“Кайфиятим яхши, соғлиғим жойида. Ўзиям муассасада энг ёши улуғ маҳкум мен эканман. Турма нозирлари ҳам, маҳкумлар ҳам: “Отахон, сизни нега қамашди?” деб ажабланишди. Тақдиримизда бор экан, мана кўриб келдик у ёқларниям”, – деди Набижон Жўрабоев “Жараён” мухбири билан мулоқотда.
Айни пайтда Набижон Жўрабоев озод қилинган куни унинг рафиқаси Феруза Маматовага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (Туҳмат) бўйича жиноят иши қўзғатилган ва у Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси тергов бўлими томонидан сўроққа жалб қилинган. Маълум бўлишича, Феруза Маматова «оммавий ахборот воситалари орқали Жиззах вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига туҳмат қилганлик»да айбланаётган экан.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари Феруза Маматова устидан очилган жиноят ишини Набижон Жўрабоевга нисбатан таъқибларнинг мантиқий давоми ўлароқ баҳолаб, буни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ўзига хос интиқоми сифатида талқин қилмоқдалар.
Эслатиб ўтамиз, Набижон Жўрабоев Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) ва 168-моддаси (Фирибгарлик) билан айбланиб, 2013 йилнинг 23 августида 5 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.
Раҳмон АБДУЛЛАЕВ
Fikr bildirish