Толиб Ёқубов: Битта масала устида тортишинг!

Толиб Якубов

Кеча, 27 февралда, мен виртуал сайлов иштирокчилари Номоз Нормўмин ва Ҳазратқул Худойбердининг ўзаро баҳсига бағишлаб Фейсбук саҳифасида ўзимнинг қисқа шарҳимни қолдирган ва унда мен Ўзбекистонда шаклланган РЕАЛЛИК ҳақида ёзган эдим. Яширмайман – менга баҳс ёқмади.

Биринчидан, 1 (бир) соатлик баҳс давомида номзодлар давлат бошқарувининг барча соҳаларини ўзлари қандай тушуниши, мавжуд (ёки янги) қайси модельни танлаши, ҳар бир соҳани қандай ислоҳ қилишини айтиб улгурмайдилар. Уларнинг гапи “Мен ундай қиламан, мен бундай қиламан” деган иддаодан нарига ўтмайди, яъни конкретика бўлмайди. Мен Баҳодир Чориев ва Мирраҳмат Мўминовларнинг баҳсини эшитганим йўқ (афсус!) – улгурмадим. Балки улар ҳам шундай иддаолар билан чекланган бўлишлари мумкин (аниқ билмайман).

Менинг “Озодлик” радиосига ҳам эътирозим бор. Бу радиода кўпни кўрган, тажрибали инсонлар ишлашади ва айнан шу инсонлар баҳсда икки йўналишга – РЕАЛЛИК ва КОНКРЕТИКАга – урғу беришни таклиф қилишлари лозим эди. Мен нимани назарда тутаяпман? Менинг иддаом – ҳар икки номзод битта муайян (конкрет) масалани ёритишга келишиб олишлари ва баҳсни шу масалани уларнинг ҳар бири қандай ечимини таклиф этишлари атрофида олиб боришлари лозим эди. Масалан, милицияни қандай ислоҳ қилиш керак?!! РЕАЛ ва КОНКРЕТ масала!

Билмадим – ким билади, ким билмайди – айтолмайман, 1) ўзбек милицияси устидаги форма қаердан пайдо бўлган, 2) нега шу пайтгача “Милиция ҳақида” номли қонун йўқ? Ўзбекистонда “МХХ ҳақида” ҳам, “Президент импичменти” ҳақида ҳам қонун қабул қилинмаган. Ўзбекистон мустақиллик сари қадам ташлаган пайтда дунёдаги турли давлатлар бунга турлича эътибор қаратишди. Мас., Саудия Арабистони “Ўзбекистон даҳрий СССРдан чиқди, тарихан Ўзбекистон мусулмон ўлка, биз бу ўлкада ислом динини мустаҳкамроқ илдиз отишига ёрдам беришимиз керак” деб ўзбекистонлик мусулмонлар учун икки йил текин ҳаж сафари уюштирди, миллион дона Қуръони карим (текин) жўнатди, янги мачитлар қуришга пул ажратди, икки йил давомида мачитлар учун гиламлардан тортиб турли-туман ашъёлар юборди – буни муҳтарам шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф жаноблари жуда яхши биладилар.

Франция эса “Ўзбекистон демократик давлатга айланиши керак, жамоат тартибини сақлаш эса демократиянинг ажралмас бир қисми. Биз янги ўзбек милициясини шакллантиришда ҳисса қўшишимиз керак” деб ўзбек милицияси ходимларига форма тикиб жўнатиб турди. Ўзбек милицияси формаси француз полицияси формасидан деярли фарқ қилмайди. Бироқ Ўзбекистон ҳақиқий маънода мусулмон давлатга ҳам, демократик давлатга ҳам айланмади. Ҳатто, юқорида айтилгандек, милиция ҳақида қонун ҳам қабул қилинмади.

