Лондондаги Иронтекс ва Гратум компаниялари таъсисчи бўлган “CLUSTER” хориж инвестори юзлаб ишчилар ҳуқуқлари топталиши эвазига Ўзбекистонга келмоқда!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга

Юридик манзили: Тошкент вилояти, Қуйичирчиқ тумани, Қўрғонча посёлкасида жойлашган “BALIQCHI” АЖ раиси Пирвалиев Абдураҳим Абдуғаниевичдан

Тел:+998983601414

БИЛДИРИШНОМА

11 январь 2019 йил

Ушбу мурожаатим орқали сизга шуни маълум қиламанки, 2017 йилнинг май ойида Тошкент вилояти прокуратурасининг қарорига асосан BALIQCHI” АЖда текширув ва суриштирув ҳаракатлари бошланган эди.

Бир неча ойлар давом этган бу текширув ва суриштирув ишлари 2017 йилнинг якунига келиб Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан давом эттирилиб, деярли 2018 йилнинг май ойи охирига қадар давом этди.

Июнь ойида Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси топшириғига асосан Тошкент шаҳар прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан ХИИ  BALIQCHI” АЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов харакатлари ўтказилиб, жамиятнинг собиқ бош директорига нисбатан қўзғатилган жиноят иши жамиятга етказилган зарар жавобгар томонидан тўлиқ қопланганлиги учун Ўз.Респ.ЖПКнинг 84-моддасига асосан харакатдан тугатилди.

Мен Тошкент вилояти, Қуйичирчиқ тумани хокимининг 2018 йилнинг 8 январь кунги 1-ф-сонли фармойишига асосан “BALIQCHI” АЖ бош бошқарувчи лавозимига тайинландим. Дастлаб балиқчилик соҳасидаги иш тажрибамдан келиб чиқиб, ишни хўжаликда мавжуд маҳсулотни талон-тарож қилдирмасдан, она–бола ва  чавоқ балиқларни сақлаб қолишга, тайёр маҳсулотларни сотиб, хўжаликни бир маромда ишлашини таъминлашга ҳаракат қилдим.

Чунки текшириш бўлганда ҳам, хўжалик мақоми, кейинги фаолияти аниқ бўлмаган ёки шаклланмаган тақдирда ҳам ходимларнинг ишлашлари, ойлик маошларини ўз вақтида олишларини таъминлаш ҳамда хўжаликни таназзул холатига туширмаслик зарур эди.

Хўжаликда балиқ етиштиришни кўпайтириш учун асосий қилинадиган ишлардан бири ишчи-ходимларнинг ишга бўлган муносабатини ўзгартириш эди. Шу йўналишда ишчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш мақсадида иш ҳақи тўлаш тизимига ўзгартириш киритмоқчи ва меҳнат натижаларидан келиб чиққан ҳолда мукофотлаш тизимини жорий қилдик. Шунда ишчиларнинг ишга бўлган муносабаат тубдан ўзгарди.

Жамиятда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларга бериладиган мукофот пуллари, моддий ёрдам пуллари ва ҳар бир ишчига меҳнат таътили даврида соғлигини тиклаш учун тўланадиган моддий ёрдам ва бошқа тўловлар жамоа шартномасида акс эттирилди.

2018 йил 6 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3657 сонли қарори чиқди. Бу қарорда бизга қўйилган асосий талаб балиқ етиштириш ҳажмини кўпайтириш эди.

Балиқ маҳсулотларини етказиб бериш борасида қўйилган режани бажариш ва аҳолини балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда Тошкент вилояти иқтисодий судининг қарори билан давлат захирасига олинган жамиятнинг мол-мулкини талон-тарож қилинишини олдини олиш мақсадида балиқ етиштиришга мўлжалланган ховузларнинг ҳар бири жамиятимизда узоқ муддатлардан буён халол меҳнат қилиб келаётган уста ва мавсумий балиқчиларга алоҳида шартномалар орқали моддий усулда рағбатлантириш эвазига бириктирилиб, янги усулда балиқ етиштириш йўлга қўйилди.

