Ўзбек суди россиялик адвокатга Мирсобир Ҳамидқориев ишида иштирок этишга рухсат берди

Жорий йилнинг ёзида Москвада ўғирлаб кетилган ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориевнинг Россиядаги адвокати Илларион Васильев “Жараён”га ўзбек суди унга Ҳамидқориев ишида иштирок этишига розилик берганини маълум қилди.

Бу ҳақда адвокат Илларион Васильев “Жараён”га сешанба, 21 октябрь куни маълум қилди.

– Судья менинг Ҳамидқориев ишида иштирок этишимга рухсат берди. Мен яқин кунларда судда иштирок этиш учун Тошкентга учиб кетишим керак, – деди адвокат Васильев.

Куни кеча “Жараён”га ўзбек расмийлари Мирсобир Ҳамидқориевни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 216-моддаси (“Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни хилоф равишда тузиш”) ва 244-моддаси (“Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш”) бўйича айблаётганлари маълум бўлди.

– Ўзбекистонда Мирсобир Ҳамидқориевнинг суди бўлаяпти. Олтита одам Мирсобирга қарши гувоҳлик берибди, лекин уларнинг кўргазмасида жиддий айблар йўқ экан, – дея маълум қилди “Жараён”га Мирсобир Ҳамидқориевнинг қариндошлари билан телефон орқали боғланган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева.

Жорий йилнинг августида “Жараён” Мирсобир Ҳамидқориев оиласидагилар томонидан ёлланган адвокатдан гўёки ихтиёрий равишда воз кечгани ҳақида маълум қилганди. Шундан сўнг унга давлат томонидан ёлланган адвокат тайинланганди. Аммо Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, янги адвокат Мирсобир Ҳамидқориевнинг яқинларига у ҳақда бирор-бир маълумот беришдан бош тортмоқда.

– Мирсобирнинг оила аъзолари унинг судида иштирок этишаяпти, бироқ уларга Мирсобир билан алоҳида учрашув берилмаяпти экан. Уларга кўра, Мирсобир озиб кетган, ўтира олмаяпти экан. Суд маҳкамаларининг бирида яқинлари ундан “сени қийнашаяптими”, дея сўрашса, у имо-ишора билан “ҳа”, дея жавоб қайтарган, – дейди Мўътабар Тожибоева.

37 яшар ўзбекистонлик продюсер ва тадбиркор Мирсобир Ҳамидқориев жорий йилнинг 9 июнь куни Москва марказидан ўғирлаб кетилганди. У ва унинг турмуш ўртоғи Элеонора Исаева Россия ҳудудида бошпана топиш мақсадида яшаб келишган. Мирсобир Ҳамидқориев Россия ҳудудидан ўғирлаб кетилганидан бир неча кун ўтиб унинг адвокати Илларион Васильев “Жараён” журналистларига ўзбек қочқини аввал Россиядан Қозоғистонга олиб чиқилгани, сўнг эса унинг дараги Ўзбекистондаги қамоқхоналарнинг биридан чиққанини айтганди.

Мирсобир Ҳамидқориев 2011 йилдан буён Ўзбекистонда халқаро қидирувда бўлган. Ўзбек расмийлари уни таркибида таниқли спортчилар, ижодкор зиёлилар ва тадбиркорлар бўлган “Ислом жиҳодчилари” каби таъқиқланган диний-экстремистик ташкилотни тузишга алоқадорликда айблашганди.

Аммо Мирсобир Ҳамидқориевга ҳуқуқий кўмак кўрсатган россиялик ҳуқуқ фаоллари ушбу айбловларнинг сохталаштирилганини иддао қилиб келишганди.

Москвада ўғирлаб кетилишидан аввал Мирсобир Ҳамидқориев сайтимиз журналистлари билан бўлиб ўтган суҳбатда Ўзбекистонда унинг муаммолари 2010 йили у эгалик қилган бизнес сабабли бошланганини айтиб берганди. Тадбиркорнинг Тошкент марказида жойлашган “Мир электроники” дўкони бўлган. Ҳамидқориевга кўра эса ўзбек расмийлари унинг дўконини тортиб олмоқчи бўлишган.