Юриспруденцияда “ҳуқуқ майдони” (правовое поле) деган тушунча бор. Умумхалқ, очиқ ва эркин сайловларда сайлаган депутатларнинг парламенти (қонун чиқарувчи органи) томонидан давлатнинг ҳар бир (!!!) органи ҳақида қонун қабул қилингандагина давлат учун ҳуқуқ майдони пайдо бўлади, унинг ҳар бир органи легитим ташкилотга айланади ва у (яъни, давлат) жамиятни бошқариш ҳуқуқига эга бўлади. Ўзбекистонда икки орган – милиция ва хавфсизлик хизмати – бошдан-бош, салкам чорак асрдан бери, ҳуқуқ майдонидан ташқарида, яъни ноқонуний фаолият юргизиб келаяпти. Оддий тилда айтганда, бу икки ташкилот қўзғатган ҳар қандай жиноий иш [Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 345-моддасига қаранг] ноқонуний қўзғатилган ҳисобланади. Бу – реалликнинг бир томони.

1991 йилдан бошлаб деярли барча давлат идораларини баландлиги уч метрли темир панжаралар билан ўрай бошладилар, йўлларга блок-постлар ўрната бошлашди. Одатда бу иш мамлакат уруш ҳолатида бўлгандагина қилинади. Бироқ Ўзбекистон ҳеч бир давлат билан уруш ҳолатида бўлган эмас ва, демак, бу ишлар мутлақо ноқонуний ва ўз фуқароларининг эркини атайлаб, кескин чеклаш ҳамда коррупцияга кенг йўл очишдир. Бироқ давлат бу ҳаракатини бирор “теша тегмаган” бир иддао билан асослаши керак, акс ҳолда халқ “Ҳой, нима қилаяпсан? Нега йўлларни тўсаяпсан, нега биз ўзимиз сайлаган депутат, президент, министр, ҳоким олдига бемалол кира олмай қолдик? Жавоб бер!” дея ҳайқириши мумкин. Жавоб оддий бўлди – терроризм, фундаментализм ва яна аллақандай “изм”ларни ўйлаб топишди. Бу “изм”ларни кодексларга киргизиб қўйишди, тергов органлари ва судларга чексиз “ҳуқуқлар” инъом этишди, қама-қама бошланди, одамлар қочишга жой излай бошлашди. Бу – реалликнинг иккинчи ва асосий томонидир.

(I) 90-чи йиллар ўртасида Хорватия президентининг маслаҳатчиси, таниқли ҳуқуқбон Чичек (исми эсимда йўқ) ўзбекистонлик ҳуқуқбонлар билан семинар ўтказгани Тошкентга келди. Бир дам олиш куни уни Чорвоққа тамошога олиб бориб келишди. Биз Чорвоқни кўриб Чичек хурсанд бўлиб келса керак, деб ўйласак, у ўта хомуш, ранги ўчиб кириб келди ва аудиторияга кириши билан: “Нега сизлар қўзғолон қилмайсизлар? Чорвоққа боргунча фалонта (у аниқ сонни айтди) блок-постдан ўтдик, ҳаммасида бизни текширишди, 80 км йўлга 4 соат вақтимиз кетди. Келишда ҳам шу. Ўзбекистон уруш ҳолатидами? Бундай мамлакатда коррупция ва халқни қўрқитишдан бошқа нима ривожланиши мумкин?” – деди. Биз тушунтиришга ҳаракат қилдик – тушунмади. Тинчлик пайтида йўллар милиция блок-постлари билан тўсилгани европаликнинг ақлига сиғмади.