Бундан ташқари балиқ етиштириш режасини тўлиқ бажариш ва талон-тарожликнинг олдини олиш мақсадида ҳар ойнинг якунида жамиятнинг тегишли мутахассислари томонидан ҳар бир ховузларда назорат овлари ўтказилиб, балиқ етиштириш жараёни таҳлил қилиниб, назорат тартибида ўрганилиб борилмоқда. Натижада 2018 йил биринчи ярим йиллиги мобайнида жаъми бўлиб хўжалигимиз томонидан 11 млрд. 486 млн. сўм миқдорида балиқ маҳсулотлари тайёрлаб, сотилди.

Акционерлик корхоналари қанчалик яхши, самарали ва рентабелли ишласа, бутун иқтисодиётнинг, жумладан, уларнинг ўзларининг ҳам кўрсаткичлари юқори бўлади. Акция мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини шартли равишда беради.

Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунида акциядорнинг ҳуқуқлари батафсил ёритилган. Акциядорлик жамияти қай бир тарзда тугатилган тақдирда ўзларига тегишли улушга мувофиқ мол-мулкнинг бир қисмини олиш хуқуқига эгадирлар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 01 декабрдаги “Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида замонавий агросаноат кластерини ташкил этиша чора-тадбирлари тўғрисида”ги 974-сонли қарори ва Тошкент вилояти ҳокимининг 2018 йил 03 декабрдаги 926-сонли ҳамда Қуйичирчиқ тумани ҳокимининг 2018 йил 10 декабрь кунидаги 2245-сонли қарорлари бўйича Қуйичирчиқ тумани “Қўрғонча” худудида жойлашган “BALIQCHI” АЖнинг мулкчилик шакли ўзгартирилиб, янгидан «TCT FISH CLUSTER” МЧЖ деб номланган хорижий корхона ташкил этилаётганлиги муносабаати билан 2018 йил 14 декабрдан эътиборан «TCT FISH CLUSTER” МЧЖ Давлат хизматлари марказидан рўйҳатдан ўтказилиб, 656810-сонли гувоҳнома берилганлиги хусусида биз огоҳлантирилдик.

Лекин маҳаллий нашрларда корхонамиз тугатилаётганлиги ҳақида ҳеч қандай эълон берилмаган. Шунингдек, янги таъсис этилган  «TCT FISH CLUSTER” МЧЖ раҳбари Т.Қудратовнинг берган хатига кўра, 2018 йил 15 декабрь кунига қадар “собиқ” деб келтирилган матнда ноль қийматида олинган “BALIQCHI” АЖнинг “приём-передача”си ҳал бўлмаганлиги сабабли хорижий инвестор ўзига юклатилган вазифани бажара олмаётганлиги ҳақида баён қилинган.

Лекин “BALIQCHI” АЖнинг тугатилганлиги ёки банкрот деб топилганлиги хақида қўлимизда қарор мавжуд эмас.Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ мамлакат иқтисодиётининг негизини турли шакллардаги мулк ташкил этади. Мулк ҳуқуқи мутлақ ҳуқуқ ҳисобланадики, у бу ҳуқуқни бузадиган ҳар қандай ҳаракатларни таъқиқлашни тақозо қилади.

Шундай экан «TCT FISH CLUSTER” МЧЖ “BALIQCHI” АЖ мол-мулкига эга бўлар экан, аввало инвентар рўйхати тузиши, асосий воситалар объектига илова қилинадиган ҳужжатларга мувофиқ инвентар карточкада объектнинг белгилари, яъни, объектнинг инвентар рақами, чизмаси, лойиҳаси, модели, хили, маркаси, завод (ёки бошқа) рақами, чиқарилган (тайёрланган) санаси, қабул қилиш далолатномасининг санаси ва рақами, дастлабки (тиклаш) қиймати, харид ва қайта баҳолаш ҳужжатлари бўйича эскириши тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган холда корхона субсчётида  бўлган моддий қимматликларни қабул қилиб олиши шарт.

Ишчи-ходимларимиз томонидан пешона тери эвазига етиштирилган 2000 тонна атрофидаги тирик балиқ маҳсулотлари ҳали ҳавзада турибди. Ваҳоланки, биз акциядорлар сармояси билан кириб келаётган таъсисчиларнинг бино, ер ва бошқа инвентарларни хатлаб ўзларининг тасаруфига олаётганидан норози эмасмиз. Умуман олганда хориждан кириб келаётган “CLUSTER” хақида етарли тушунчага эгамиз.

