Веб-сайтимиз журналистлари билан бўлиб ўтган суҳбатда аёл қамоқда эрининг соғлиғи ўта оғирлашганини айтиб берди.
– Овқат ея олмаяпти. Кекириши жуда ҳам кучайиб кетган. Бор овози билан кекирганидан кейингина овқатни сувидан ича олиши мумкин, холос, – дейди Холбика Жўраева.
Эслатиб ўтсак, жорий йилнинг ёзида Мурод Жўраев билан қамоқда учрашиб қайтган Холбика опа эрининг тишлари бутунлай тўкилиб тушгани, бунинг оқибатида у умуман қаттиқ овқатларни ея олмаётганини айтганди. Ўшанда Холбика Жўраева қамоқхона маъмурияти Мурод Жўраевга тегишли тиббий ёрдам кўрсатмаётганидан ҳам арз қилганди.
– Қовуғида тухумдек шиш пайдо бўлган. Лекин қамоқхона докторларига кўрсатишга қўрқаяпти. Операция қилишлари мумкинлиги, операциядан тирик чиқишига ишончи йўқлиги учун докторларга билдирмаяпти экан. Лекин оғриқ жуда ҳам кучли. Эрим 62 ёшдан ўтган бўлсада, ҳанузгача ётоқ жойининг (шконка – маҳбуслар ётадиган кроват–“Жараён”) иккинчи қаватида ётибди. Иккинчи қаватга кўтарилишга жуда ҳам қийналмоқда. Тепага чиқиш учун ҳаракат қилган пайтида қовуғидаги шиш пичоқ санчигандек оғрийди. Лекин уни кунда тепага чиқиб тушишда қийналишини мақсад қилиб олган қамоқхона раҳбарияти эримга шконканинг пастки қаватидан жой бермаяпти, – дейди Холбика Жўраева.
Унга кўра, айни пайтда Чирчиқ шаҳридаги УЯ 64/06 – сонли колониясида қамоқ муддатини ўтаётган Мурод Жўраевнинг аҳволи ўта оғир.
– Бараклардаги трубалар тешилиб ётгани сабабли у ерда жуда ҳам совуқ. Қамоқхонадаги маҳкумларни эрталабки нонуштадан кейин тушгача зонанинг ҳудудида юришга мажбур қилишмоқда. Жазони ижро этиш муассасаларида қонунчиликка итоат этиш устидан назорат қилувчи махсус прокурор умуман зонага келиб қамоқхонадаги маҳкумларнинг вазияти, қишги мавсумда маҳкумларнинг турмуш шароитлари ва уларнинг ҳуқуқлари таъминлашини билан қизиқмайди. Маҳкумларнинг яқинлари билан ўтказиладиган узоқ муддатли учрашув меҳмонхонаси ҳам умуман иситилмайди. Муздек хонада юпун ўтирган эримнинг аҳволи янада ёмонлашган. Менинг қатъий талабидан кейин иккинчи куни меҳмонхона хонаси иситилди, – дейди Холбика Жўраева.
“Жараён” билан суҳбатда аёл эрининг қамоқдан озод бўлиб чиқишига ҳеч қандай умиди қолмагани, чунки қамоқхона маъмурияти Мурод Жўраевдан у ўзбек расмийларининг “қора рўйхатида” эканини яширмаслигини айтади.
– Эримнинг айтишича, ўтган йили Амнистия қарорига кўра озодликка чиқиши керак бўлган диний эътиқоди учун қамалган маҳкумларнинг 57 таси билан суҳбатлар ўтказилган, лекин шулардан атига 8 таси амнистияга асосан озодликка чиқарилган, қолган 49 таси турли сабаблар билан қамоқдан озод қилинмаган. Бу йилги амнистия акти эълон қилинганидан кейин амнистияга тушган 68 нафар диний маҳкумдан 62 таси билан суҳбатлар ўтказилган, лекин шулардан қанчасини озодликка чиқаришлари ҳали номаълум. Мурод акам амнистия қарорига кўра озодликка чиқиш эҳтимолини аниқлаш учун суҳбат ўтказаётганлар олдига борганида “Сиз алоҳида назоратда эканлигингизни биласизку” дейишган ва у билан суҳбат ўтказишмаган, – дейди Холбика Жўраева ва беш ой муқаддам Мурод Жўраевга нисбатан учта қоидабузарлик расмийлаштирилгани ва уларнинг ечилиш муддати ҳали ҳам келмаганини қўшимча қилади.
– Бундан кўриниб турибдики, бу йилги амнистия ҳам Мурод Жўраевга насиб қилмайдиганга ўхшайди, – деди Холбика Жўраева.
Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати ва Қашқадарё вилоятининг Муборак шаҳри собиқ ҳокими Мурод Жўраев 1994 йилнинг 18 сентябрь куни ҳибсга олинган. У ҳокимиятни куч билан босиб олишга уринганликда айбланиб, 1995 йилнинг март ойида ўзбек маҳкамаси томонидан 12 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
Шу кунгача ўзбек расмийлари Мурод Жўраев озодликка чиқишига оз муддат қолганида уни “қамоқхона ички тартибини бузганлик”да айбланиб, жазо муддати уч марта турли баҳоналар билан узайтириб келдилар.
Обрўли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотлари Мурод Жўраевни бир неча йиллардан буён Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган ҳамда руҳий ва жисмоний қийноқларга солинаётган сиёсий маҳбуслар рўйхатига киритганлар.
София ДАВРОНОВА
Fikr bildirish