Мўътабар Тожибоева ўзбекистонлик сиёсий маҳкумларнинг кенгайтирилган рўйхатини эълон қилди

Францияда жойлашган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева жами қирқ учта кишининг исми келтирилган ўзбекистонлик сиёсий маҳбусларнинг янги рўйхатини эълон қилди.

Жорий йил ноябр ойи охирларида “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева ўзбекистонлик сиёсий маҳбуслар исмлари келтирилган янги рўйхатни эълон қилди.

Мазкур рўйхатда, ҳуқуқ фаолининг келтиришича, Ўзбекистонда сиёсий ва диний сабаблар билан узоқ муддатга қамалган қирқ учта кишининг исми зикр этилган.


– Биз АҚШ сенаторларининг беш нафар сиёсий маҳкумни озод қилиш талаби билан чиққанини қувватлаймиз. Шу билан биргаликда 21 йилдан ортиқ муддат давомида қамоқда ўтирган сиёсий маҳкумлар рўйхатини яна бир бора эълон қилишга қарор қилдик.

Бу рўйхатга шу бугунги кунгача сиёсий маҳкумлар рўйхатида бўлмаган инсонлар ҳам киритилган ва ушбу рўйхатдагиларнинг ҳар бири сиёсий маҳкум деб аталишга ҳамда ғарб сиёсатчиларининг ўзбек расмийлари билан музокаралари чоғида уларнинг ҳам номлари айтилишга муносиб, деб ҳисоблаймиз, – дейди “Жараён”га Мўътабар Тожибоева.

Эслатиб ўтсак, жорий йилнинг 24 ноябр куни саккиз нафар АҚШ сенаторлари Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мурожаат қилиб, ундан қамоқда ўтирган беш нафар сиёсий маҳбус – Ағзам Турғунов, Дилмурод Саййид, Солижон Абдураҳмонов, Муҳаммад Бекжон ва Бобомурод Раззоқовларни озод қилишни сўраган эди.  

Ўз мурожаатларида сенаторлар юқорида исмлари келтирилган инсонларнинг озод қилиниши Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилишини ҳам қайд этиб ўтганлар.

Аввалроқ кўпгина инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари 31 нафар сиёсий маҳбуснинг исми келтирилган рўйхатни эълон қилиб боришган эди.

Мўътабар Тожибоева эса аввалги рўйхатга баъзи бир сиёсий маҳбусларнинг исмлари киритилмагани, баъзилари эса рўйхат эълон қилингач қамоқ жазосига ҳукм қилинганлари учун уларнинг номлари инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари чоп қилиб борадиган сиёсий маҳбуслар рўйхатида зикр этилмаслигини айтади.

– Марғилонлик ҳуқуқ фаоли Аҳмаджон Мадмаровнинг ўғиллари – 1999 йилдан буён қамоқдаги Абдулло Мадмаров ва 2000 йилдан буён қамоқдаги Ҳабибулло Мадмаров ҳамда 1999 йилдан буён қамоқдаги Аҳмаджон аканинг жияни Абдулаҳат Мадмаровлар баъзан сиёсий маҳкумлар рўйхатида акс этади, баъзан эса умуман эсланмайди. 2006 йил қамоққа олинган Ўзбекистон мудофаа вазирлигининг собиқ подполковниги Эркин Мусаев сиёсий маҳкумлар рўйхатига киритилган. Лекин 2005 йилда айнан Андижон фожеаларидан кейин, Андижон фожеаларида ҳукуматнинг ҳаракатларини қоралаган ва шунинг учун ҳибсга олиниб, йигирма йилга ҳукм қилинган мудофаа вазирлигининг подполковниги Санжар Исмоилов бу рўйхатда йўқ эди. Биз ўзимиз тузган сиёсий маҳкумлар рўйхатига Тоштемир Нурматов, Санжар Исмоилов, Аҳмаджон Мадмаровнинг ўғиллари ва жияни ҳамда ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Татьяна Довлатованинг ўғлини киритдик. Бундан ташқари, “Нурчи”ликда айбланган журналистслар Шавкат Исмоилов ва Баҳром Ибрагимовнинг жиноий гуруҳи раҳбари сифатида кўрилиб, бир ҳукм билан ўн икки йилга озодликдан маҳрум қилинган Муҳаммадали Шаҳобиддиновни ҳеч ким эсламайди, – ҳуқуқ фаоли.