Таъсисчилар Британиянинг Иронтекс ва Гратум компаниялари бўлади. Президент қарорига асосан ушбу лойихани қўллаб-қувватлаш мақсадида  корхона 2022 йил 01 январга қадар  божхона тўловларидан озод қилинади. Бундан ташқари «TCT FISH CLUSTER” МЧЖ ҳамда унинг таркибига кирувчи  корхоналарга ўзлари ишлаб чиқарган махсулотларни эркин тасаруф этиш, нарх-навони шакллантириш ва махсулот реализацияси хажмларни мустақил белгилаш  ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, «TCT FISH CLUSTER” МЧЖ ўзига ажратилган ерларда  меҳнат шартномалари асосида ишчи-хизматчиларга мехнат учун адолатли ҳақ тўлаш принциплари бўйича хисоб-китобларини амалга оширади.

Лекин «TCT FISH CLUSTER” МЧЖ “BALIQCHI” АЖ ҳудудига кириб келар экан 640 нафар акционернинг тақдирини осонгина ҳал қилиб қўйишига йўл қўйиш керак эмас. Акциядорлик  жамиятининг  мулкий,  ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий жиҳатлари алоҳида қонунчиликда белгилаб берилади.

Акциядорлик жамияти бошқаришнинг олий органи акциядорларнинг умумий йиғилиши бўлиб, у корхона тараққиётининг асосий стратегик йўналишларини белгилаб беради. Бу қонунчилик, бир томондан, мулкдорлар, шу жумладан йирик мулкдорларнинг мулкни тасарруф этишдаги устун мавқеини таъминласа, иккинчи томондан майда мулкдорлар (майда акциядорлар) ҳуқуқларини ва манфаатларини кафолатлаб қўяди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органлари давлат корхоналарини қайта тузиш орқали ташкил этилган акциядорлик жамиятлари акцияларининг бирламчи чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказадилар. Шунингдек акцияларнинг белгиланган тартибда жойлаштирилишини таъминлайдилар.

Инвестор – қимматли қоғозларни ўз номидан ва ўз ҳисобидан сотиб олувчи жисмоний ёки юридик шахсдир. Давлат бошқарув органи ва ўзга органнинг қимматли қоғозларни чиқариш ва муомалада юритишга тааъллуқли ғайриқонуний хатти-ҳаракат ва қарорлари устидан судга белгиланган тартиб бўйича шикоят қилиниши мумкин.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, акционерлик жамияти кези келганда Инвестиция институтларининг   ва эмитентларнинг  ўқувсиз ёки ғаразли хатти-ҳаракатлари туфайли кўрган зарарнинг тўланишини талаб қилиш ва ўз манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида уюшмалар ва бошқа жамоат ташкилотларига бирлашиш ҳуқуқига эгадир.

Халқимизда “Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир” деган ажойиб нақл бор. Тайёр ошни ейишдан олдин уни қандай пишгани билан қизиқиш лозим. Биз номинал қиймати 5000 сўмдан бўлган ҳар бир акция учун акциядорларга 9 ойлик дивидент пулини тўлаб бердик. Ишчиларимиз ҳам иш ҳақларини ўз вақтида олишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 19 мартдаги 88-сонли қарорига биноан мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ходимларга иш ҳақи ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши учун шахсан жавоб берадилар, иш ҳақини товарлар билан натура шаклида тўланиши таъқиқланади (қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан етиштирилган ва қайта ишланган, ходимларнинг ёзма аризасига кўра шартномавий нархларда бериладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бундан мустасно).

Бу ерда гап ойлик иш хақлари, моддий рағбат, дивидент ва бошқа меҳнат маҳсули хақида кетяпти. Агар корхонага бир пайтлар раҳбарлик қилган Жамшид Қурбонов каби кимсалар келса ишчиларнинг аҳволи оғирлашади. Чунки, Жамшид Қурбонов муқаддам 1 млрд.615. 373.939 сўм миқдорида кредит маблағи олган. 2010 йилда эса 390 млн. 720 000 сўм миқдорида давлатдан кредит олиб консерва ишлаб чиқариш ускунаси олиб келган. Лекин ускуна 8 йилдан буён омборда турибди. Ҳеч ким ишлатгани йўқ.

