Абдужалил Бойматов: Мўътабар Тожибоева ва Галима Бухорбоевалар нега ўзларини ҳимоя қилиш учун Европа мамлакатлари судларига мурожаат қилишмоқчи?!
Мўътабар Тожибоева 2014-йилнинг 30-декабрь куни Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг “Саҳвий” радиоблогига берган интервьюсида ўзига нисбатан тайзиқ бўҳтон ва туҳматлардан ўз шаънини ҳимоя қилиш учун Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини Швеция судига, “Дунё Ўзбеклари” веб-сайти муҳаррири Исмат Хушевни Канада судига бермоқчилигини айтди.
Шу интервьюсида uznews.net веб сайтининг муҳаррири Галима Бухорбоеванинг ҳам Ўзбекистон Халқ Ҳаракати веб-сайтининг муҳарририятини Туркия судига, Замондош веб-сайтининг муҳаррири Ризо Обидовни Голландия судига, Исмат Хушевни Канада судига беришлигини ҳам қўшимча қилиб айтди.
Мўътабар Тожибоева Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг веб сайтида Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида ёзилган мақолалар ва ЎХҲининг “Uzbek.fm Online Radio”сидаги унинг ҳақидаги ёритилган материаллар бўйича судга бермоқчи. Исмат Хушевни эса Мўътабар Тожибоева ҳақида олтита Борис Саприкин (Борис Сапрыкин) тахаллуси остида ёзилган мақолалар бўйича судга бермоқчи[1].
Менинг билишим бўйича Галима Бухорбоева “Дунё Ўзбеклари” ва “Замондош” интернет сайтларини унинг электрон почтасига хакерлар ҳужум қилиб, унинг шахсий ёзишмаларини, uznews.net да фаолият кўрсатадиган журналистларнинг исм-фамилияларини ва грант берувчи ташкилотга ёзилган молиявий ҳисоботни чоп этганлари учун маҳкамага бермоқчи. Галима Бухорбоева ЎХҲ етакчиси Муҳаммад Солиҳ ва Швецияда яшовчи ўзбек имоми Обид қори Назаровнинг фаолиятларини танқид қилганлиги учун, улар ўртасида шов-шувли жанжалларга ва баҳсларга сабаб бўлган эди.
Мўътабар Тожибоева
Адашмасам мен Мўътабар Тожибоевани 2001-2002-йилларда “Озодлик” радиоси эшиттиришлари орқали сиртдан таниган эдим.
Мўътабар Тожибоева Озодлик, BBC радиоларига ўзи ва Ислом Каримов режими ўртасида келиб чиққан ихтилофлар ва ўзига нисбатан ўтказилган таъқиблар, тайзиқлар тўғрисида интервьюлар берган эди.
Мен 2003-2005-йилларда Тошкентда кўп пикетлар, норозилик акциялари ташкил қилганман [2,3]. 2004-йилда Интерконтиненталь меҳмонхонаси олдида ўтказилган норозилик акциясида (пикет) биринчи марта Мўътабар Тожибоева билан танишган эдим. Ўшанда Мўътабар Тожибоева Фарғона вилоятидан беш-олтита Ислом Каримов режимининг жабрдийдаларини норозилик акциясига олиб келган эди.
Мўътабар Тожибоевани Ўзбекистонда охирги марта Тошкент вилоятининг Дўстобод (собиқ Солдатское) шаҳридаги судмаҳкамасида кўрган эдим. Радио орқали Мўътабар Тожибоева устидан Дўстлик шаҳарчасида бўлаётган маҳкама хабарини эшитиб, Тошкентдан Дўстлик шаҳарчасига бориб суд биносини топганман. Бино ичидаги коридорда юрганимда тасодифан Мўътабар Тожибоеванинг овозини эшитиб қолдим. Тошкентга қайтганимдан кейин мен орқали Huман Rights Watch халқаро ташкилоти, чет эл элчихоналари ва инсон ҳуқуқ ҳимоячилари бу ҳақда хабардор бўлган эди.