Мўътабар Тожибоева эълон қилган сиёсий маҳбуслар рўйхатига аввалги рўйхатларда исми ҳеч вақт келтирилмаган Қорақалпоғистондаги масжиднинг собиқ имоми, айни пайтда Швецияда қочқинликда яшаётган Муҳаммадсолиҳ Обутовнинг укаси Саидкамол Обутовнинг исми ҳам киритилган.

“Жараён” билан суҳбатда Муҳаммадсолиҳ Обутов укаси айнан акасининг диний ва сиёсий фаолияти учун узоқ муддатга қамалганини айтади.

– Мен укам Саидкамол Обутовни Каримов режими олиб бораётган қатағон сиёсатининг қурбонларидан бири деб биламан. У оддий намозхон бола эди. Мени ваҳҳобийликда айблаб, қамашганларидан кейин у ҳам назоратга тушган. Шу сабабли 1999 йилги Тошкентдаги портлашлардан кейин бошланган оммавий қама- қамалар пайтида уни ва яна уч-тўртта диндорни ушлаб, 159 модда (“Конституциявий тузумга тажовуз қилиш”“Жараён”) билан ўн уч йилга қамашганди. Ҳозир қаттиқ режимдаги колонияда жазо муддатини ўтаётган укамни мени қоралаш учун 2012 йилнинг май ойида махсус тайёрланган Ватангадолар фильмида менга қарши гапиртиришган, – дейди Муҳаммадсолиҳ Обутов.

“Ватангадолар” филмини қуйида кўришингиз мумкин: (https://www.youtube.com/watch?v=hQ7Lew98xNo).

Бундан аввал ҳуқуқ фаоллари ўзбекистонлик сиёсий маҳбусларнинг вазияти ўта оғир экани, қамоқда уларга нисбатан қийноқ ва ёмон муносабат қўлланиши ҳақида бир неча маротаба бонг уришганди. Шу билан бирга, улар ўзбек расмийларидан сиёсий маҳбусларни малакали тиббий ёрдам билан таъминлашни сўрашган, чунки қамоқдаги вазият сабабли уларнинг аксари оғир касалликларга чалинган.    

Бироқ ўзбек расмийлари инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ташкилотларининг бу чақириқларини эътиборсиз қолдириб, сиёсий маҳбусларни исканжада тутишда давом этиб келмоқдалар.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон ҳукумати Халқаро Қизил Хоч ташкилоти вакилларига мамлакат қамоқхоналарини зиёрат қилишга рухсат беради, аммо ташкилот инспекторларига сиёсий маҳбуслар билан суҳбатлашиш имконини бермайди.

Шу сабабли 2013 йили Қизил Хоч ташкилоти раҳбарияти Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларига боришни тўхтатгани ҳақида маълум қилганди ва бундай қарор қабул қилинишига маҳбусларни бориб кўриш йўлидаги уринишларига ўзбек расмийлари томонидан турли-туман тўсиқлар қўйилаётганини сабаб ўлароқ келтирганди.

 

Тимур РАСУЛОВ

 

Қуйида ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоева эълон қилган ўзбекистонлик сиёсий маҳбуслар рўйхатини эълон қиламиз:

1. Самандар Қўқонов – (1993 йилдан буён қамоқда)

2. Мурод Жўраев – (1994 йил 18 сентябрдан буён қамоқда)

3. Тоштемир Нурматов (Муҳаммадражаб Махсумқори – Қўқондаги тарихий “Ҳавоқанд” жоме масжиди имом хатиби, 1994 йилдан буён қамоқда)

4. Рустам Усмонов – (1998 йил февралдан буён қамоқда)