Муқаддам ишлаб кетган раҳбарлар томонидан юзага келган дебитор қарздорлик корхонани таназулга олиб келиши муқаррар эди. Лекин биз бунга йўл қўймадик. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1995 йил 12 мартдаги ПФ-1154 сонли Фармонига кўра маҳсулот (ишлар, хизматлар) қийматининг камида 15 фоизи миқдоридаги маблағни олдиндан ўз ҳисоб рақамига туширмай туриб маҳсулот жўнатиш (ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш) таъқиқланади.

Ушбу Фармонга, шунингдек «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунга ва Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик-процессуал кодексига асосан дебитор қарздорликни бартараф этиш иш берувчилар зиммасига юклатилган.

Тўғри, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги “Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманида замонавий агросаноат кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 974-сонли қарори қабул қилинди.

Ушбу Қарорнинг 3-бандида 2-қисмида “Кенг турдаги балиқ маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш, шу жумладан, экспорт қилиш бўйича замонавий комплекс ташкил қилиш учун собиқ «Балиқчи» АЖ мулкий комплексини, янги иш ўринлари ташкил этиш ва 8,2 млн АҚШ доллари миқдорида инвестициялар киритиш шарти билан, «ТСТ cluster» МЧЖга «ноль» қийматида сотиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин” деб белгиланган.

Қарорда 2019-2022 йилларда Тошкент вилоятининг Қуйичирчиқ туманини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг рўйхати маъқулланган.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорини бажарилишини таъминлаш бўйича Қуйичирчиқ тумани ҳокимининг 2018 йил 10 декабрдаги № 2245-сонли қарори қабул қилинди ва ушбу қарорда амалга ошириладиган ишлар ва уларни муддатлари белгиланган. Кластер ушбу қарорлар моҳиятини тўлиқ тушунмасдан туриб, турли қонунга зид ҳатти-ҳаракатларни  амалга оширмоқда.

Балиқчилик лойиҳасини амалга ошириш учун жамиятимиз томонидан етиштирилган балиқ ва балиқ маҳсулотларига эгалик қилиш, жамиятимиз ҳисоб рақамини тафтиш қилиш ҳамда пул маблағларини тасарруф қилиш ва олиб қўйишга, жамият мол-мулкларига эгалик қилишга очиқдан очиқ, ҳар қандай қонун талабларини бузган ҳолда ҳарактларни амалга оширмоқда.

Савол туғилади:

Кластер қарорлар талаби асосида нима ишларни ва қайси муддатларда амалга ошириши керак?

Юқоридаги қарорларнинг 2-иловасига мувофиқ, балиқларни кўпайтириш ва қайта ишлаш комплекси 2021-2022 йилларда ташкил этилиши керак.

Қарорнинг 3-иловасига мувофиқ, 2019 йилда биринчи навбатда мавжуд техника паркини модернизация қилиш ва ҳовуз фондининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш;

Иккинчидан балиқларни кўпайтиришнинг интенсив технологияларини жорий қилиш ва балиқлар озиқланадиган ўсимликларни зич жойлаштириш усулларини қўллаш ҳисобига кўллар маҳсулдорлигини ошириши белгиланган.

Кластер қарор талабларини бажариш учун бирор ишни амалга оширгани йўқ. Аслида мутаҳассисларни олиб келиш, бўш турган 1000 гектардан ортиқ ҳовузларни мелиоратив ҳолатини ўрганиш, балиқ етиштириш технологиясини танлаш ва ушбу технологияни амалга ошириш учун ҳовузларда бўлиш-таъмирлаш ишлари сметасини тузиб чиқиши керак эди. Ушбу смета асосида кўлларни таъмирлаш учун зарур техника воситаларини олиб келиш, мавжудларини  таъмирлаши лозим эди.

Кластер ушбу ишларни амалга ошириш ўрнига “Балиқчи” АЖ етиштирган балиқларни сотишни биринчи навбатдаги вазифа деб ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

Мулкларни кластерга бериш тартибидаги ҳуқуқ бузилишлари:

Қуйичирчиқ тумани ҳокимининг 2018 йил 10 декабрдаги № 2245-сонли қарорининг 4-бандида 2018 йил декабргача инвестиция лойиҳларини амалга ошириш учун ер участкалари  ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, амалда ер участкалари ажратилган.