(II) Андижон воқеаларидан бир ой ўтгач, Тошкентга Боку, Минск ва Вена (Австрия)дан уч одам келди. Бизлар таниш эдик. Улар мендан Андижонга бирга бориб келишимни илтимос қилишди. Мен “Андижонга бизни киритмайди, ҳозир у ерда катта иш кетаяпти, деб айтишаяпти ҳуқуқбонларимиз. Овора бўлиб қайтишимиз мумкин” – дедим. “Шаҳарга кирмасак ҳам майли, бир неча андижонликлар билан гаплашармиз” – дейишди меҳмонлар. Қўйлиқда бир машинани кира қилдик – ҳайдовчи олиб бориб, олиб келишга кўнди. Йўлда 2-3 жойда тўхтадик. Бир сафар ҳайдовчи “Орқамиздан бир қора машина келаяпти – юрсак юради, тўхтасак тўхтайди. Ким бўлдийкин улар?” – деб қолди. Мен дарров тушундим ва “Эътибор қилманг, ким кўп – бекорчи кўп” – дедим. Андижонга 25 км қолгунча бизга ҳеч ким бирор нарса демади.

Кейин автоинспектор тўхтатди ва “Сизларни ДАН идорасига олиб боришим керак, сизлар йўлда, перевалда авария содир бўлишига сабабчи бўлибсизлар. Сизлар бир машина йўлини кесиб ўтиб авария бўлишига сабабчи бўлгансиз. Бизга маълумот келди” – деди. ДАНда бизни кечгача олиб ўтиришди. “Ким биз билан гаплашади?” десак, “Гаплашадиган одам авария бўлган жойга кетган, кутасиз” – дейишди.

Хуллас, бир одам келди ва ҳужжатини кўрсатиб “Мен Тошкентдан келдим, мен билан авария жойига борасизлар, масалани ўша жойда ҳал қиламиз” – деди. Мен меҳмонларга “Бизни перевалгача олиб боришади. Перевалнинг тепасида блок-пост бор, биз ундан ўтдик. Блок-постга етгач, бизга “Ана Тошкентга кетадиган йўлларинг. Оқ йўл. Андижонга қайтишга уриниб ҳам ўтирманг” дейишади, дедим. Бизнинг машинамизни “қуршов”га олишди ва биз перевал томон йўл олдик. Айтганимдек чиқди. Биз Тошкентга қайтишга мажбур бўлдик.

Мен икки оддий мисол билан Ўзбекистонда милиция ва блок-постлар билан боғлик реалликни ифодалаб бердим. Бундай мисолларни минглаб келтириш мумкин. Фаолияти бирорта ҳам қонун билан назорат қилинмайдиган давлат органи – милиция – ислоҳотга муҳтожми-йўқми? Сиз нима дейсизлар, ҳурматли номзодлар? Ё милиция ва блок-постлар қандай бўлса шундай қолаверсинми? Бу ўта репрессив ташкилотни сизлар қандай ислоҳ қиласиз? Саакашвили Грузияда барча ДАН ходимларини ишдан бўшатворди – ҳозир Грузияда ДАН деган ташкилот йўқ. ДАН АҚШда ҳам, Европада ҳам йўқ.

Президент бўламан деган одам ҳамма нарсани билиши шарт эмас. Бир одам иқтисодни яхши тушунади, бироқ ижтимоий масалаларда нўноқ бўлиши мумкин. Биров яхши сиёсатчи, бироқ ҳуқуқ масаласида етарли билимга эга бўлмаслиги мумкин. Яна бировнинг динга эътиқоди юксак ва уни ҳурмат қилади, бироқ демократик тартибларга тоқати йўқ. Яхши номзоднинг атрофида ўзига қанчалик ишонса, шунчалик ишонадиган мутахассислар бўлиши лозим. Ҳақиқий номзоднинг НИЯТИ ТОЗА бўлади, унда дин, демократия, бошқа миллат ёки тилга нафрат бўлмайди.

Сизларга милиция ва блок-постлар масаласи тўғри келмаса ёки уни “назаримдан анча паст” деб ҳисобласангиз, у ҳолда ҳар бир соҳада халқни қийнаб турган юзлаб бошқа, конкрет (муайян) масалаларни топишингиз мумкин. БИТТА масала устида тортишинг!

http://saylov2015.org/2015/02/2014

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.