5. Акрам Йўлдошев – (1999 йил 17 февралдан буён қамоқда)

6. Муҳаммад Бекжонов – (1999 йил 15 мартдан буён қамоқда)

7. Юсуббой Рўзимуродов – (1999 йил 15 мартдан буён қамоқда)

8. Абдулло Мадмаров – (ҳуқуқ фаоли Аҳмаджон Мадмаровни ўғли, 1999 йилдан буён қамоқда)

9. Абдулаҳат Мадмаров – (ҳуқуқ фаоли Аҳмаджон Мадмаровни жияни, 1999 йилдан буён қамоқда)

10. Ҳабибулло Мадмаров – (ҳуқуқ фаоли Аҳмаджон Мадмаровни ўғли, 2000 йилдан буён қамоқда)

11. Ғайрат Михлибоев – (2002 йил 25 июлдан буён қамоқда)

12. Санжар Исмоилов – (2005 йил 2 июлдан буён қамоқда)

13. Насим Исоқов – (2005 йил 27 октябрдан буён қамоқда)

14. Руҳиддин Фаҳриддинов – (2005 йил 24 ноябрдан буён қамоқда)

15. Эркин Мусаев – (2006 йил 31 январдан буён қамоқда)

16. Азам Фармонов – (2006 йил 29 апрелдан буён қамоқда)

17. Исроилжон Холдоров – (2006 йил 10 июндан буён қамоқда)

18. Йўлдош Расулов – (2007 йил апрель ойидан буён қамоқда)

19. Зафар Раҳимов – (2007 йил апрель ойидан буён қамоқда)

20. Солижон Абдураҳмонов – (2008 йил 7 июндан буён қамоқда)

21. Саидкамол Обутов – (Швециядаги қочқин Муҳаммадсолиҳ Обутов укаси, 2008 йилдан буён қамоқда)

22. Аъзам Турғунов – (2008 йил 11 июлдан буён қамоқда)

23. Шавкат Исмоилов – (2008 йил 30 сентябрдан буён қамоқда)

24. Мухаммадали Шаҳобиддинов – (2008 йил 30 октябрдан буён қамоқда)

25. Баҳром Ибрагимов – (2009 йил 16 февралдан буён қамоқда)

26. Равшанбек Вафоев (2009 йил 16 февралдан буён қамоқда)

27. Ботирбек Эшқўзиев – (2009 йил 16 февралдан буён қамоқда)

28. Дилмурод Саидов – (2009 йил 22 февралдан буён қамоқда)

29. Ғайбулло Жалилов – (2009 йил 5 сентябрдан буён қамоқда)

30. Ғанихон Маматхонов – (2009 йил 12 октябрдан буён қамоқда)

31. Меҳринисо Ҳамдамова – (2009 йил 5 ноябрдан буён қамоқда)

32. Зулхумор Ҳамдамова – (2009 йил 5 ноябрдан буён қамоқда)

33. Хайрулло Ҳамидов – (2010 йил 21 январдан буён қамоқда)

34. Раҳматова Шаҳло – (2010 йил 12 апрелдан буён қамоқда)

35. Дилором Абдуқодирова – (2010 йил май ойидан буён қамоқда)

36. Матлуба Каримова – (2010 йилдан буён қамоқда)

37. Юрий Николаев – (ҳуқуқ фаоли Татьяна Довлатова ўғли, 2011 йил 22 августдан буён қамоқда)

38. Чўян Маматқулов – (2012 йил декабрь ойидан буён қамоқда)

39. Бобомурод Раззоқов – (2013 йил 10 июлдан буён қамоқда)

40. Қудратбек Расулов – (2013 йил 6 сентябрдан буён қамоқда)

41. Фаҳриддин Тиллаев – (2014 йил 2 январдан буён қамоқда)

42. Нуриддин Жуманиёзов – (2014 йил 2 январдан буён қамоқда)

43. Мирсобир Ҳамидқориев – (Россиядан ўғирлаб кетилган, 2014 йил 15 июндан буён қамоқда)

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.