Ушбу қарорнинг 9-бандига мувофиқ:

“Туман ишчи гуруҳи (Б.Исроилов) хатлов натижаларини ҳисобга олган ҳолда давлат мулки бўлган бўш турган объектларни туман ҳокимининг қарорига асосан кейинчалик «ТСТ cluster» МЧЖга инвестиция мажбуриятлари билан “ноль” харид қийматда сотиш учун уларнинг рўйхатини бир ой муддатда вилоят хокимлигига киритилсин;

15-бандида Қуйичирчиқ туман ҳокимлиги тасаруфидаги ХИИ “Балиқчи” АЖнинг барча мол-мулки ва ер майдони «ТСТ cluster» МЧЖга топшириш-қабул қилиш бўйича туман комиссияси 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин..” деб белгиланган.

Бундан кўринадики кластерга ер участкалари бириктирилган, «ТСТ cluster» МЧЖга инвестиция мажбуриятлари билан “ноль” харид қийматда сотиш учун бўш турган давлат мулкини рўйхатини 10 январгача муддатда вилоят хокимлигига киритилиши керак. Вилоят ҳокимлиги мулклар рўйхатини тасдиқлагандан сўнг кластер эгалигига  ўтади.

Бироқ кластер, бир ойлик муддат ўтмасдан, топшириладиган мулклар рўйхати тузилмасдан, топшириш-қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилмасдан, мол-мулклар “бир четда” қолиб кетиб, балиқларни ўзлаштириш ва сотиш ҳуқуқини талаб қилмоқда.

Кластерни ҳуқуқий мақоми қандай?:

Қарорларда таъкидланишича, кластер хорижий инвестиция иштирокидаги масъулияти чекланган жамият ҳисобланади, яъни тадбиркорлик субъекти. Аммо бугунги кунда кластер давлат органларидан ҳам юқори ваколатларни олиб жамиятимиз ишчиларидан тилхат олиб, бухгалтерга маблағларга улар эга эканлигини 4 декабрдан хеч қандай тегишли ҳужжатларсиз ва давлат вакиллари иштирокисиз бошлаб юборишган.

«ТСТ Fish cluster» МЧЖ 14 декабрь куни рўйхатдан ўтказилди, 10 кундан буён “Кластер вакилларимиз» деб ўзини таништирган кимсалар жамиятимиз фаолиятига қонунга зид равишда аралашиб келмоқдалар.

Кластер вакиллари “14 декабардан бошлаб фаолият бошлаяпмиз” дея “Балиқчи” АЖга тегишли бўлган ҳар хил молиявий ҳужжатларни талаб қилиш, маблағларга эгалик қилиш, хисоб рақамни  назорат қилиш каби ваколатига кирмадиган талабларни қўймоқда. “Жамиятни тан олмаймиз, сизлар йўқ бўлиб кетган ташкилотсизлар, тугатилишларингиз керак” деган талаблар билан чиқмоқда.

«ТСТ Fish cluster» МЧЖ бизнинг назаримизда бизнинг жамиятимиз каби оддий бир хўжалик субъекти ва унинг ваколатига бундай талаб қўйиш кирмайди.

Бугунги кунда Президентимиз томонидан тадбиркорларга енгиллик бериш, ҳатто давлат ва назорат органларини фаолиятига аралашувини кескин чеклаб қўйган бир даврда оддий бир хўжалик субъектини қонун талабларини очиқдан-очиқ бузиши, қонун билан ҳимояланган хусусий мулк ҳуқуқларини умуман тан олмаслиги ҳолатларини қандай тушуниш мумкин?!

Ўзбекистон Республикаси “Тадбиркорлик субъектлари эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунни 23-моддасида кўра, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг мулки дахлсиздир ва қонун билан муҳофаза қилинади.

Мол-мулк мулкдори ўз мол-мулкига нисбатан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай ҳаракатни қилишга ҳақли. Тадбиркорлик фаолияти субъектидан мулкни олиб қўйишга, унинг бошқа ашёвий ҳуқуқларини бекор қилишга, шунингдек бундай ҳуқуқларни чеклашга йўл қўйилмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, «ТСТ Fish cluster» МЧЖ вакилларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 974-сонли қарори талабларига зид бўлиб, “Балиқчи” АЖнинг мулк ҳуқуқини бузаётганлиги сабабли, жиноят аломатлари мавжуд деб ҳисоблаймиз.