– Унинг муаммолари айнан нимадан бошланганини айтиш жуда қийин. Эҳтимол, бунга унинг фильмлари ёки Фаррух Соипов билан дўстлиги сабабдир (Мирсобир Ҳамидқориев ўзбек киноактери Фаррух Соипов томонидан суратга олинган “Нафс фильмининг продюсери бўлган. Бу фильм 2,5 йил давомида Ўзбекистонда кенг жамоатчиликка намойиш қилиниши таъқиқланганди. Кейинроқ махсус хизмат ходимлари Фаррух Соиповни ҳам ҳибсга олдилар, бунга гўёки актернинг динга берилиб кетгани сабаб бўлган – “Жараён”).

Яна бир эҳтимолга кўра, бунга Ҳамидқориевнинг бизнеси сабабдир. Аммо бунга Мирсобирнинг диний қарашлари аниқ  сабаб бўлмаган. Чунки у ўта диндор одамдек кўринмасди. Ўзбек махсус хизматлари эса олдиларига қўйилган вазифани бажаришди. Айтишларича, бунинг эвазига уларга катта мукофот берилади. Шунинг учун, Ўзбекистон фуқароси нима сабабдан қидирувга берилгани муҳим эмас. Юртида қидирувга берилган, Россия ёки Инсон ҳуқуқлари Европа суди ҳимояси остида бўлган ҳар қандай Ўзбекистон фуқароси ўғирлаб кетилиши мумкин, – дея изоҳлади “Жараён”га Мирсобир Ҳамидқориевнинг вазиятини адвокат Илларион Васильев.

Мирсобир Ҳамидқориев Ўзбекистонни тарк этгач, унинг кўпчилик танишлари, дўстлари ва укаси Миразиз махсус хизмат ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, узоқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилингандилар. “Жараён”нинг Ўзбекистон ичкарисидаги манбаларига кўра, бу инсонлар қамоқда шафқатсиз қийноқларга солинмоқда.

Айни пайтда Мирсобир Ҳамидқориевнинг укаси Миразиз қамоқ жазосини Қаршидаги колонияда ўтамоқда. Яқинда ака-ука Ҳамидқориевларнинг онаси Марғуба опа қамоқда кичик ўғлини кўриб келишга муваффақ бўлган. Бу ҳақда аёл ҳуқуқ фаоли Мўътабар Тожибоевага айтиб берган.

– Мирсобирнинг онаси менга телефонда Қаршидаги колония режими янада қаттиқ бўлиб кетгани, 10 килодан ошиқ нарса олишмаганини айтиб берди. Миразизнинг ўт пуфаги оғриркан, аммо онаси олиб борган дори-дармонларнинг бирортасини ҳам қабул қилишмабди. Қамоқ маъмурияти касал одамни ҳаёти ва соғлиғи учун ўта муҳим бўлган тиббий ёрдамдан маҳрум қилган. Ўзбек қамоқхоналарида кўпинча диний ва сиёсий сабаблар туфайли қамалган маҳбусларни ана шундай йўллар орқали таҳқирлашади, – дейди ҳуқуқ фаоли.

Эслатиб ўтсак, Мирсобир Ҳамидқориев Москвада ўзбек махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилгач, унинг адвокати Илларион Васильев бу ҳақда Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари Европа судига маълум қилган ва Ҳамидқориевнинг Россиядан Ўзбекистонга бериб юборилишини тўхтатиб қолиш учун суддан суд Регламентининг 39 Қоидасини қўллашни сўраганди.

Сешанба куни адвокат Васильев “Жараён”га август ойининг охирида Страсбург суди ўзбек қочқини Мирсобир Ҳамидқориевнинг ишини кўриб чиқишни ва Россия ҳукуматига саволлар бериш бошлаганини маълум қилди.

– Моҳиятан, бу Страсбургда суд бошланганини англатади. У ерда ишлар сиртдан кўрилади, – деди “Жараён”га адвокат Илларион Васильев.

Тошкентда Мирсобир Ҳамидқориев устидан суд маҳкамаси давом этмоқда. “Жараён” ўзбек қочқини тақдирини кузатишда ва ўз муштарийларини унинг иши билан боғлиқ янги тавсилотлар билан таништиришда давом этади.

 

София ДАВРОНОВА

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.