Мўътабар Тожибоева: Каримов оиласининг қонли сармояси

Ҳурматли жаноб Эрик Бертина,

“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти номидан Сизга Швейцария халқ партиясидаги фаол сиёсий фаолиятингиз учун ўз ҳурмат ва миннатдорчилигимизни билдиришга ижозат бергайсиз. 

2013 йилнинг 24 апрель куни мустақил интернет-нашрлар Сизнинг Женева расмийларига қозоғистонлик қочоқ амалдор Виктор Храпунов сармояси манбасини ўрганишларини сўраб қилган мурожаатингиз ҳақидаги маълумотни чоп қилдилар.

Виктор ва Лейла Храпуновлар Қозоғистонда қатор жиноятлар содир этганликда айбланиб, ушбу мамлакат сўровига биноан Интерпол қидирувига берилганини ҳисобга олсак, Сизнинг мурожаатингиз ўз вақтида қилинган ва жуда муҳим бўлиб ҳисобланади.

Сизнинг мурожаатингизга қўшилган ҳолда, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Сиздан Ўзбекистон республикаси президенти Ислом Каримовнинг қизлари бўлмиш Гулнора ва Лола Каримовалар Швейцариядаги сармоясининг келиб чиқиш ҳолатига ҳам эътибор қаратишингизни сўрайди.

2010 йили The Foreign Policy журнали замонамизнинг энг ёмон 23 диктатори рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхатдаги еттинчи ўринни Ўзбекистон президенти, мамлакатни 24 йилдан буён ўз ҳукми остида тутиб келаётган постсовет мустабидларининг оқсоқоли Ислом Каримов эгаллаган. Қийноқлар, қонунни писанд қилмаслик, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва ёппа коррупция бу диктатор ҳукмронлигининг ажралмас қисми бўлиб ҳисобланади. Ислом Каримовнинг Гулнора ва Лола исмли икки нафар қизи бўлиб, бу оилага мол-мулк оқиб келиши улар ёрдамида амалга оширилади.

Ҳар йили Швейцариядаги энг бадавлат кишилари рўйхатини чоп қилиб келадиган «Вilan» журналининг 2011 йилги маълумотларига кўра, Гулнора ва Лола Каримоваларнинг умумий бойлиги 900 миллион Швейцария франкини ташкил қилар экан. Айбсизлик презумпциясига риоя қилган ҳолда, биз Каримовнинг қизлари бундай бойликни қай йўл билан қўлга киритганларини тахмин қилишимиз мумкин, холос.

2012 йилнинг баҳорида Швейцарияда Гибралтарда рўйхатдан ўтган ва Гулнора Каримова назорати остида бўлган Takilant Ltd ширкатини текшириш ишлари бошланди. Ширкат катта миқдордаги пулларни ўзлаштиришда гумонланди. Ўша йилнинг июль ойида эса Женевада, сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, ҳисоб рақамларидан фойдаланишга уринган икки ўзбекистонлик қўлга олинди. Улар ҳибс этилганидан кейин Швейцариянинг қатор банкларида пул ювишда гумонланган бу ўзбекистонликларнинг 600 миллион долларлик ҳисоб рақамлари музлатиб қўйилди.

2012 йилнинг сентябрь ойида Швециядаги телеканалларнинг бири орқали “TeliaSonera – ўзбек иши” дея номланган ҳужжатли фильм намойиш қилиниб, унда “Скандинавиядаги TeliaSonera ширкати Ўзбекистон уяли алоқа бозорига чиқиш ҳуқуқини берадиган 3G-лицензиясини қўлга киритиш учун мамлакат расмийларига 300 миллион доллар миқдорида пора бергани” таъкидланган эди. Бу иш бўйича текширув бошланиши биланоқ Швеция судлари Takilant компаниясининг банклардаги ҳисоб рақамларини музлатиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилдилар. Nordea банкида Takilant ҳисоб рақамида бўлган 30 миллион доллар музлатилди.

Алоҳида қайд этиш жоизки, “Ўзбек иши” “TeliaSonera”нинг бош ижрочи директори Ларс Нюбергнинг (Lars Nyberg) истеъфога кетишига ва Директорлар кенгаши таркибида ўзгаришлар бўлишига сабаб бўлди. Швециянинг Гетеборг шаҳридаги SVT компанияси томонидан суратга олинган “TeliaSonera – ўзбек иши” ҳужжатли фильми эса йиллик Circom (Европадаги ягона халқаро аудиовизуал тармоқ) танловида Гран-при соҳибига айланди. Бу фильм журналистик текширув категориясида ғолиб, деб топилди.

2012 йилнинг кузида Россия Ички ишлар вазирлигининг тергов департаменти мамлакат Жиноят кодексининг 178-моддаси 2-қисми (рақобатга йўл бермаслик, чеклаш ва бартараф қилиш) бўйича жиноят иши қўзғади. Ноябрь бошида эса, Москвада суд қарорига кўра, Гулнора Каримованинг пойтахт марказида жойлашган “Камелот” турар-жой мажмуасидаги қиймати 10 миллион АҚШ доллари бўлган люкс классидаги уйи ҳибсга олинди.

Ҳурматли жаноб Эрик Бертин, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Гулнора ва Лола Каримоваларнинг 900 миллион Швейцария франки миқдоридаги умумий маблағи жиноий йўл билан ўзбек халқи ҳисобига орттирилган, дея тахмин қилади. Йигирма йил мобайнида Каримовлар оиласи Ўзбекистон Республикасини қонунсизлик ва адолатсизлик маконига айлантирдилар. Мамлакатнинг табиий бойликлари ва халқаро ташкилотларнинг  кредитлари ўмарилмоқда. Мамлакат аҳолиси эса гуманитар фожиа ёқасида турибди.

Швейцария дунё диктаторлари ва уларнинг зурриётлари паноҳ топган жой эмас, боз устига, жиноий йўл билан халқдан ўмарилган сармояни сақлайдиган жой эмасдир. Шу боис биз Сиздан Ислом Каримовнинг қизлари сармоясининг манбасига жамоатчилик эътиборини жалб қилиш ҳамда Швейцария расмийлари томонидан бу масала текширилишида кўмак беришингизни сўраймиз.

“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Сизнинг бу мулоҳазаларимизга хайрихоҳлик билан ёндошишингизга умид қилади. Шунингдек, биз ҳамкорлигимиз давомли ва самарали бўлишига умид қиламиз.

Сизга ўз эҳтиром ва миннатдорчилигимизни билдириб,

Мўътабар Тожибоева,

“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари
Париж, Франция
20.05.2013

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.