Бизлар бунингдек ғайриқонуний қилмишлар давом этаётгани сабабли “Балиқчи” АЖ акциядорлари номидан тегишли тартибда Сизга – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва бошқа идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқдамиз.

Энди эътиборингизни Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий Ижро Бюроси Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани бўлими бошлиғи адлия маслаҳатчиси Ж.М.Раджаповнинг 28.12.2018 йилдаги № 01\10-384\18-сонли хатига қаратсак:

Тошкент вилояти иқтисодий судининг 2017 йил 17 августдаги 1103-1701\162-сонли ижро варақаси бўлим иш юритувига 2017 йил 31 август куни келиб тушган бўлиб, шу куннинг ўзида 6318-сонли ижро иши юритуви қўзғатилган.

Бу ижро ҳужжатида “Балиқчи” АЖнинг эгалигида ва фойдаланишида бўлган мол-мулклар ва 3496,7 гектар ер майдони Қуйичирчиқ тумани хокимлиги ер заҳира фондига қайтариш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжатини ижросини таъминлаш мақсадида 2017 йил 21 октябрь куни  “Балиқчи” АЖга тегишли жаъми 62 та транспорт воситалари, 49 та қишлоқ хўжалиги ва махсус техникалар, 7,6 га экин ерлари, 7,0 га томорқа ерлари, 118,6 га йўллар, 25,0 га қурилишлар, кўчалар ва майдонлар, 5,0 га ўрмонзорлар (яъни балиқчининг бутун музофоти) 2 449,1 га балиқ ҳовузлари 211,0 га ариқли зовурлар, 118,6 га йўллар, 25,0 га қурилишлар, кўчалар ва майдонлар, 5,0 га ижтимоий бинолар ва 163,3 га қишлоқ хўжалигида фойдаланмайдиган бошқа ерлар, ҳамда 24 га участкадаги 1 672 турдаги товар моддий бойликлари, 974 турдаги асосий воситалар ва 23 бош қорамол мавжудлиги аниқланган эмиш (!!!).

Аниқланган барча мол-мулклар, бино иншоатлар ва ер майдонлари Қуйичирчиқ туман хокимлиги вакилларига 2017 йил 21 октябрдаги далолатнмоа орқали топширилган эмиш (!!!).

МИБ бўлим бошлиғи ўз хатида Ўз.Респ. ФКнинг 169-моддаси тартибида иш кўраётганини иддао қилган. Барака топгур 2018 йил май ойи охирига қадар олиб борилган суриштирув ва тергов ишларидан кейин июнь ойида Бош прокуратура топшириғига асосан Тошкент шаҳар прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан ХИИ  BALIQCHI” АЖ мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов харакатлари ўтказилиб, жамиятнинг собиқ бош директорига нисбатан қўзғатилган жиноят иши жамиятга етказилган зарар жавобгар томонидан тўлиқ қопланганлиги учун Ўз.Респ.ЖПКнинг 84-моддасига асосан харакатдан тугатилган-ку!

Биз “BALIQCHI” АЖ мақомида бошқа жойда ўз фаолиятимизни эмин-эркин давом эттириш ҳуқуқига эгамиз. Бизни тугатилган ёки банкрот деб эълон қилинган жиҳатларимиз йўқ. Ўзимиз етиштирган балиқларни ўз ҳоҳишимизга кўра тасаруф қилишга ҳақлимиз.

2018 йил 03 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3505 сонли “Балиқ маҳсулотларини етиштириш хажмини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Бу қарорда бизга қўйилган асосий талаб балиқ етиштириш хажмини кўпайтиришдир.

Юқоридагиларни инобатга олиб Сиз, Ҳукуматимиз раҳбаридан жамиятимиз олдига қўйилган балиқчилик соҳасини ривожлантиришдек вазифани бажариш борасида дуч келаётган тўсиқларни қаршимиздан олиб ташлашда қонуний ва амалий ёрдам берилишини сўрайман.

Илова: “BALIQCHI” АЖ томонидан тайёрланган Маълумотнома.

Пирвалиев Абдурахим

11 январь 2019 йил

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.