– Бизга моховга қарагандек қарайдилар, – дейди йиғлаб Нукус шаҳрининг 23-мавзеида истиқомат қиладиган Гуля Ажиниязова (у ўзини “Жараён” мухбирига айнан ана шундай таништирди). – Аммо бунда менинг айбим йўқ. Эрим Қозоғистонга бориб, ана шу дардисарни уйга кўтариб келди. Мен аёлларнинг жинсий касаллиги билан оғрирдим, бориб анализ топширдим. Шу тариқа, мен даҳшатли хасталик ҳақида билиб қолдим. Кейин эримни текширишди. Бизга ҳаммасини сир сақлашга ваъда беришганди, аммо қўшниларимиз бу ҳақда тез орада билиб қолишди. Қўшни Хоразмга кетишимизга тўғри келди, бу ердан Тошкентга кетишни режалаяпмиз.
Бу каби воқеаларни Қорақалпоғистоннинг қарийб барча туманида эшитиш мумкин. Чимбой ва Қораузоқ туманларида истиқомат қилган тўрт оила жисмоний зўравонлик хавфи сабаб туғилган гўшаларини ташлаб кетишга мажбур бўлганлар. ОИТСга чалинганлар энг кўп яшайдиган жойлар сирасига Нукус, Хўжайли ва Амударё туманлари киради. Маҳаллий журналистнинг фикрича, ОИТСга чалинганлар тобора кўпайиб бораяпти, бироқ бу борада воқеликни акс эттирадиган статистика йўқ.
“Жараён” мухбири билан суҳбатда у бир воқеани эслаб ўтди. “2011 йили гиёҳванд бир аёл гўё зотилжамдан вафот этди. У тирикчилик ўтказиш ва заҳри қотилни сотиб олиш учун пулни фоҳишалик билан шуғулланиш орқали топарди. Ойлар давомида у ҳар куни ўзига мижоз топарди. Пировардида ўнлаб оилали ва бўйдоқ йигитлар касалликни юқтириб олганлар. Улар ҳозир қаердалигини ҳеч ким аниқ билмаса керак! Бизда ОИТСга тестни ҳар ким ўз хоҳиш-истагига қараб топширади”.
Республика ОИТСга қарши кураш марказининг директори Нурмат Отабеков журналистлар билан учрашув чоғида 2012 йили касалликка чалинганлар сони 13 фоизга қисқаргани ва расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ОИТС ташхиси билан 25 минг киши рўйхатда туришини билдирганди.
БМТнинг ОИТВ/ОИТСга қарши кураш агентлиги – UNAIDS маълумотларига кўра эса, Ўзбекистонда ОИТВ юқтириб олганлар сони расмийлар эълон қилган рақамдан камида тўрт баробар кўп ва бу саноқ аллақачон юз минг кишидан ошиб кетган. Қорақалпоғистон ҳудуди мазкур халқаро ташкилотнинг диққат-эътибори марказида туради. Апрель ойида UNAIDS вакиллари бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари билан биргаликда расмийлар ҳақиқий вазиятни “хаспўшлаш” ва хорижликларга маҳаллий соғлиқни сақлаш тизимидаги ютуқларни кўрсатишга уринаётганларига яна бир бор амин бўлдилар.
Гуля Ажиниязова ўзи билмаган ҳолда бу фактни тасдиқлади. “Шифокорларнинг ўзлари бошимизга тушган кулфат ҳақида ҳаммага айтиб қўйдилар, кейин эса бизга Қорақалпоғистонни тарк этишни маслаҳат бердилар. Агар мен яна фарзанд кўришни истаб қолсам, у касал бўлиб туғиладилар ва статистикани расво қилади. Улар бизга дори-дармон йўқлигини ҳам айтишди”. Буни касаллик ўсиш динамикасини ҳисобга олмаган ҳолда дори-дармонларни чекланган миқдорда сотиб олганларини эътироф этган Отабековнинг ҳамкасблари ҳам яширмайдилар.
UNAIDS ходимлари меҳнат муҳожирлари сони кескин ошиб кетган 2006 йилдан буён касаллик динамикаси ўса бошлагани ҳақида маълумот тарқатиб келадилар. Ўзбекистон томонининг ҳақиқатни пардозлаб кўрсатишга уриниши халқаро ташкилотларнинг расмий статистикага бўлган ишончининг умуман йўқолишига олиб келди. 12uz.com сайтининг маълум қилишича, яқин ярим йил ичида UNAIDS “Ўзбекистонда ОИТВга чалиниш хавфи юқори бўлган гуруҳга кирувчи одамлар ва ОИТВга чалинганлар ҳамда даволанишга муҳтож бўлган кишилар, шу жумладан, болалар миқдорини аниқлаш устида ишлайди”.
Ўзбекистондаги дастур иш режасининг тўрт мақсадидан бири “Ўз эпидемиянгни бил” дея номланмиш маълумот йиғиш механизмини яхшилашга қаратилган ишда мамлакатни қўллаб-қувватлашдан иборат.
Ҳозирча бу чақириқ фақат алоҳида олинган шахс даражасидагина амал қилмоқда. Бироқ хасталик ҳақида билимга эга бўлиш Гуля Ажиниязова, унинг уч фарзанди ҳамда Олмаота шаҳри яқинидаги дала ҳовли қурилишида ишлаётган эрининг турмушини мутлақо осонлаштириб қўяётгани йўқ.
Fikr bildirish