонунга зид равишда ҳибсга олиниши ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзусига айланиб улгурганидан кейингина Зокир Алиев озодликка чиқарилди. 

БОБУР ҲАСАН ТАРИХИ

Зокир Алиев билан содир бўлган воқеадан кейин ҳам Сиз – Миромоновичнинг мамлакатга инвестор олиб кирадиган, ишчи ўринлари яратадиган тадбиркорларни бошингизда кўтаришингиз ҳақидаги баёнотларингизга ишонган яна бир АҚШ фуқароси бўлмиш Ўзбекистонлик алданганлигини жуда кеч тушунди.

4 август куни асли Ўзбекистонлик бўлмиш, 13 йилдирки Америкада яшаб, ўқиб, ўрганиб, тадбиркорлик сохасида тажриба орттирган ишбилармонлардан бири – 31 ёшлик Бобур Ҳасан 1200 нафар инсонни иш билан таъминлаши мумкин бўлган, йўлларда узоқ сафарга отланган ҳайдовчилар ва йўловчилар учун дам оладиган 2000 та марказ, ҳамда Тошкент кўчаларида ихчам ва қулай паркинглар қуришни ният қилиб,  50 миллион долларлик иккита лойиҳаси билан Она Ватанига парвоз қилганди. Орзу умидлар ила самога парвоз қилган Бобур бу орзуси армонга айланишини, халқаро аэропортни ўзиданоқ қайтарилишини хали билмасди.

Ривожланган мамлакатларда биргина ишчи ўрни яратган ишбилармонни юксак қадрлайдилар, унинг фаолиятини ривожлантириш учун ҳар қандай кўмакни беришга доим тайёрлар. Бир йилдан ортиқ ўз бизнес лойиҳаларини Вашинтондаги Ўзбекистон элчихонаси маъсуллари орқали мухокама қилаётган Бобур Ўзбекистонлик элчихона вакилларининг сўзи ва Ўзбекистон ҳукуматининг амалдаги ҳаракати бир биридан кескин фарқ қилишини аэропортдаги чегара хизмати вакилларининг ўзига қилган салбий муносабатларидан кейингина хис қилган бўлса ажабмас.

Ўзбекистондаги аҳолининг асосий қисми ўта қашшоқ холатда яшаши, ишга яроқли хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл оиласини боқиш учун ўзга юртларга чиқиб кетиб, у мамлакатларда ҳаққи ҳуқуқлари топталаётгани, ота онасиз қолган норасидаларнинг ҳар бир аянчли ўтган куни учун Ўзбекистон ҳукумати ва расмийлари жавобгар бўлиб турган бир пайтда 1200 нафар инсонни иш билан таъминламоқчи бўлган ёш узбек инвесторини мамлакатга киритмасдан, хайдаб солингани, унинг лойиҳаларини Қозоғистон ҳукумати катта қизиқиш билан қабул қилиб олганлиги Сизларни юзингизга урилган тарсаки эмасми?

Энди Сизларга ким ишонади?! Энди сизларни олиб бораётган сиёсатингизга ишонч билан қарашни бошлаганларни ўйлантириб қўймайдими? Қайси бир инвестор сизларнинг баландпарвоз гапларингизга ишониб, Ўзбекистонга маблағ ётқизади?

Мухтарам Шавкат Миромонович! Мухтарам жаноблар! 

23 март кунги мурожаатномамизда таъкидлаганимиздек Ислом Каримов томонидан имзоланган ПФ-4624 сонли Фармонда назарда тутилган “фуқароликни йўқотиш” тушунчаси 1992 йил 2 июлда қабул қилинган ва шахсан Ислом Каримов томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролик тўғрисида” қонуни ҳамда 1992 йил 2 мартда БМТга тўлақонли аъзо бўлган ҳукумат тан олган ва уларни ратификация қилган БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси” ва “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақида халқаро пакт”и каби халқаро ҳужжатлари моддалари талабларига умуман мос келмайди.

ИСМАТ ХУШЕВ ЎЗИНГИЗНИКИ!

Лекин шуни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керакки, Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганлар орасида фақатгина бир кимсага исталган пайтида мамлакатга кириши ва чиқиши Ислом Каримов пайтида ҳам мумкин эди, Сиз – Шавкат Мирзиёев замонида ҳам мумкин.

Бу – Канада фуқароси ўлароқ йиллар давомида, хусусан 2013 йилдан бошлаб Ўзбекистон махсус хизматлари фойдасига ЖОСУСлик жинояти содир этиш билан очиқ ошкора шуғулланиб келган, Республика Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси Рустам Иноятовдан тўғридан тўғри олган кўрсатмалари асосида диктатура режимига қарши курашчилиги билан танилган ўнлаб фуқаролик жамияти фаолларига қарши қоралов кампаниялари олиб борганлигини, МХХчилар томонидан тайёрлаб, жўнатилган туҳмат ва бўхтонлардан иборат мақолаларни, ҳақиқатга зид эканлигини кўриб, била туриб ўзи асос солган ва бошқараётган Дунё ўзбеклари сайтида чоп қилиб борганлигини расман тан олган Исмат Хушевдир.