Мўътабар Тожибоева 2005-йилнинг 13- майида бўлиб ўтган Андижон воқеаларидан ва Андижон воқеалари келиб чиқишидан олдин 23 тадбиркорларга бўлаётган таъқиб ва тайзиқлар тўғрисида жамоатчиликка хабар қилганлиги учун, уларни ҳимоя қилганлиги учун Ислом Каримов режими томонидан (2005-йилнинг октябрь ойлари бўлса керак) Ирландияда жойлашган Фронт Лайн (Front Line) ташкилоти томонидан ташкиллаштирилган “Дублин Платформаси”га (Dublin Platform) кетишидан олдин ҳибсга олинган эди.
Кейинчалик 2006-йилда мен ҳам Фронт Лайн томонидан олти ойлик фелловшипга (fellowship), ўзбекчасига айтганда малака оширишга таклиф қилинган эдим. Ўзбекистонни 2006-йилнинг 31-июль куни тарк этиб кўп саргузаштлар билан 2006-йилнинг 18-августида Ирландиянинг Дублин шаҳрида жойлашган Фронт Лайн ташкилотига етиб келган эдим. Фронт Лайн ташкилоти ва Ўзбекистон ИнсонҲуқуқлари Жамияти ҳамкорликда мен фаолият юритаётган Ўзбекистон ИнсонҲуқуқлари Жамияти ташкилотининг қамоқдаги 8 нафар аъзолари (6 ой фелловшипдан кейин 12 тага етди) ва бошқа инсон ҳуқуқ ҳимоячиларини озод қилиш бўйича кампания бошладик.
Мўътабар Тожибоева билан чет элда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Франциянинг Анжэр (Anger) шаҳрида бўлиб ўтган (6-май) қурултойидан қайтаётганда Франциянинг Париж шаҳрида 2009-йил (7-май бўлса керак) учрашдим. У пайтда Мўътабар Тожибоева Мартин Энналс (Martin Ennals) мукофотини олишга сазовор бўлган эди, шу мукофотга сазовор бўлиши унинг озодликка чиқишига сабаб ҳам бўлган эди. Ўзаро суҳбатимизда Францияга қийноқлар натижасида жиддий ёмонлашган соғлиғини тиклашга келишга мажбурбўлганини айтган эди.
Галима Бухорбоева
Мен Галима Бухорбоева ҳақида биринчи марта 2003-йилнинг 29-апрелидан бошлаб Интерконтиненталь меҳмонхонасининг олдида ўша пайтдаги Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Жамияти раиси Толиб Ёқубов бошчилигида норозилик акцияси (пикетлар) уюштирганимиз кунларнинг бирида,Толиб ака Галима Бухорбоева пресс-конференция уюштирибди,- деб гапириб қолди.
Чет эллик журналистлар билан бўлган пресс-конференцияда Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларни озод қилиш, Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи тўғрисида журналистларга маълумотлар берган. Пресс-конференция Европа ҚайтаТикланиш ва Тараққиёт Банкининг 4-5 май кунлари бўлиб ўтадиган йиллик йиғилиши олдидан ўтказилган эди.
Галима Бухорбоеванинг ташкилоти томонидан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларинин оёқ ости қилиниши ҳақидаги бюллетенларни кейинчалик мен Фридом Хаус (Freedom House), Хьюман Райтс Вотч (Human Rights Watch) каби халқаро инсон ҳуқуқи бўйича ташкилотларнинг офисларига бориб, танишган,ўқиган,хабардор бўлган эдим. 2003-2005-йиллар бўлиб ўтган норозиликакциялари Галима Бухорбоева ташкилоти ходимлари томонидан кенг ёритилган.
Иккита мисол келтирмоқчиман:
2003, 2004-йилларда ҳафтанинг пайшанба кунлари соат 10-12 лар оралиғида Ўзтелерадиокомпания биноси олдида Пахтакор метро станциясининг шу компанияга чиқиш тарафида норозилик акциялари уюштирар эдик. 2003-йилнинг 6-ноябрида бўлиб ўтган пикетда мен ва Елена Урлаева Ўзбекистон республикаси президентининг истеъфосини талаб қилган эдик.