Исмат Хушев Ислом Каримов режимининг ҳам ўзиники эди, Сиз – Мирзиёев замонининг ҳам ўзиникидир. Биз Сиз – Шавкат Мирзиёев бошқараётган янги ҳукумат учун ҳам бегоналигимизча, ётлигимизча қолмоқдамиз.

Бизлар – Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги, қонун устиворлиги ва инсон ҳуқуқлари таъминланишини талаб қилганлигимиз ва шу йўлда жонимизни гаровга қўйиб курашганлигимиз учун Каримов замони қатағонига учраганмиз, Сиз – Мирзиёев замонининг ҳам қатағони қурбонлигимизча қолмоқдамиз!

Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда биз Сизлардан такрорий равишда;

Шу йилнинг 23 март кунги “Жаноб Президент ПФ-4624 сонли Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиш”га доир ғайриқонуний Фармонни бекор қилинг ва машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси, мухолифат дарғаси Толиб Ёқубовни Она Ватанга қайтаринг!” деб номланган мурожаатномани Сизларга такроран юборамиз ва уни назоратга олишингизни, кўтарилган муаммоларни қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқиб, қонуний жавоб беришингизни;

– Журналист Галима Бухарбоеванинг эркин матбуотни Ўзбекистонга қайтариш юзасидан қилган мурожаатномасини қонуний асосларда кўриб чиқиб, қонунда белгиланганидек жавоб беришингизни;

– Марҳум Президент Ислом Каримов томонидан 2014 йилнинг 16 июнь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотиш”га доир ПФ-4624 Фармонини ғайриқонуний деб топишингизни ва уни бекор қилишингизни;

– Ушбу ғайриқонуний Фармонга асосан Ўзбекистон фуқаролигини йўқотган инсонларнинг фуқароликлари тиклашингизни ҳамда фуқаролиги тикланган инсонлар рўйхатини матбуотлар орқали расман эълон қилишингизни;

– Биз албатта қон тўкишни, радикализм, терроризмни тарғиб қилгувчи кимсаларни мамлакат ичкарисиги кириб олиб, бузғунчилик ҳаракаталарини бошлаб юборишиларига қаршимиз. Шунинг учун ҳам ҳаққи ҳуқуқлари бузилган Она Ватанига қайтиш илинжида бўлган турли соҳа вакиллари бўлмиш Ўзбекистонликларни фуқаролигини тиклаш юзасидан махсус комиссия тузишингизни ва Ўзбекистон ҳукуматини бунингдек шармандали вазиятга тушираётган холатлар бўйича фаолият олиб борувчи бу комиссиянинг иши устидан жамоатчилик назорати ўрнатишингизни ва бу комиссия фаолияти шаффоф бўлишини таъминлашингизни сўраймиз.

Ушбу қонуний талабларимиз бажарилмайдиган бўлса энг аввало Ўзбекистон фуқаролигидан қонунга зид равишда маҳрум қилинган дунёнинг турли бурчида яшаётган юзлаб оилалар номидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотига диктатор Ислом Каримов замонида бузилган ҳуқуқларимиз Сиз – Шавкат Мирзиёев замонида ҳам давом этаётгани учун оммавий шикоят аризаси топшириш ҳуқуқидан фойдаланишга;

Сиз – Шавкат Мирзиёевни яқин муддатларда Францияга қиладиган расмий ташрифингиз палласида дунёнинг турли мамлакатларидаги Ўзбекистон элчихоналари олдида норозилик намойишлари уюштириш ва фаол иштирок этиш ҳуқуқидан фойдаланишга;

Инсон ҳуқуқлари Умумжахон Декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги дунё бўйича кенг нишонланадиган паллада, яъни 1 декабрдан 10 декабргача ўн кунлик муддат ичида норозилик кампанияси уюштириш, яъни дунёнинг турли мамлакатларидаги Ўзбекистон элчихоналари олдида “Ўзбекистон фуқаролигини йўқотиш”га доир ғайриқонуний Фармонни бекор қилиш талаби ёзилган плакат билан билан суратга тушиш ва у суратларни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш сингари акцияларни ташкиллаш ва иштирок этишга мажбур бўлишимизни эслатиб ўтамиз.

Сизларга ҳурмат ва эҳтиром ила

Мўътабар Тожибоева

Ўзбекистон фуқаролигидан 2014 йилда маҳрум этилган ҳуқуқ ҳимоячиси “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти асосчиси, Президенти ва собиқ раҳбари,

Ёзувчи – «Кийноқлар ороли асираси» роман хроникаси муаллифи.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.