Биз 2 пикетчи ва 8 журналистлар, шу жумладан журналистлар орасида Галима Бухорбоева ҳам бор эди. 50 дан кўпроқ фуқаро кийимидаги миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ва ички ишлар ходимлари томонидан ўраб олинган эдик. Мен ва Елена “Требую отставки президента Узбекистана!”, (Ўзбекистон президентининг истеъфосини талаб қиламан!) деган ёзувларни чиқаришимиз билан, МХХ ва ИИБ ходимлари бизнинг қўлимиздан тортиб олар эди.
Журналистлар уларга тайзиқлар, дўқ,бақириқларга қарамасдан бизни суратга олишга ва биздан интервью олишга ҳам муваффақ бўлишган. Норозилик акцияси давомида Галимага нисбатан ҳужумуюштирилган эди. Галимага нисбатан фуқаро кийимидаги милиционер куч ишлатган, уни дўппослаган, ҳақорат қилган эди [4].
2005-йилнинг 9-февралида Тошкент хокимияти биносиниг қарши томонида курантлар тагида 4-5 инсон ҳуқуқ химоячилари норозилик акцияси ўтказаётганимизда 10 дан ортиқ МХХ ва ИББ ходимлари томонидан ташкиллаштирилган ҳужумга учраган эдик. Бу аёллар менинг қўлимдан папкамни юлқиб тортиб олишган эди. Мен папкамни улардан қайтариб олишга ҳаракат қилганимда улар томонидан дўппослашга дучор бўлган эдим, бир бармоғим ўткир бир нарса билан кесилганини, қўлимдан қон оқаётганини йўловчилар айтганидан кейин билган эдим. Бу дўппослашлар ярим соатча давом этган, ўша ердаги йўловчилар ва транспорт ичидаги йўловчилар “катта томошани” кўришганди. Бу норозилик акцияси ҳам Галима Бухорбоева ташкилоти томонидан кенг ёритилган эди [5].
2005-йил 13-майдаги Андижон воқеаларини Галима Бухорбоева журналист сифатида бевосита Андижон шаҳридан, норозилик митинги бўлиб ўтаётган майдондан дунё жамоатчилигига тақдим қилганидан кейин, Галима Бухорбоева ва унинг ташкилоти ходимлари Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган эдилар. Галима Бухорбоева Андижон воқеаларини ёритишдаги жасорати учун “Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси”нинг 2005-йилги мукофотига сазовор бўлган эди.
2005-2014-йиллар мобайнида uznews.net сайти томонидан бизнинг ташкилотга бўлган таъқиб–тайзиқлар кенг ёритилди. Галима Бухорбоева ва мен биргаликда менинг номимдан Гулнора Каримовага ЎИҲЖнинг қамоқдаги аъзоси Норбой Холжигитовни озод қилишда ёрдам беришини сўраб 2009-йилнинг 14-август куни мурожаат қилган эдик.
Ўша пайтда Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг БМТдагиэлчиси вазифасида ишлар эди. Норбой Холжигитов қамоқда қийноқлар ва ноинсоний муносабатлардан азоб чекаётган эди. Гулнора Каримова Норбой Холжигитовни озод қилиш бўйича ҳеч қандай иш ҳам қилмади, мурожаатимизга ҳеч қандай жавоб ҳам бермади. Буларнинг ҳаммаси uznews.net интернет сайтида ёритилди [Ҳозирги кунда uznews.net хакерлар ҳужумидан кейин ишлагани йўқ].
Европадаги фуқаролик жамияти фаоллари хавф остида.
Мен фуқаролик жамиятининг Ислом Каримов томонидан қанчалик таъқиб, тайзиқларга учраганлигини Мўътабар Тожибоева, Галима Бухорбоева ва ўзимнинг тажрибамдан келиб чиқиб, айрим мисоллар келтирдим.
Ўзбекфуқаролик жамиятига бўлган репрессияларнинг кўламини ёритиш учун, кўплаб тадқиқотчиларнинг йиллаб меҳнатига эҳтиёж бор. Ўзбек фуқаролик жамияти Ўзбекистонда Ислом Каримов режимининг репрессияларига бардош бера олмаганини тушунса бўлади, лекин Европадачи?
Ривожланган демократик мамлакатларда ҳам Ўзбекистонни тарк этган ўзбек фуқаролик жамияти фаолларининг фаолияти Ислом Каримов режими томонидан фалаж ҳолатга келтириб қўйиляпти. Бунинг сабаблари кўп, мен фақат асосий иккитаси тўғрисида тўхталиб ўтмоқчиман:
1. Ўзбек мухолифати етаклари Абдураҳим Пўлатов, Муҳаммад Солиҳ ва Баҳодир Чориевларнинг Ислом Каримовдек демократик принципларга амал қилмаслигидир. Уларни танқид қилсангиз сизга нисбатан нима сабабдан демократик принципларга амал қилмаганини ёки сизнинг иддаоларингиз нотўғрилигини асослаб жавоб бериш ўрнига, Ислом Каримов репрессиялар билан, мухолифат етакчилари эса ёлғон, туҳмат, бўҳтон ва фитналар биланжавоб қайтарадилар. Мен бу тўғрида жуда кўп ёзганман,интервьюлар берганман, гапирганман, бу ҳақда бошқа “чайналишни ” хоҳламайман [6,7].
Галима Бухорбева ЎХҲи етакчиси Муҳаммад Солиҳни демократ эмаслигини, унинг диний мутаассиблик томонларини танқид қилганида, Муҳаммад Солиҳ ЎХҲ томонидан uznews.net интернет сайтига грант берувчи ташкилотга мурожаат қилиб хат жўнатди. Хатда uznews.net фаолиятини молиялаштиришни тўхтатишни сўралган эди.
Мўътабар Тожибоева Саҳвий радиоблогига берган интервьюсида ЎХҲи ва унинг етакчиси Муҳаммад Солиҳ фаолиятининг айрим камчиликларини танқид қилгани учун, ЎХҲ интернет-сайтида Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан ёзилган унинг шаъни ва обрўсини тўкувчи, туҳмат ва бўҳтондан иборат мақолалар чоп этилганини таъкидлаб ўтди. “Янги Дунё” интернет-сайтининг муҳаррири Юсуф Расул интернет-сайтида Муҳаммад Солиҳ, Эрк демократик партияси ва ЎХҲи тўғрисида танқидий мақолалар чоп этгани учун унинг сайтини қароқчиларча тортиб олишди.
Мен ҳам Муҳаммад Солиҳни танқид қилганим учун Эрк демократик партияси ваЎХҲ интернет-сайтларида мени МХХ томонидан мухолифатнинг обрўсини тўкиш учун махсус ёлланган инсон ҳуқуқи ҳимоячиси деб бир нечта мақолалар чоп этилди [6].
2. Дунёнинг ривожланган эркин, демократик давлатларидан сиёсий бошпана олган Ўзбекистон “фуқаролик жамияти” фаолларининг Ислом Каримов режими билан ҳамкорлик қилиши.
Мен юқорида Галима Бухорбоева “ДунёЎзбеклари” ва “Замондош” интернет сайтларини унинг электрон почтасига хакерлар ҳужум қилиб, унинг шахсий ёзишмаларини, uznews.net да фаолият кўрсатадиган журналистларнинг исм-фамилияларини ва грант берувчи ташкилотга ёзилган молиявий ҳисоботни чоп этганлари учун маҳкамага бермоқчилигини ёзган эдим.
Яна Мўътабар Тожибоеванинг айтиши бўйича, Исмат Хушевнинг “ДунёЎзбеклари” интернет-сайтида Борис Саприкин тахаллуси остида унга нисбатан олтитамақола чоп эт илган [1]. Малоҳат Эшонқулова ҳам Борис Саприкин тахаллуси остида ўн бешта мақола чоп этилганлиги тўғрисида ўзининг фейсбук (facebook) саҳифасида ёзган эди. “Дунё Ўзбеклари “интернет-сайтида Абдужалил Рахматов тахаллуси билан ЎИҲЖ фаоли Носир Зокир ва мухолифатчи Пўлат Охунов обрўсини тўкувчи мақола чоп этилган эди [8]. Замондош интернет-сайтида ҳам кам бўлсада, ҳар-ҳар замонда Ўзбекистондан келган “мактублар” чоп этилиб турилади.
Исмат Хушев
Мен Исмат Хушевни биринчи марта 1989-йилнинг 9-апрелида Бирлик ХалқҲаракатининг Тошкент шаҳрининг Чуқурсойида кўп минг кишилик митинг (СССР даврида 1-марта рухсат берилган митинг)да кўрган эдим. Митингда Исмат Хушев ўта эҳтирос, ҳиссиёт билан оташин нутқ сўзлаган эди, митинг иштирокчилари, шужумладан мен ҳам уни олқишлаб қарсаклар чалган эдик. Кейинчалик Бирлик Халқ Ҳаракатида бўлиниш пайдо бўлди, бирданига Исмат Хушев Бирлик ХалқҲаракатидан узоқлашиб, И. Каримов хизматига ўтиб кетди.
Иккинчи марта мен Исмат Хушевни 2003-йилларда Озодлик радиостанцияси идорасида кўрган эдим. Ўша куни ва бошқа кунлари Озодлик ва ВВСнинг кечки эшиттиришларида Исмат Хушевнинг И.Каримов режими томонидан таъқиб ва тайзиқларга учратилганлиги тўғрисида эшитдим. И.Хушевни бошқа кўрмадим, кейин билсам у Канададан сиёсий бошпана олган экан.
Ирландияда яшаётганимда, 2010-2011- йилларда Юсуф Расулнинг “Янги Дунё” интернет-сайтида И.Хушевнинг “Оқланмаган ишонч қиссаси” асари чоп этилди. Бу асарида И.Хушев И.Каримов ва унинг атрофидаги амалдорлар тўғрисида кўпмаълумотлар берган ва улар билан бирга ишлаганидан фахрланиши ҳақидаёзган. Бу асарни ўқиб чиққан ўқувчи, И.Хушевни И.Каримов режимининг оёққатуриши, мустаҳкамланишида, дунёнинг шафқатсиз диктаторларидан бирига айланишида ўйнаган ролини кўради.
Мен ҳайрон қоламан, қандай қилиб Исмат Хушев ҳам Ислом Каримовнинг ҳам Муҳаммад Солиҳнинг ишончини қозона олди?!
И.Хушевнинг 2012-йилда ташкил қилган “Дунё Ўзбеклари” интернет-газетаси ер курраси бўйлаб сочилиб кетган ўзбеклар орасида жуда машҳур бўлиб кетди. Чунки, бу интернет-сайтда хоҳлаган мавзудаги мақолаларни топа оласиз. Ўзбек шеърияти, ўзбек прозаси, ўзбек мухолифати, дунё воқеалари ва ҳоказо. Бу интернет-сайтнинг яна бир ажойиб хусусиятларидан бири, И.Каримов режимининг ашаддий мухолифатчилари Муҳаммад Солиҳ, Юсуф Жума, Тошпўлат Йўлдошев, Аҳмад Ҳожи Хоразмий ва бошқа кўп мухолифатчиларнинг асарлари, мақолалари ва улар ҳақидаги мақола ва асарларнинг чоп қилинганлигидир.
Яна бу интернет-газетада турли тахаллуслар билан ёзилган инсон ҳуқуқҳимоячилари, мухолифат вакиллари, кўзга кўринган мустақил журналистларнинг обрўси ва шаънини тўкувчи мақолаларнинг чоп қилинишидир. 2014-йилда Борис Саприкин (Борис Сапрыкин) тахаллуси билан Малоҳат Эшонқулова (15та), Мўътабар Тожибоева (6та), Галима Бухорбоева ва бошқалар ҳақида кўплабмақолалар чоп қилинди. Абдужалил Рахматов тахаллуси билан ЎИҲЖида фаолият кўрсатаётган Носир Зокир, Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш фонди раиси Пўлат Охуновни ва бошқаларга тухмат, бўҳтонлардан иборат мақола чоп қилинди [8].
Ўз-ўзидан маълумки, бу тахаллус билан ёзилган мақолалар кўп маълумотлар тўплашни ва кўп вақт сарфлашни талаб қилади. Бундай иш фақат МХХининг қўлидан келади деб ўйлайман.
2014-йилнинг 28-декабрида Озодликнинг “Озод Назар” ида И.Хушев И.Каримовнинг рухсати билан Ўзбекистонга бориб-келганини фахрланиб гапирди [9]. Канадада сиёсий қочқин мақомини олган Хушевнинг Ўзбекистонга бориши унинг сиёсий қочқин мақоми олганлигини савол остига қўяди. И.Хушев сарой инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Марат Зоҳидов билан Германияда, Бирлашган Араб Амирликларида учрашгани тўғрисида мақолалар чоп қилди [10,11].
Ўзбекистонда парламент ва президент сайловлари бўлиб ўтаётган қизғинпаллада Ўтюраклар Клуби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотининг ва uznews.net ташкилотининг интернет-сайтлари ўз фаолиятларини бутунлай тўхтатиб қўйиб уларнинг 2015-йилда судларга мурожаат қилишлари мен учун ажабланарли эмас.
Мен учун ажабланарлиси шуки, биз ўзбек фуқаролик жамияти фаоллари Ислом Каримов режимининг таъқиб ва тайзиқларидан Ўзбекистонни тарк этиб, дунёнинг эркин, демократик давлатларидан сиёсий бошпана олган ҳолатда, Европада ҳам Ислом Каримов режимининг малайларига бас кела олмаётганимиздир.
И.Каримов режимининг қўли жуда узун экан. Наҳотки, И.Каримов режими дунёнинг ривожланган, демократик мамлакатларида шаклланган ўзбек фуқаролик жамиятини бўғиб, уларни йўқ қилишга эриша олса? Наҳотки, биз шунга рози бўламиз? Наҳотки биз курашмасдан таслим бўламиз?
Абдужалил Бойматов
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти.
Дублин, Ирландия
8-январь,2015-йил.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Мўътабар Тожибоева; “2015 йил маҳкамалар йили бўлади”. 31.12.2014. (https://soundcloud.com/tayanch-org/2015a).
- Абдужалил БОЙМАТОВ – Ненасильственное сопротивление репрессивной политике правительства Узбекистана. 15.04.2004. (http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1082010240).
- Абдужалил БОЙМАТОВ – Узбекистан: обзор ненасильственного сопротивления за 2004 год. 11.01.2005. (http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1105445400)
- “Ozod Ovoz” – Кусачая узбекская милиция угрожает журналисту Галиме Бухарбаевой. 07.11.2003. (http://www.centrasia.ru/news2.php?st=1068220440).
- Ozod Ovoz – Ташкент: каримовская “армия” проституток избила и порезала правозащитников.11.02.2005. (http://www.centrasia.ru/newsA.php?st=1108143960).
- Ўзбек мухолифати етакчилари Абдужалил Бойматовнинг танқидига қандай жавоб беришди!?. 21.08.2011.(http://uz.hrsu.org/archives/2403#more-2403).
- Баҳодир Чориев; 2014 йилнинг сарҳисоби. 27.12.2014. (https://soundcloud.com/tayanch-org/2014a).
- Почему распадаются оппозиционные движения Узбекистана? 04.06.2014. (http://dunyouzbeklari.com/archives/71469).
- Исмат Хушев: Мени МХХ агенти дейдиганлар ë ақлсиз ë нодон. 23.12.2014.(http://www.ozodlik.org/media/video/26758380.html).
- Исмат Хушев: Бирлашган Араб Амирликларига сафар. “Дубайга саёҳат” туркумидан (10).30.06.2014. (http://dunyouzbeklari.com/archives/73965).
- “Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири Германиядан Амстердам (Ҳолландия)га келди.29.12.2014. (http://dunyouzbeklari.com/archives/90843).
Fikr bildirish